"Атлетико" - "Барселона" ва Ла Лиганинг қолган шиддатли ўйинлари учун превью
20 ноя 2020 12:00
Янгиликлар
"Атлетико" - "Барселона" ва Ла Лиганинг қолган шиддатли ўйинлари учун превью
Ҳафта давомида машинангиз билан муз қоплаган йўлда тирбандликда қолиб асабларингиз бузилдими, совуқ ҳавони хушламайсизми, марҳамат, Ла Лиганинг бошланажак 10-тури сизга ҳавола. Шошманг, ўзи ўтган турда нима бўлганди?
“Барселона” узоқ ўйинлик ғалабасиз сериясига чек қўйди, ўз уйида “Бетис”ни “савалади” (5:2). Турнир жадвалида юқори ўринларга интилаётган “Кадис” “Атлетико” меҳмони бўлди ва ўз дарвозасида 4 та тўп ўтказиб уйига қайтди. “Реал Мадрид” эса “Валенсия” майдонида ўз дарвозасига белгиланган 3 пеналти натижасида 4:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Пешқадам “Реал Сосьедад” эса хотиржам, ўтган турда ҳам ишончли ғалабага эришиб қўйди.
10-турда бизни қандай баҳслар кутяпти экан дейсизми? Гранд жамоалар ўзини ўнглаб олиши ҳақида ўйлаяпсизми? Стоп! Бу тур ҳам бизга сюрпризлар тайёрлаб турибди, ишонаверинг.
20.11 01:00 (Тошкент вақти) “Осасуна” – “Уэска”
Турнир жадвалининг энг сўнгги поғонасидаги “Уэска” “Осасуна” меҳмони бўлади. Мезбонларнинг ҳам бу мавсум ишлари юришмаяпти, 8 ўйинда 3 ғалаба, 1 дуранг ва 4 мағлубият – 13-ўрин. “Уэска” эса ҳали ғалаба нималигини билмай келяпти. Бироқ охирги турда “Уэска” ўз уйида дуранг ўйнаган бўлса, “Осасуна” меҳмонда “Севилья”дан енгилди. Бугун эса иккисига ҳам очко сув ва ҳаводек зарур, сўнгги поғоналар ҳеч ким учун бахт эмас.
Ўзаро ўйинлар: Ўтказилган 9 учрашувнинг 5 тасида “Осасуна” ғалабага эришган бўлса, 3 учрашувда “Уэска”нинг қўли баланд келган. Атиги 1 ўйинда жамоалар муроса кўчасини танлашган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Брандон Лямос, Дарко Брашанатс, Хуан Мануел Перес, Аридане Эрнандес, Чими Авила, Хонатан Калери (“Осасуна”). Антонио Валера (“Уэска”).
21.11 20:15 (Тошкент вақти) “Вильярреал” – “Реал Мадрид”
Икки жамоа учун ҳам очко сув ва ҳаво каби зарур бўлган учрашув эканлиги афиша жиҳатидан ҳам билиниб турибди. Аммо бу жамоаларнинг бу мавсумдаги аҳволидан хабарингиз борми? Ўтган турдаги мағлубият сабаб “Реал Мадрид” пастга тушган бўлса, унинг ўрнига айнан “Вильярреал” жойлашган. Орадаги фарқ – 2 очко. Сўнгги турни меҳмонда ўткаган жамоа “Хетафе” устида 1:3 ҳисобида ғалаба қозонди. “Реал” эса ютмаса бўлмайди, камига асосий етакчиларсиз қолган жамоа бу. Супер баҳс!
Ўзаро ўйинлар: 42 баҳснинг 25 тасида Мадридликлар, атиги 4 тасида эса “Вилярреал” ғалабага эришган. 13 баҳс эса дуранг билан якунланган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Хауме Коста, Алберто Морено, Хуан Фойт (“Вильярреал”). Федерико Валверде, Эден Азар, Алваро Одриосола, Каземиро, Начо, Даниел Карвахал, Эдер Милитао (“Реал Мадрид”).
21.11 01:00 (Тошкент вақти) “Атлетико Мадрид” – “Барселона”
Турнинг марказий учрашуви дейсизми? Шубҳасиз, гап-сўзга ҳожат йўқ! Бўлажак тур ўнинчиси бўлса ҳам бироқ бу жамоалар 7 тадан ўйин ўтказишган ҳозирча. Энди-энди ўзига келаётган каталонияликлар ўтган турдаги ғалабсидан сўнг 8-поғонага кўтарилиб олди. “Атлетико Мадрид” эса “кучли учлик”да. Бу ўйиндаги мағлубият икки жамоанинг ҳам ўрни ўзгаришига сабаб бўлади. Устида-устак Луис Суарес ҳам унда коронавирус аниқлангани сабабли баҳсда иштирок эта олмайди. “Барселона” ЕЧЛ доирасида “Ювентус”га қарши ўйнаганда Роналду ўйнамаган эди ва натижа қандай бўлганини кўрдик. Суарес ҳам собиқ жамоаси билан ўйнай олмайди ва бу қайсидир маънода мадридликларни етакчисисиз ўйнайди дегани. Қизиқ ўйин бўлишига ишондингизми энди, Суарес бўлмаса ҳам?!
Ўзаро ўйинлар: 207 баҳс, 65 ғалаба “Атлетико Мадрид”да, 93 таси “Барселона”да ва 49 ўйинда дуранг. Тўплар нисбати: 309-393. Супер шунчаки!
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Диего Коста, Витоло, Шиме Врсалько, Янник Карраско, Луис Суарес, Лукас Торрейра (“Атлетико Мадрид”). Самуел Юмтити, Роналд Араухо, Серхио Бускетс, Филиппе Коутиньо (“Барселона”).
22.11 20:15 (Тошкент вақти) “Кадис” – “Реал Сосьедад”
9-тур учун анонсларда “Кадис”ни кўп эътироф этдик ва якунда “Кадис” йирик ҳисобда мағлуб бўлди. “Реал Сосьедад” эса ҳозирги юришини охиргача олиб боришгача кучи етса ва бунга асосийси ўзи ишонса яхши, лекин ҳали мавсум ўртаси ва якуни бор. 9 ўйинда 8 гол урган “Кадис” 6-ўринда. 20 та тўпни рақиблар дарвозасига кирита олган “Реал Сосьедад” эса пешқадам. Бу ўйин ким аслида ким эканлигига ойдинлик киритиб бериши мумкин, бироқ ўзгариш бўлади мана шу ўйиндан кейин турнир жадвалида.
Ўзаро ўйинлар: Ўтказилган 30 ўйиннинг 6 тасини “Кадис”, 13 тасини эса “Реал Сосьедад” ютган. 11 учрашув дуранг билан тугаган. Тўплар нисбати: 24-48.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Хосе Мари, Нано, Исаак Карселен (“Кадис”). Асер Илярраменди, Модибо Санян, Аритс Аранбарри, Андони Горросабел, Лука Сангали (“Реал Сосьедад”).
22.11 01:00 (Тошкент вақти) “Алавес” – “Валенсия”
Ўтган турда ўз майдонида Мадриднинг “Реал”ига ҳеч қандай имконият қолдирмаган жамоа “Алавес” меҳмони бўлади. Мезбонлар 9-турни “Леванте”га қарши ўтказди ва ушбу ўйинда дурангга имзо чекишганди жамоалар. 9 ўйин ўтказиб 4 тадан мағлубиятга учраган жамоаларнинг бири бу баҳсда мағлуб бўлса қуйига қараб шўнғийди, ижобий натижа бўлса эса юқорига силжиш кузатилиши аниқ. Ўрта поғонадаги жамоаларнинг баҳси ҳар доим қизиқ бўлган, якшанбани позитив кайфиятда якунлаш учун яхши танлов!
Ўзаро ўйинлар: Жамоалар ўтказган ўзаро 34 ўйиннинг 18 тасини “Валенсия”, 9 тасини эса “Алавес” ютган. 7 баҳсда эса муроса кўчаси танланган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Пере Понс, Бурги (“Алавес”). Яспер Силлессен, Макси Гомес, Муктар Дякаби (“Валенсия”).
Турни безаб берувчи 5 учрашув ҳақида ўқидингиз, қуйида эса яна бир-биридан қизиқ 5 ўйин рўйхати билан танишинг:
21.11 18:00 (Тошкент вақти) “Леванте” – “Эльче”
21.11 22:30 (Тошкент вақти) “Севилья” – “Сельта”
22.11 18:00 (Тошкент вақти) “Эйбар” – “Хетафе”
22.11 22:30 (Тошкент вақти) “Гранада” – “Вальядолид”
23.11 01:00 (Тошкент вақти) “Атлетик Бильбао” – “Бетис”
ФИФА кунларидан кейин орзиқиб кутилган Ла Лига ўйинлари анонси билан танишдингиз, ёқимли томоша тилаймиз!
Олга Мешкова
Оғабек Самисов таржимаси.
Фикрлар