UZ

Сўнгги янгиликлар

16:36Эндрик таништирув маросимида йиғлаб юборди ва "Реал" эмблемасини ўпди  1 15:59МЮ футболчиси ўтирган машинага маст ҳайдовчи урилди  0 15:18Ўзбекистон олимпия терма жамоасида Йўлдошев ўрнига бошқа футболчи қайдномага киритилди  14 14:56"Барселона" энди шортларга ҳам реклама ёпиштиради  1 14:50"Барселона" 19 ёшли ҳужумчиси учун "Ал Ҳилол"дан 40 млн. евро сўраяпти  1 13:55Тен Хаг: "МЮ исталган жамоани ютишга қодир"  3 13:20Мурод Тошматов эркин агентга айланди  2 12:45"Сити" ёзда трансферлар амалга оширадими? Пеп жавоб берди  1 12:25Жароҳати сабабли илк ўйинда қайдномага киритилмаган мисрлик футболчи Ўзбекистонга қарши майдонга тушишга тайёр  2 12:07МЮ стандарт вазиятлар учун мураббий сотиб олди  0 12:01"Металлург" аъзоси Мирғиёс Сулаймонов эркин агентга айланди  3 11:50Ўтган йили Тошкентга келган Миср Олимпия термасининг неча нафар футболчиси Париждаги мусобақада иштирок этмоқда?  12 11:34"Футбол бола тилидан" лойиҳаси давом этади. Меҳмонимиз - 9 ёшли Абдураҳмон Исломов  0 11:30Миср олимпия терма жамоаси ҳақида нималарни билишимиз керак ёхуд "Фараон" юрти вакиллари билан танишамиз  7 11:00«Реал Мадрид» келаси ёзда яна бир юлдуз футболчини текинга сотиб олади  8

Артём Филипосян: “Иккинчи даврада майдонга қайтсам керак деб ўйлагандим. Лекин...” Янгиликлар

Артём Филипосян: “Иккинчи даврада майдонга қайтсам керак деб ўйлагандим. Лекин...”

Тажрибали ҳимоячи Артём Филипосян учун охирги вақтлар анча мураккаб ва қийин кечди. У жароҳат олиб ўтган йили тузук-қуруқ ўйнай олгани йўқ.
Натижада даволанишига тўғри келди. Бундай паллада эса футболчига руҳий мадад жуда зарур бўлади. Филипосян эса бундай туйғуларни бошидан ўтказди. Бу йилги мавсумни ҳам яна “Бухоро” жамоасида ўтказмоқда ва охирги учта турда майдонга тушди. Ҳаттоки, “Локомотив”га қарши учрашувда гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Артём жароҳат олган пайтидаги ҳолати ҳақида гапирди.

-   Тўғриси айтадиган бўлсам, жароҳатим бу қадар чўзилиб кетади деб ўйламагандим. Чунки бошида менинг жароҳатим оддий ва унчалик хавфли эмасди. Мен эса доимгидек даволандим ва қишки йиғинларда фаол қатнашиб янги мавсум бошига қайтаман деб ўйлагандим. Лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлар экан. Оёғимдаги жароҳат аслида оддий кўринган бўлса-да, аслида суягимга оғриқли зарба бўлган экан. Айнан шу нарса менинг вақтида тикланишим учун бироз қийинчиликлар туғдирди. Аммо менинг сафга қайтишим учун 8 ой вақт кетди. Бу эса жуда кўп деганидир. Ҳеч бир футболчига бу каби жароҳатларни раво кўрмайман. Аслида эса мен каби жароҳат олган ўйинчилар нари борса икки ойда оёққа туриб яна ўйнашни бошлашган. Мен жароҳат пайтимда нима қилдим? Албатта, даволандим, шуғулландим. Оилам даврасида бўлиб уларнинг далдасини ҳис қилдим. Тренажёр залига ва бассейнга бордим. Худога шукрки, энди ҳаммаси яхши ва ўйнашни бошладим. Кўрган бўлсангиз, биринчи давранинг охирги турларига бориб яна майдонга қайтдим. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон пешонасига ёзилганини кўрар экан, тақдирдан қочиб қутула олмаймиз.



Кўриб турганингиздек, у шу босқични босиб ўтди. Қийин дамлар ортда қолганига ишонмоқда. Дарҳақиқат, жароҳатлар футболчини қийнаб юборганди. У “Локомотив”, “Бунёдкор” ва “Сўғдиёна”га қарши ўйинларда асосий таркибда майдонга тушиб тўлиқ ўйнади. Ушбу учрашувлардан кейин Артёмнинг ҳолати қандай бўлди? Жароҳатлар асорати билиндими ёки йўқми? Буни ўзидан эшитамиз.  

-   Сизга ростини айтаман: Биринчи давранинг охирги учта ўйинида майдонга тушдим. “Локомотив”га қарши учрашувдан кейин “Бунёдкор” билан ўйнадик ва ўша баҳсда яна оёғимда бироз оғриқ пайдо бўлди. Яна шифокорларга текширдим. Мен бунинг олдини олиш учун Москвадаги шифокорларга ҳам жароҳат олган жойимни юбордим ва улардан жавоб кутяпман. Лекин ўзимизда текширувдан ўтганимда барчаси яхши чиқди.

Яна бир гап: ўтган йилги чемпионат тугаганидан сўнг Филипосян “Бухоро”дан кетмоқчи эканлиги ҳақида маълум қилганди. Чунки жароҳат олган пайтида клубдан ҳеч ким унинг холидан хабар олмагани ёмон таъсир кўрсатгани ҳақида гапирганди. Шудан кейин унга бошқа таклифлар ҳам тушди ва кўпчилик жамоасини ўзгартиришига ишонганди. Лекин тақдир экан, у яна мавсумни “Бухоро” жамоасида бошлади. Бу қандай юз бергани хусусида шундай деди:

-   Ҳақиқат шуки, мавсум бошида қайси жамоага ўтишимни билмагандим. Нега деганда, қишда жароҳатимни даволатишим учун операция столига ётишга мажбур бўлгандим. Сиз қандай футболчи бўлишингиздан қатъий назар ҳар бир жамоа соф футболчини олишни хоҳлайди. Мен бу нарсаларни жуда яхши тушунаман. Шу сабабли ўз хаёлларимда операциядан кейин биринчи даврада дам олиб, иккинчи даврадан майдонга қайтаман деб ўйлагандим. Лекин бир куни менга Улуғбек Бақоев билан Бахтиёр Ашурматов қўнғироқ қилишди. Сен бизга кераксан, тикланишинг учун вақт берамиз, қўлимиздан келадиган барча ёрдамларни қиламиз деб айтишди. Шунинг учун биз билан шартнома тузгин, ҳаммаси яхши бўлса майдонга тушиб бизга ёрдам берасан дея менга катта ишонч билдиришди. Шу тариқа улар мени клубда қолдиришга эришдилар. Ўз навбатида мен ҳам бу таклифга яхши муносабатда бўлдим ва “Бухоро” билан яна бир йилга шартнома тузишга қарор қилдим. Шунингдек, бухоролик мухлисларнинг менга катта ишонч билдиришгани ҳам у ерда қолишимда катта роль ўйнади. Улар доим мени қўллаб-қувватлаб, далда бериб туришди. Қисқаси, барча мен билан бирга бўлди. Яхши ва ёмон кунларда мени унутишмагани учун уларга катта раҳмат айтмоқчиман. Шунинг учун ҳам “Бухоро”да қолишга қарор қилдим. Биринчи давра тугашига учта тур қолганида майдонга қайтиб шу ўйинларда қўлимдан келганича жамоамга ёрдам берганимдан хурсанд бўлдим. Тўғри, битта гол ҳам урдим. Аммо бу муҳими эмас. Энг асосийси, жамоамнинг ғалабасидир.



“Бухоро” клуби биринчи даврадан кейин турнир жадвалида 6-ўринни банд этиб турибди. Албатта, жамоа учун муваффақиятли ва муваффақиятсиз ўйинлар ҳам бўлди. Шу боис кимнидир кўнгли тўлди, кимнидир тўлди тўлмади дейиш мумкин. Аммо умумий маънода олиб қараганда, биринчи давра учун 6-поғона ёмон натижа ҳисобланмаса керак. Шу фикрни Филипосян ҳам айтиб ўтди.  

-   Ўйлашимча, “Бухоро” жамоасининг биринчи даврадаги иштирокини яхши деб баҳолайман. Нимага деганда, янги мавсум учун жамоа таркиби 80-85 фоизга янгиланиб кетганди. Шу боис таркибга янги ўйинчилар келишганди. Табиийки, бундай пайтда бир-биримизни тушуниб олишимиз учун вақт керак эди. Шунга қарамасдан биз биринчи даврани 6-ўринда тугата олдик. Бу янги шаклланаётган жамоа учун ёмон натижа ҳисобланмайди. Иккинчи даврада ҳам мураббийлар штаби янги ўйинчилар билан жамоа сафини янада тўлдиришмоқчи. Биз иккинчи даврада янада яхшироқ ўйинлар кўрсатиб, бундан-да юқори ўринга кўтарилмоқчимиз. Жамоада ўзгариш бўлса рақобат янада ўсади, - деди футболчи.

ФИРДАВСХОН  
Рейтинг: +18   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика