CAFA Cup. Турнир олдидан мураббийлар нималар деди?
04 июл 2018 15:32
Янгиликлар
CAFA Cup. Турнир олдидан мураббийлар нималар деди?
Унда мусобақада қатнашадиган термаларнинг бош мураббийлари - Ҳикмат Фузайлов (Тожикистон), Саид Хади Козимий (Афғонистон), Марат Жумакеев (Қирғизистон) ва Усмон Тошев (Ўзбекистон) иштирок этишди.
Дастлаб барча мураббийлар турнирдан олдинги фикрлари билан ўртоқлашишди.
Саид Хади Козимий: - Биз ушбу турнирда иккинчи марта қатнашяпмиз. Мусобақага жамоамни яхши тайёрланишига ҳаракат қилдим. Шу боисдан ҳам яхши иштирокка умид қиляпман. Бу турнир орқали 16 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик кўришни режа қилганмиз.
Марат Жумакеев: - Аввало турнир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу турнирнинг барча ўйинларидан роҳатланиш керак. Ушбу мусобақа барча учун фойдали бўлади. Албатта, ўзимиз учун керакли вазифалар белгилаб олганмиз. Ташкилотчиликка келадиган бўлсам, барчаси юқори савияда. Стадионлар жуда яхши. Кеча дастур доирасида “Миллий“ стадионида машғулот олиб бордик. Шунингдек, турнирдан олдин мураббийлар учун семинарлар бўлиб ўтди. Бу ер менга жуда ҳам ёқди. Вақтим бўлса яна келаман. Барчага омад тилайман. Бу турнирда ҳали қатнашмаганман. Ҳозирча вазиятлар ўйлаганимдек яхши кетмоқда. Шогирдларим яхши ўйнашади ва ўз олдиларига қўйилган вазифаларни бажара олишади.
Ҳикмат Фузайлов: - Бу ерга келганимизда ўз ватандошларини кутиб олишгандек бизни яхши қарши олишди. Барчага раҳмат айтаман. Бу турнир барча учун фойдали бўлади. Ўтган йилги турнирда ҳам шу термаларга қарши ўйин олиб борганди. Ўтган турнирдан ёқимли хотиралар қолган.
Усмон Тошев: - Ушбу турнирни катта воқелик деб айта оламан. Ўтган кунлар давомида биз фақатгина футбол ҳақида гаплашдик. Рақиб мамлакатларнинг футболи ривожини таҳлил қилдик. Бу мусобақа қатнашчиларга халқаро тажриба беради. Турнир давомида фақатгина яхши савияли ўйинлар бўлади. Бунга ишонаман.
- Бу турнирда сизнинг олдингиздаги вазифалар қандай?
Саид Хади Козимий: - Бу турнирда иккита мақсадимиз бор. Асосийси, Малайзияда ўтадиган турнир учун яхшилаб тайёргарлик кўриб олишимиз керак. Иккинчи мақсад эса амалдаги чемпионликни сақлаб қолишни ният қиляпмиз.
Марат Жумакеев: - Турнир давомида ўйинларда қатнашаётган футболчиларимнинг имкониятларини кўриб олмоқчиман. Бу турнир, бу ўйинлар мураббийларнинг, футболчиларнинг, федерацияларнинг ютуғи. Бизнинг мақсадимиз олдиндаги ўйинлар орқали ўзимизнинг ҳимоя ва ҳужум чизиғимизни синовдан ўтказиб олишимиз керак.
Ҳикмат Фузайлов: - Биринчи вазифамиз чиройли ўйин кўрсатиш.
Усмон Тошев: - Барча ўйинларда яхши ўйнашни, ўз ўйинимизни шакллантиришни ният қилганмиз. Биз футболчиларни етук қилиб тарбиялашимиз керак. Вазифамиз - йигитларга халқаро тажриба бериш. Ўзбекистон энг кучли терма эканлигини кўрсатмоқчимиз.
- Мусобақанинг бошқа иштирокчилари ҳақида қандай фикрдасиз?
Саид Хади Козимий: - Бу турнирда қатнашадиган барча термаларни ҳурмат қиламан. Бир неча йиллардан буён ўзбек футболи анчагина юксалишга эришмоқда. Терма ЖЧга чиқа олмаган бўлса-да, бу терма билан ўйин анчагина фойдали бўлади. Тожикистон термасида ҳам катта тажриба бор. Улар Осиё чемпионатига чиқишди. Бу катта шараф. Қирғизистон термаси ҳам анчагина кучли. Уларга қарши ўйинимизда яхшигина жанг бўлади.
Марат Жумакеев: - Мусобақага етиб келган барча термалар жуда кучли. Ўзбекистоннинг яхши мураббийи бор. Бу давлатда футбол анчагина ўсмоқда. Жамоалар чиройли ўйин кўрсатиб, ғолиб бўлишни истайди. Бу турнир орқали биз ўз кучимизни билиб олишимиз керак.
Ҳикмат Фузайлов: - Ўтган мавсумда ҳам бу турнирда қатнашганмиз. Биз ўтган йилгидан кўра кучлироқ бўлганимизни кўрсатмоқчимиз. Шу орқали халқаро тажриба тўпламоқчимиз.
Усмон Тошев: - Мен ОФКнинг инструктори сифатида бу давлатларда бўлганман. Афғонистондаги футбол яхши савиядалигини кўрганман. Барчанинг қандай ишлашини кўрганман. Барча термалар анчагина кучли. Турнир доирасидаги ўйинлар қизиқарли бўлади деган умиддаман.
- Қачондан бошлаб бу терма билан ишлаяпсиз?
Усмон Тошев: - 29 июндан эътиборан бу терма билан иш юритяпман. Ҳа, кам вақт бўлди. Шундай бўлиб қолди.
- Бизда Суперлига, Про-лига, U-18, U-16, U-14 лигалари бор. Сизлардачи?
Саид Хади Козимий: - Мамлакатимиздаги ҳолат туфайли бошқалар каби турнир ўтказишга шароит бўлмайди. Бўлса ҳам бунга кичик вақт берилади. Шунинг учун ҳам йигитлар ўзларини кўрсата олмайди. Терма Уммонда икки марта ўртоқлик ўйин ўтказди. Бу ўйинлар турнир учун яхшигина тайёргарлик бўлди. Бироқ бу сафар ўтган галгидек тайёрлана олмадик.
Марат Жумакеев: - U-16, U-17 жамоаларининг лигаси бор. Бу икки минтақага бўлинган. Шимолий ва жанубий. Бу лигалар селекция ишлари учун ҳам анчагина фойдали. Шунингдек, машғулот циклини ҳам кузатиб бориш учун қулай.
Ҳикмат Фузайлов: - U-15 ёшгача бўлган йигитлар ўртасида кичик турнирлар бўлади. 16, 17, 18, 19 ёшлилар ўртасида эса уй ва сафар тизими орқали Премьер-лига ташкил қилинган. Бу лиганинг фойдаси жуда катта.
- Бошқаларни камситмаган ҳолда турнирда Ўзбекистонни фаворит деб ҳисоблайсизми?
Усмон Тошев: - Бу турнирда биз бир-биримизни камситмаймиз. Барчамиз бир савияли, бу мураббийларни ҳурмат қиламан. Барчасини эртанги ўйинлар кўрсатади. Ана жаҳон чемпионатини қаранг, қандай термалар турнирни тарк этди. Ҳозирги футбол бошқача. Шу боисдан ҳам кўпроқ ўйлаш керак.
Фикрлар