Эрматовнинг гаплари қанчалик тўғри?

Абдулвосит Бектемиров
29 июл 2026, 15:20
Фабио Каннаваро қачон Тошкентга қайтади деган савол ҳали ҳамон қолмоқда.

АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтказилган ва тарихда илк бор Ўзбекистон иштирок этган мундиал ҳам аллақачон ўз якунига етди. Бироқ терма жамоамизнинг мундиалдаги иштироки натижа жиҳатидан муваффақиятли бўлмади. Учта ўйин ва учта мағлубият. Таркибдаги кўплаб ротация туфайли ўзбек футболи ҳамжамиятининг асосий қисми италиялик "Ballon D’or" соҳибини муваффақиятсизликнинг асосий сабаби дея кўрсатмоқда.

Жаҳон чемпионати якунланганига бир ҳафтадан бироз кўпроқ вақт ўтган бўлса, МТЖ учун мундиал бир ой аввал Конгога қарши баҳс билан якунланиб бўлганди. Гуруҳ босқичи ўз якунига етганидан сўнг терма жамоамиз аъзолари Тошкентга қайтишди ва тантанали тарзда кутиб олинди. Тошкентга фақатгина мураббийлар штаби ва Фабио Каннаваро қайтмаганидан хабарингиз бор. Терма жамоа бош мураббийи Тошкентга келмаслиги маълум бўлганининг ўзи ҳам мухлисларнинг кўплаб норозиликларига сабаб бўлди. 14-июль куни ОАВ вакиллари учун ташкил этилган ҳакамлик бўйича семинардан сўнг ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берар экан, Каннаваро июль ойининг охирларида Ўзбекистонга келиши ва яқинлашиб келаётган Осиё Кубогига селекция ишларини олиб боришини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг эса журналистлар ҳам Каннаваро Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ЎФА томонидан Жаҳон чемпионатидаги иштирок бўйича матбуот анжумани ташкил этилар экан, дея йоза бошлади. Бугун эса 29 июль, июль ойи тугашига эса икки кун қолди. Фабио Каннаваро ҳали Тошкентга келгани йўқ. Каннаваро Тошкентга келадими? Эрматовнинг сўзлари қанчалик тўғри?

Cannavaro emotions.jpg

Кеча "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ўртасида бўлиб ўтган "дерби"ни мураббийлар штаби аъзоси Франческо Троице стадиондан туриб кузатди, аммо бош мураббийдан эса ҳали ҳамон дарак йўқ. Тўрт йилликнинг энг йирик мусобақасидан сўнг жами 48та иштирок этган терма жамоаларнинг 15таси бош мураббийи ишдан бўшатилди. Қитъадошларимиз Жанубий Корея терма жамоаси устози мундиалдаги қониқарсиз натижадан сўнг ўта жиддий танқидга учрагани ижтимоий тармоқларда катта муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлди. Шунингдек, Ироқ ва Иордания терма жамоалари ҳам ўз бош мураббийларини истеъфога чиқаришди. Ўзбекистонда мундиалдаги иштирокдан сўнг бош мураббийи қачон мамлакатга қайтиб келиши ноаниқ…

фабио ан ровшан.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф