Элдор Шомуродов: "Камчиликда қолган рақибнинг ҳимоясини ёриб ўтиш қийин бўлди"

Aziz Tukhtamuradov
25 мар 2016, 14:20
Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Элдор Шомуродов Филиппинга қарши бўлиб ўтган ўйиндан сўнг (1:0) ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Оғир ўйин бўлди. Шунга қарамай, кичик ҳисобда бўлсада ғалабага эришдик. Муҳими, ўзимизга керакли уч очкога эга бўлдик. Бундан хурсандмиз", - дея ўз фикрларини бошлади Шомуродов.

- Филиппин терма жамоасидан мана шундай қаршиликни кутганмидинглар?

- Ҳа, рақибдан мана шундай қаршилик кутгандик. Улар ўз майдонидаги ўйинда ҳам жуда яхши ҳаракат қилишганди. Филиппин ривожланаётган терма жамоалардан ҳисобланади. Шу сабабли, ўйин осон бўлмаслигини билардик.

- Ўйиннинг бошида рақиб бир киши кам бўлиб қолиши жамоамизнинг бўшашишига сабаб бўлгандек кўринди...

- Йўқ. Улар 10 киши қолганидан сўнг ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолишга уринишди. Агар тўлиқ таркибга қарши ўйнаганимизда рақиб ҳужумга ҳам ўтарди. Камчилик қолган филиппинликларнинг ҳимоясини ёриб ўтиш қийин бўлди.

- Навбатдаги ўйин Баҳрайн терма жамоасига қарши бўлади. Ушбу ўйин ҳақида, тайёргарлик жараёнлари ҳақида нималар дея оласиз?

- Бугунги ўйин натижасини унутган ҳолда кейинги ҳафта бўладиган ўйинга тайёргарликни бошлаймиз. Насиб қилса, ўша ўйинда ҳам ғалаба қозониб мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз.


Азиз Тўхтамуродов



Ўхшаш янгиликлар


Aziz TukhtamuradovМуаллиф
Манба: championat.asia