Баҳром Ҳакимов: "Ашурматов "Истиқлол"даги фаолиятимга ёрдам беришини айтди"
30 мар 2021 23:37
Янгиликлар
Баҳром Ҳакимов: "Ашурматов "Истиқлол"даги фаолиятимга ёрдам беришини айтди"
- "Истиқлол"да ҳали амалга ошириладиган ишлар кўп. Фарғона вилоятида ташкил этилган "Ҳоким кубоги" мусобақасида ўйнаган жамоанинг таркиби кейинчалик ташкил этилган йиғинда тамомила ўзгариб кетган. Айрим футболчилар билан вақтида шартнома имзоланмаган. Сўнги таркиб ноилож холатда шакллантирилган. Мен "Хоразм" билан ўйиндан кейин барча футболчилар билан индивидуал тарзда суҳбатлашдим. Ким қаерда ўйнаган, нима иш билан шуғулланган, суриштирдим. Шундан сўнг оз бўлса ҳам камчиликлар кўзга ташланди. Гувоҳи бўлганларингдек, жамоаги ҳужумчи бошқа клубга ўтиб кетган. "Истиқлол"да олдин Сергей Лебедев, Анвар Бердиев ишлаган. Кейинроқ Баҳодир Шамсиддинов бош мураббий вазифасида ишлаган. Йиғиннинг охирги қисмида жамоага ҳужумчи келиб қўшилган, Маликшоҳ Расулов. Кейин чап қанот ҳимоячиси таркибга қўшилган. Бугун "Истиқлол" ёмон ўйнамади. Учрашув давомида кўрдик, жисмоний жиҳатдан камчиликларимиз бор экан. Икки марказий ҳимоячининг ўйини менга маъқул бўлди. 4-5 кунда жамоада янгилик қилиш қийин. Ютқазаётган вазиятимизда ҳам узатмалар орқали ўйин ташкил қилдик. Ким қайси чизиққа жавобгар, ким жавобгарликни зиммасига олади, қисқа фурсат ичида буни аниқ шакллантириб бўлмайди. Эндиликда назарий машғулотлар, муҳокамаларни ўтказишни бошлаймиз. Жамоага чақиришди, дарров келдим эмас. Аввал ўргандим, клуб раҳбарияти билан гаплашдим. Ҳолатни тушуниб тургандим. "Истиқлол" хусусий клуб, табиий холда молиявий имконият юқори эмас. Раҳбариятга айтдим, шартномаларни икки йилга мўлжаллаб тузиш керак. Яхши футболчи борми, кетиб қолаяпти. Ҳар йили янги жамоа тузилаверса, натижа бўлмайди. Клубнинг ўзини базаси бўлиши керак. Бош мураббий жамоадаги ҳар бир футболчини билиши керак.
- Сизни охирги бор "Турон" жамоасидаги фаолиятингиздан биламиз. Соғлигингиздаги муаммо туфайли Яйпан жамоасидан кетгансиз? "Истиқлол"да иш бошлашингизга нима сабаб бўлди?
- Клуб хомийлари билан гаплашдим. Аввал ҳам "Истиқлол"дан таклиф бўлган эди. Олдин жамоанинг мақсади ҳақида суриштирганман. Жамоанинг келажакдаги режалари ҳақида билиб, ўрганиб кейин таклифни қабул қилдим.
- "Турон" ва "Истиқлол" хусусий клублар ҳисобланади. Уларнинг фарқи қандай?
- "Турон"да раҳбарият билан доимий маслаҳат қилиб келаман. Айни дамда клубда инфратузилма юзасидан ислоҳотлар бошланган. У жамоадан кетган бўлсам ҳам клуб раҳбарияти билан ака-укадекмиз. Мураббийларга маслаҳат бера олмайман, чунки бу этикага тўғри келмайди. Қачон футболчи етиштириб чиқарилса, клубда натижа юзага келади, молиявий имконият юзага келади.
- "Истиқлол" раҳбариятига шароит борасида талаб қўясизми?
- Раҳбариятга босим ёки талаб билан натижа бўлмайди. Улардан шунча йиллик фаолият давомида футболчи етиштириб сотганлиги ҳақида сўрадим. Билишимча, жамоа қишки йиғинда кўпроқ сунъий майдонга шуғулланган. Табиий майдон сунъийдан фарқ қилади. Бирдан табиий майдонга ўтиб натижа қилиш қийин. Буни чорасини кўрамиз, захира майдонларига чим ётқизамиз.
- "Истиқлол"да кўп йиллар ўйнаб келган Анвар Ҳожимирзаев, Рустам Абдуҳамидов, Умар Адҳамзода каби футболчиларни ортга қайтариш режада борми?
- "Қўқон-1912" бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов "Истиқлол"даги фаолиятимга ёрдам беришини айтди. Олдин хато ва камчиликларни, кучайтирилиши лозим бўлган чизиқларни кўриб олайлик. Шундан келиб чиқиб жамоага янги футболчиларни таклиф этамиз. Бугун чап қанот ҳимоясида йўл қўйилган хато эвазига гол ўтказдик. Футболчиларга бирон бир техник услубни амалга ошира олмаса эътироз қилмайман. Чунки уларга ёшлигида ўргатишмаган. Ёшликдан тарбиялаш керак.
- "Динамо"да ҳам ишлагансиз. Бугун собиқ жамоангизга қарши ўйнадингиз...
- "Динамо" декабрда йиғилган. Клуб таркибига жалб этилган футболчилар чертиб-чертиб танлаб олинган. "Истиқлол" йиғин кеч бошлангани, мураббийлар алмашгани жамоа ўйинига ўз таъсирини кўрсатади. Баҳодир Шамсиддиновни ҳам тушунса бўлади. ПРО-Лигада рақобат кучли. Мен ҳам сўнгги вақтларда ёшлар билан ишлаётган эдим.
"Истиқлол"да тартиб-интизомни йўлга қўямиз. Мураббийлар штабини алмаштириш режада йўқ. Бировни бўшатишдан олдин унинг келажагини ҳам ўйлаш керак. Менда "А" лицензияси бор. Аввал ушбу лицензия билан Суперлигада ҳам ишланса бўларди.
- Мавзудан ташқари савол. 3 апрель куни "Насаф" - "Турон" учрашуви бор. Ҳар икки жамоада ишлаган мураббий сифатида шу ўйин ҳақида нималарни айта оласиз?
- Мен ҳар доим "Турон" биланман. Фикримча бу ўйинда "Насаф"нинг имконияти юқори. Лекин бу футбол, Исмоиловлар ўйинга қандай услуб билан боради, буни билмаймиз. Фаолиятим давомида кубок учрашувида бир жамоага 0:3 ҳисобида мағлуб бўлганмиз. Уйда чемпионат доирасидаги ўйинда 5:0 ютганмиз. Футбол шунақа, олдиндан бирон нарса дейиш жуда қийин.
Фикрлар