

Бугун Англия премьер-лигасида 3-тур баҳслари старт олса, Италияда янги мавсумнинг дастлабки ўйини бўлиб ўтади.
Тошкент вақти билан соат 16:30да "Норвич" клуби Лондоннинг "Челси" клубини қабул қилади. Дастлабки икки турда омади юришмаган "аристократлар" бугун ғалаба қозонишмаса жуда ҳам қийин аҳволга тушиб қолишади. "Норвич" эса 2та турда 4та гол урган Теему Пуккининг голли серияси давом этишини хоҳлайди.
Соат 19:00да "Олд Траффорд"да "Манчестер Юнайтед" - "Кристал Пэлас" ўртасидаги баҳс бошланади. Дастлабки икки турда битта гол ўтказиб юборган МЮ, ҳозирча умуман гол ура олмаган "Кристал Пэлас" билан беллашади.
Италиянинг амалдаги чемпиони "Ювентус" клуби янги мавсумнинг илк турида "Парма" меҳмони бўлади. Криштиану Роналду бошчилигидаги туринликлар дастлабки турданоқ ғалаба қозонишга ҳаракат қилиши турган гап. Бу ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади.
Соат 21:30да эса бугунги куннинг энг марказий баҳси старт олади. "Энфильд" стадионида бу мавсум АПЛда максимал натижа қайд этган икки клуб "Ливерпуль" ва "Арсенал" тўқнаш келади. Қайсидир клуб, балки иккаласи, бугун ниҳоят очко йўқотади.
Championat.asia сайтида юқоридаги тўртта учрашув МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ қилинади.



