Бир хонадон тарихи. "Пахтакор" - Жамшид Искандеров. Ким аслида ҳақ?
03 июн 2022 12:16
Янгиликлар
Бир хонадон тарихи. "Пахтакор" - Жамшид Искандеров. Ким аслида ҳақ?
Хуллас, 2016 йилда "Пахтакор" клубининг ўша пайтдаги раҳбарияти томонидан ярим ҳимоячи Жамшид Искандеровга фойдаланиш учун Тошкентда уй берилган эди.
2018 йилда "Пахтакор"нинг ўша вақтдаги раҳбарияти ва ҳомийлари Искандеров билан шартномани узайтириш учун мана шу уйни футболчининг номига тўлиқ ўтказиб беришга рози бўлган.
2018 йилнинг октябрь ойида "Пахтакор" бош директори Дмитрий Адисман ушбу хонадонни Жамшид Искандеров номига ўтказиб бериш бўйича кафолат хатини имзолаган. Нега Жамшид ўша пайтнинг ўзида уйни ўз номига расмийлаштирмаган дейишингиз мумкин. Клубнинг ўша пайтдаги ҳомийсида "Пахтакор"га тегишли бўлган ҳеч нимани ўз номига ёки бошқа одам номига расмийлаштириш ҳуқуқи бўлмаган.
Орадан 3 йил ўтиб "Пахтакор"нинг энди янги раҳбарияти ушбу хонадонни Жамшид Искандеровдан қайтариб олишга қарор қилди. 24 май куни бу борада суд ҳам бўлиб ўтди. Футболчига судга чақирув хати 25 май куни келгани ҳақида унинг яқинлари маълум қилишди. 27 май куни Жамшид Искандеровнинг "Навбаҳор" сафида Наманганда ўйини бор эди.
Бу масалада "Пахтакор" клуби юристига мурожаат қилганимизда хонадон доим клубга тегишли бўлганини ва Жамшид Искандеровга фақат ижара учун, "Пахтакор" сафида ўйнаётган даврида фойдаланишга берилганини маълум қилди. Аммо кафолат хатида "ижара" деган жумла йўқлиги бизни таажжубга солди. Тасаввур қилинг, клуб ўз футболчисига шартномани узатиришни таклиф қилмоқда ва сенга ижарага хонадон бериб турамиз демоқда. Ҳа, айнан ижарага бериб турамиз демоқда! Юрист хонадонни қайтариб олиш масаласи 2021 йил бошига келиб кўтарилгани ва футболчининг бундан хабари борлигини айтиб ўтди. Маълум бўлишича, Искандеровда суд қарорига апелляция бериш учун бир ой вақти бор.
Championat.asia сайти 2018 йил октябрь ойида берилган кафолат хатини Тошкентнинг таниқли адвокатларидан бирига кўрсатди ва консультация олди. Адвокатнинг маълум қилишича кафолат хатда ЭГАЛИК ҲУҚУҚИ деган сўз йўқлиги туфайли хонадон "Пахтакор" клубига тегишли бўлиб қолаверади. Агар 4 йил ичида Искандеров хонадонни ўз номига расмийлаштириб олганида ҳозир ҳеч қандай муаммо келиб чиқмасди деб жавоб берди адвокат. "Пахтакор" клуби мана шу сўз ўйини орқали Искандеровга совға сифатида ваъда қилинган хонадонни энди олиб қўймоқчи.
Муаллиф хулосаси: Бу муаммо "Пахтакор" клубида раҳбарият ўзгаргани туфайли юзага чиқди. Аввалги раҳбарият ва ҳомийлар ўз тарбияланувчиси бўлган футболчига оғзаки тарзда хонадонни совға қилишни ваъда қилган. Кафолат хати билан тасдиқлашда эса сўз ўйини қилинган. Бу йўл билан бир неча йил давомида "Пахтакор"га меҳнати синган футболчини ҳозир узоқ йил яшаб келган уйидан чиқариб юбормоқчи. Футболчи 2018 йилда шартномани узатириш учун бонус сифатида олган ва кейинчалик қанчадир пул эвазига таъмирлаган, оиласи билан бирга яшаб келаётган хонадонини энди судма-суд юриб ҳимоя қилишга мажбур. "Пахтакор"нинг ҳозирги раҳбарияти Искандеровни бундай тарзда сарсон қилмаса, футбол оммаси олдида ҳурмати анча ошган бўларди.
Бу материал барча ўзбекистонлик футболчилар учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб хизмат қилса хурсанд бўлардик. Клубингиз раҳбари ёки бош мураббийи палон бонус бераман, палон хонадон берамиз шартномага имзо чек деса, ҳаққингизни талаб қилинг ва барча нарсани ҳужжатлаштиринг. Ҳужжатлаштиришда ҳам диққат эътиборли бўлинг.
Нарзулла Сайдуллаев
Фикрлар