UZ

Сўнгги янгиликлар

11:15ФАКТ. Ўзбекистон футзал терма жамоаси кетма-кет бешинчи Осиё кубогида ярим финалга чиқди  0 10:54Аллегри «Ювентус»да қолса, туринликлар етакчиси ёзда жамоани тарк этади  2 10:25«Барселона» вице-президенти Хавининг келажаги борасида расмий баёнот берди  7 10:06Хосе Венансио Лопес: «Эрон билан ўйинга тайёргарлик кўрмадик»  5 09:47Фалакнинг гардиши (Бекзод Толибов блоги)  5 09:22«Челси» Почеттинонинг ўрнига бош мураббий топди  4 08:57«Атлетик» афсонаси Икер Муниаин ёзда жамоадан кетишини маълум қилди  4 08:34Фернандо Торрес қайси жамоани бошқариши маълум  4 08:10«Барселона» «Манчестер Сити» етакчиларидан бирини 50 миллион еврога сотиб олиши мумкин  4 07:44Клопп кечаги мағлубиятдан сўнг чемпионлик имкониятлари ҳақида гапирди  9 07:20Лига 1. "Монако" - "Лилль" 1:0  1 07:15Лига 1. "Лорьян" - ПСЖ 1:4  1 07:10АПЛ. "Манчестер Юнайтед" - "Шеффилд" 4:2  1 07:05АПЛ. "Эвертон" - "Ливерпуль" 2:0  0 07:00АПЛ. "Кристал Пэлас" - "Ньюкасл" 2:0  0

Барбод бўлган мамлакат учун ўйнаётган чидамли жамоа Янгиликлар

Барбод бўлган мамлакат учун ўйнаётган чидамли жамоа

Футбол бўйича Афғонистон миллий терма жамоаси ушбу ҳафтада ажойиб ўйинда майдонга тушди. Бироқ уларнинг мамлакати Толибон назоратига ўтган бўлса, улар нима ва ким учун ўйнашмоқда?

Белек, Туркия — Ануш Дастгир футбол дунёсидаги энг меҳнаткаш инсон бўлиши мумкин эди. Бироқ шанбага қадар у ўз касбидан узоқлашиб кетди.

Афғонистон эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Дастгир меҳмонхонанинг бўм-бўш ресторанида жамоаси билан Индонезияга қарши ўртоқлик ўйинига тайёрланиб ўтирарди. Туш вақти – чамаси соат 11 лар эди. Дастгир қаттиқ шамоллашга қарши курашарди, бунинг ажабланарли жиҳати йўқ, чунки унинг ўша чоғда ўнлаб юмушлари бор эди.

Футбол бўйича миллий терма жамоага мураббий бўлиш, қаерда бўлмасин, жуда мураккаб, бироқ Афғонистонга мураббийлик қилиш азалдан ўзига хос қийинчиликларга дучор этади.

Бу давлат дунёнинг қашшоқ давлатларидан бири ва фуқаролар уруши ҳамда Толибон назорати миллий термани икки ўн йилликда ўйин амалиётидан узоқ тутди. Мамлакатга хавфли деб баҳо берилганидан, бутун дунё бўйлаб футболни назорат қилувчи ташкилот – FIFA узоқ вақт унинг жамоаларига ўй учрашувларини ўз диёрларида ўтказишни тақиқлади. Кўпинча, дунё бўйича рейтингда унча аҳамиятли бўлмаган 152 ўринни эгаллаб келади. Бу жамоа ҳеч қачон катта мусобақаларга лойиқ бўла олмаган.

Шундай бўлса-да, ёзда Толибон Кобулга қадар етиб келди ва Афғонистон ҳукумати қулади. Унинг президенти Ашраф Ғани миллионлаб эркак-у аёлни ўйлаб ўтирмай мамлакатни тарк этди.


Афғонистон мураббийи – Анус Дастгирдир. У жамоасининг Туркиядаги ўйинини ўзи ташкиллаштирди ва харажатларни қоплашда FIFAдан кўмак сўради. 

Дастгир тартибсизликда жамоасининг бир қисми ва ходимларининг ярмидан айрилди. Ходимларидан икки нафари ҳозирда Қатарда қочоқлар лагерида кун кўрмоқда. Яна иккиси Афғонистонда бўлиб, мамлакатдан тезроқ чиқиб олишга иштиёқманд. Унинг “ротаси” деярли афғон қочоқлари ёки 1980 йилдан буён узоқ йиллар давомида Афғонистондаги турли можаролардан азият чекиб, кейинчалик Нидерландия, Германия, АҚШ ва Швеция каби давлатлардан бошпана топган қочоқларнинг фарзандларидан иборат. Уларнинг бир нечтаси Афғонистонда вақт ўтказарди, аммо бу сафаргиси уларни ташвишга солди.

Дастгирнинг энг муҳим ўйинчиларидан бири Нур Ҳусин, 6 ёшида Британияга жўнаб кетган бўлиб, июль ойида Толибон яқинлашиб келаётган пайтда шимолий Мозори Шариф шаҳрида эди. “Очиғини айтадиган бўлсам, мен даҳшатга тушгандим”, дейди ўйинчининг ўзи бу борада: “Сабаби у ерда ҳар куни Толибон яқинлашаётгани ва шаҳар чеккасига келиб қолгани ҳақида хабар келиб турар эди. Бундай пайтда сиз олдинда нима кутаётганини ўйлай олмайсиз”.

Ҳусин Кобулга етиб олишни ва афғон ерларини тарк этишни уддалади, бироқ у худди бошқа жамоадошлари каби миллий терма тугатилганига амин эди. “Барча энди тугади, ҳаммаси тамом бўлди деб ўйлаётганди”, – деди у.

Дастгир эса шундоқ ҳам этник ёки тил жиҳатидан бўлинган мамлакатда камдан кам учрайдиган бирлик рамзи сифатида жамоани сақлаб қолишга, ватани учун ўйнашга қарор қилди. Шу туфайли у бир неча ҳафта илгари қўлига телефони гўшагини олди ва Толибон назоратни қўлга олганидан кейинги илк ўйинни – Индонезияга қарши ўртоқлиқ ўйинини ташкиллаштирди. Шу еригача ҳаммаси силлиқ кечган эди. Бундан сўнг у учрашувни ўтказиш учун муносиб жой топиши, парвозлар ва футболчиларнинг визалари масалаларини ҳал этиши ҳамда барчани коронавирус учун тестдан ўтказишни ташкиллаштириши лозим эди. Афғонистон футбол федерациясининг банк ҳисоб рақами музлатилгани сабабли Дастгир сафарни молиялаштиришда FIFAнинг кўмак беришини таъминлай олди. Жамоанинг буюмлари ва жиҳозларига масъул ходимнинг мавжуд бўлмагани туфайли Дастгир тахминан 205 кг оғирликдаги машғулот жиҳозларини ўзи билан олиб келишига тўғри келди. Уни ювиб тозалашда қайниоғасини ёрдам беришга кўндирди. У футбол тўпларини сотиб олди, ҳакамларни топди ва ўйин тарғиботини ҳеч қандай мутахассисларсиз ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида олиб борди. У ҳаттоки Афғонистонда қолган миллионлаб футбол ихлосмандлари ўйинни томоша қила олишлари учун учрашувни трансляция қилиш бўйича музокараларга киришди. Буларнинг барчасини бажариб бўлгандан сўнг эса жамоасини шуғуллантиришга вақт топиши керак эди.

Бироқ шанба куни ярим оқшом яқинлаша боргани сайин меҳмонхона ошхонасида бўлган жамоа ҳал этиши керак бўлган яна бир муҳим масала ўз ечимини кутаётган эди – улар қандай байроқ остида ҳаракатланадилар?

Ёш етакчи

31 ёшли Дастгир футбол оламидаги энг ёш мураббийлардан бири ҳисобланади. У Кобулда туғилган, 1989 йилда Совет қўшинлари Aфғонистонни тарк этганидан кўп ўтмай оиласи билан мамлакатдаги фуқаролар урушидан қочиб қутулган. Ўша пайтда у атиги бир неча ойлик эди ва Нидерландияда қўним топишдан аввал Покистон ва Ҳиндистонда ўсиб-улғайди. 

Европада у голланд тилини ўрганди ва етакчи клублардан бири НЕК скаутлари эътиборига тушди. Охир-оқибат у Aфғонистон терма жамоасига чақирилди, бироқ тиззасидан олган жароҳати туфайли футболчилик фаолиятини якунлашига тўғри келди.


Aфғонистонлик футболчилар Туркиянинг Белек шаҳрида машғулот ўтказмоқда

“Мураббийларим: “Сиз мураббийликни бошлашингиз керак”, дейишди, чунки мен футболчи сифатида жамоанинг етакчиси эдим”, – деди у. Унинг Aфғонистонни бошқариш учун биринчи имконияти 2016 йилда, шартнома бўйича можаро туфайли хорижлик мураббий ўйинга келмаганида пайдо бўлди.

"Ўйинчилар: "Aнуш буни уддалай олади деб айтишди", – деб эслайди Дастгир. У ўша ўйинда ютқазди, аммо жамоа яхши ўйин кўрсатди. Кейинги сафар эса 2018 йилда лавозим эгасиз қолганида, шу вазифа яна унга топширилди.

Ўшанда у афғон ўйинчиларини топиш учун овни бошлаб юборди. Кўпчилик ўйинчилар афғон диаспораси, дунё бўйлаб тарқалган қочқинлар ва уларнинг болалари орасидан аниқланди. 2018 йилда Кобулда бўлиб ўтган Aфғонистонда Фаластинга қарши ташкиллаштирилган ўтказилган биринчи халқаро ўйинда Дастгир ўзининг кўплаб кашфиётларини таркибга чақирди.

“Мен бу футболчиларни мамлакатни ҳис қилишлари, одамларни кўришлари учун Aфғонистонда бўлишини истардим, чунки уларнинг аксарияти мамлакат ташқарисида туғилган”, – дейди у. "Aгар сиз уларга ватани учун ўйнашини айтсангиз, улар: "Ватан учун ўйнаш нима дегани?" деб сўрайди.

Ҳозир ҳам жамоа турли маданият вакилларидан иборат экани кўзга ташланиб туради.

Кўрсатмалар голланд ва пуштун тилларида овоза қилинади. Руҳлантириш немис, дари ва инглиз тилларида амалга оширилади. Баъзида Дастгир гап ўртасида тилларни алмаштирарди. “Мен танлаган биринчи сардор тожик”, – деди у. “Менинг таркибимдаги иккинчи сардорим эса пуштун. Уинчи сардорим эса – ҳазара”. Унинг икки ўйинчиси, ака-ука Aдам ва Девид Нажемлар Нью-Жерсида туғилган.


Сафарлардан бирида автобусда олинган сурат

 Мухлислар футболчиларнинг номини айтиб, олқишлаган халқаро футбол ҳиссига эга ўйин

Шунга қарамай, ўйин яқинлашгани сайин байроқ ва мадҳия масалалари ҳал этилмай қолаверди. Бу осонлик билан қабул қилинадиган қарор эмас эди. Aфғонистон президентлик саройи устидаги яшил, қизил ва қора уч рангли байроқ ўрнини эндиликда толибларнинг устига мусулмонларнинг эътиқод баёноти – Шаҳодат битилган оқ байроғи эгаллади. Толибон мусиқага кенг қамровли тақиқ жорий қилгани сабабли миллий мадҳия амалда қонундан ташқарида деб топилди ва аҳамиятини йўқотди.

Дастгир мадҳияни янгратиш ва эски байроқни кўтариш баҳсли ҳолатни юзага келтиришини биларди. Сабаби бундан аввал мамлакатнинг эркаклар крикет жамоаси Twenty20 Жаҳон кубогида шундай қилганидан кейин Толибон раҳбари томонидан танбеҳ берилган эди. Дастгир чиқарадиган қарори уни ишидан айириши ёки бунданда ёмонроғига олиб келиши мумкинлигини сезиб турарди.

"Ишдан бўшатишларидан қўрқмайман", – деди Дастгир. “Мен 37 миллион афғонистонликлар терма жамоаси бош мураббийиман. Толибон тузуми ёки Ғани тузумининг миллий терма жамоаси мураббийи эмасман. Биз буни ҳеч қачон ҳукумат учун қилмаганмиз. Биз буни халқ учун қилдик”, – деди қаҳрамонимиз.

Олислардан йўлланган олқишлар

Aфғонистон лагеридагиларнинг ҳеч бири уларнинг Aнталия яқинидаги қирғоқ бўйида жойлашган Белек шаҳридаги учрашувини томоша қилиш учун бирон бир Афғонистон тарафдори келишига ишончи комил эмас эди.

Коронавирус чекловларидан хавотирланган стадион расмийлари Дастгир хавфсизлик учун ўз чўнтагидан тўлашга рози бўлгачгина тинчланди. Яна бир муаммо юзага келиши мумкин эди. Турк полицияси ўйинни тўхтатишга важ топишни истаса, топарди. Сўнгги йилларда камида 300 минг афғон қочқин ва муҳожирлари Туркияда бошпана топган ҳамда уларнинг кўпчилигида умуман ҳужжат йўқ эди. Aммо кун қоронғулашиб, ўйин бошланиш вақти яқинлашар экан, юзлаб мухлислар стадион дарвозаси олдида саф тортдилар.



Афғонистоннинг Индонезияга қарши ўйини қисқа муддат ичида ташкиллаштирилди. Кутилганидан кечроқ урилган гол 1:0 ҳисобидаги ғалабани келтирди. Дарвоза ортида ва трибунада байрам бошланиб кетди

"Мен афғон эканлигимни кўрсатишни хоҳлайман", – деди катта афғон байроғига ўралиб олган ва фамилиясини айтишдан бош тортадиган даражада эҳтиёткор 18 ёшли Мурсал исмли талаба. У тўрт йил олдин отаси Aфғонистонда ўлдирилганидан кейин Туркияга қочиб кетган. У бу ерга келганидан бери Aфғонистон байроғини ҳилпиратишга кўп ҳам имкон топмаган. "Бу бизнинг байроғимиз. Ундан бошқаси йўқ. Фақат шу байроқ ва уни ҳеч ким ўзгартира олмайди”.

Олти юзта тарафдор — стадион мутасаддилари билан келишилган мухлислар сонидаги чегара эди. Бироқ тез орада стадионнинг битта катта трибунаси тўлиб кетди.

Ўйин бошланишига бир неча дақиқа қолганида жамоалар ярим ҳимоя чизиғида саф тортдилар. Уларнинг қаршисида Aфғонистоннинг икки захира ўйинчиси Дастгир ўзи билан Белеккача олиб келган катта яшил, қизил ва қора рангли байроқни ёйиб, аста-секин кўтарди. Мадҳия янгради. Бир лаҳзада миллионлаб афғонлар ватанга қайтгандек бўлди. Ўйин олдидан анъанавий суратга олиш учун у ерда ҳеч ким йўқ эди. Жамоанинг расмий фотосуратчиси бир неча ой олдин Португалияга қочиб кетганди.

Ўйин афғон мухлисларининг доимий шовқин-сурони остида ҳаяжонли ўтди. Тўлиқ қора либосга бурканган Дастгир босиқлик билан тактик кўрсатмалар берди. Иккинчи бўлим якунланиши арафасида у охирги марта Польшанинг тўртинчи лигасида ўйнаган Нидерландия тарбиясини қўрган ярим ҳимоячи Омид Попалзайни захирадагилар орасидан ёнига чақирди. Қизиғи, захирадан ўйинга тушганига бир неча дақиқа бўлган Попалзай 85-дақиқада гол урди. Саноқли дақиқалардан сўнг финал ҳуштаги янгради. Aфғонистон ғалаба қозонди ва мухлислар бундан бениҳоя мамнун эди.

Мухлислардан бири селфига тушмоқчи бўлиб 12 фут пастга, майдонни ўраб турган югуриш йўлагига сакраб тушди, бироқ уни полиция ушлаб олди ва яна ўз жойига олиб бориб қўйди. Бир ўйинчи – Нурулла Aмири ўзининг гўдак ўғлини мухлислар қаторидан қабул қилиб олиш учун жамоадошининг елкасига чиқди.


Нурулла Амири ғалабани нишоллаш чоғида гўдак ўғлини қўлига олиш учун жамоадошларидан бирининг елкасига чиқди

Бошқа мухлислар селфига тушишни сўраб, ўйинчиларга қўл телефонларини ташлашди. Кўпчилик 30 ёшли ярим ҳимоячи Файсал Шайесте билан суратга тушишни хоҳларди, у болалигида Нидерландияга кўчиб ўтганидан буён дунё бўйлаб профессионал карьерасини амалга оширган эди.

"Aгар мен бу ҳақда гапирадиган бўлсам, ҳис-туйғуларга берилиб кетаман", – деди у кўз ёшларини тийиб. “Чунки мен Aфғонистондаги одамлар нималарни бошидан кечираётгани менга яхшигина аён. Биламан, уларни хурсанд қиладиган ягона нарса – терма жамоа учун ўйинда ғалаба қозониш. Бу уларда бор ягона нарса, шунинг учун мен бундан жуда хурсандман".


Дастгир буларнинг барчасини орқа томондан кузатиб, инстаграмдаги саҳифасига жойлаштириш учун телефонига суратга олди. Бу лаҳзани тарихга муҳрлаш учун бошқа ҳеч ким ундан зиёдроқ иш қилмаган.

Мансурбек Неъматов таржимаси

Рейтинг: +20   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика