UZ

Сўнгги янгиликлар

17:01"Бунёдкор" янги бош мураббий номини эълон қилди  6 16:20"Евро-2024"да ҳеч ким Англия билан тенглаша олмайди"  5 15:57"Қизилқум" "Локомотив" билан ўйин учун қайдномасини эълон қилди  0 15:44ПРО-Лига. Турнинг марказий учрашуви асосий таркиблари маълум  2 15:26Суперлига. 4-тур учрашувларини ўтказиб юборадиган футболчилар  2 15:10Маркус Рэшфорд Евро-2024га бора олмаслиги мумкин  1 14:38Парехо Винисиус ҳақида: "Ажойиб спортчи, аммо ўйинчилар ўзини футболга бағишлаши керак. Мени пиёниста дейишарди, лекин бунга эътибор бермаганман ва жавоб қайтармаганман – бундай одамлардан юқорироқ бўлиш зарур"  1 13:47Суперлига. 9та клуб дастлабки 3та турда фақат бир хил формадан фойдаланди. Бунга сабаб нима?  5 13:44"Манчестер Юнайтед" "Реал" футболчисини сотиб олмоқчи  1 13:23Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди   1 12:50Ўзбекистон кубогининг саралаш босқичига қуръа ташланди  3 12:15Месси: "ЖЧ-2022да ғолиб бўлмаганимизда, мен терма жамоадан кетардим"  8 11:53Начо ва Васкес "Реал" билан шартномасини узайтиради  2 11:23"Шўртан"нинг мавсумдаги илк ғалабаси қандай қўлга киритилди?   0 10:37Футзал. Терма жамоамиз бугун Қирғиз Республикасига қарши баҳс олиб боради  0

Доҳада доғда қолдириш керак... Янгиликлар

Доҳада доғда қолдириш керак...

Доҳадаги бугунги кун асосан "Ал Садд" - "Пахтакор" учрашуви олдидан ташкил этилган ўйинолди расмий тадбирларга қатнашиш билан ўтди.

Видео             "Пахтакор" Дохага қандай етиб борди? 

Эрталабки нонуштадан сўнг ўйин ўтадиган "Ал Садд" жамоасининг "Жассим Бин Ҳамад" стадиони томон отландим. Гарчи ўйинолди расмий тадбирларнинг барчаси тушликдан сўнгга режалаштирилган бўлсада, мен асосан стадион ва клубга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида манзил томон шайландим.


"Жассим Бин Ҳамад" стадионига боришим биланоқ у ерда "Пахтакор" жамоасининг майдон сифатига жавобгар бўлган мутахассис Денис Ан Қатардаги барча футбол майдонларига қарайдиган "Aspire"даги етакчи мутахассис Родней Райнер билан иш ўрганиш ва тажриба алмашиш мақсадида ташкил қилинган учрашувига дуч келдим. Мазкур учрашув чоғида "Пахтакор" вакили тажрибали мутахассисдан ўз соҳаси бўйича керакли маълумотлар ва маслаҳатларни олди. Фикрлар алмашилди. Бу ҳақда кеча сайтимиз орқали хабар бергандим.


"Пахтакор" ўз миссиясини бажариш учун Доҳага етиб келди 

Фото             Доҳада "Пахтакор" вакили "Aspire" мутахассиси билан учрашди         


Шундан сўнг дастлабки иш бу симсиз интернет қидириш бўлди. Стадион атрофида симсиз тарқатилган интернетга улангач, "Пахтакор" вакили "Aspire" мутахассиси билан учрашгани ҳақида ёзиш бўлди. Кейин стадион билан яқиндан танишишга чоғландим. Очиғи, стадион атрофида ҳеч ким йўқ. Ким истаса бемалол кириб юрибди. Ён атрофда одам кам, ходимлар ҳам кириб чиқиб юрган одамларни ортиқча безовта қилганини кўрмадим.

Инглиз тилида аранг нимани исташимни тушунтиришим мумкин, лекин биров билан исталган мавзуда бемалол суҳбатлаша олмаслигимни инобатга олиб, имкон қадар стадион ва ён атрофни ўзимча кузатдим. Тўғрисини айтиш керак, "Жассим Бин Ҳамад" стадиони майсаси аъло даражада. Мисоли гилам. Стадион ҳам иҳчам, қулай ва комфорт қурилган. Мазза қилиб футбол томоша қилишли ўйингоҳ.

Лекин ўйингоҳнинг ён атрофи жуда кир, кириш ва чиқиш жойлари аҳлатлар билан тўлиб ётибди. Қисқа қилиб ўзбекча айтганда, саришта-сарамжонликдан асар ҳам йўқ. Бу эса стадионга кирмасдан туриб ўйингоҳ ҳақидаги илк таассуротни алдамчи қилади. Балки ўйин куни эрталаб тозалик ишлари олиб борилиб, учрашувга қадар стадион ён атрофи топ-тоза ҳолатга келтирилар, уёғини билмадим.


Мухлислар учун қулай тарафи шундаки, стадион олдида ҳар хил турдаги егулик маҳсулотлари, бренд даражасидаги фаст-фуд, қатор мамлакатларнинг миллий таомлари ва ширинлик расталари барпо этилган. Мазкур мини-кафелар асосан кечки пайт ўз ишини бошлайди. Кундузи ҳам ишлаб турадиган шаҳобчалар ҳам йўқ эмас. Кечки пайт футбол йўқ кунлари ҳам одам гавжум бўларкан. Ўйинолди расмий тадбирларни ўтказиб қайтишда бунга гувоҳ бўлдим.


"Жассим Бин Ҳамад" стадионидаги мартабали меҳмонлар (VIP сектор) учун махсус зали


"Ал Садд" футбол клуби тарихидаги энг аҳамиятли совринлардан бири - ОЧЛ кубоги


"Ал Садд" Спорт клубига тегишли саноғи йўқ совринлар - футбол, волейбол, баскетбол...


"Жассим Бин Ҳамад" стадионидаги тренажёр зал


"Ал Садд" ўйингоҳидаги меҳмонлар кийиниш хонаси



"Ал Садд" мухлислар клуби хизматидаги автобус ажойиб безатилган


"Жассим Бин Ҳамад" стадионининг чанг босиб ётган бирорта чиптахонаси ишлаётгани йўқ. Чипталар савдосига эса табиийки кўзим тушмади


"Ал Садд" - "Пахтакор" учрашуви олдидан ташкил этилган расмий тадбирлар ҳар иккала жамоа вакиллари иштирокидаги митинг йиғилиши орқали бошланди.

Мазкур йиғилишда жамоалар қайси рангли либосларда ўйнашларига ойдинлик киритилди: "Ал Садд" оқ, "Пахтакор" эса йўл-йўл сариқ-қора


Сўнгра эса ўйинолди матбуот анжуманларга навбат келди. Дастлаб мезбонлар, яъни "Ал Садд" бош мураббийи Жезуалду Феррейра ва футболчи Ҳамид Исмоил қатнашди. Анжуман белгиланган вақтдан 5 дақиқа кеч бошланди. Бунга сабаб эса Ҳамид Исмоилнинг анжуманга кеч қолиши бўлди. Жезуалду Феррейра соат 17:00да бошланиши керак бўлган анжуманга 15 дақиқа аввал етиб келди. Бироқ футболчи 4 дақиқа кечикди. Жезуалду Феррейра кечиккан шогирдини кулгу ила қарши олиб, журналистга қанча саволларингиз бўлса Ҳамидга беришларингиз мумкин. Кечиккани туфайли уни саволлар билан жазоланг, дея ҳазиломуз муносабат билдирди.


"Эртага бизни ўзгача тўқнашув кутмоқда" — Жезуалду Феррейра иштирокидаги матбуот анжумани 


Хусусан матбуот анжуманида айтилган гапларга келадиган бўлсак, Жезуалду Феррейра бўлажак рақиби - "Пахтакор"нинг кучи ва имкониятларини холисона юқори баҳолади. Айниқса жамоа тадбиқ этаётган услуб, яъни ҳужумкор футболни ёқтириб, тўпни хуш кўрувчи жамоа эканлигини алоҳида таъкидлади. Лекин эртанги ўйин олдидан анча хотиржам ва ўз кучига ишонч билан гапирди. Шунингдек, мураббий "Ал Садд" гарчи Қатар чемпионлигини қўлга киритган бўлсада жамоада иштиёқ сўнмагани ва ОЧЛда ўйнашнинг ўзи ва мусобақа нуқузи энг катта мотивация бўлишини айтди.


Ҳамид Исмоил эса Афифнинг йўқлиги жамоа ўйини ва имкониятларини пасайтириб юбормаслигини айтди.


"Ал Садд"нинг "Пахтакор"га қарши ўйин учун қайдномаси: Ҳассан Абдулкарим сафга қайтди, Афиф ва Педро Корреа йўқ

Шундан сўнг матбуот анжуманининг иккинчи қисмида иштирок этиш учун "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳамда жамоа сардори Егор Кримец ўз вақтида етиб келишди.


"Нафақат "Ал Садд"да, балки "Пахтакор"да ҳам ўйин тақдирини ҳал этадиган футболчилар бор" — Шота Арвеладзе иштирокидаги матбуот анжумани 


Арвеладзе ҳам эртанги ўйин қизиқарли ва шиддатли ўтишини таъкидлаб, футбол ўйнашни ёқтирадиган жамоалар тўқнашувида мухлислар зерикиб қолмасликларини айтди. Арвеладзе Тошкентдаги беллашувдан кейин рақибни янада чуқур ўргангани ва ўзи учун тегишли хулосалар чиқарганини маълум қилиб, эртага мазкур жиҳатларни наф чиқармоқчи эканлигини яширмади.

Кримец эса маҳаллий журналистларнинг дуранг сизлар учун яхши натижа бўладими, дея берилган саволига "Пахтакор" максимум натижа, яъни аввало ғалаба учун курашишига алоҳида урғу берди.


Маҳаллий журналистлар "Пахтакор" Тошкентдаги ўйини туфайли уларда илиқ таассурот қолдиргани, лекин Доҳада "Ал Садд"нинг имкониятлари юқори эканлигига ишонч билдиришмоқда. Айниқса якка тартибда футболчилар солиштирганда, индивидуал тарафдан уларда ўйин тақдирини ҳал этиб қўядиган ижрочилар борлигини таъкидлашди. Шота Арвеладзе ҳам мазкур мавзудаги саволга "Пахтакор"да ҳам ўйин тақдирини ҳал этишга қодир футболчилар борлигини ва эртага уларни ўйинини кўриб, ўша футболчиларнинг ҳаракатига маҳлиё бўлиб қолишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Журналистнинг "Ал Садд" устунлигини билдирувчи саволига Шота Арвеладзе чиройли тарзда жавоб қайтарди. Умид қиламизки, майдондаги ўйинда ҳам "Пахтакор" Арвеладзе сингари рақибига дадил "гапириш"ни уддалайди.


Шу тариқа матбуот анжумани якунланиб, навбат жамоаларнинг ўйинолди машғулотларига етиб келди. "Пахтакор" меҳмон жамоа бўлгани туфайли расмий машғулотни қоидага кўра ўйин бўладиган стадион, яъни "Жассим Бин Ҳамад"да ўтказди. "Ал Садд" эса ўйин олдидан майдонга ортиқча зарар келтирмаслик мақсадида деярли 15 дақиқалик фарқ билан захира майдонида шуғулланди.


Шу боисдан фақатгина "Пахтакор"нинг машғулотини кузатиш имкониятига эга бўлдим. Алоҳида қайд этиш керак, жамоадаги ички кайфият, кўтаринкилик ва муҳит ажойиб. Машғулот жараёнидаги жиддийлик, майдон четида бир оила сингари жипслашув сезилиб турибди. Балки айнан мазкур жиҳат жамоанинг жорий мавсумдаги муваффақиятли юришининг асосий "калити"га айланаётган бўлса не ажаб.


Машғулотлар ортиқча йўқотиш ёки шикастланишларсиз ўтди. Арвеладзе гарчи матбуот анжуманида маҳаллий журналистнинг жамоада йўқотишлар борми, деган саволига йўқ деб жавоб қайтарганига қарамасдан Садриддин Абдуллаевни жароҳат туфайли Доҳага келмаганини қайд этиш лозим. Арвеладзе эса шунчаки рақиб тарафни ортиқча маълумот билан таъминлашни истамади.

Қатарда "Ал Садд"нинг имкониятларини юқори баҳолаётганлар табиийки кўпчиликни ташкил этмоқда. Аммо биринчи ўйин шуни кўрсатдики, "Пахтакор" жамоавий ўйин орқали рақибнинг гарчи номдор ва юқори малакали ижрочилари билан ҳам доғда қолдириш салоҳиятига эга. Таркиб ва танлов борасида Жезуалду Феррейранинг имкониятлари кенг. Арвеладзе эса кўпроқ жамоага сингдираётган фалсафа ва услубига ишонади. Айнан шу орқали рақибни зарарсизлантириб, ўзининг кучли тарафларидан фойдаланиш самара келтириши мумкин.


Жавоб баҳсида "Ал Садд"нинг имкониятларини нисбатан ошираётган иккита фактор мавжуд. Биринчиси, ўйин Тошкентда эмас балки Доҳада ўтиши. Бу орқали "Ал Садд" ортиқча босимдан, "Пахтакор" эса жамоани руҳлантириб турадиган катта куч, яъни мухлисларнинг юқори мададидан айрилади. Иккинчи томони, Феррейра қўл остида Хави, Габи ёки Бағдод Бунеджа сингари исталган пайт натижадаги фарқни юзага келтирадиган ижрочилар мавжуд. Тошкентдаги ўйинда "Ал Садд" айнан Хавининг маҳорати ва испаниялик футбол афсонаси фактори эвазига ўз юртига очко билан қайтишни уддалаганди. Бу эса рақибга катта устунлик тақдим этади.

"Пахтакор"нинг энг катта устунлиги бу Тошкентдаги кўрсатилган ўйин ва ўша баҳсдаги жамоа кўрсатган футбол. Яъни "Пахтакор" ўз ўйини орқали хавфли ва кучли кўринган "Ал Садд"га кўпгина муаммолар тақдим этишга қодир. Бўлажак ўйинда ҳам шу ишни такрорлашга бел боғлаш лозим. "Пахтакор"нинг мазкур тўқнашувдаги энг катта кучи - ўз услубидаги ўйин. Агарда жамоа руҳий тарафлама ўйинга тўғри тайёрлана олса, унда алоҳида номлар эффектини ҳам йўққа чиқариш мумкин. Шу тарафлама жамоани ўйинга тўғри ва керакли меъёрда тайёрлаш масъулияти ҳал қилувчи ролни бажаради.


Арвеладзе бугун "Пахтакор"нинг яширин потенциалини ҳам юзага чиқариб, "Ал Садд"нинг инқироз йўлидаги ҳимоясидаги бўшлиқларни излашда фаол бўлса, унда Тошкентда ютқазмаган "Ал Садд"ни Доҳада доғда қолдиришни уддаласа бўлади. Айниқса рақибнинг асосий ҳимоя қурғони вакили Педро Корреанинг ўйнамаслиги кетма-кет 4 учрашувдан буён ўз дарвозасидан мунтазам гол ўтказаётган жамоага қўшимча муаммо туғдиради. "Пахтакор" рақибнинг мазкур муаммоли чизиғидан ўзига наф чиқариши лозим.

Қатардан очко билан қайтиш ёмон натижа эмас. Лекин доим максимал ва қўлдан келиши мумкин бўлган ишга ҳаракат қилиш яхши. Айтадику, ҳаракатга баракат. Ўйиндан кейин мазкур жумлани сарлавҳага чиқариш насиб этсин.

Тошкентда ғалаба лойиқ ўйнаган "Пахтакор" "Ал Садд"ни Доҳада доғда қолдириши керак...


Шаҳбоз Беғамов Қатар, Доҳа шаҳридан

Рейтинг: +22   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика