UZ

Сўнгги янгиликлар

13:33Гвардиола: "Улар бизга муаммо туғдиришди"  1 13:04"Челси" яна бир дарвозабонга пул сарфлади, энди уларда 7 нафар посбон бор  2 12:27Суперлига. Андижондаги марказий ўйинни ким бошқаради? 14-турнинг дастлабки 3 ўйини ҳакамлари маълум  1 11:59ОЧЛ тугатилди, энди янги мусобақа кўрамиз  15 11:26Ўзбекистон делегациясига Футзал Жаҳон чемпионати-2024 кубогини топшириш маросими бўлиб ўтди  4 10:56"Локомотив" эртага янги ўйинчиларни таништиради  1 10:45«Барселона» узоқ вақт қизиққан футболчисининг трансферидан воз кечди  2 10:11«Фулҳэм» «Арсенал» футболчиси учун рекорд миқдорда пул тўлайди  4 09:43«Ал Садд» «Монако» футболчисини сотиб олди  2 09:15Sofascore. Кечаги учрашув учун Ўзбекистон ОТЖ футболчилари қандай баҳоларга лойиқ кўрилди?  12 08:47«Қўқон-1912» сардори фаолиятини бошқа бир Про лига жамоасида давом эттиради  1 08:25Ўртоқлик учрашуви. "Барселона" - "Манчестер Сити" 2:2, Холланднинг голи ҳисобга олинмади  2 08:20Олимпия ўйинлари. Чорак финал жуфтликлари билан танишинг  10 07:53Ўртоқлик учрашуви. «Ман Сити» ва «Барселона» жанговар дуранг ўйнашди  4 07:25Бугун Абдумалик Халоков, Давлат Бобонов ва яна бир неча спортчимиз Париж Олимпиадасида иштирок этишади  2

Баҳрайн билан навбатдаги тўқнашув Янгиликлар

Баҳрайн билан навбатдаги тўқнашув

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8 октябрь куни Манама шаҳрида Баҳрайнга қарши ўйинда майдонга тушади.

Терма жамоамиз шу кунга қадар Баҳрайн билан 10 марта тўқнаш келган. Дастлабки учрашув 2001 йил Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган. "Мердека кубоги" ўртоқлик турнири доирасида Владимир Сальков бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси арабларни 2:0 ҳисобида таслим қилган. Ўшанда Баҳодир Сейиткамолов 89 ва 90-дақиқаларда рақиб дарвозасига гол урган. Ўша учрашувда майдонга тушган Анвар Солиев ва Леонид Кошелев ҳамон футбол ўйнашмоқда.



Баҳрайнга қарши кечган навбатдаги ўйинлар жамоамиз учун жуда ҳам аламли бўлган. 2004 йил Хитойда бўлиб ўтган Осиё Кубоги чорак финалида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон Баҳрайн билан тўқнаш келган. Ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтларида 2:2 ҳисоби қайд этилган. Александр Гейнрих ва Владимир Шишелов биздан гол уришганди. Пенальтилар сериясида Евгений Сафонов Муҳаммад Жуманинг зарбасини қайтарганди. Бироқ Марат Бикмаев ва Леонид Кошелевнинг ноаниқ зарбалари туфайли жамоамиз мусобақани тарк этганди. Ўша ўйинда иштирок этган Сервер Жепаров ва Марат Бикмаев 8 октябрь куни Баҳрайнга қарши ўйнашлари мумкин.



2005 йил 3 сентябрь...Тошимицу Ёшида...Ёдингизга тушдими? Ҳа ўша аввал ўтказилиб кейинчалик ФИФА томонидан бекор қилинган ўйин Баҳрайнга қарши бўлиб ўтганди. Учрашувда Миржалол Қосимов ҳисобни очган, 39-дақиқада Сервер Жепаров пенальти тепиб ҳисобни 2:0 кўринишига келтирганди...Шу лаҳзада Ёшида футболчиларимиз жарима майдонига зарбадан аввал кириб кетишгани учун пенальтидан урилган голни бекор қилиб баҳрайнликлар эркин зарба беришларини кўрсатганди. Ўйин охиригача ўтказилган ва 1:0 ҳисоби қайд этилганди. Жамоамиз Манамага учиб борганида ФИФА ўйин натижаси бекор қилинганини ва Тошкентдаги баҳс бир ойдан сўнг бўлиб ўтиши ҳақида қарор чиқарганди. ФИФА ушбу ўйиннинг натижасини бекор қилгани учун ўзаро ўйинлар статистикага қўшилмайди.

Бир ойдан сўнг Тошкентда жамоалар яна ўйин ўтказишган. Бу сафар Талал Юсуф ҳисобни очган, Максим Шацких бунга жавоб берганди - 1:1. Баҳрайнда бўлиб ўтган жавоб учрашувида ҳисоб очилмаган ва араблар сафардаги гол эвазига қитъалараро плей-офф босқичига йўлланма олишганди. Мана шу икки ўйинда Ўзбекистонни англиялик Боб Хоугтон бошқарганди.



Баҳрайн билан ЖЧ-2010 саралашида ҳам икки бор тўқнаш келгандик. Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоамиз Милан Мачала устозлигидаги жамоани Тошкентда қабул қилиб 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйганди. Ўша машҳур Маҳмуд Абдулраҳмоннинг 90+4-дақиқада жаримадан урган голи...ва Нестеровнинг аламли кўз ёшлари...

Манамадаги баҳсда ҳам битта гол урилган. Қизиғи уни ҳам Маҳмуд Абдулраҳмон Нестеров дарвозасига урганди - 1:0. Айнан ўша мағлубиятдан сўнг терма жамоамизнинг ЖАРдаги мундиалга бора олмаслиги ойдинлашганди.


Навбатдаги учта ўйин эса ўртоқлик учрашувлари доирасида бўлиб ўтган.

2011 йилги Осиё Кубогига тайёргарлик кўраётган Вадим Абрамов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 2010 йил октябрь ойида Манамада Баҳрайн билан ўртоқлик учрашувини ўтказган. Жамоамиз ўшанда ўз тарихида иккинчи бор бу жамоани таслим қилганди. Олим Навкаров, Александр Гейнрих, Одил Аҳмедов ва Максим Шацких томонидан урилган голларга араблар фақат икки бор жавоб бера олишганди холос - 2:4.

Бу жамоалар ўша йилнинг декабрь ойи сўнггида ҳам Дубайда ўзаро ўйин ўтказишган. Бугун ўз туғилган кунини нишонлаётган Александр Гейнрихнинг голига баҳрайнлик Салмон Иса сўнгги дақиқаларда жавоб берганди - 1:1.


Баҳрайнга қарши ўтган охирги ўйин 2014 йил октябрь ойига тўғри келади. Австралиядаги қитъа чемпионатига тайёргарлик доирасида Баҳрайн билан ўйнаганмиз. Учрашувда ҳисоб очилмай қолган - 0:0. Бу ўйинда жамоамизни Миржалол Қосимов бошқарганди.

Демак шу кунга қадар Ўзбекистон ва Баҳрайн жами 9 марта ўйнаган (битта ўйин натижаси бекор қилинган). Икки марта Ўзбекистон, икки марта Баҳрайн ғалаба қозонган. Қолган 5та учрашувда ғолиб номи аниқланмай қолган. Тўплар нисбати 10:8, устунлик Ўзбекистон томонида.

Нарзулла Сайдуллаев

Рейтинг: +16   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика