UZ

Сўнгги янгиликлар

21:37Мбаппе: "Мен Роналду изидан юрмоқчи эмасман"  0 21:11"Ал Иттиҳод" Евро-2024 кашфиётларидан бирини сотиб олишга яқин  0 20:54Мбаппенинг укаси ўзига янги жамоа топди  0 20:37"Бавария" клуби ўз ҳужумчисини сотиб юборди  0 20:30"Олимпик" - "Андижон" 0:1 (онлайн ҳисоб)  20 20:30Ўзбекистон кубоги. "Металлург" - "Сурхон" 0:1 (онлайн ҳисоб)  8 20:08"Астон Вилла" ҳимоячиси билан янги шартнома имзолади  0 20:02Футзал. ЖЧдан олдин Тошкентда Мираброр Усмонов хотира турнири ўтказилади  2 19:45"Штутгарт" спорт директори: Вальдемар Антон Евро-2024дан кейин жамоадан кетади  2 19:26"Аякс" Нуну Тавареш билан шартнома имзоламоқчи  0 19:01Саутгейт Швейцарияга қарши ўйинда Англиянинг тактикасини ўзгартириши мумкин  0 18:39"Милан" "Тоттенхэм" ҳимоячси билан келишиб қўйди  0 18:16Расман: Зелинский "Интер"га ўтди  1 17:50"Насаф" – "Навбаҳор" тўқнашувида қўпол хатолар бўлди. 13-тур ва 5-турнинг қолдирилган ўйинларида реферилар қабул қилган баҳсли қарорлар таҳлили  11 17:32"Хетафе" "Реал" тарбияланувчиси билан шартнома имзолаши мумкин  0

Абдуҳамидулло Расулов: "Футбол ўйнаганимда ҳакамлар билан кўп баҳслашардим" Янгиликлар

Абдуҳамидулло Расулов: "Футбол ўйнаганимда ҳакамлар билан кўп баҳслашардим"

Осиёнинг беш карра энг яхши рефериси Равшан Эрматовнинг бугунги даражасига етишишида устоз ва мураббийлари, ўзининг ҳаракати ҳамда истеъдодидан ташқари майдондаги ёрдамчиларининг ҳам ўрни, роли катта.

Уларнинг тўғри қарор чиқариши натижасида Эрматов бригадасига юқори баҳо қўйилмоқда ва бу бригадага энг масъулиятли ўйинлар ишониб топшириляпти. Қуйида эътиборингизга Равшан Эрматовнинг қанотдаги ёрдамчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Абдуҳамидулло Расулов билан уюштирган суҳбатимизни ҳавола қиламиз.

- Абдуҳамидулло ака, сиз билан эрта тонгда суҳбатлашяпмиз. Шахсан сиз тонгни қандай ўтказасиз, кун тартибига риоя қиласизми?
- Ҳар бир спортчида бўлгани каби мен ҳам тонгни бадантарбия машғулотларини бажариш орқали қарши оламан. Оила аъзоларим билан бир дастурхон атрофида нонушта қиламиз. Нотуштадан кейин ҳамма ўз иши ва юмушига отланади. Фарзандларимни боғча ва мактабга олиб бориш менинг зиммамда. Шундан сўнг собиқ “Ёшлик” стадиони (собиқ “Старт”)га тўлақонли машғулотларни ўтказиш учун йўл оламан. Кўпинча машғулотларни Равшан Эрматов билан бирга ўтказамиз. Бу борада бизга мураббийларимиз ёрдам беришади. Улар асосан жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдам беришади. Ҳакамларнинг машғулоти футболчиларникидан бироз фарқ қилади. Футболчилар рақибга қараб мураббийлар штаби томонидан ишлаб чиқилган тактика асосида машғулотларни ўтказишади. Бизда асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилади. Ҳакамлик қиладиган жамоаларимиз, ундаги футболчиларни эса назарий машғулотимизда ўрганиб, таҳлил қиламиз.


- Ҳакамликка ўтишингиздан аввал худди Равшан Эрматов каби сиз ҳам футбол ўйнагансиз. Келинг, ўқувчиларимизга шу ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
- Футболга кириб келишимга Равшан Эрматовнинг дадаси Сайфиддин Эрматов сабабчи бўлганлар. Уйимизга яқин ҳудудда собиқ Островский боғи бўларди. Шу боғ ҳудудидаги майдонда маҳалладаги тенгқурларимиз билан тўп тепиб юрардик. Шу ўйинларимизга кузатиб юрган Сайфиддин ака ўзлари “Пахтакор” футбол мактабига олиб борганлар. Шу тариқа, Равшан иккимиз профессионал тарзда футбол билан шуғуллана бошладик. Бир жамоада ўйнадик.

- Маълумки, Равшан Эрматов 15 ёшидаёқ ўша пайтда 1-лига жамоаси бўлган “Ғазалкент” асосий таркибида ўйнаган. Эрматов ҳар икки қанот ярим ҳимоясида бирдек ўйнай олган. Сиз қайси чизиқда ҳаракат қилгансиз?
- Мен таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўйнардим. Кейин баъзида мураббийларимиз вазиятдан келиб чиқиб ўнг қанотга ҳам қўйишарди.

- Футболчиликни ташлаб, ҳакамликка ўтишингизга нима сабаб бўлди?
- Равшанда бўлгани каби менга ҳам жароҳат панд берган. 1993 йили жиддий жароҳат олишим натижасида тиззамни операция қилдирганман. Шунга қарамай, яна 5-6 йил футбол ўйнадим. Лекин барибир жароҳат ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Шундан сўнг Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим. 1997 йили менинг олдимда иккита йўл турганди. Ёки мураббийликни фаолиятини бошлаш ё бўлмаса ҳакамлик. Шу икки касбдан бирини танлашим керак эди. Бу ҳолатда ҳам мураббийим Сайфиддин Эрматов ёрдам келдилар. Аниқроғи, у киши ҳакамлик қилишим ва бу соҳада ютуқларга эришишимга кўзлари етаётганини айтдилар. Очиғи, ўзим футбол ўйнаб юрган пайтларимда нуқул ҳакамлар билан кўп баҳслашардим. Шуни инобатга олиб, Сайфиддин акага мендан ҳакам чиқмаса керак, ўзим ҳакамлар билан жуда кўп баҳслашардим, деб айтдим. Тўғриси, мендан ҳакам чиқишига ишонмасдим. Шунда мураббийим қўлимга ҳуштакни бериб, қани ҳакамлик қилиб кўрчи, агар ўзингга ёқса, ҳакамлик фаолиятини бошлайсан, маъқул келмаса мураббийлик йўлидан кетасан, дедилар. Ёшлар жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳакамлик қилдим. Муваффақиятли чиқади, деб сира ўйламагандим. Ҳакамлик соҳаси менга жуда ёқиб қолди ва ўзим учун бир пайтлар ёқмаган касбдаги фаолиятим бошланди. Ҳакамларга қанчалик қийин эканлигини тушуниб етдим. Бошланишига бош ҳакам вазифасини бажардим, кейин ёрдамчи ҳакам сифатида фаолиятим давом этди. Маълумки, 2008 йилгача ён ҳакамлар ҳам бош ҳакам вазифасини бажариши мумкин эди. Масалан, бугун рефери ассистенти вазифасини бажарсам, кейинги ўйинда бош ҳакам сифатида жамоаларни майдонга бошлаб тушардим. 2008 йилдан бу икки ҳакамлик алоҳида йўналиш сифатида шаклланди. Шунда мен қанот ҳакамлигини танладим.


- Нисбатан бош ҳакам сифатида танилиш осонроқ. Нима учун айнан қанот ҳакамлигини танладингиз?
- Ёрдамчи ҳакам сифатида ҳам танилишингиз мумкин. Майдондаги масъулият уччала ҳакамга ҳам бирдек тушади. Ёрдамчи ҳакамларнинг мажбурияти бош ҳакамникига нисбатан камроқ бўлади, деган тушунча нотўғри. Шундай ҳолатлар бўладики, сиз чиқарган қарор учрашув тақдирини белгилаб беради. Бундай вазиятлар жуда кўп бўлган. 2010 йилги жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов бригадаси бошқарган ўйинда худди шундай ҳолат юз берганди. Ўшанда Рафаэль Илясов чиқарган қарор туфайли ўзбекистонлик ҳакамлар бригадасига бўлган ишонч ортиб кетган эди.   

- Сўнгги пайтларда, хусусан Ўзбекистон чемпионатида ҳам жарима майдончаси ичида қўл билан ўйнаш натижасида кўплаб баҳсли пенальтилар белгиланяпти. Сиз ФИФА реферисисиз. ФИФА томонидан ўтказиладиган семинарларда бундан ҳолатларга қаттиққўлроқ муносабатда бўлиш, оддий ҳолатда ҳам 11 метрли жарима зарбаларини белгилайвермаслик бўйича сизларга кўрсатмалар бериляптими?   
- Ҳақиқатан ҳам, бундай ҳолатлар сўнгги пайтларда жуда кўп учраяпти. Семинарларда бу каби вазиятларга алоҳида тўхталинади. Дискларга туширилган ўйинлардаги кўплаб шунга ўхшаш вазиятлар таҳлил қилинади. Энди тўпни қўлга табиий ҳолатда келиб тегиши бор. Бунда футболчи қўлидан олиб қочишга улгурмайди. Шундай ҳолатларда ҳам пенальти белгилаётган вазиятлар учраб туради. Баҳс-мунозаралар шундан келиб чиқяпти. Агар футболчи атайин дарвоза томон кетаётган тўпни қайтариб қолса, унда юз фоизлик жарима зарбаси белгиланади.

- Қанот ҳаками ҳам пенальти белгилай оладими?
- Белгилай олади. Шундай вазиятлар бўладики, жарима майдончасидаги ҳолат бош ҳакамдан кўра ён ҳакамга яхшироқ кўринади. Футболчи бош ҳакамнинг кўришига ҳалақит бериб қолиши мумкин ёки рефери вазиятдан узоқроқда бўлади. Бундай ҳолатларда ён ҳакамнинг қарори ва кўрсатмаси биринчи ўринга чиқади.  


- Футболдаги баҳсли ҳолатларда видео такрорлардан фойдаланиш керакли мавзу ҳам жуда кенг муҳокама қилинди. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?
- Бугунги кунда футбол жуда ҳам тезлашиб кетди. Табиийки, бундай ҳолларда ҳакамлар учун қарор қабул қилиш бироз мушкуллашади. Қўшимча техник воситалар эса ҳакамларнинг ишини қайсидир маънода енгиллаштиради. Мана Англияда тўпнинг дарвоза чизиғини кесиб ўтган ёки ўтмаганлигини кўрсатиб берувчи мосламадан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу ўз мевасини беришни ҳам бошлади. Тўп чизиқни кесиб ўтган пайтларда гол инобатга олинмаган ҳолатлар кўпайиб кетганди. Бунинг натижасида терма жамоалар, клублар азият чекаётганди. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2014 саралаши доирасидаги Эронга қарши “Жар” стадионида ўтказилган учрашувда Одил Аҳмедовнинг голи инобатга олинмаганди. Янги технология натижасида бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинади. Афсуски, ҳозирча бу технологиялардан ҳамма давлатларда ҳам ва ҳамма мусобақаларда ҳам фойдаланишнинг имкони йўқ. Энди видео такрорга келадиган бўлсак, шахсан мен бунга қаршиман. Чунки, бунинг натижасида футболнинг жозибаси йўқолади. Ҳар бир баҳсли ҳолат учун ўйинни тўхтатиб, видео такрорга мурожаат қилинаверса, ўйиннинг жозибаси қолмайди. Қолаверса, учрашув вақти ҳам чўзилиб кетади. Футбол дунёда биринчи рақамли спорт тури. Бугунги кунда бу спорт турини миллионлаб эмас, миллиардлаб инсонлар томоша қилишяпти. Хоккейга ўхшаб ўйин давомида видео такрорларни томоша қилишга вақт сарфлаш футболга хос ҳолат эмас. Тўғри, футбол хатолардан ҳоли эмас. Ким ҳам хато қилмайди. Мураббий ёки футболчиларда хато йўқми? Хато қилишдан ҳеч ким кафолатланмаган. Месси, Роналду каби футбол юлдузлари ҳам хатога йўл қўйишади. Яқин масофадан ёки пенальтидан гол ура олишмайди. Бу ҳам футболнинг бир бўлаги. Масалан бир ўйинда 40та қоида бузилиши қайд этилса, шундан 2-3тасида ҳакам ўзи истамаган ҳолда нотўғри қарор чиқариши мумкин. Бу бугунги жадал суратларда ривожланаётган ва юқори тезликка эга бўлиб бораётган футболимиз учун нормал ҳолат бўлса керак. Тўп 50-60 метр масофага икки сония ичида етиб боради. Ҳакам ана шу тезликка монанд қарор қабул қилиши керак. Шу ўринда мухлислар ҳам тезда қарор чиқармасдан, бироз мулоҳаза юритишларини истардим.


- Ўтган йили Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионати сизнинг фаолиятингиздаги энг ёрқин дамлар бўлди. Ўша мундиалда Равшан Эрматов ЖЧнинг жами 9та учрашувида ҳакамлик қилиб, бу борадаги дунё рекордини янгилади. Шахсан сиз учун қайси ўйинлар алоҳида ёдда қоларди бўлди?
- Мен учун ҳар бир учрашув қадрли. Жаҳон чемпионати ўйиними, ўзимизнинг миллий чемпионат учрашувими, бунинг аҳамияти мен учун бир хил. Барча ўйинларга катта тайёргарлик кўрамиз. Энди албатта, ҳар бир ҳакам учун жаҳон чемпионати бу орзудаги мусобақа. Унда иштирок этишни хоҳламаган ҳакам бўлмаса керак. Майдонга чиқишдан аввал Ватан шаъни, унинг обрўсини ўйлайсиз. Биргина йўл қўядиган хатоингиз туфайли сизнинг мамлакатингиз футболи, ҳакамлиги ҳақида салбий фикрлар билдирилиши мумкин. Бу жуда катта масъулият ва жавобгарликни талаб қилади. Кейин майдонга тушган пайтда стадиондаги мухлисларга эътибор қаратмаймиз. Акс ҳолда 60-70 минг мухлиснинг ҳаяжони босиб кетади. Юқорида айтдим, мен учун ҳар бир учрашувнинг аҳамияти юқори. Лекин ЖЧ-2014да бошқарган энг сўнгги ўйинимиз - Голландия - Коста-Рика учрашувини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Жаҳон чемпионати кашфиёти бўлган Коста-Рика терма жамоаси 4та бўлим давомида голландларга муносиб тарзда қаршилик кўрсатганди. Ўша ўйин ғолиби асосий вақтда аниқланмаган ва қўшимча бўлимларгача чўзилганди.

- Финал ўйинини ўзбекистонлик ҳакамлар бошқаришини жуда кўпчилик кутганди. Лекин ФИФА ҳакамлар қўмитасининг қарори бундай бўлмади. Ўша пайтда сизларда тушкун ҳолат юзага келмадими?
- Финални Розетти бошчилигидаги италиялик ҳакамлар бригадаси бошқарди. Финалга Европанинг икки терма жамоаси чиққанидан кейин сиз айтгандек, кўпчилик мутахассислар финал ўйинини айнан Равшан Эрматов бригадаси бошқаради, деган фикрларни билдира бошлаганди. Лекин ФИФА ҳакамлар қўмитасининг қарори бундай бўлиб чиқмади. Бундан кўпам ҳафа бўлмадик. Ҳали олдинда Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати бор. Насиб қилса, ўша мундиалда финал ўйинини бошқарармиз.

- ФИФА ва ОФК байроғи остидаги нуфузли ўйинларни бошқариб келганинглардан кейин ўзимизнинг ички чемпионат учрашувларига тайёргарлик кўришда ҳотиржамликка берилиш ҳолатлари кузатилмайдими?   
- Йўқ. Юқорида ҳам айтдим, биз ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўрамиз. Ўйин танлаш ҳолатлари бизда умуман йўқ. Бир хилда ёндашамиз. Ҳар бир ўйнимиздан кейин учрашув дискини қайта кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз. Қаерда хатоликка йўл қўйдик, ноҳақ пенальти белгиладикми ёки сариқ карточкани нотўғри бердикми, деган саволларга жавоб излаймиз. Бу ўйинни бошқардим, бўлди энди кейингисига тайёрланаман, деган нарса йўқ. Ҳар бир бошқарган ўйинимиз қайта муҳокама қилинади. Хатоимиз бўлса, кейинги ўйинларда такрорламасликка ҳаракат қиламиз.


- Фарзандларингизнинг спортчи бўлишини истармидингиз?
- Санъатда бўлгани каби спортнинг ҳам нонин ейиш қийин. Энди фарзандларим ўзлари истаган соҳани танлашлари учун имконият яратиб берганман. Агар футболни танлашса, бундан хурсанд бўламан. Тўнғич ўғлим Умаржон ҳозирда футбол мактабига боряпти. Футболчи бўлиш истагида. Катта қизим эса гимнастика билан шуғулланяпти. Қайси соҳани танлашмасин, юртимизга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб вояга етишларини чин дилдан хоҳлайман.

- Куни кеча 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунини кенг нишонладик. Шу ўринда устоз ва мураббийларингизга тилакларинг бўлса, билдиришингиз мумкин.
- Фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимга миннатдорчилик билдираман. Шу даражага етишимда уларнинг хиссалари жуда катта. Мактабда илк алифбони ўргатиб, тўғри йўл кўрсатган устозларимга, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил берган мураббийларимга, футболчилик ва ҳакамлик фаолиятимда менга шу соҳа сир-асрорларини ўргатган инсонларга ташаккур изҳор қиламан. Ҳеч қачон касал бўлишмасин. Мураббийлик машаққатли ва шу билан бирга шарафли касб. Ана шу захматли йўлда ҳормай, толмай меҳнат қилишлари ва шу меҳнатлари роҳатини шогирдлари камолоти орқали кўриб юришларини чин дилдан истайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди 

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика