

Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони "Пахтакор" таркибда яхшигина кучайишни амалга оширди. Жамоанинг собиқ ўйинчилари Одил Ҳамробеков ҳамда Достонбек Ҳамдамов "шерлар" сафига қайтишди. "Championat.asia" сайти манбаларининг хабар беришича, уларнинг ҳар иккиси "Пахтакор" билан 1 ярим йиллик шартномага имзо чекишган.
Одил Ҳамробеков шу йилнинг 5 март санасида БААнинг "Шабаб Ал Аҳли" клубига ўтганди. Амирликлар билан мавсум охиригача шартнома имзолаган Ҳамробеков у ерда ҳамюртларимиз Жалолиддин Машарипов ва Азизжон Ғаниевлар билан бирга БАА Лига кубогини қўлга киритди.
Достонбек Ҳамдамов эса БААнинг "Ал Наср" клубига ўтди, у ердан эса амирликларнинг бошқа бир жамоаси "Хатта"га ижарага берилди ва мавсумни "Хатта"да ўтказди.




