Александр Хомяков: "Қайси ўринни эгаллашимиз эса ҳозир унчалик муҳим эмас"

23 окт 2026, 23:58
Суперлиганинг 25-тури доирасидаги "Бухоро" - "Сурхон" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида "Бухоро" бош мураббийи Александр Хомяков ўз фикрларини билдирди.

- Менинг назаримда, анча қизиқарли ўйин бўлди. Вазиятларга бой ўтди, деб айта олмайман, лекин умуман олганда, шиддати ва ҳиссиётларга бойлиги жиҳатидан ёмон ўйин бўлмади. Шунинг учун буни курашларга бой дуранг, дейиш мумкин. Биринчи таймда, албатта, бизда вазиятлар кўпроқ бўлди. Яхши кўриндик ва режага қатъий амал қилдик. Назаримда, режамизни бажара олдик. Рақиб қандай футбол ўйнашини билган ҳолда, кўплаб тўпни олиб қўйишларга эришдик. Рақиб майдонида анча кўп тўпни олиб қўйдик. Фақат сўнгги пас ва якуний зарба етишмади. Умуман олганда, биринчи таймни ёмон ўтказмадик. Иккинчи таймда Тодоровнинг четлатилиши, албатта, ўйин манзарасини бироз ўзгартирди. Лекин яна бир бор таъкидлайман: рақибга кўплаб вазиятлар яратиш имконини бермадик. Ўзимиз эса, асосан, аутлардан кейин хавфли вазиятлар яратишга ҳаракат қилдик. Ника Качаравада ҳам имконият бўлди — ўша вазиятда у бизга ғалаба келтириши мумкин эди. Энг муҳими, босимга дош бердик ва йигитлар яна бир бор ўз характерларини намойиш этишди. Албатта, ғалаба қозонишни хоҳлагандик. Аммо, умуман олганда, ёмон футбол кўрсатмадик ва курашларга бой дуранг қайд этдик.

- Владович ва Филипович жароҳатдан кейин сафга қайтишди, аммо уларни асосий таркибда кўрмаяпмиз. Родичнинг ўйинида ҳам бир неча учрашувдан бери пасайиш кузатилмоқда. Бунинг сабаби нимада?

- Ҳа, айрим жиҳатларда Сизга қўшиламан. Бугунги ўйинда ҳам қанот ярим ҳимоячиларимиз фаолроқ ҳаракат қилишларини истардим. Назаримда, айнан уларнинг ўйинида кескинлик етишмади. Шунга қарамай, Володя ҳам, Тимо ҳам вазиятлар яратишди. Айтганимдек, фақат якуний босқичда шошилишди ва имкониятлардан тўлиқ фойдалана олишмади. Икки ҳимоячимиз — Владович ва Филиповичга келсак, улар эндигина тикланишди. Ҳозир сафда ва ўйнашга тайёр. Аммо уларнинг позицияларида бошқа футболчилар ҳаракат қилмоқда. Улар ўз имкониятларини кутишяпти. Бу ерда ғайриоддий ҳеч нарса йўқ.

- Агар Доминик Бегич асосий таркибда, яъни Асадбек Жўрабоевнинг ўрнига майдонга тушса, ўз имкониятларидан тўлиқ фойдалана оладими? Ўтган йилги Доминик Бегични яна кўра оламизми?

- Билмадим, бунинг учун ҳали вақт бор. Ҳаммаси Доминикнинг ўзига боғлиқ, деб ўйлайман. У жисмоний жиҳатдан ёмон бўлмаган ҳолатга келиб олди. Унинг хоҳиши, ўзини кўрсатишга ва жамоадаги ўрнини исботлашга интилаётгани сезилиб турибди. Бу мени хурсанд қилади. Шунинг учун кутамиз. Олдинда яна бешта ўйин бор. Унинг майдондаги ҳаракатларини яна кўришингиз эҳтимолдан холи эмас.

- Жамоангиз чемпионатни қайси ўринда якунласа, мавсумни муваффақиятли ўтди, деб ҳисоблайсиз?

- Агар учинчи ўринни эгаллаб, келаси йили халқаро мусобақаларидан бирида иштирок этиш имкониятига эга бўлганимизда, мамнун бўлардим. Аммо бунинг учун "Нефтчи" кубокни ютиши, финалчилар ва "Пахтакор" билан боғлиқ натижалар ҳам биз кутганимиздек бўлиши керак эди. Ҳозирги вазиятда учинчи ўрин деярли ҳеч нарса бермайди. Шундай умидимиз бор эди ва шу сабабли учинчи ўрин мен учун қониқарли натижа бўларди. Мен жадвалга қараб ўтирмайман, ўз ишимизни давом эттиряпмиз. Зиммамиздаги масъулиятни ва бу ерда нима учун эканимизни яхши тушунамиз. Шунинг учун ҳар бир ўйинда бор кучимизни беришга ҳаракат қиламиз. Қайси ўринни эгаллашимиз эса ҳозир унчалик муҳим эмас.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›