UZ

Сўнгги янгиликлар

16:55Саад Ал-Шеҳри: "Ушбу мусобақадаги таркибимиз, икки йил аввал чемпионликни қўлга киритган таркибимиздан кучлироқ"  0 16:28Футбол олами. 16:0, "Динамо" - "Насаф" 3:3 ва бошқа ўйинлар: Ўзбекистон кубоги 2-тури ҳақида батафсил   0 16:19Энди расман: Лапорта Хави янги мавсумда ҳам "Барселона"да қолишини маълум қилди  6 16:00"Челси"нинг икки футболчиси ёзда Саудия Арабистонига кўчиб ўтиши мумкин   2 15:31Осиё Кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши тўлиқ оқ либосда ўйнайди  7 15:09Ўзбекистон кубоги. 3-тур расмийлари маълум  2 14:23"Челси" "Арсенал"га йирик ҳисобда имконият бой берилгач, Почеттинони ишдан ҳайдаши мумкин  5 14:08Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистонига қарши кечадиган баҳс олдидан нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  22 13:56"Манчестер Юнайтед" Марсьялнинг нархини эълон қилди  3 13:32Гвардиола Канселунинг келажаги ҳақида фикр билдирди  0 13:05"Шеффилд Юнайтед" АПЛ антирекордини ўрнатди  0 12:37Давлат Турдиалиев таваллудига 62 йил тўлди   10 12:04"Челси" скаутлари "Милан дерби"сини стадиондан кузатишган  3 11:38Футзал бўйича Осиё кубоги. Ўзбекистон - Вьетнам 2:1  0 11:15ФАКТ. Ўзбекистон футзал терма жамоаси кетма-кет бешинчи Осиё кубогида ярим финалга чиқди  10

Австралияга борган таркибдан кимлар БААга бора олмаслиги мумкин? (таҳлил) Янгиликлар

Австралияга борган таркибдан кимлар БААга бора олмаслиги мумкин? (таҳлил)

Осиё Кубоги бошланишига саноқли кунлар қолмоқда.

Айни пайтда терма жамоамиз Эктор Купер қўл остида қитъа чемпионатига жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Биз эса бу фурсатда ўтган сафарги Осиё Кубогига борган таркибни эслаб, ҳозирда ўша футболчилардан кимлар яна БААда ўтадиган қитъа чемпионатига бориш имкониятларини сақлаб қолишганига назар ташладик.

Австралияда ўтган Осиё Кубогида терма жамоамизни Миржалол Қосимов бошқариб борганди. Ўшанда Қосимов терма жамоага жалб этган таркибдаги футболчилардан тенг ярми ҳозирда ҳам бош жамоамизга номзод футболчилар қаторига киради. Тўрт йил аввалги таркибдан фақатгина Тимур Кападзе футболчилик фаолиятига якун ясади. Сервер Жепаров эса шунга яқинлашиб қолган. Шунингдек, яна бир қатор футболчилар аллақачон терма жамоа даражасидан тушиб кетишгани ҳам рост. Қолган футболчилар ҳозир ҳам камида ўша юқори савияда футбол ўйнашмоқда ва муносиб равишда терма жамоага номзод аъзолар қаторида туришибди.

Эътиборлиси, ҳозирги терма жамоамизнинг ўзагини тенг ярми ўшанда қитъа чемпионатига қатнашган футболчилардан ташкил топган. Деярли ўзгармаган нуқта эса орқа чизиқ вакиллари. Яъни, дарвозабонлар ва мудофаа чизиғидаги ҳимоячилар. Биргина Акбар Тўраев ва Шавкат Муллажонов айни пайтда терма жамоадан узоқда. Қолган барча футболчилар ҳозир ҳам терма жамоамизнинг тўғридан-тўғри аъзоси ёки камида номзодлар қаторида. Ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғида эса авлодлар алмашуви амалга ошаётгани шундоқ кўзга ташланиб турибди.


ОСИЁ КУБОГИ-2015га борган Ўзбекистон терма жамоасининг якуний таркиби:

Ўша таркибдан қайси футболчилар БААда ўтадиган Осиё Кубогига бориш имкониятларини фоиз кўрсаткичида чамалаймиз.

Дарвозабонлар:
1. Элдорбек Суюнов ("Насаф") - 100%
12. Игнатий Нестеров ("Локомотив") - 100%
21. Акбар Тўраев ("Бунёдкор") - 5%

Ҳимоячилар:
2. Егор Кримец  ("Пахтакор") - 100%
3. Шавкат Муллажонов ("Локомотив") - 0%
5. Анзур Исмоилов  ("Чанчун Ятаи", Хитой) - 100%
14. Шуҳрат Муҳаммадиев ("Насаф") - 25%
19. Виталий Денисов ("Локомотив", Россия) - 20%
20. Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив") - 75%
22. Фаррух Сайфиев ("Насаф") - 85%
23. Акмал Шораҳмедов ("Бунёдкор") - 85%

Ярим ҳимоячилар:
4. Сардор Рашидов ("Бунёдкор") - 40%
7. Азиз Ҳайдаров ("Ал Шабаб", БАА) - 35%
8. Сервер Жепаров  ("Сеонгнам", Ж.Корея) - 5%
9. Одил Аҳмедов ("Краснодар", Россия) - 100%
10. Жамшид Искандеров ("Пахтакор") - 0%
13. Лутфулло Тўраев ("Локомотив") - 0%
15. Жасур Ҳасанов ("Локомотив") - 5%
17. Санжар Турсунов ("Ворскла", Украина) - 15%
18. Тимур Кападзе ("Актобе", Қозоғистон) - фаолиятини якунлаган

Ҳужумчилар:
6. Баҳодир Насимов ("Падидеҳ", Эрон) - 5%
11. Игорь Сергеев ("Пахтакор") - 10%
16. Воҳид Шодиев ("Бунёдкор") - 0%


Эктор Купер дарвозабонлар масаласида Суюнов ва Нестеров номзодларида ортиқча ўйланмаслиги аниқ. Фақат учинчи дарвозабон ким бўлиши ҳозирча сўроқ остида. Учинчи дарвозабон ролида Қувватов ёки Юсупов бўлиш эҳтимоли юқори. Ўтган гал Австралиядаги қитъа чемпионатида борган Акбар Тўраевда БААга бориш имкониятлари кескин пасайган. Эндигина "Навбаҳор"да биринчи рақамли киперга айланган Тўраев ҳали Купер қўл остида бирорта йиғинга жалб этилгани йўқ.

Ҳимоячилар масаласига келадиган бўлсак, ўтган қитъа чемпионатида иштирок этган Анзур Исмоилов ва Егор Кримец ҳозир ҳам асосий ҳимоячиларимиз ҳисобланишмоқда. Купер асосан ушбу икки ҳимоячи тандемига ишонмоқда. Шу боисдан ҳам агарда мазкур футболчиларни жароҳат безовта қилмаса, унда Кримец ва Исмоиловнинг Осиё Кубогига борадиган якуний таркибдан жой олиши деярли кафолатланган. Фақатгина форс-мажор ҳолатлари туфайли кимдир таркибдан четда қолиш эҳтимоли мавжуд.

Шунингдек, Акмал Шораҳмедов ва Фарруҳ Сайфиевда ҳам БААда ўтадиган мусобақага бориш имкониятлари анча юқори. Сабаби, Купер ушбу қанот ҳимоячиларига эътибор қаратмоқда ва йиғинларга жалб этиб турибди. Ислом Тўхтахўжаев номзоди борасида Купер бироз ўйланмоқда. Сабаби, Ислом Тўхтахўжаев иккинчи бор йиғинга жароҳатланган Аъзамов ўрнига чақирилди. Шунингдек, Купер мазкур ҳимоячини ўртоқлик ўйинларида ҳам нисбатан камроқ ўйнатмоқда. Купер Ислом Тўхтахўжаевни захира футболчиси сифатида кўрмоқда. Мураббий Аъзамовни жароҳати боис йиғинларда синаб кўрмаганини инобатга олсак, Ислом Тўхтахўжаевда Осиё Кубогига бориш имкониятлари юқорилигича қолмоқда. Аммо унга якуний таркибдан ҳозирдан жой кафолатлашга эрта.

Австралиядаги чемпионатга борган Шуҳрат Муҳаммадиев борасида ҳам ҳозирдан бир нарса дейиш мушкул. Купер мазкур футболчини йиғинга жалб этганди. Бироқ Муҳаммадиевнинг жароҳати Купер бошчилигидаги терма жамоамизнинг йиғинларига тўғри келиб қолди. Натижада аргентиналик мутахассис "Локо"нинг ўнг қанот ҳимоячисининг имкониятларини амалда синаб кўргани йўқ. Якунда дастлабки учта йиғинга бормаган футболчига ишонч билдирадими ёки йўқ, ҳозирдан бирор нарса дейиш мушкул. Бироқ ўнг қанот ҳимоясидаги муаммоларимизни инобатга олсак, балки Купер қишда Муҳаммадиевни таркибга жалб этиш эҳтимоли йўқ эмас.

Виталий Денисов борасида ҳам аниқ ишонч билан бир нарса дейиш қийин. Денисов Купернинг дастлабки йиғинида қатнашган. Бироқ Эронга қарши ўйинда майдонга тушган Денисовнинг хатоси эвазига ўтказиб юборилган гол мураббийга кўп ҳам маъқул келмаган. Кейинги иккала йиғинда Денисов терма жамоага жалб этилмаган. Куперга нафақат ҳимоячининг ўйини, балки терма жамоада ўрнатилган тартибга қанчалик риоя этиши муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам Денисовнинг қитъа чемпионатида қатнашиш имкониятлари нисбатан пас баҳоланмоқда.

Ўтган қитъа чемпионатига борган таркибдаги ҳимоячилардан бир футболчини аниқ БААда ўтадиган Осиё Кубогига бормаслигига ишониш мумкин. Бу Шавкат Муллажонов. Айни пайтда "Бухоро" шарафини ҳимоя қилаётган ҳимоячининг ўйини ва жисмоний ҳолати ҳам аввалгидек эмас. Қолганларда эса кичик бўлсада имконият сақланиб қолмоқда.

Ярим ҳимоя чизиғидагиларга эътибор қаратсак, унда дастлаб Тимур Кападзе фаолиятини якунлаганини алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, Лутфулло Тўраев ва Жамшид Искандеровда ҳам БААда бўладиган Осиё Кубогига бориш имкониятлари деярли йўқ. Айни пайтда мазкур футболчилар терма жамоа даражасига мос тушадиган ўйин намойиш этишмаяпти. Сервер Жепаровни ҳам бу рўйхатга киритиш мумкин. Эктор Купер охирги йиғинда шу пайтга қадар терма жамоага чақирмаган футболчига мурожаат қилиши қийин масала. Австралиядаги қитъа чемпионатида иштирок этган яна бир ярим ҳимоячи Жасур Ҳасановда Осиё Кубогига бориш имкониятлари жуда кам.


Азиз Ҳайдаров ва Сардор Рашидов Купернинг илк йиғинига таклиф этилган футболчилар. Азиз Ҳайдаров иккинчи йиғинда ҳам чақирув олганди. Аммо биринчиси каби иккинчи йиғинни ҳам жароҳати боис эрта якунлашга мажбур бўлган. Рашидов эса жароҳати боис иккита йиғиндан четда қолди. Шунингдек, Куперга Рашидовнинг жамоавий ўйинда тўлиқ қатнашмаётгани, аниқроғи ҳимояга қайтиб ўйнамаётгани Куперга маъқул келмаган. Бу эса Рашидовнинг Осиё Кубогига бориш имкониятларини сезиларли даражада пасайтириши мумкин. Камига жароҳати боис иккита йиғиндан четга қолгани ҳам бу имкониятларни янада пасайтиради. Эктор Купернинг услуби Рашидовнинг устунликлари ва имкониятлари билан номутаносиб бўлмоқда. Бироқ Рашидовнинг ҳужумдаги креатив ҳаракатлари, индивидуал маҳоратини инобатга олсак, Купер якунда ушбу номзод борасида яхшигина бош қотиришига тўғри келади. Шу боисдан ҳам Рашидовнинг Осиё Кубогига бориш имкониятлари йўқ эмас. Бироқ фоиз кўрсаткичи билан нисбатан камроқ қилиб белгиланди.

Санжар Турсунов биринчи йиғинда Купер чақирувига муносиб кўрилганди. Аммо кейинги йиғинларда аргентиналик мутахассис Жанубий Кореяда ўйнаётган легионер футболчимизнинг хизматларига эҳтиёж сезмади. Турсуновда ҳам кетма-кет учинчи бор қитъа чемпионатига бориш имконияти жуда кам.

Ўтган сафар Австралияда ўтган Осиё Кубогига борган ярим ҳимоячиларимиз орасидан фақатгина Одил Аҳмедовнинг имкониятлари юқори. Агарда жамоамиз сардори жароҳат олмаса ёки форс-мажор ҳолати юзага келмаса, унда Аҳмедов кетма-кет учинчи маротаба қитъа чемпионатига иштирок этиш бахтига муяссар бўлади.


Австралияга Миржалол Қосимов учта ҳужумчи билан йўл олганди. Ўшанда тўпурарлик маҳоратини юзага чиқарган Игорь Сергеев терма жамоамизнинг асосий ҳужумчиси сифатида яшил қитъага йўл олган. Воҳид Шодиев ва Баҳодир Насимов эса захира футболчилари бўлишганди. Ҳозирги вақтга келиб мазкур ҳужумчиларнинг ҳеч бирида БААда бориш учун имконият деярли йўқ. Игорь Сергеевни Купер синовдан ўтказиб кўрди. Аммо мураббийга Сергеевнинг ҳозирги ҳолати маъқул келмади. Буни ўтказилган охирги йиғинларда ҳужумчини жалб этмаганидан ҳам пайқаш мумкин. Камида Игорь ҳозирда "Пахтакор"да ҳам асосий таркиб футболчиси ҳисобланмайди. Насимов эса Озарбойжон чемпионатида тўп тепмоқда. Аммо айни пайтда Насимов терма жамоага номзод футболчи сифатида гавдаланмаяпти. Купер Насимовни йиғинда ҳам синаб кўришни истагани йўқ. Воҳид Шодиев эса анчадан буён жамоаларини алмаштириб, маълум муддат ҳеч бир клубдан муқим ўрин эгаллай олмай юрди. Айни пайтда эса "Машъал"дан қўним топган ҳужумчи терма жамоа даражасидан анча узоқлашиб кетган ва унинг БААга бориш имкониятларини чамалашга ҳожат йўқ.


ШАҲБОЗ БЕҒАМОВ 

Рейтинг: +32   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика