

"Бизга, футболчиларга футбол ҳамма нарсани берди ва биз бутун ҳаётимизни унга бағишладик. Биз юқори даражада тўп сурдик ва терма жамоаларимиз либосларини фахр билан кийдик. Аммо биламизки, мухлисларсиз, уларнинг ўйинга бўлган меҳри ва садоқатисиз ҳеч бир ютуғимизга эришиб бўлмас эди. Биз бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлисларнинг хавотирларига шерикмиз. Биз ҳам улар каби ФИФАнинг ҳозирги раҳбарияти даврида севимли ўйинимиз ўз асосий қадриятларидан узоқлашаётганини кузатдик.
Биз узоқ вақт давомида муҳим қарорлар футболчиларнинг фикри ва манфаатлари инобатга олинмаган ҳолда, ушбу спорт турини қўллаб-қувватловчи мухлисларга эътибор қаратмасдан қабул қилинаётганига гувоҳ бўлдик. Ўзгаришлар зарур. Ҳокимият ҳозирги раҳбариятни ўз манфаатларини футбол учун нима яхшироқ эканлигидан ажрата олиш қобилиятидан маҳрум қилди. Сўнгги воқеалардан сўнг жим туришнинг иложи қолмади. Етар энди.
Биз барча манфаатдор томонларни олдинга қадам ташлашга ва спортимиз келажагини ўзгартиришга ёрдам беришга чақирамиз. Ушбу чақириқ оддий одамлардан тортиб юқори мартабали футболчиларгача барчамизни бирлаштиради.
ФИФАда ишончни қайта тиклашни хоҳлайдиган муносиб инсонлар бор, аммо янги давр тузилмавий ўзгаришларни — футболни бошқариш масалаларида футболчилар ва мухлисларнинг ҳақиқий, тўғридан-тўғри овоз бериш ҳуқуқини талаб қилмоқда. Майдонга тушадиган ва трибунада ўтирадиганлар ўз фикрларини чинакамига билдиришга ҳамда футбол келажагига таъсир кўрсатишга муносибдирлар.
Футбол ҳамжамияти жуда узоқ вақт сукут сақлади. Мухлислар, футболчилар ва бутун футбол олами фаровонлиги йўлида биз энди жим турмаймиз", – дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида ФИФАнинг жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини сотиш бўйича янги тижорат тузилмаси – FIFA Forward Enterprise (FFE) ташкил этиш режалари ҳақида маълум бўлган эди. Кейинчалик Жанни Инфантино футбол конфедерацияларининг танқидлари ва УЕФАга аъзо мамлакатлар томонидан ЖЧга бойкот эълон қилиш хавфи ортидан ушбу ғоядан воз кечишга қарор қилганди.



