"Бухоро"да иш бошлаши кутилаётган Александр Хомяков жамоани чуқурлиқдан олиб чиқиб кета оладими?
25 июл 2020 19:01
Янгиликлар
"Бухоро"да иш бошлаши кутилаётган Александр Хомяков жамоани чуқурлиқдан олиб чиқиб кета оладими?
"Бухоро"нинг айни пайтда турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнидан яна ўтган йилгидек жон сақлаб қолиш йўлида курашадиганга ўхшайди. Жамоанинг айни пайтдаги ҳолатидан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак янги мураббий аниқроғи содда қилиб айтганда тез ёрдам ниҳоятда зарур. Ушбу вазифани эса яқин орада жамоага тайинланиши кутилаётган Александр Хомяков бажара олиши мумкин. Ушбу мутахассис ўтган мавсумда "Андижон"ни ҳам деярли шундай ҳолатда қабул қилиб олган, якунда эса жамоани элитада олиб қолишни уддасидан чиқа олганди. Албатта, келаётган ҳар қандай мураббийдан кўп нарса кутиш ярамайди.
Бизга етиб келган маълумотларга кўра жамоа аъзолари Жамшид Саидов қўл остида машғулотларни давом эттирмоқда. Муҳсин Муҳаммадиев эса меҳмонҳонада истиқомат қиляпти. Унинг ёрдамчилари ҳам жамоа билан бирга эмас. Қисман бўлсада хулоса қилсак Александр Хомяковнинг "Бухоро" мураббийлик постига келиши ҳақиқатга яқин. Икки томон ўзаро музокараларга ҳам киришишган. Агарда келишув амалга ошадиган бўлса бу қўҳна шаҳар жамоаси учун фақат фойда бўлиши шубҳасиз. Агарда Хомяков ёки бошқа мураббий бошқарувни қўлига олса нималарни ўзгартириши керак? Қуйида бироз мулоҳаза юритиб кўрамиз.
Янги келган мураббий биринчи галда жамоадаги футболчиларнинг кайфиятини ва шу орқали ички муҳитни яхшилаши даркор. Қатор очко йўқотишлардан сўнг ҳар қандай жамоада ҳам кайфият, ғалабага бўлган ишонч йўқолади. Хомяков ана шу нарсага биринчи галда эътибор қарата олиши лозим. Ҳозирги шароитда услуб ва ўйинни йўлга қўйиб олишдан ҳам футболчиларнинг ўзига бўлган ишончини қайтариш, руҳиятини кўтариш керак. Бунинг учун мураббий психологик томондан яхшигина бош қотиришига тўғри келади. Хомяковда эса бу борада тажриба етарли. "Бухоро" таркибида ёмон футболчилар йиғилмаган. Аслида ёмон футболчи бўлмайди. Шунчаки уларнинг кучли тарафларидан, бор имкониятидан фойдаланган ҳолда ўйинни қуриш талаб этилади. Муҳсин Муҳаммадиев қўл остидаги бор футболчилар билан ҳеч нарса қила олмаслигини тан олмоқда. Аксарият матбуот анжуманларида у жамоага легионерлар етишмаётганини сабаб сифатида кўрсатмоқда. Хомяков эса маҳаллий иқтидорлар билан ҳам натижа қила олишлигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. "Машъал" ва "Андижон"даги фаолияти бунинг яққол далилидир. У қисқа вақт ичида нима истаётганини ва талабларини футболчиларга тушунтира олса бўлгани. Мана Равшан Ҳайдаров ҳам оз муддатда шогирдларини уйғата олдику. Демак, дастлабки қилинадиган юриш бу жамоа аъзоларига шижоат ва ғолиблик руҳиятини олиб кириш.
Шундоқ ҳам тиғиз тақвимда турнир жавдалининг қуйи ўринида бораётган жамоага осон бўлмайди. Бу фақат "Бухоро" жамоасига тегишли гап эмас. "Андижон", "Қизилқум"ни ҳолати уларникидан қолишмайди. Битта таркиб билан ҳаракат қилаётган клублар эндиликда кубок баҳслари орқали захира имкониятларини текшириб олишади. Шу тариқа асосий таркибда маълум бир ротатцияларни амалга оширишади.
"Бухоро"да ҳам максимал битта зўр таркиб бор. Уларни орасига ўринбосарлар жамоасидан кўзи ёниб турган иқтидорли ёшларни қўрқмасдан қўшса бўлади. Суперлига клубларининг аксарият мураббийлари бир гапни кўп такрорлашади. "Барчага имконият берамиз. Муносиблари ўйнайди". Хомяков ундайлар сирасига кирмайди, ўзини кўрсатган иқтидорли ёшларга ишонч билдиришдан қочмайди. Агарда у тайинланадиган бўлса кубок баҳсларида юқорида таъкидлаганимиздек кўпроқ иккинчи таркибни синовдан ўтказиб олади. Қайсидир маънода кубок унга жамоани иккинчи даврага тайёрлаш вазифасини ўтайди. Раҳбарият Хомяковни олдига элитада қолиш вазифасини қўяди. Табиийки, Хомяков бор эътиборини Суперлигага қаратади.
Албатта, ҳар қандай мураббий ўз услубига мос футболчилар билан ишлашни истайди. Лекин, айни пайтда мавсум ўртасида буни амалга ошириш имконсиз. Ёзги трансферлар ойнаси вақтида ҳам яхши савиядаги футболчини топиш мушкул иш. Чунки, Суперлига клубларида тўп тепаётган ўйинчилар йилни охиригача мўлжалланган шартномага имзо чекишган. Яна бир нарса пандемия сабаб авиақатновлар ҳали бери тикланмайди. Хориждан футболчи олиб келиш қийин масала. "Бухоро" таркибидаги легионерлар қачон жамоа ихтиёрига етиб келади. Бу ҳам жумбоқлигича қолмоқда. Шу сабабли Хомяков иккинчи даврада маҳаллий футболчилар кўмагига суянишга мажбур. Ушбу мутахассис қўл остидаги футболчилар билан ҳам яхши жамоа туза олишига ишончим комил.
Бундан буён вазият қалтис. Ўтаётган вақт ва йўқотилаётган очколар "Бухоро"нинг зарарига ишламоқда. Эсингизда бўлса 2015 йилги мавсумни ҳам жамоа омадсиз бошлаган, биринчи даврадан сўнг турнир жадвалида охирги ўринда бораётганди. Ўшанда Жамшид Саидов ва Тачмурод Агамуродов бошчилигида "Бухоро" кучлилар сафида қолишни уддасидан чиққанди. Афтидан яна ўша сценарий такрорланадиганга ўхшайди. Фақат бу сафар Александр Хомяков билан. Бизга етиб келган сўнги маълумотларга кўра Жамшид Саидов бош мураббий, Хомяков эса маслаҳатчи мураббий сифатида тез кунда расман эълон қилинади.
Абдулазиз Искандаров.
Фикрлар