Александр Хомяков: "Ўйиннинг кўп қисмини ҳимояда ўтказдик"

Aslanov Jasurbek
22 июл 2026, 00:49
Суперлига 13-туридан ўрин олган "Бухоро" – "Бунёдкор" (1:0) учрашувидан кейин "Бухоро" бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Қийин кечган баҳсда характер кўрсата олдик, бунинг учун йигитларга раҳмат. Шундай бўлдики, ўйиннинг кўп қисмини ҳимояда ўтказдик, рақиб жамоа тўп билан яхши муомалада бўлди. Ҳимояга алоҳида эътибор қаратганимиз туфайли гол ўтказмасдан мақсадимизга эришдик. Голдан кейин ҳам икки-учта вазиятга эга чиқдик. Яна бир бор футболчиларимизга раҳмат.

- Рақиб жамоа бош мураббийи молиявий муаммолар ҳақида гапирди. Бу борада сизнинг жамоангизда вазият қандай?

- Билишимча, ҳозир кўп жамоалар осон бўлмаган даврни бошдан кечиряпти. Стабил ҳолатдаги клублар ниҳоятда кам бўлса керак. Клубимиз раҳбарияти қўлдан келган жамоага ёрдам бериб келяпти. Раҳбарият клуб ҳақида қайғуряпти, бунинг учун алоҳида раҳмат айтсак арзийди. Ўз навбатида биз ҳам мутасадди кишиларни хурсанд қилишга ҳаракат қиляпмиз.

- Трансфер бозори ҳали очиқ. Жамоага янги футболчилар келиши мумкинми?
- Ҳозирча режамиз йўқ. Жароҳат олган футболчилар бор, уларнинг соғайишини кутяпмиз. Мураббий сифатида мен ҳам чизиқларни кучайтиришни хоҳлардим, лекин ҳозирги кунда трансфер сиёсати олиб бораётганимиз йўқ. Ҳар ҳолда ҳозирча вазият шундай.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia