UZ

Сўнгги янгиликлар

09:44Салоҳнинг «Ливерпуль»даги келажаги маълум  0 09:20ПСЖ собиқ устози «Барселона»ни бошқариши мумкин  5 08:55Дилшод Раҳматов: «Ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Мақсадимиз – чемпионлик!»  1 08:31Sofascore. Элдор Шомуродовнинг кечаги ўйини неча баҳога лойиқ кўрилди?  6 08:07Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур баҳслари давом эттирилади  0 07:43Осиё кубоги. Бугун Кувайтга қарши майдонга тушамиз  6 07:15U-23 Осиё кубоги. Хитой - Корея Республикаси 0:2  0 07:10U-23 Осиё кубоги. БАА - Япония 0:2  1 07:05U-23 Осиё кубоги. Таиланд - Саудия Арабистони 0:5   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Тожикистон - Ироқ 2:4   0 06:55Серия А. "Кальяри" - "Ювентус" 2:2   1 06:50Саудия чемпионати. "Ал Насср" - "Ал Файҳа" 3:1   0 01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  42 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   5 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0

Бир клуб тарихи: "Воҳа аждари" Янгиликлар

Бир клуб тарихи: "Воҳа аждари"

"Championat.asia"да "Бир клуб тарихи" рукни давом этади.

Мамлакатимизнинг жанубидаги виқорли тоғлар, мафтункор табиат ва такрорланмас манзаралар кишининг кўзини қувонтиради. Соҳибқирон юрти азим Қашқадарёга қадам ранжида қилар экансиз, меҳнаткаш ва юзидан нур таралувчи инсонлар тафтини ҳис қиласиз. Ўзига ҳос маданияти ва анъаналарига эга ҳудуд аҳолисининг содда ва меҳмондўстлиги эса алоҳида мавзу. Вилоят маркази Қарши шаҳридаги ўзгаришларни кўриб ҳавасингиз келади. Чўл-у биёбонлар устида қад ростлаган бу кентнинг тавсифини, шу диёрга бир бора ташриф буюрган инсонгина тушуниши мумкин. "Насаф" футбол клуби эса вилоятнинг юзи ва бош жамоаси ҳисобланиб, чарм тўп ихлосмандларини қалбидан жой эгаллаган десак муболаға бўлмайди.



Мактаб даврларимдан футболга меҳрим бўлакча. Газеталар сотиб олиб, телевизорда бўладиган футбол дастурларни қалам билан белгилаб қўярдим ва ўйинларни интизорлик билан кутардим. 90 йиллар охирида футбол беллашувлари асосан ҳафтанинг атиги бир кунидагина олиб берилар эди. У пайтларда ҳозирги каби интернет, футбол сайтлари ёки телеканаллар деган гап йўқ ва бўлмаган. Ўша давр мухлислари яхши эсласа керак, миллий чемпионатимиз ўйинларини фақат иккинчи бўлимлари олиб берилар эди. Аниқ эсимда, "Насаф" иштирокидаги ўйинлар Ҳусан Темировнинг "Қарши шаҳридаги "Геолог" стадионидан гапирамиз",- деган жарангдор овози билан бошланар эди. "Аждарлар"нинг ўйинлари кечагидек кўз ўнгимда: ҳужумчи Зафар Холмуродовнинг боши билан урган голлари, Рўзиқул Бердиевнинг паслари, Шуҳрат Тошпўлатовнинг дриблинглари, Ботир Қораевнинг ҳимоядаги ижролари, Камолиддин Кенжаев, Асрор Алиқулов, Олег Қаххоров ва Анвар Бердиев сингари футболчиларнинг мазмунли ўйинлари хотирамда муҳрланиб қолган. Бугун сиз азиз мухлислар билан воҳанинг фахри саналмиш "Насаф" ҳақида суҳбат қурамиз.



Клуб тарихи

“Аждарлар” 1985 йил “Геолог” номи билан ташкил топган. 1992 йилдан “Пахтачи”, 1996 йилдан эса “Динамо-Насаф” номи остида ички биринчилик баҳсларида иштирок этган. 1997 йилдан эътиборан “Насаф” номи билан миллий биринчилигимизнинг доимий иштирокчиси. Статистик маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида Олий лига баҳсларида Қашқадарё вилоятидан фақат Муборакнинг “Машъал” жамоаси иштирок этган. “Газчилар” 1995 йилдан эътиборан кетма-кет икки мавсум миллий биринчиликда иштирок этган эрсалар, 1997 йилги мавсумга келиб, ўз ўринларини чемпионатда “Насаф”га “бўшатиб беришди”. Хуллас, вилоятнинг икки жамоаси ўртасида ўзига ҳос “рокировка” амалга оширилди. Қаршиликлар Олий лигадаги биринчи мавсумини Виктор Борисов бошчилигида бошлашди. “Аждарлар” Олий лигадаги дебют мавсумида ёмон иштирок этишмади. Гарчи совриндорлар қаторига кира олишмаган бўлсалар ҳам чемпионат финишида олтинчи ўринни банд қилишди. “Насаф” ўша йилларда чемпионат гегемонлари “Пахтакор”, “Нефтчи”, МҲСК, “Навбаҳор” ва “Дўстлик” клублари учун “бош оғриғи” бўлган ҳамда лидерлар учун ҳақиқий “чақилмас ёнғоқ” вазифасини ўтаган.

1998 йилги мавсумда жамоа рулига Виктор Макаров олиб келинди. Мазкур мутахассис бошчилигида қаршиликлар икки мавсум миллий биринчиликда иштирок этишди. Аммо, юқори натижалар қўлга кирита олишмади. 2000 йилги мавсумда Баҳром Ҳакимовнинг бош мураббийлик этиб тайинланиши билан клубда ижобий ўзгаришлар бошланди. “Аждарлар” Олий лигадаги биринчи медалларига эга чиқишди. 2001 йилги мавсум ҳам клуб учун анча омадли келди. Миллий биринчиликда иккинчи бронза медалига эга чиқишди ва кейинги мавсумда биринчи марта Осиё майдонларида ўз кучларини синаб кўришди ва Осиё чемпионлар кубогида (ҳозирги ОЧЛ) иштирок этишди. “Насаф” Осиё майдонларида биринчи бор иштирок этган бўлса ҳам мардонавор тарзда ярим финалга қадар етиб борди. Турнирни Ашҳободнинг “Копетдоғ” клубини икки ўйин натижасига кўра жавобсиз тўртта гол билан мағлуб этиш билан бошлашди. Иккинчи босқичда Тожикистоннинг “Самар-Умед” жамоаси тор-мор этилди ва гуруҳ баҳсларига чиқишни уддалашди. Квартет ўйинларида қаршиликларга жуда кучли рақиблар дуч келди. Қаршиликлар Эрон чемпиони “Истиқлол”, Қувайтнинг энг кучли клуби “Ал-Қувайт” ва БАА чемпиони “Ал-Ваҳда” жамоалари қаршилигини синдиришларига тўғри келди. Биринчи учрашувда “Ал-Қувайт” жамоаси билан муроса йўли танланган бўлса, иккинчи баҳсда ўша даврдаги Осиёнинг энг кучли клуби ва деярли Эрон миллий терма жамоаси ўзаги ҳисобланган “Истиқлол” клуби билан баҳс олиб боришди. Форсларга қарши ўйинни шахсан ўзим ҳалигача эслайман. Ўша баҳсда Шуҳрат Тошпўлатовнинг ўта айёрлик билан урган голи эвазига қаршиликлар ҳисобни очишади. Бутун ўйин давомида “Насаф” ҳар жабҳада форсларга имконият беришмади ва ўйиннинг сўнгги дақиқаларидагина теҳронликлар бурчак тўпидан гол уришиб ҳисобни аранг тенглаштирган. Гуруҳнинг сўнгги ўйини “Ал-Ваҳда” клубига қарши бўлиб ўтди. Ўша баҳсда гарчи қаршиликлар учрашувнинг биринчи дақиқасида тўп ўтказиб юборишган бўлсалар ҳам ўзларини йўқотиб қўйишмади. Воҳаликлар ўйин давомида автогол эвазига мувозанатни тиклашди ва биринчи бўлим сўнггида Нўъмон Ҳасановнинг 30 метрлардан урган шедевр голи эвазига ғалабани илиб кетишди. Ярим финалда Ж.Кореянинг “Сувон Самсунг Блюуингз” жамоаси билан тўқнаш келишди. Ўйин анча шиддатли кечди ва якунда корейслар тажриба ва маҳорат эвазига учта тўп фарқи билан ғалаба қозонди ҳамда кейинчалик чемпионликни ҳам нақд қилишди. Қаршиликлар учинчи ўрин учун кечган беллашувда гуруҳдаги рақиби “Истиқлол”га қарши майдонга чиқишди ва мағлубятга учрашди. Якунда қитъада тўртинчи бўлишга эришган “аждарлар” Осиё майдонларидаги биринчи иштироки бўлишига қарамасдан ўзига ҳос тарих ярата олишди.

2004 йилги масумда жамоа бош мураббийлигига украиналик Олег Морозов тайинланди. Ушбу мураббий қўл остида қаршиликлар учинчи бор бронза медалларини қўлга киритишди. 2005 йилдан жамоа бошқарувига яна Баҳром Ҳамиков олиб келинди. Воҳаликлар 2006 йилда яна бир бронза медалларини қўлга киритишди. Қозоғистонлик Владимир Фомичёв бош мураббийлигида эса клуб совриндорлар қаторига кира олмади. 2008 йилги мавсумда клуб янги замонавий “Марказий” стадионида ўйинларини ўтказишди. 2009 йилга келиб клубда ижобий ўзгаришлар бошланди. Айнан ўша йилларга келиб, клуб структураси тубдан ўзгарди ва раҳбарият томонидан эътибор кучайди. Россиялик Виктор Кумиков бошчилигида қаршиликлар яна совриндорлар қаторига қайтишди. Олий лигада бешинчи бор бронза медалларига эга чиқишди ва умуман олганда жамоавий ўйин шаклланди. Виктор Балютовичнинг улкан тажрибаси эвазига қаршиликлар миллий биринчиликда рақобатдош клуб сифатида совриндорлар қаторидан ўрин ола билишди.


Клубнинг моҳир ҳужумчиси Илҳом Шомуродов



We tip our cap to you, Mr. Demyanenko!

Собиқ иттифоқ футбол юлдузи ва украиналик машҳур мураббий Анатолий Демьяненконинг клубга келиши “аждарлар” учун янги тарих саҳифаларини очиб берди. Мазкур мураббий қўл остида жамоа биринчи марта Олий лига баҳсларида кумуш медални қўлга киритишди. Осиё майдонларида эса ўзбек футболи тарихида дастлабки бўлиб совриндор бўлишга эришди ва ҳозирги кунга қадар ҳеч қайси клубимиз бу натижани такрорлай олмай келмоқда. Қаршиликлар 2011 йилги мавсумда ОФК кубоги баҳсларида финалга қадар етиб келишди. Ҳал қилувчи беллашувда Қарши шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда “Ал-Қувайт” клубини мағлуб этиб, ўзларининг ва ҳозирча ўзбек футболи клублари учун ягона бўлиб қолаётган энг юқори натижани қўлга киритишди. 2012 йил жамоа бош мураббийлигига клубнинг фахрий ўйинчиси ва сардори Рўзиқул Бердиев тайинланди. Ушбу мураббий бошчилигида “аждарлар” тўрт бора бронза, бир марта кушум медалларига эга чиқишди ва уч марта кубок финалига чиқиб, бир марта биллур соврин қўлга киритилди ҳамда суперкубок соҳиби бўлишди. Қолаверса, ОЧЛ баҳсларида ҳам бир нечта мавсумда иштирок этишди. 2015 йилги мавсумда кубок баҳслари финалида Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби устидан ғалаба қозонилди. Жиззахда бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсда “қалдирғочлар”ни мағлуб этган ҳолда, ўзларининг биринчи биллур совринларини қўлга киритишди. 2016 йилги мавсумда эса суперкубок учрашувида “Пахтакор”га ҳеч қандай имконият қолдиришмади ва клуб музейини яна бир соврин билан безашди. 2017 йилда эса “аждарлар” иккинчи бор кумуш медалларни қўлга киритишди. Кумуш медал ўйини учун кечган баҳсда Шота Арвеладзе бошчилигидаги “шерлар” тўртта тўп фарқи билан тиз чўктирилди. Жорий мавсумда жамоа асосан ўзининг академиясида таҳсил олган ёш ўйинчилар билан мавсумни ўтказди ва рақобатдош жамоа бўлиб, мухлислар қалбидан жой ола билишди.


2011 йил октябрь. ОФК кубогидаги ғалаба қувончи.

Клубнинг эришган натижалари:
Кумуш медал соҳиби: (2 марта)
2011 ва 2017 йиллардаги мавсум.
Бронза медал соҳиби: (10 марта)
2000, 2001, 2005, 2006, 2009, 2010, 2013, 2014, 2015, 2016 йиллардаги мавсум.
Ўзбекистон кубоги соҳиби: (1 марта)
2015 йилдаги мавсум.
Ўзбекистон кубоги финалчиси: (5 марта)
2003, 2011, 2012, 2013, 2016 йиллардаги мавсум.
Ўзбекистон суперкубоги соҳиби: (1 марта)
2016 йилдаги мавсум.
ОФК кубоги соҳиби:
2011 йилдаги мавсум.
Осиё чемпионлар кубоги:
2002 йилги мавсумда 4-ўрин соҳиби.


Устоз!

“Аждарлар” шарафини ҳимоя қилган ва жамоанинг ютуқлари учун жонларини фидо қилган инсонлар бисёр. Жамоанинг яхши кунида ҳам, ёмон дамларида ҳам бирга бўлиб, клуб учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширган инсонлардан бири шубҳасиз бу – Рўзиқул Бердиевдир. Бугун Рўзиқул Саъдуллаевич ҳақида икки оғиз фикр билдиришни жоиз деб билдим. Рўзиқул ака сафдошлари учун намунали инсон, ҳамкасблари учун етук ва қатъиятли мутахассис ҳамда шогирдлари учун севимли устоздир! 1971 йил 22 октябрь санасида Қашқадарё вилояти Китоб туманида таваллуд топган мураббий футболчилик фаолиятини “Янгиер” жамоасида бошлаган. Мазкур жамоа сафида 4 мавсум тўп тепган ва 51 та учрашувда 6 та тўп киритишга эришган. 1997 йилдан жонажон “Насаф” клуби сафига ўтади ва футболчи сифатида 11 мавсум қаршиликлар сафида ҳаракат қилади. “Аждарлар”нинг ярим ҳимоясида алиштириб бўлмас ўйинчи 314 та ўйинда қатнашиб, 65 та тўп киритишга эришган. Шунингдек, қаршиликларни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган. Бутсаларини михга илгандан сўнг, клуб мураббийлари сафидан жой олди ва жамоа ёшлар жамоаси мураббий бўлиб ишлади. 2012 йилдан то ҳозирги кунгача “Насаф” жамоаси бош мураббий бўлиб фаолият олиб бормоқда ва бир муддат терма жамоани ҳам вақтинча бошқарган. 2013, 2016 ва 2017 йилларда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилган. Рўзиқул Бердиевнинг шогирдлари доимий равишда ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоаларнинг таркибига жалб этилади. Бир сўз билан айтганда Рўзиқул аканинг “аждарлар” учун футболчи ва мураббий сифатида ўрни беқиёсдир. Айниқса, ёш ўйинчиларга имконият бериши, доимий равишда академия тарбияланувчиларни асосий таркибга жалб қилиб келиши тақсинга сазовордир. Легионер танлашда ҳам ўта талабчан. Биз ҳам қаршиликлар устозига келажакда улкан зафарлар тилаб қоламиз.


Устоз – Бердиев!


“Марказий” ўйингоҳ


Қарши шаҳрида қад ростлаган “Марказий” ўйингоҳи мамлакатимиздаги энг кўркам ва барча шароитларга эга бўлган ареналардан биридир. “Аждарлар”нинг ўй стадиони бўлган мазкур спорт копмлекси 2006 йилда қуриб битказилган. 21 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира олади, ОАВ ходимлари учун 144 ўрин ва олий тоифадаги меҳмонлар учун 900 ўрин мавжуд. Шунингдек, майдон тўрт тарафдан 8 та 1200 люксли ёритиш мосламалари билан жиҳозланган. Ўйингоҳдан туриб бемалол футбол баҳсларини юқори савияда трансляция қилиш мумкин. Қолаверса, стадионга Ўзбекистонда биринчи бўлиб, “ўргимчак камера” (SpiderCAM) ўрнатилган. Майдонга эса “Kentucky bluegrass” компанияси чим ётқизган. “Аждарлар” мазкур стадионда биринчи ўйинини 2008 йил 8 августда Андижоннинг “ЎзДонгЖу” клубига қарши ўтказган. Агар сиз Қарши шаҳрига меҳмонга келсангиз, албатта мазкур замонавий стадионга ташриф буюришингизни маслаҳат бераман.


“Марказий” ўйингоҳ


Қирол Артур

Қаршилик мухлислар учун Артур Геворкян ҳақиқий сардор бўлган. Туркманистонлик футболчи “аждарлар” сафида ўтказган олти мавсуми давомида 140 та ўйинда майдонга тушган ва 64 та тўп киритишга эриша олган. Артур бутун жамоани ўзи билан етаклаб, ҳар қандай ҳолатда ҳам сардорлигини унутмасди. Баъзида жамоанинг ўйини чиқмай қолган дамларда ҳақиқий лидерга айланарди ва маҳорати эвазига барчасини ўзи ҳал қилиб кетаверарди. Энг керакли ва клуб учун ҳал қилувчи паллаларда ҳам совуққонлик билан қарор қабул қилишлари, майдонни кўра олиш қобилияти, стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиши ва тўпни муҳим вазиятларда моҳирона олиб юришлари билан мухлислар эркатойига айланган эди. Қаршилик мухлислар уни фахрланиб “Қирол Артур” дея чақиришган.

Қирол Артур

“Насаф” клуби мамлакатимизнинг энг номдор жамоаларидан биридир. Клубда бир маромда ишловчи тизим яратилган. Болалар футболидан тортиб, турли ёшлардаги таркиблардаги жамоаларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Жамоа академияси, база ва ўйингоҳда барча шароитлар яратилган. Қолаверса, клубда ўз ишининг моҳир мутахассислари меҳнат қилишади. Қилинаётган ижобий ва самарали меҳнат бир кун келиб албатта ўз мевасини бермасдан қолмайди. Зеро, натижалар ҳамиша аниқ режа асосида қилинган меҳнатга қараб бўй чўзади. “Аждарлар”га улкан муваффақиятлар тилаган ҳолда, жамоанинг ғалабалари давомли бўлишини хоҳловчи мухлислари аудиторияси бундан ҳам кенг бўлишини истаймиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!
Фарруҳ Дониёров

Рейтинг: +52   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика