

Унда меҳмонлар устози Акмал Рустамов фикрларини билдирди.
"Ўйин жуда вазиятларга бой бўлди, "Насаф" билан учрашувдан сўнг бу баҳсга яхши тайёргарлик кўрган эдик. Қайси жамоа гол урса ютиб кетарди. Биринчи бўлимда 2-3 та голга тортадиган вазият яратдик. Охирги зарбани беришда оқсаяпмиз. Тақдир шу экан омад Наманганга кулиб боқди. Битта гол уриб ғалабани илиб кетди",- дейди Акмал Рустамов.
- "Қизилқум" охирги ўйинларда яхши ўйнамоқда. Лекин руҳий факторми, биринчи ва иккинчи бўлимдаги жамоада фарқ бўлди...
- Бу гапингизга қўшилмаган бўлардим. Жамоа руҳан яхши ҳолатда. Ўйиндан кейин оралиқ кам, йўл ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Биринчи бўлимдаги вазиятларни голга айлантирганимизда 1:0 ютишимиз мумкин эди. Омад "Навбаҳор" томонида бўлди.
- Ўзгартиришлар ўзини қанчалик оқлади?
- Ўзгаришларни айтсам, Никола Кумбурович ва Илҳом Ваҳобов жароҳат олган. Улар тиклангунга қадар ўзимизнинг ёшларга қўрқмасдан имконият берамиз. Мана шундай ўйинларда ўзларини кўрсатса, кейинчалик ҳам асосий таркибда ўринларини топиб кетишади.
- Легионерлардан қанчалик қониқдингиз?
- 3 нафар легионеримиз майдонда эди. Мен иккинчи бўлимда чарчоқ аломатини кўрдим. Умуман олганда қониқдим. Нафақат уларга балки ҳамма йигитларга раҳмат айтмоқчиман.
- "Навбаҳор"да мураббий ўзгариши режаларингизга қанчалик таъсир қилди?
- Бу табиий ҳолат. Футболда биринчи мураббий кетса, иккинчиси келади. Биз ўз ўйинимизни ўйнашимиз керак эди. Бунга мураббийнинг алоқаси бор ёки йўқ дея олмайман.
- Бу йилги чемпионлик кимга насиб қилиши мумкин?
- Ҳозир айтиш қийин. Олдинда 8 та тур бор. "Насаф" 2 та фронтда жанг олиб боряпти, уларга осон бўлмайди. "Нефтчи"да эса юклама камроқ. Шу боис аввалдан гапириш нотўғри бўлади.



