UZ

Сўнгги янгиликлар

00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  17 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Бахтиёр Бобоев билан «Кеча, бугун, эртага». II қисм. Янгиликлар

Бахтиёр Бобоев билан «Кеча, бугун, эртага». II қисм.

1989 йили туман раҳбари алмашди. Жамоамизга эса янги мураббийни таклиф этишди.

У, ўз навбатида, 7 нафар украиналик футболчи билан ташриф буюрди. Бу мураббийни биров жиддий қабул қилмади. У билан келган украиналик футболчиларнинг тажрибаси эвазига жамоа ғалаба қозонди.

«КОСОНСОЙ»ДАН «НАВБАҲОР»ГАЧА...

Мен эса бу пайтда Попда жамоа туздим. Бир йил ичида иккинчи лига остонасига олиб келдим. 2-лигага чиққанимиздан кейин ўз майдонимизда «Андижон» жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ташкил қилдик. Ўйинда 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрадик. Ўйиндан кейин менга эътирозлар бўла бошлади: ютқазишни ўзимиз ҳам эплаймиз дейишди. Ваҳоланки, Попда шу пайтгача жамоа бўлмаган. Кетганимдан кейин кўп ўтмай жамоа ҳам инқирозга юз тутди. Балки ўша пайтлар ишимга аралашмаганларида Поп ҳозир ўз жамоасига эга бўлармиди?

Кунларнинг бирида Ҳакимжон ака Хошимов билан учрашиб қолдим. У кишини нафақат Наманган аҳли, балки бутун Ўзбекистон футболига алоқадор инсонлар яхши билишади, ҳурмат билан ёдга олишади. Ўша кезларда «Навбаҳор»га Биродар ака Абдураимов устозлик қилаётган, менга эса «Навбаҳор-2» жамоасини тузиш вазифаси юклатилди. Бу ерда ҳам ўз одатимга кўра, маҳаллий ёшларга эътибор қарата бошладим. У пайтда жамоада икки нафар ёш футболчи ўйнаши шарт эди. Тоҳир Мадраҳимов ва Зафар Мусабоев каби ёшларни жалб этдим. Кейин Илҳом Абдуқодиров келди. Бу орада «Навбаҳор» асосий таркибининг ишлари юришмай қолди. Ҳакимжон ака мени чақириб ёрдамчи мураббий бўлишимни айтдилар. Асосий таркибда эса бор йўғи 11 нафар футболчи қолган эди: кимдир жароҳат олган, кимдир жамоани тарк этган. Клуб 11-ўринга тушиб кетган. Таркибни тўлдириш учун Сакаев, Скрипник, Мадраҳимов, Мусабоев, Раҳимовни чорладим. Мавсумни медаллар билан тугата олмаган бўлсак-да, мамлакат кубогини қўлга киритдик. 1993 йили мутасаддилар жамоани менга топширишларини айтишди. Ишлар чакки эмас эди. Биринчи давранинг сўнгги турида Косонсойда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнадик. Косонсойлик бўлганим учун мендан шубҳа қилишди. Табиийки, «Навбаҳор» мухлисларини дуранг қаноатлантирмади. Менга мухлислар олдида мазкур натижа учун ҳисобот беришим кераклигини айтишди. Бундай вазиятда мен кетишни маъқул кўрдим.

Яна «Косонсой»га қайтдим. 1995 йилги мавсумда жамоамиз олий лигага чиқишга тайёр эди. Шу пайт Ҳакимжон ака қўнғироқ қилиб яна бир бор «Навбаҳор»га қайтишим кераклигини хабар қилди. Мен эса раҳбариятга ваъда бериб қўйганман, қолаверса, Косонсой ҳокими бизга катта ишонч билдираётган эди. Ҳакимжон ака ҳокимга қўнғироқ қилиб мени «Навбаҳор»га қўйиб юборишларини сўради. Қизиғи, «Навбаҳор» ўшанда менинг Наманганга ўтишим учун «Косонсой»га пул тўлаган (Ким билади дейсиз, бу балки ўзбек футболидаги тренерлар борасида илк трансфер булгандир – Н.Ю.). Иккинчи даврада «Навбаҳор»ни Виктор Романович Жалилов билан мен бошқардик.

«НАВБАҲОР»НИНГ ДАВРИ...

Ҳакимжон ака фақат юқори мақсадларни кўзлайдиган инсон эди. Биринчи даврадаги муваффақиятсизликка қарамай олдимизга чемпионлик вазифаси қўйилди. Таркиб ҳам кучайтирилди. Москвадан Батинков, ўзимиздан Олег Шацких, Вали Келдиев, Алексей Винников «Навбаҳор» сафига келиб қўшилди. Кетма-кет қаторасига 11та ўйинда зафар қучдик. Фарғонада бизни чемпионлик ўйини кутиб турар эди. Аммо ўз айбимиз билан мағлубиятга учрадик. Анчагача майдонда тенг кураш кечган ўйинда ғайритабиий тарзда гол ўтказиб юборган эдик. «Нефтчи» дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланди. Тўп тепгани Фарҳод Магометов борди. У пайтда бир чизиқли ҳимоя бўлмаган, олд ва орқа ҳимоячи билан ўйнар эдик. Ҳимоячимиз Сергей Арслонов кичик жароҳат олганлиги боис шифокордан ёрдам олаётганди. Жарима зарбаси тепилди, тўп жонли деворга тегиб бизнинг жарима майдончамиз томон учди. Бу пайтда Арслонов майдон четида, ўртани ушлаши керак бўлган Магометов мудофаага қайтиб улгурмаган. Қанотдаги ҳимоячилар ҳам йўқ. Тўпга ярим ҳимоячимиз Вали Келдиев ва унга қарама-қарши томондан дарвозабонимиз Гуленков яқинлаша бошлади. Иккиси бир-бирига ишониб тўпни назоратсиз қолдиришди, натижада Валининг орқасидан югуриб келаётган Сергей Лебедев бўш дарвозамизни ишғол қилди. Кейин иккинчи голни ўтказиб юбордик. Ўйин эса 2:1 ҳисобида тугади. Мавсумни учинчи ўринда якунладик. Кубок финалида ўша йили МҲСКни мағлубиятга учратдик.

1996 йили олдимизга фақат ва фақат чемпионлик вазифаси қўйилди. Бунинг учун таркибимизни кучайтиришимиз керак бўларди. Лекин «Нефтчи»нинг имкониятлари юқорилигича қолаётганди. Чемпион бўлиш учун «Навбаҳор»ни кучайтиришдан ташқари «Нефтчи»ни кучсизлантиришимиз ҳам керак эди. Шунда мен Ҳакимжон ака Хошимовга фарғоналиклар сафидан Фёдоров, Лебедев ва Мамотов каби футболчиларни ўз сафимизга таклиф этишимиз кераклигини айтдим. Ҳакимжон аканинг фикру-ҳаёли чемпионликда эди. Шунинг учун бу борада молиявий имкониятлар яратилишини билдирди. Фарғонага бориб Лебедев билан гаплашдим. Сергей ўз шартларини айтди ва биз бир битимга келдик. Лебедев «Навбаҳор»га ўтадиган бўлди. У орқали Мамотовни топдим. Қозоғистонлик футболчи билан аэропортда учрашдим. У билан келишиб олдик. Фёдоров эса Россияга кетаётганлигини айтиб қолишди. Бу ҳам бизнинг фойдамизга хизмат қиларди. Икки футболчининг шартномаси борасида ҳамма хабардор бўлган. Ҳаттоки биз улар учун трансфер пулини ҳам тўлаган эдик. Аммо чемпионат бошланишига яқин айрим сабабларга кўра Лебедевни «Нефтчи»га қайтаришга мажбур бўлдик. Мамотов эса бизга жуда катта ёрдам берди. Айнан унинг ягона голи эвазига «Нефтчи»ни 1:0 ҳисобда мағлубиятга учратдик. Якунда чемпионликни қўлга киритдик.

1997 йили таркибимизни сақлаб қолган бўлсакда, учинчи ўрин билан чекландик. Назаримда бунинг асосий сабаби футболчиларнинг аксариятининг қорни тўйиб қолгани бўлганди. Бундан ташқари, Шацкихни жароҳатлар эпидемияси таъқиб қиларди. Винников интизомни бузадиган бўлиб қолди. Аслида, ўша мавсумда жамоада бироз қон алмаштириш керак эди. Аммо клуб раҳбарлари «яна бир бор чемпионликка эришайлик, кейин» дейишди...

ХАЙР, «НАВБАҲОР». САЛОМ, «МАШЪАЛ»!

Ҳакимжон ака «Навбаҳор»дан кетгач мен ҳам клубни тарк этдим. Дам олиб, нафас ростладим. Шундай кунларнинг бирида аввалдан яхши таниш бўлган Баҳром Давлатов «Машъал»ни кучайтириш ниятида эканлигини айтиб, бунинг учун яхши мураббий топиб беришимни илтимос қилди. Мен эса ҳазиллашиб унга ўзимни таклиф қилдим. У ҳам бўш келмай, «сен анчадан бери ишламаяпсан-ку», деб кулиб қўйди. Ҳазил-ҳазил билан Муборакка келдим.

2002 йилда Ҳакимжон ака Хошимов яна «Навбаҳор» раҳбарига айланди ва жамоага қайтишим кераклигини айтди. Бу пайтда «Машъал»ни ҳам олий лигага олиб чиққан эдик. «Навбаҳор»да Фарҳод Магометов бош мураббий сифатида фаолият олиб бораётган эди. Ҳакимжон ака бизга 2003 йил «Навбаҳор»ни чемпион қилиш вазифасини юклади. «Сўғдиёна»дан Жасур Ҳасанов, «Трактор»дан Илҳом Мўминжонов келди. Шунингдек, Дилявер Ваниев ва Ренат Байрамов ҳам таркибимизни кучайтирди. Қолаверса, «Алания»дан Даврон Файзиевни олиб келган эдик.

Шу ерда битта хатога йўл қўйганимни тан олишим керак. Фарҳод ёш бўлгани учун Ҳакимжон акага битта тажрибали ёрдамчи мураббий кераклигини айтдим. Мақсадим ўз ишининг устаси Виталий Ивановни жамоага олиб келиш эди. Оғзимдан гап чиқиб улгурмай Ҳакимжон ака Москвага, тажрибали Игорь Волчекка қўнғироқ қилди. Игорь Семенович бир пайтлар наманганликларга собиқ иттифоқ биринчи лигасида устозлик қилган эди. Волчекка катта мураббий бўлиб ишлашини айтдик, у рози бўлди. Янги йил олди машғулотлари ўтгач, Ҳакимжон аканинг олдига кириб, «ё мен бош мураббий бўлай, ё кетай» дебди. Фарҳод олдида ҳижолатда қолдим. Лекин Магометов мардлик қилиб, «Волчек бўлса, Волчекда. Ундан ўрганадиганларим кўп», - дея рози бўлди. Афсуски, бош мураббийни танлашда хатога йўл қўйгандик. Жамоанинг ўйини ўхшамади, ваҳоланки, таркиб ёмон эмасди. Аутсайдерлар билан дуранг ўйнай бошладик. Ҳужумкор футболга кўниккан наманганликлар унинг 5та ҳимоячидан иборат тактикасини қабул қилишмади. Аслида, учта ҳимоячи билан ҳам ўйнасак бўларди. Бу фикрларни Волчекка айтдим. «Инқирозга юз тутсак, сиз чамадонингизни олиб кетасиз, мен эса бу шаҳарда яшашим керак», - дедим. Бу гап унга оғир ботиб устимдан арз қилди. Раҳбарият менга бир ой таътилга чиқишим кераклигини айтди. Мен эса ариза ёзиб бўшаб қўя қолдим. Аммо натижа яхшиланмади. Охир-оқибат Волчек кетди, ўрнига Жалилов келди. Бутенкони инобатга олмаганда таркибда айтарли ўзгариш бўлмади ва шу ҳолида жамоа олий лигада учинчи ўринни олди. Мени яна чақиришди. Аммо мен тайёрига келишни истамадим. Қолаверса, мени мураббий таклиф қилмаган эди.

Бу пайтда «Машъал»га яхши ҳомийлар келди. «Навбаҳор»да эса инқироз бошланди. Хайрулла Каримов, Павел Бутенко, Дилявер Ваниев, Жасур Ҳасанов ва Шуҳрат Мирхолдиршоев ёппасига «Машъал»га ўтишди. Кўпчилик бу ўтишда Жалиловни айблаб келади. Аслида, футболчилар «Машъал» билан Жалиловдан олдинроқ шартнома имзолаган эдилар. Кейин мураббий масаласи кўтарилганида Жалилов номзодига тўхталдик. Мавсум ёмон ўтмади. Чемпионатда иккинчи ўринни эгаллаб, ОЧЛ йўллманмасини қўлга киритдик. Чемпионлар лигасига чиққанимиз учун стадионни талаб даражасида таъмирлашимиз керак эди. Шу баҳона Давлатов билан академия инфратузилмасини такомиллаштириш борасида режа туздик. ОЧЛ орқали стадион ҳудудида академия барпо этдик. Лойиҳани Нуриддин ака Зайниев ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар.

НАВБАТ «БУНЁДКОР»ГА

2007 йилнинг бошида Амет Мемет қўнғироқ қилиб «Қурувчи»га ишга таклиф қилди, жамоа ўз олдига юксак мақсадларни қўяётганлигини айтди. Мемет таркиб борасида ўз режалари билан ўртоқлашиб, қанот ярим ҳимоячиларига эҳтиёж борлигини билдирди. Мен Рашид Ғофуровни тавсия қилдим. Унга қўнғироқ қилишгани, аммо рози бўлмаётганини айтди. Рашидни ёшлигидан билганим учун унга «Қурувчи» билан шартнома тузиши яхши бўлишини тушунтирдим. Кейин Жасур Ҳасановни тавсия қилдим. Боиси, бу пайтда Кумиков билан ўртасидаги муносабат яхши эмас эди. Рашид билан Жасур бир кунда «Қурувчи»га боришди. Балки Ҳасанов бормаганида Ғофуров ҳам кўнмасди. Чунки Рашид жуда ҳам тортинчоқ йигит эди. Ўзим эса «Машъал» академиясини ташлаб кетишга кўзим қиймасди. «Қурувчи» ўз майдонида «Трактор»га ютқазиб қўйганидан кейин Мемет яна бир бор менга қўнғироқ қилиб келмасам бўлмаслигини таъкидлади, раҳбарият билан учрашув белгилаб қўйганини айтди. Бу ерда Баҳром Давлатов мени қўйиб юборгиси йўқ... Хуллас, Тошкентга келдим, Баҳром Бойжонович икки ойча мендан хафа бўлиб юрди. Кейин вазиятни тўғри тушунди ва муносабатларимиз изига тушди. Тақдирни қаранг, бир неча йил ўтиб у билан яна бирга ишладик, бу сафар энди «Бунёдкор»да.

Мен чиндан бахтиёр инсонман. Чунки футболни яхши кўраман. Умрим футбол ичида ўтяпти. Қаерда ишламайин, яхши одамларга учрадим, юксак натижалар сари интилиб, кўпинча уларга эришдим.


Давоми эртага...

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика