Бахтиёр Ашурматов: "Катта трансферлар қилмаймиз ва жамоамиздаги йигитларга ишонишда давом этамиз"

Aslanov Jasurbek
12 авг 2020, 10:00
Трансферлар ойнаси вақтида Суперлиганинг барча жамоалари қайноқ ҳаридларни амалга оширишмоқда.

"Қўқон-1912" жамоаси ҳам ёзги трансферлар ойнасида бир нечта футболчиларни ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилгани тайин. Эшитишимизга қараганда клуб "Пахтакор" футболчилари Асадбек Собиржонов ва Жавоҳир Сиддиқовга қизиқиш билдирган. Бу қай даражада ҳақиқатга яқин? Бу борада жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовга юзландик.

"Ҳозирча трансферларда фаол эмасмиз. Жамоамиздан Отабек Ҳайдаров, Суҳроб Нуруллоев, Шодиёр Ҳожиматовлар кетишди. "Нефтчи"дан ижарага олинган Ҳожиматов биринчи даврада кам ўйин амалиётига эга бўлгани учун жамоасига қайтди. Биринчи даврани "Андижон"да ўтказган Ислом Абдуллаев жамоамизга қайтди. Лекин, "Андижон" клуби иккинчи даврада посбонимизни яна ижарага олмоқчи. Бу ерда иқтидорли дарвозабонни хоҳиш ва истагига қараймиз. Ислом жамоамизда қолса дарвозабонлар орасида рақобат кучаяди. Ким кучлироқ бўлса, ўша асосий таркибдан ўрин олади. 

Тўғри, трансферлар вақтида жамоамизга таклиф қилишни истаган футболчиларимиз бор. Лекин, катта трансферлар қилмаймиз ва жамоамиздаги йигитларга ишонишда давом этамиз. Ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга чиқамиз, турнир жадвалида яхши ўринларни олиш учун охиригача кураш олиб борамиз",- дейди Бахтиёр Ашурматов. 

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia