Эрон футболи. Масъуд Шожайи яна терма жамоага қайтиши мумкин
08 мар 2018 15:01
Янгиликлар
Эрон футболи. Масъуд Шожайи яна терма жамоага қайтиши мумкин
Маълумки, Грециянинг АЕК клубида ўйнаётган ушбу футболчи ўтган йил Европа лигаси доирасида бўлиб ўтган баҳсда Исроил клубига қарши майдонга тушгани учун маълум муддатга терма жамоадан четлатилганди.
Лекин форслар бош мураббийи Карлуш Кейруш Грецияга бориб унинг ўйинини кузатди, бу эса ярим ҳимоячининг яна терма жамоага қайтиши мумкинлигини билдиради. АЕК ва "Олимпиакос" ўртасидаги баҳсни кўрган Кейруш фэйсбукдаги саҳифасида шундай изоҳ қолдирди: "Гап йўқ, Масъуд! Сен бугун зўр ўйнадинг. Сен Греция чемпионатидаги энг зўр футболчилардан бирисан".
Шожайининг Эрон термасига қайтишини журналистлар бир ҳолат билан изоҳлашмоқда. Гап шундаки, Англиянинг "Ноттингэм Форест" клуби легионери Ашкан Дежага жароҳат олиб икки ойга сафдан чиқди. Швециянинг "Остерсундс" клубида тўп тепаётган 24 ёшли Саман Годдос эса ҳозирча терма жамоага киришиб кета олмаса керак.
Эрон терма жамоасининг шу йил ёзда жаҳон чемпионатида иштирок этишини ҳисобга олсак, таркибда Шожайидек тажрибали футболчининг бўлиши барча учун кони фойда бўлади. Эрон кураш федерацияси спортчиларнинг исроиллик курашчиларга қарши гиламга чиқишига рухсат берди. Шундан келиб чиқиб Карлуш Кейруш ҳам Шожайини терма жамоага қайтармоқчи.
Агар Шожайи терма жамоа сафида жаҳон чемпионатига боргудек бўлса, у эронликлар ичида учта мундиалда қатнашган дастлабки футболчи бўлади. Маълумот учун, 33 ёшли ярим ҳимоячи миллий жамоа сафида 70тадан кўп ўйин ўтказган.
Фикрлар