UZ

Сўнгги янгиликлар

22:45"Реал" нимадан норози?  0 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  1 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  0 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  1 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  0 19:59"Навбаҳор" Азимжон Аҳмедов билан янги шартнома имзолади!  6 19:36"Ювентус" Дисасини ижарага олмоқчи  1 19:15"Пахтакор" Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан янги шартнома имзолади!  1 18:50Боливияда жамоа керакли натижани сақлаб қолиш учун, ўйин тугамай, майдондан чиқиб кетди  2 18:12"Сурхон" етти нафар футболчи билан янги шартнома имзолади  0 17:43Ферран Торрес "Барса"нинг омадсизликлари ҳақида: "Барчасини вақт кўрсатади"  9 17:17Ильгиз Танташев яшил майдонга қайтди  1 17:06Ўзбекистон U-16 термаси Тошкент вилояти футбол академияси жамоасига қарши ўйин ўтказди   3 16:47Шаҳзодбек Ғофурбеков — "Локомотив" футболчиси!  0

Даврон Файзиев: “Сўғдиёна” бу йил легионерлар хизматидан фойдаланмайди” Янгиликлар

Даврон Файзиев: “Сўғдиёна” бу йил легионерлар хизматидан фойдаланмайди”

Моддий техник базасига хавас қилиб бўлмайдиган “Сўғдиёна” бу йил яна деярли янгитдан таркибни шакллантирмоқда.
Бош мураббий Даврон Файзиев қийин вазиятдан чиқиб кетишга харакат қилаётганини кўриш мумкин. Камтарона шароитлар билан бўлажак мавсумга пухта тайёргарлик кўришга интилаётган жиззахликларнинг пойтахтдаги йиғини чоғида, бош мураббий Даврон Орипович билан суҳбатлашдик.

- Ўзбекистон Кубоги-2015 учун ташланган қуръа ҳақида гапирадиган бўлсам, бу борада илк ўйинимиз Андижоннинг “УзДонгЖу” жамоасига қарши кечади. Биринчи лига аъзоси билан сафарда ўйнаймиз. Бу каби жамоаларга қарши ўйинларда сюпризлар кўп бўлади. Мисол учун ўтган йили “Хотира-79” олий лига вакили “Бухоро”ни кубокда курашдан чиқариб юборганди. “УзДонгЖу”ни ҳам биз учун муносиб рақиб деган бўлардим – дея гап бошлади Файзиев.



- Бу йил “Сўғдиёна” яна бошқатдан таркиб тузмоқда. Шунга қарамай ўйин бўйича мутахассислар жамоангизга юқори баҳо қўймоқда. Бу каби эътироф сизни қийин вазиятда руҳлантириб юборса керак?
- Ҳа, эътибор бераётган бўлсангиз ўтган йили сафимизда харакат қилган деярли 10та ўйинчи бошқа клубга ўтиб кетди. Ҳеч бир футболчининг кетиши катта таъсир қилиши керак эмас. Айтишадику, алмаштириб бўлмас ўйинчининг ўзи йўқ деб. Футболда шунақа, кимдир келади ва яна кимдир кетади. Бу йил ҳам имкониятдан келиб чиқиб, таркибни шакллантиришга харакат қиляпмиз. Агарда ҳақиқатдан ҳам мутахассислар “Сўғдиёна”нинг ўйини ҳақида ижобий фиклар билдираётган бўлса, албатта бу бизни тўлқинлантиради. Буни ҳеч қандай сирли жойи йўқ. Фақатгина шуни айтишим мумкинки, мураббийлар штаби ишлашда давом этмоқда. Иложи борича шу ишлаган уч мавсумимиздаги ўйинни янги келган ўйинчилар билан ҳам ушлаб қолиш ва курашчан жамоа шакллантиришни мақсад қилганмиз. Бу мураббийнинг қилаётган иши деб биламан. Тўғри биз ҳам сеҳргар эмасмиз. Қаердадир ўзига яраша хато ва камчиликларимиз бўлиши мумкиндир. Лекин биз битта ўйин услубни танлаганмиз ва шу йўналишда йигитларни мавсумга тайёрламоқчимиз.

- Таркибга янги ўйинчиларни жалб этишда қийинчиликлар бўлаётгандир. Негаки бугунги кун футболчиси энг аввало моддий жиҳатни асосий ўринга чиқармоқда.
- Инкор этмайман, жуда қийинчиликлар бўляпти. Агарда эътибор қаратадиган бўлсангиз, энг кўп футболчини кўрикдан ўтказган “Сўғдиёна” жамоаси бўлади, менимча. Кун ора янгиларни саралаб, қарашларимизга маъқул келганларини таркибда олиб қоляпмиз. Улар асосан биринчи лигадаги ёки олий лигада захирада қолиб кетаётган футболчилар эканлигини айтиш лозим.

- Уларни қайси жиҳатларини инобатга оласиз?
- Назаримда ҳар қандай мураббий энг аввало ўйинчини инсонийлигига эътибор қаратади. Бизда ҳам шундай. Ундан ташқари менга меҳнаткаш футболчилар ёқади. Майдонда қора мехнат қиладиган ўйинчиларни оламиз. Айтишадику, майдонда юрган эмас, югурган ютади деб.

- Бу йил жамоангизда хорижлик футболчиларни кўрамизми?
- Йўқ, асосий эътиборни маҳаллий ўйинчиларга қаратганмиз.



- Айтишларича жамоада ҳанузгача муаммолар бартараф этилмаган экан. Шу ростми?
- Муаммоларимиз йўқ эмас. Насиб қилса бу йил уйдаги ўйинларни Жиззахдаги янги стадионимизда ўтказамиз. Чемпионатнинг очилиш учрашувини янги стадионда ўтказсак, нур устига нур бўларди. Раҳбарият муаммолар бартараф этилиши ҳақида вада берган. Бу йил насиб қилса ўз автобусимизга эга бўламиз. Молиявий томондан муаммолар бор.

- Бу борада ижобий томонга ўзгариш борми?
- Бизга муаммолар бартараф этилиши ҳақида вада беришган. Шунга ишониб ишлашда давом этяпмиз. Бизнинг вазифамиз Жиззах футболини янада кучайтириш ва жамоамизни юқори ўринлар учун курашадиган қилиб, шакллантириш.

- Тан олиш керак, ўртамиёна жамоалар кубокдан кўра асосий эътиборни фақат чемпионатга қаратади. “Сўғдиёна”чи?
- Тўғри савол бердингиз, Кубокда битта ўйинга алоҳида тайёргарлик қилинади. Бу йўлда ҳам юришни эрта тўхтатиб қўйишни истамаймиз. Имкон қадар узоқроққа боришга харакат қилинади.

- Бу йил жамоангиз олий лигада қолиш учун курашадими?
- Биласизми ҳозир менимча олий лигадаги 70 фоиз жамоанинг кучи тенглашиб қолган. Мана Тошкентдаги йиғин чоғида бошқа рақибларимизни ҳам кузатяпмиз. Уларнинг тайёргарлиги қандай кетяпти? Ким қандай таркиб шакллантиряпти? Шуларни кўриб боряпмиз. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, “Сўғдиёна” бу йил учликка кураша олмайди. Лекин олий лигада қолиш учун ҳам курашамиз демаган бўлардим. Чунки ўзимизни савиямизга мос тушадиган жамоалар талайгина. Чемпионатда кўп нарса шунинг учун омадга боғлиқ бўлади.

- Бу йил янгитдан тузилаётган таркибдан кўнглингиз тўляптими?
- Ҳозирча тўлиқ 100 фоиз қониқиш хосил қиляпман дея олмайман. Қаердадир камчиликлар бор.

- Асосий таркиб ўзагини неча фоизга аниқлаб олдингиз?
- Буни деярли 60-70 фоизга аниқлаб олдик дея оламан. Олдимизда яна 20 кун вақт бор. Ўйинимизга кучайтириши мумкин бўлган иккита ўйинчи билан музокара ўтказяпмиз. Агарда ижобий томонга ҳал этилса, ишонтириб айтаманки, “Сўғдиёна” бемалол ҳар қандай рақибга жиддий ташвиш туғдира олади.



- “Сўғдиёна”да молиявий муаммолар юзага келган бир пайтда, янги футболчиларни нимани эвазига жалб қилиш мумкин. Мураббийнинг “авторитети”ми ёки ...?
- Очиғини айтганда, “Сўғдиёна” бугунги кунда футболчилар учун энг яхши “трамплин” вазифасини ўтаб бермоқда.

- Демак, пулдан ҳам кўра асосий эътиборни кўпроқ ўйин амалиётини оширишга қаратган футболчилар олинади. Шундайми?
- Ҳа. Эътибор бераётган бўлсангиз, таркибимизда 1-2 йил ўйнаб ўзини кўрсатгач, кейинчалик бошқа клубга ўтиб кетишмоқда. Диққат билан кузатсангиз, ўтган йили сафимизда ўйнаган қайси футболчи бирор клубга бормасин, асосий таркибдан ўрин олмоқда. Бу дегани бизнинг ўйинчи ҳақиқатдан ҳам “Сўғдиёна”да ўйнаб, ўсишга эришган.

- Лекин тангани иккинчи томонини олиб қарайдиган бўлсак, бу жиҳат сизни ҳам ранжитса керак. Негаки, энди тайёрлаган ўйинчингиз ниҳол беришга келганида, бошқа клубга ўтиб кетиб қолса.
- Тўғри, ҳар бир мураббийга алам қилади. Лекин афсуски бугунги имкониятимиз шунга мажбур қилмоқда. Албатта мен ҳам ўтган йилги таркибни сақлаб қолган холда, айрим чизиқларни янада кучайтириб, юқори ўринлар учун курашишни истардим. Аммо имконият ҳамиша ҳам хоҳишга тўғри келавермас экан.

- Легионер дарвозабон Александр Меленчук жамоа билан хайрлашди. Бу кимнинг қарори?
- Меленчук билан хайрлашишимизнинг боиси шундаки, унга ўз юртидан яхшироқ таклиф тушди. Қолаверса яна бир жиҳати шундаки, бизга “Насаф”дан Михаил Наумов келиб қўшилди. Тўғри, у охирги икки йилда жуда кам ўйнади. Лекин ўйин тажрибаси бор. Шунинг учун ҳам Наумов номзодида тўхталдик. Меленчук ҳам яхши дарвозабон. Буни яхшириб бўлмайди. Ҳозир унга олий лигамизнинг аксарият жамоалари қизиқиш билдирмоқда. Лекин уни қайташи борасида аниқ гап айтиш қийин. Молиявий имкониятимиз бугунги кунда Меленчунки олиб қолишга йўл қўймади.

- Қайси чизиқлардан кўнглингиз тўлмаяпти?
- Чап қанот ҳимояси ва ярим ҳимоядан қониқиш хосил қилмаяпман. Бунинг устида ҳали яна ишлашимиз керак. Бошқа ўйинчиларни кўриб чиқамиз. Чемпионат стартига ҳам тобора оз муддат қолмоқда. Ўзимиздаги йигитлар эса бу чизиқда ўйнаб кетишга 60 фоиз тайёр. Уларни бирданига қўйиш ҳам ўзини оқламайди. Бир тайм ўйнатиб, маҳоратини ошириб борамиз. Жамоа таркибининг 50-60 фоизи маҳаллий ўйинчилар ташкил қилиши учун бизга яна 1-2 йил вақт керак бўлади. Ўзинглар яхши маълумки, бугунги кунда жиззахлик бир қатор футболчилар мамлакатимизнинг гранд жамоаларида ўйнамоқда. Футболчининг фаолияти қисқа бўлгани учун ҳам улар кўпроқ моддий имконияти юқори бўлган жамоаларда ўйнашга интилади. Уларни тўғри тушуниш керак. Кеча қувонтиргани Сардор Рашидов бўлди. Жиззах футболи тарбияланувчиси. Жамоамизда маълум муддат ўйнаб, кейинчалик уни “Бунёдкор” ёшлар жамоасига олиб кетишган. Худди шундай Жасур Ҳасановни айтиш мумкин. Баҳодир Пардаев. Шунингдек Дилявер Абибуллаев. Лекин “Бунёдкор”нинг ОЧЛ плей-офф босқичида “Ал Жазира”га қарши кечган ўйинида Рашидовнинг гол уриши бизни хусусан Жиззах аҳлини тўлқинлантириб юборди. Шахсан ўзим жуда хурсанд бўлдим. Сўраб, суриштирсангиз, жиззахлик йигит эканлигини биласиз.



- Юқорида номлари келтириб ўтилган ўйинчилардан ташқари яқин орада яна Жиззахдан иқтидорли ўйинчиларни етишиб чиқишига ишонсак бўладими?
- Жиззахда истеъдодли футболчилар кўп. Афсуски бугунги кунда кўплаб ота-оналар ўз фарзандини “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Насаф” академияларига олиб келмоқда. Биз шу томондан ютқазиб қўйяпмиз деб биламан. Мана биз борини “Сўғдиёна”да олиб қолганмиз. Қолганлари бошқа клубларга ўтиб кетган. Ҳисобласак, “Бунёдкор”да ҳам “Пахтакор”да ҳам жиззахлик йигитлар кўпчиликни ташкил этади.

- Ёшлар жамоаси фаолиятидан кўнглингиз тўляптими?
- Ёшлар жамоаси билан икки марта учрашдик. Шахсан ўзим битта назорат баҳсида қатнашдим. Ҳозирча бир нима деб бўлмайди. Ўқув-йиғин жараёни кетмоқда.

- Бу йил ёшлар жамоасининг ўртача ёши неччи бўлади?
- Бугунги кунда таркибда 1994 йилдан 1998 йилгача туғилган футболчилар бор.

- Ренат Байрамовнинг яна “Сўғдиёна”га қайтганини кўряпмиз. Унинг тақдири ҳал бўлдими?
-Байрамовнинг жамоамизда қолиши ҳозирча аниқ эмас. Халқимизнинг қариси бор уйнинг париси бор деган гапи бор. Майдонда ёшларни ўз ортидан эргаштира оладиган, маҳоратли ўйинчига эхтиёж сездик. Шунинг учун Ренатни кўрикка таклиф этдик. Тўғри у олдин ҳам “Сўғдиёна”да ўйнаган. Лекин ўтган йили уни кўрмадим. Ҳозир ўйинларини кузатиб бориб шундай хулосага келяпманки, Байрамов агарда ўзининг оптимал спорт формасига чиқиб олса, мавсум давомида бизга катта ёрдам бериши мумкин. Ҳар холда унинг тажрибаси катта. Мана “Шўртан”ни мисолида кўрадиган бўлсак, Виктор Карпенко жамоа ўйинини ўзгартириб юбормоқда. Менга айнан мана шундай ўйинчи зарур. Агарда шунақа футболчи топсак, балки Ренат билан алмаштиришимиз ҳам мумкин.

- Ҳужумчи Абдулатиф Абдуқодировнинг қолиши аниқ бўлдими?
- Абдулатиф билан алоҳида ўтириб гаплашиб олдик. Насиб қилса у жамоамизда қолади.

- Бу йил ижара асосида ҳам ўйинчи оласизми? Агар шундайлар бўлса, улар кимлар?
- Йўқ биз асосан эркин агентга айланган ўйинчилар билан шартнома тузяпмиз. “Машъал”дан келган Иҳтиёр Тошпўлатовнинг шартномаси бор экан. Муборакликлар уни шунчаки қўйиб юборишни истамади. Шу боис Тошпўлатов билан бу масалада келиша олмасак, хайрлашамиз. Чунки раҳбарият ўзимизнинг футболчиларни ўйнатишимизни талаб қилмоқда. Аслида ҳам бу тўғри қарор. Ижарага олиб, уни пишитиб бергандан кейин ўз жамоаси қайтариб олса, бундан келажакда ким ютади? Ундан кўра, ўзимизни ўйинчиларга эътибор қаратсак, мевасини ўзимиз кўрамиз. Эртага раҳматни ҳам ўзимизга айтади.


Исломбек Рустамбеков.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика