Баскетбол терма жамоасига чақирилган, балиқли майдонда тўп тепган ҳамда Жек Читтак мухлиси бўлган "Бухоро"нинг янги легионери билан танишамиз
16 янв 04:00
Янгиликлар
Баскетбол терма жамоасига чақирилган, балиқли майдонда тўп тепган ҳамда Жек Читтак мухлиси бўлган "Бухоро"нинг янги легионери билан танишамиз
Мураббийларни бемаҳал безовта қилган ҳимоячи фаолияти ҳақидаги қизиқарли маълумотларни мутолаа қилишингиз мумкин.
Велко Филипович 1999 йил 11 октябрда Сербияда таваллуд топган. Фаолиятини маҳаллий "Борац Чачак" клубида бошлаган. Кейинчалик Сербиянинг "Явор", "Синжелич" жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
12 ёшимда машғулотларга жиддий кириша бошлаганман. Ака-укаларим футболчи эди, шунинг учун мен ҳам уларнинг орқасидан кетдим. Баскетбол билан ҳам шуғулланганман, ҳатто миллий жамоа йиғинларида бўлганман. Аммо футболни кўпроқ ёқтирардим ва келажакда ўзимни яшил майдонда тасаввур қилардим.

20 ёшида унинг фаолиятида туб бурилиш рўй бериб, Таиландга йўл олган ва "Аюттхая Юнайтед", "Патхум Юнайтед", "Чиангмай", "Накхонпатхом", "Районг" клубларида тўп тепган.
Она юртимда айрим қийин вазиятлар бўлган. Биринчи лигага чиққанимизда мураббийнинг тактикаси ва қарорларидан норози эдим. "Партизан"га қарши ўйинда ягона соғлом марказий ҳимоячи бўлсам ҳам, захирада қолдиришди. Кейин COVID бошланди ва Корея учинчи лигаси ҳамда Таиланд иккинчи лигасидан таклифлар бўлди. Собиқ мураббийим Таиланд услуби менга мос келишини айтди. Мен 20 ёшда эдим ва шунчаки янги саҳифа очишни истадим.
Сербиядаги жамоамда уч нафар кореялик футболчи бор эди. Улардан бири илгари Таиландда ўйнаган. У менга бу ердаги ўйин услуби – индивидуаллик ҳамда тезлик менга жуда мос келишини айтди. Таклиф келгач, Таиландда ўйнаган дўстларим билан маслаҳатлашдим. Улар ҳам бу ер мен учун яхши жой эканини айтди.
Боришдан олдин лига, клублар, трансфер бозорини ўргандим. Дўстим менга ўйинларни кўрсатди, айниқса "Аюттхая" ҳақида маълумот берди, чунки айнан ўша ерга кетишим керак эди. Ҳатто бироз тай тилини ҳам ўргатди. Ўша пайт Австрия иккинчи ва Кореянинг учинчи лигаларидан таклифлар бор эди. Лекин "Аюттхая"да шартлар яхшироқ эди. Осиёга келишни истагандим, шунинг учун Таиландни танладим.

Таиландга илк бор келганимда, COVID даври ҳукм сураётган эди, шунинг учун икки ҳафта карантинда қолишимизга тўғри келган. Лекин ўшанда ҳаво намлиги Сербияга нисбатан анча юқори эканлигини дарҳол сезганман. Мослашишимдаги энг қийин жиҳат айнан шу бўлди.
Филипович "Чиангмай" сафида салмоқли из қолдирди – 59 та ўйин, 7 та гол. У кўп ҳолларда жамоа сардори сифатида майдонга тушган ва ҳимояда жамоанинг асосий таянчи бўлган. Бироқ пай бўғимларининг қаттиқ жароҳатланиши оқибатида бир муддат майдондан ташқарида бўлди. Футболчининг айтишича, тикланиш учун одатдагидан кўпроқ ҳаракат қилган.

Эҳтимол, бу ишим билан мураббийларни бироз зериктиргандирман. Одатда машғулотлар соат 16:00 ёки 16:30 да бошланарди, лекин мен эрталаб соат 8:00 да қўнғироқ қилиб: "Соат 9:00 да залга кетяпман, назорат қилмоқчи бўлсангиз, келинг", дердим. Физиотерапевт ва жисмоний тайёргарлик мураббийи мен билан бирга келишарди. Бу ишни ҳар куни қилардим. Кундузи тикланиш машқлари, жамоа билан машғулот, кейин эса сузиш. Агар физиотерапевт бўлмаганида, тикланишим икки баробар узоқ давом этарди.

Таиландда қизиқарли воқеалар кўп бўлган. Ёмғирли мавсумда бир ўйин эсда қолган, ўшанда майдонни шу қадар сув босдики, ҳакам учрашувни тўхтатишга мажбур бўлди – атрофда ҳатто балиқлар суза бошлаган эди.
Майдон ташқарисида эса энг қизиқ ҳодиса таиландликларнинг Янги йил байрами бўлди: бу жараёнда бутун мамлакат бўйлаб одамлар бир-бирини сув тўлдирилган пистолетлар ва челаклар билан "чўмилтиради".
2026 йилнинг январида "Бухоро" билан шартнома имзолади. Марказий ҳимоячи позициясида фаолият олиб борадиган футболчининг бўйи 1,97 метрни ташкил қилади.

Бўй-бастим ўйинимда жуда катта омил ҳисобланади. Худога шукр, ҳозиргача бу устунликдан яхши фойдаланиб келяпман, шунинг учун стандарт ҳолатларда доим эътибор менга қаратилган. Лекин вақт ўтиши билан қийинлашиб боряпти, чунки бошқа жамоалар ҳам менинг ҳаракатимни чеклаш учун махсус ечимлар ўйлаб топишяпти. Шунга қарамай, ҳаводаги тўплар учун курашда кўрсаткичларим яхши, аммо уни янада яхшилаш устида ишлашда давом этяпман.

Футбол – ҳиссиётлар ўйини. Бу спорт турида бир дақиқада ҳамма нарса ўзгариши мумкин. Шунинг учун уни севишади. Футбол бу – ҳаёт.
Севимли футболчиси: Неманья Видич
Севимли клуби: Манчестер Юнайтед
Севимли ичимлиги: Қаҳва
Севимли фильми: Кариб денгизи қароқчилари
Севимли қўшиғи: Eminem – "Lose Yourself"
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
Испания кубоги. "Барселона" "Атлетико"ни йирик ҳисобда ютган ўйинда мадридликлар финалга йўл олди
Ҳамдамовга аталган оқшомда "Пахтакор" "Қўқон-1912"ни сафарда қийинчилик билан енгди
Умид Ҳамроев учрашув қаҳрамони бўлган баҳсда "Бухоро" "Навбаҳор"ни меҳмонда мағлуб этди
"Атлетико"ни йирик ҳисобда мағлуб этиб, кубокдан чиқиб кетган Флик нималар деди?
Фикрлар