Анзур Исмоилов: "Тошкент дербисини соғиндим"
27 июл 2018 14:19
Янгиликлар
Анзур Исмоилов: "Тошкент дербисини соғиндим"
- Сўнгги марта Тошкент дербисида майдонга тушганингизга 8 йил бўлди. Ўшанда "Пахтакор"га қарши ўйинда майдонга тушган экансиз. Пойтахт дербиларини соғинган бўлсангиз керак.
- Ҳа, албатта. Охирги марта пойтахт дербисида ўйнаганимга ҳам 8 йил бўлибди. Бундай эмоцияларга бой баҳсларда иштирок этишни жуда ҳам соғиндим. Майдонда икки кучли жамоа ҳаракат қилади. Ўйинда ғалаба қозонишга, ўз мухлисларимизни хурсанд этишга интиламиз. "Бунёдкор"га қарши ўйинни интизорлик билан кутяпман.
- Ўзбек футболи 8 йил ичида қанчалик даражада ўзгарган?
- Футболимиз анчагина ўсган. Жамоалар таркибида яхши савияли, иқтидорли ёшлар жуда кўп. Футболчиларнинг техникаси ҳам, ўйин сифати ҳам анчагина ошган. Футболда бу бўлаётган ўзгаришлар ўйин сифатига ҳам анчагина таъсир қилган. Чемпионатимиз ҳам кучли бўлса, миллий терманинг ўйинларига ҳам таъсир қилади. Умид қиламанки, шундай кучли ўйинлар кўпайса, футболчиларимиз кучли легионер мақомида ўйнай олишади.
- Ўйинга тайёргарлик қай тарзда кетмоқда?
- Тайёргарлик яхши кетмоқда. Олдимиздаги икки муҳим учрашув кўп нарсани ҳал қилади. Бизда катта тажрибага эга жамоа бор. Суперлигада осон ўйин йўқ. Ушбу баҳсларда максимал натижалар олишга ва кучли жамоа эканлигимизни исботлашга ҳаракат қиламиз.
"Локомотив" матбуот хизмати
Фикрлар