ЕЧЛ. Барча чорак финалчилар аниқланди. Эртага қуръа ташлаш маросими

Narzulla Saydullayev
20 мар 2014, 11:15
Кеча оқшом Дортмунд ва Манчестер шаҳарларида ўтказилган икки ўйин билан Европа Чемпионлар лигасининг барча чорак финал иштирокчилари маълум бўлди.
Гарчи “Зенит” клуби “Боруссия” майдонида 2:1 ҳисобидаги ғалабага эришган бўлсада, Питердаги мағлубият (2:4) сабаб ўз юришини 1/4 финал остонасида тўхтатди.

Мавсумни ўта омадсиз ўтказаётган “Манчестер Юнайтед” эса кеча “Олд Траффорд”да ниҳоят ўз мухлисларини хушнуд этди. Грецияда 0:2 ҳисобида ютқазган “қизил иблислар” жавоб учрашувида “Олимпиакос” дарвозасини жавобсиз уч бор ишғол қилишди. Робин ван Перси оқшом қаҳрамонига айланди. Айнан унинг хет-триги Мойес жамоасига чорак финал эшикларини очди. Шу тариқа, 4 та давлатнинг 8 та жамоаси бош мукофот учун курашни давом эттиради.

Эртага Швейцариянинг Ньон шаҳрида жойлашган УЕФА штаб-квартирасида 1/4 финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Бунда бир мамлакат жамоалари бир-бирларига тушиб қолишлари мумкин. Шу босқичдаёқ мухлислар “Барселона”–“Реал” қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишлари ҳам мумкин.  

Қаторасига иккинчи мавсум ҳам Испаниянинг 3 та жамоаси чорак финалда иштирок этади. Германия ва Англиядан 2 тадан, Франциядан эса “Пари Сен-Жермен” жамоаси кучли саккизликни ташкил этиб беришди. Эътиборга молик жиҳати, 1/4 финалга ўз гуруҳининг ғолиблари етиб келишди.

Чорак финалнинг илк учрашувлари 1-2 апрель, жавоб баҳслари эса 8-9 апрель кунлари бўлиб ўтади. Ярим финалга қуръа ташлаш маросими 11 апрель кунига белгиланган. Бу босқичнинг илк ўйинлари 22-23 апрель, жавоб учрашувлари 29-30 апрелда ўтказилади. Чемпионлар Лигасининг бу йилги ғолиби 24 май куни Лиссабон шаҳридаги “Эштадиу-ду-Бенфика”да аниқланади.

Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: olamsport.com