АПЛ. "Манчестер Сити" ўз майдонида "Борнмут"га ҳеч қандай имконият қолдирмади
13 авг 2022 20:55
Янгиликлар
АПЛ. "Манчестер Сити" ўз майдонида "Борнмут"га ҳеч қандай имконият қолдирмади
"Манчестер Сити" — "Борнмут" 4:0
Голлар: 1:0 – 19 Гюндоган, 2:0 – 31 де Брюйне, 3:0 – 37 Фоден, 4:0 – 79, автогол Лерма.
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер (Льюис, 82), Аке, Рубен Диаш (Стоунз, 64), Жоау Канселу, Гюндоган (Бернарду Силва, 65), де Брюйне, Родри, Фоден (Грилиш, 46), Марез, Холанд (Альварес, 74).
Борнмут – Трэверс, Смит, Лерма, Келли, Мифем, Стэйси, Кристи (Станислас, 63), Пирсон, Кук (Биллинг, 64), Тавернье (Сенеси, 80), Мур (Лоу, 90).
Огоҳлантиришлар: Стэйси (5), Мифем (56), Смит (90).
МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ
Учрашув ниҳоясига етди! "Сити" ўз майдонида ишончли ғалабага эришди.
90+2. Канселунинг ваҳимали қичқириғи эшитилди, унга нисбатан рақиб ҳимоячилари шавқат қилиб ўтиришмади.
Иккинчи бўлимга 3 дақиқа қўшиб берилди.
88. Аке ва Бернарду Мурнинг курагини ерга текказиб қўйишди.
85. Учрашув аввалида таъкидлаганимиздек, ўйин ярим майдонда кечмоқда. Эдерсон жойида турибдими ёки уйига жуфтакни ростлаб юборганми, ҳозирча хабаримиз йўқ.
81. "Борнмут" футболчисининг зарбаси майдон четида мухлисларга куз-қулоқ бўлиб турган амакининг оёқларига бориб тегди.
79. ГООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Ниҳоят "Борнмут" футболчилари ҳам тўп киритишга муваффақ бўлишда, фақатгина дарвозани алмаштириб юборди. 4:0!
74. Холанд ўрнига Альварес майдонга туширилди.
73. ЗАРБА! Холанднинг зарбасига ҳимоячилар қалқон бўлишди.
70. Грилишни тиббиёт ходимлари йўқлаб чиқишди.
67. Сув ичиш маросими.
64. "Сити"да икки ўзгариш: Диаш ва Гюндоган ўрнига Стоунз ва Бернарду майдонга тушди.
61. Холанд ўз ҳисобига гол ёзиб қўйиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда, рақиб псобони эса мана сенга дегандек, бунга йўл қўймаяпти.
60. Гюндоган айланма зарбаси айланиб-айланиб дарвоза ёнидан ўтиб кетди.
58. Де Брюйненинг кучли зарбасига рақиб посбони пинагини бузмади, бироқ дарвоза ортида турган мухлислар ундан қочишга ҳаракат қилишди.
57. Мифем Грилиш билан либос алмашиш учун футболкасидан ушлаб қолди, ҳакам эса ўйин вақти бундай ҳаракат зид эканлигини уқтириб қўйди.
55. Рақиб дарвозаси ёнига яқинлаша олмаётган меҳмонлар ўз дарвозасини ишғол қилишга уриниб кўрди, бироқ бу борада ҳам омади чопмади.
55. ЗАРБА! Де Брюйненинг ўнг қанотдан кириб бориб, йўллаган кучли зарбасини Трэверс қайтарди.
54. "Борнмут" футболчилари фақатгина тўпни баландроққа тепиш бўйича беллашишмоқда бир-бирлари билан.
51. "Сити" рақиб дарвозабонигача чуқур босим қилмоқда. Қўйиб берсангиз, Трэверс ўрнига ўзлариям дарвозани қўриқлайверишади булар.
Грилиш майдонда кўриниш берди. 1 гол, 1 ассист қай этган Фоденга дам берилди.
46. Тайм бошланди.
Иккинчи бўлим олдидан майсалар ҳам чанқоғини қондириб олди. Жамоалар майдонга қайтмоқда.
Биринчи бўлим якунланди. Меҳмонларнинг 5 ҳимоячиси бўлишига қарамай, илк таймдаёқ ўзлари кутганидан ортиқ гол ўтказиб юборди.
45+4. Маҳрез финт ишлатиб, ўзини ўзи алдаб қўйди.
Биринчи бўлимга 4 дақиқа қўшиб берилди. Қўшимча дақиқалар ортда бораётган меҳмонлар фойдасига эмас, тескарисига кўпроқ хизмат қилиши шубҳасиз.
45. Холанднинг оёқлари қанчалик узун бўлса, Трэверснинг қўллари ҳам шу даражада эканлигини норвегиялик ҳужумчининг зарбасидан сўнг гувоҳига айландик.
41. Гюндоганга тв орқали намойиш этилавериб бездирган суртмаларга иши тушадиган даражада қўполлик ишлатилди.
37. ГООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Фоден ҳисобни йириклаштирди. Де Брюйненинг ажойиб хатти-ҳаракатларидан сўнг тўпни қабул қилиб олган инглиз дарвозабоннинг айтса кулги уйғотадиган нуқтасидан тўпни ўтказа олди.
36. Акенинг нафақат сочлари, балки оёқлари ҳам узун эканлигини рақиб ҳужуми чоғида гувоҳига айландик.
31. ГОООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Де Брюйне! Ўнг қанотдан олдинаг борган бельгиялик ярим ҳимоячи тўпсиз финт қилиб, рақибни чалғитди ҳамда Модрич кўп қўллайдиган оёқнинг ташқи тарафи билан рақиб дарвозасини ишғол қилди.
30. Холанд бош билан ўйнаш маҳоратини ўз жарима майдонида синаб олди, ундан яхши ҳимоячи ҳам чиқаркан.
28. Родри рақиб дарвозасининг ортида турган фанатларига тўп "совға қилди".
26. Канселу шериги оширган пасни кўкраги билан тўхтатдими, орқа елкаси биланми, олдиндан келаётган тўп унинг ортидан ўтиб, майдон ташқарисига йўл олди.
Футболчиларнинг қақраб кетган томоқларини ҳўллаб олиши учун танаффус берилди қисқа муддат.
22. Эдерсон уйқусираган кўзларини ишқалаб, энди ҳаракатга келмоқчи бўлган вақтда рақиб футболчиси айнан у турган нуқтага зарба бера қолади.
20. Холанд рақиб жарима майдонида тўпни қабул қилиб олиб, гол уришни ҳисоб-китоб қиламан дегунича рақиб посбони тўпни "илиб кетди".
19. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Гюндоган Холанд билан рақибнинг уч ҳимоячисини доғда қолдирди ва германиялик ярим ҳимоячиси ҳисобни очди.
18. "Борнмут" футболчиси Гвардиола пойига йиқилди. Испан мутахассиси эса уни кечирди.
17. Ниҳоят меҳмонлар хужумга ўтишга ҳаракат қилиб кўришганди, бироқ "Борнмут" футболчиси шеригида Холанднинг тезлиги бор деб ўйлади шекилли, оёқ етмас масофага пас берди.
13. Меҳмонлар тўлалагича "MANAuto" ҳосил қилишган, аммо бу ҳам баъзи вазиятларда самара бермаяпти.
9. ЗАРБА! "Ман Сити"нинг биратўла уч футболчиси Трэверс билан рўбарў келди, бироқ меҳмонлар посбони "Сити" дарвозабонидан маҳорати кам эмаслигини исботлаяпти, Фоденнинг шеригига пас бермагани учун Гвардиоланинг тўкилмаган соч толалари тўкилган бўлса, ажабмас.
6. Аке Окей дейдиган зарба йўллаганди, бироқ рақиб ҳимоячиси ҳам ушбу инглизча сўзга лойиқ ҳаракат қилди.
6. ЗАРБА! Маҳрезнинг тўридан-тўғри дарвозага йўллаган зарбасини Трэверс бартараф этишига битта қўли етарли бўлди.
5. Стэйси Маҳрезни қочиб кетишига йўл қўймади ва ҳакам томонидан "эсдалик совғаси" билан тақдирланди.
4. "Борнмут" жарима майдонига узатилган тўпни меҳмонлар ҳимоячиси қанот чиқаргандай ҳавога кўтарилиб, қайтарди.
2. Дастлабки хавфли зарба Аке томонидан йўлланди. Сочлари бўйнидан ошиб тушадиган йигитча бурчакдан узатилган тўпни рақиб дарвозасига тўғрилаб қўя олмади.
1. Учрашувни "Борнмут" футболчилари бошлаб беришди, аммо акса ураман дегунимча тўпни йўқотишди.
Мезбонлар кўк, меҳмонлар қизил рангли либосда ҳаракат қилишади.
"Борнмут" 5-4-1 схемада ҳаракат қилади бугун. Хўш, уларнинг мудофаа қўрғони қай даражада бардошли эканини гувоҳи бўламиз.
"Этиҳад"ни кўк туман қоплаб олди, атмосфера кўк чойиб ичиб, ёстиққа ёнбошлаб роҳатланадиган даражада ажойиб!
Ассалому алайкум, бир тарафлама футбол кўришга иштиёқманд мухлислар! Бир тарафлама деганим, бугун "Манчестер Сити" иштирокида "Этиҳад"даги баҳс бошланиш арафасида турибди.
Фикрлар