Александр Головин Ўзбекистонга қарши ўйинни ўтказиб юборади

Aslanov Jasurbek
9 ноя 2026, 23:51
Россия миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Александр Головин жароҳати сабабли Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этмайди.

ТАСС агентлигининг хабар беришича, Франциянинг “Монако” клуби футболчиси жароҳати туфайли Россия миллий терма жамоасининг ноябрь ойидаги йиғинига қўшилмайди.

“Головин миллий терма жамоага келмайди. Унинг ўнг болдир мушагида жароҳат бор”, – деди агентлик манбаси.

Футболчининг агенти Александр Клюев ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади.

“Сашада жароҳат бор. У миллий терма жамоанинг ноябрь ойидаги йиғинини ўтказиб юборади. Тикланиш муддати бўйича ‘Монако’ тиббий штабидан маълумот кутяпмиз”, – деди Клюев.

Эслатиб ўтамиз, 30 ёшли футболчи 8 ноябрь куни Франция чемпионатининг “Ле-Ман”га қарши учрашувида (1:1) жароҳат олиб, 54-дақиқада алмаштирилган эди.

Головин Россия терма жамоасининг Ўзбекистон ва Венесуэлага қарши учрашувлар учун эълон қилинган таркибидан жой олганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон – Россия ўртоқлик учрашуви 12 ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” марказий стадионида соат 20:00 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: TACC