

Эътиборга молик тарафи, чемпионат пешқадами "Бавария" кутилмаганда Мюнхен дербисида "Аугсбург" билан ўйинда очко йўқотди. Таркибда ротацияга қўл урган, айниқса чап қанот ҳимоясида аслида ярим ҳимоячи ҳисобланган Горецкани бир бўлим ўйнатган Ковач, иккинчи таймда Алабани туширишга мажбур бўлди. Чунки Горецка ўзи учун буткул янги нуқтада киришиб кетолмади. Шунингдек, Роберт Левандовскига ҳам дам берилди. Франк Рибери ва Тиаго Алькантара эса захирадан ўйинга қўшилди. Айнан шу жиҳатлар ва тиғиз тақвим туфайли жамоа шу куни ўзининг ҳақиқий футболини намойиш этишга қийналди. Қайсидир жиҳатдан рақибни муносиб баҳолай олинмагани ҳам жамоага якунда қимматга тушди. Гарчи жамоа кутилганидек ўйнолмаган бўлишига қарамасдан, гол уриш ва ҳисобни йирик кўринишга келтириш учун керагидан ортиқ вазиятлар содир этди. Аммо вазиятлардан фойдаланишда келганида жамоа оқсади. Ҳисоб қалтис бўлишига қарамасдан "Бавария" жуда ортиқча ишонч билан ўйнагани якунда ўзига панд берди. Жамоа тўпни керагидан ортиқ кўп ўз жарима майдончаси олдида назорат қилди. Ўйин якунланишига 3 дақиқа қолганида рақиб бурчак зарбасидан унумли фойдаланди. Нойернинг тўпга чиқишдаги хатосидан сўнг "Бавария" тарбияланувчиси Феликс Гётце собиқ жамоасини жазолади. Натижада жамоа ўз уйида қимматли 2 очкони қўлдан чиқарди.

Ковач қўл остида жамоа илк маротаба ғалаба нашидасини суролмади. Аммо шунга қарамай жамоа 13 очко тўплаган ҳолда биринчи поғонадан ўрин олган. Мюнхенликларнинг энг яқин таъқибчиси "Вердер" ҳисобида 11 очко мавжуд. Учинчи ўринда эса "Герта" бормоқда.
Айнан шу кучли-учликни якунлаб турган жамоалар кеча ўзаро беллашишди. Бременда меҳмон бўлган пойтахтликлар қизиқарли кечган баҳсда 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Дастлаб биринчи бўлим стартида Мартин Харник таблодаги ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Танаффус олдидан эса Милош Великович орадаги фарқни иккитага оширди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар ўйинга анча жаҳл қўшишди ва ўртадаги фарқни қисқартирувчи голни уришди. Явайро Дилросун томонидан киритилган гол "Герта"га ўйинни сақлаб қолиш учун умид бағишлаганди. Бироқ "Герта" дарвозаси томон белгиланган пенальти ҳаммасини чиппакка чиқарди. Макс Крузе "нуқта"дан адашмагани якунда "Вердер"га муҳим ғалабани тақдим этди. Натижада жамоа 11 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўринга жойлашиб олди.
Ганноверга меҳмон бўлган "Хоффенхайм" мезбонларни аяб ўтирмади. Юлиан Нагельсманн жамоаси ўйинда катта устунликка эга бўлди ва биринчи бўлимда буни ҳисобда ҳам акс эттиришни уддалади. Танаффусдан сўнг "Хоффенхайм" тезкор гол уриб, мезбонларни ўйиндан чиқариб юборди. "Ганновер" фақатгина 55-дақиқа белгиланган пенальти туфайли рақиб дарвозасига йўл топди. Ундан ортиғини уддалашга уларни кучи етмади. Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Ишак Белфодил томонидан киритилган гол ўйинга охирги нуқтани қўйди. Шу тариқа "Хоффенхайм" мавсумдаги иккинчи ғалабасини нишонлади ва вақтинча 5-ўринга кўтарилиб олди.

Ўтган мавсумни ажойиб тарзда ўтказган, жорий йилни жуда муваффақиятсиз бошлаган "Шальке" кетма-кет бешинчи мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Доменико Тедеско бошқарувидаги гельзеркирхенликлар "Фрайбург" майдонида мезбонларга таслим бўлишди.
Турнинг қолган ўйинлари бугун бўлиб ўтади. Турнир жадвалининг иккинчи қисмидан ўрин олган жамоалар "Фортуна Дюссельдорф" ҳамда "Байер" бугун ўзаро беллашади. Хайко Херлихх жамоаси тезлик билан хавфли ҳудуддан узоқлашиш пайида бўлса, "Фортуна Дюссельдорф" ўз уйида уч турдан буён давом этаётган мағлубиятсиз сериясини бузиб қўймаслик учун ҳам ўзгача кайфиятга курашади.
Мавсумни кутилганидан ҳам яхши бошлаган "Майнц" ва "Вольфсбург" жамоаларининг ўзаро учрашуви кўпчиликка қизиқ туюлмоқда. Қайси жамоа олдинга юксалишда давом этиши ва аксинча, қайси клуб турнир жадвалида пасайишга юз тутиши яхши интрига тақдим этмоқда. Иккала жамоа ҳам ўйин ва натижа бобида ҳозирча ёмон таассурот қолдиришмаяпти. Айниқса "Майнц"дан ҳеч ким бундай омадли стартни кутмаганди.
Дортмундда бугун "Боруссия" "Нюрнберг"ни меҳмон қилади. Бу жамоаларнинг ўзаро ўйини тарихи азалдан қизиқ ва кутилмаган воқеаларга бой кечган. Ниҳоят ушбу қарама-қаршилик 4 йиллик танафффусдан сўнг қайта тикланмоқда. Бундеслигага қайтган жамоа учун мавсумни 1 ғалаба ва 2 дуранг билан бошлаш ёмон натижа эмас. шу боисдан ҳам "Нюрнберг" айни пайтда 10 ўринни банд этиб турибди. Аммо уларда ушбу кўрсаткични янада яхшилаб олиш имконияти мавжуд. Михаэль Коллнер эса турнир жадвалида яна 3-4 поғонага сакраш учун бугун пишиқ режа ўйлаб топишга уриниб кўради. "Боруссия" эса "Бавария" билан орадаги фарқни икки очкога етказиш учун кураш олиб боради.
Яна бир тўқнашув хавфли ҳудуддаги "Штутгарт" ва ўша зонага яқин турган "Лейпциг" ўртасида кечади. Ҳозирча бугун Лейпцигда меҳмон бўладиган жамоа ҳисобида ғалаба мавжуд эмас. Мезбонлар эса ўтказилган тўрт ўйиндан атига биттасида ютуққа эришишган.
Номдор ва чақилмас ёнғоқ сирасига кирувчи жамоалар ўртасидаги баҳс, яъни "Боруссия Мёнхенгладбах" - "Айнтрахт" учрашуви ҳам қизиқарли ўтиши аниқ. Бу иккала жамоалар еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун курашишади. Кўп нарса эса ўзаро ўйинларда ҳал бўлишини инобатга олсак, мазкур ўйин мавсум якунига келиб 6 очколик баҳсга айланиши мумкин.
Германия чемпионати турнир жадвали >>>>> БУНДЕСЛИГА



