"Куз-баҳор тизимига ўтишга аслида тайёрмизми?" — Жафар Ирисметов билан интервью

Iskandarov Abdulaziz
18 окт 2026, 20:32
Ўзбекистон футболининг таниқли вакили, тажрибали мутахассис ва собиқ ҳужумчи Жафар Ирисметов охирги вақтларда юртимиз ва халқаро майдонда кечаётган муҳим жараёнлар атрофида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— "Каттақўрғон"даги фаолиятингиз қисқа кечди. Аввало, ушбу давр ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз. Жамоада бу йил 3 та мураббий ўзаро ўрин алмашди...

— "Каттақўрғон"га бориш-бормаслик ҳақида 2 ойдан ортиқ ўйландим. Мен учун нотаниш лига эди: на футболчиларни, на яратилган шароитларни билардим. Клуб президенти билан музокара ўтказиб, жамоани бир ой давомида ўргангач, аҳвол ҳақиқатан ҳам мураккаблигига амин бўлдим.

Келганимдан сўнг анча ишларни тартибга солдик. Натижаларимиз ёмон эмасди, боз устига, жамоага селекция ишлари якунланиб, таркиб тўлиқ шаклланиб бўлган маҳалда келдим. Биринчи даврада максимал ҳаракат қилиб, иккинчи даврада таркибни янада кучайтиришни ва Суперлигага чиқишни мақсад қилгандик. Бироқ айрим сабабларга кўра бу режамиз амалга ошмади.

Ёрқин Назаровнинг кетиш сабабини тушунмай қолдим — жамоа 7 та ўйинда 14 очко жамғариб турганди. Кубокдаги мағлубиятдан сўнг мураббий ўзгартирилди. Юрий Уткульбаевнинг тайинланиши эса мен учун ҳам кутилмаган сюрприз бўлди. Ким ва нима мақсадда уни олиб келганини тушунмадим. Натижани эса барча кўрди, унинг номзоди қаердан пайдо бўлганидан ҳануз бехабарман.

Айни пайтда жамоани Илёс Зейтуллаев бошқармоқда ва фикримча, бу жуда тўғри танлов. Ўйлайманки, Зейтуллаев "Каттақўрғон"ни максимал даражада юқорига олиб чиқа олади.

— Мутахассис сифатида айтинг-чи, Пролигадаги сифат, жамоаларнинг ўйини ва уларнинг сони ортгани самарадорлик жиҳатдан қай даражада ўзини оқлади?

— Пролигада ишлаш мен учун янги тажриба бўлди. Албатта, Суперлигада шароит ва савия умуман бошқа даражада. Бироқ Пролига ҳам аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада кучайган. Тўғри, айрим жамоаларда оқсоқланиш кузатилаётгани табиий ҳол, ҳамма бир хил савияда бўлолмайди. Кейинги мавсумларда клублар мавжуд камчиликларни тўғирлаб, янада кучайишади деб ўйлайман.

Энг қувонарлиси, Пролигада ёшларга имконият кўпроқ бериляпти ва улар ўзларини кўрсата олишяпти. "Республика ФА", "Ғазалкент", "Яйпан" каби жамоаларнинг аниқ мақсади бор — ёшларни катта футболга тайёрлаб бериш. Бундай клублар кўпайса, футболимиз учун фақат фойда. Суперлигага ўта олмай, ўринбосарлар таркибида қолиб кетаётган ёшлар учун бу жуда яхши имконият. Умуман олганда, янги форматдаги биринчи йил ёмон ўтмаяпти.

— Суперлига баҳсларини кузатиб боряпсизми? Бу йилги чемпионлик имкониятлари ва жамоаларнинг иштироки борасида фикрларингиз қандай?

— Илгари ўзим Суперлигада ишлаганим учун футболчиларнинг 70-80 фоизини яхши биламан. Аслида, Суперлига даражасидаги ўйинчини Пролигага жалб қилиш осон эмас.

Суперлигани, албатта, кузатиб боряпман. Чемпионлик учун "Нефтчи" ва "Пахтакор" охиригача кураш олиб боради. "Навбаҳор" ҳамда ОКМК эса бронза медаллари учун курашмоқда. "Навбаҳор"да ҳам чемпионлик амбициялари бор, аммо муайян вазиятларда жамоа оқсоқланиб қоляпти. Шунга қарамай, улар ўйин сифати борасида анча ўсишга эришди. Тимур Кападзе бор эътиборини кубок ва чемпионликка қаратган.

"Пахтакор" ва "Нефтчи" эса бирданига учта фронтда кураш олиб бормоқда. "Нефтчи"нинг тажрибаси бундай тиғиз тақвимда барқарор ўйнашга етадими-йўқми — бу сўроқ остидаги масала. "Пахтакор" эса бундай босимларга аллақачон тобланган. Жамоалар ўртасидаги чемпионлик пойгаси жуда қизиқ кечади.

photo_2026-10-18_20-30-00.jpg

— Чемпионатнинг "куз-баҳор" тизимига ўтказилишига муносабатингиз айнан қандай? Халқаро тажрибангиздан келиб чиқиб бунга қайси мезонлар асосида баҳо берасиз?

— "Куз-баҳор" тизимига ўтиш борасида энг асосий савол шу: биз бунга қанчалик тайёрмиз?

Биринчидан, майдонларимизнинг ҳолати ҳануз талаб даражасида эмас. Иккинчидан, қишки танаффусни қандай ва қаерда тўлдирамиз? Ёзда эса клублар селекция ишларини қай тартибда олиб боради? Чунки вақт жуда қисқа бўлиб қолади.

Бизнинг шароитимизда барқарор ташкиллашган клублар сони бармоқ билан санарли. Кўпчилик жамоаларда ҳар йили 10-15 тадан футболчи алмашади. "Куз-баҳор" тизимига ўтишдан олдин пухта тайёргарлик кўриш ва жуда кўплаб омилларни ҳисобга олиш лозим.

— Клубларимиз Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этмоқда. "Пахтакор"нинг Саудия грандларидан очко олишида мутлақ руҳий тайёргарлик роль ўйнадими ёки бошқа омиллар ҳам мавжудми?

— "Пахтакор" Элит ОЧЛда ҳар йили мунтазам иштирок этиб келмоқда. Лекин 1 очко олганимизга ҳаддан ташқари хурсанд бўлишимиз керак эмас. Тўғри, рақибларнинг бюджети жуда катта, таркибида жаҳон даражасидаги юлдузлар бор. Аммо биз улардан тўлиқ устунлик қилиб очко тортиб олаётганимиз йўқ.

"Пахтакор"нинг сўнгги ўйинини олсак, "Ал-Қодисия" исталган дақиқада ўйин суръатини ошира олди. Биз майдонда максимал кучимизни бериб ўйнаган бўлсак, улар бемалол ҳаракат қилишди.

"Нефтчи"га келсак, улар ОЧЛ учун алоҳида футболчиларни таклиф этди ва умуман олганда ёмон таассурот қолдирмаяпти. "Ал-Наср"га қарши ҳам муносиб қаршилик кўрсата олишди. Улар анча йиллик танаффусдан сўнг яна шундай нуфузли турнирга қайтишди. "Насаф" ҳам чакки ҳаракат қилгани йўқ, фақат ўз хатолари эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

— Миллий терма жамоамизнинг сўнгги йиғинларда Сурия, Эрон ва Жанубий Кореяга қарши ўтказган ўйинлари сизнинг нигоҳингизда нимаси билан ёдда қолди? Таркибнинг ёшартирилаётган жараёнини қандай баҳолайсиз?

— Терма жамоамизда ўсиш жуда катта. Ҳозир Эрон билан бемалол тенгма-тенг ўйнаяпмиз, Сурияни эса хотиржам мағлуб этмоқдамиз. Жанубий Корея билан баҳсда ҳам ёмон футбол кўрсатмадик, фақат индивидуал хатолар панд берди.

Таркибнинг ёшартирилаётганига жуда ижобий баҳо бераман. Масалан, Беҳруз Каримов жамоага жуда тез киришиб кетди. Келажакда — навбатдаги Жаҳон чемпионати саралашида барибир авлодлар алмашинувига дуч келамиз. Ёшларни ҳозир синовдан ўтказиб олмасак, қачон кўриб оламиз? Менимча, таркибга янада кўпроқ ёшларни жалб этиш лозим. Ҳозирги терма жамоанинг ўйини кўпчиликка манзур бўлмоқда.

519926.jpg

— Россиялик тажрибали мутахассис Гаджи Гаджиев Пролиганинг "Ғазалкент" клубида иш бошлашга яқин турибди. Сиз ушбу мураббий билан 2003 йили "Анжи"да бирга фаолият юритгансиз. Гаджи Муслимович ҳақидаги таассуротларингиз ва ушбу тайинловнинг "Ғазалкент" учун аҳамияти ҳақида тўхталсангиз...

— Гаджи Муслимович билан 2003 йили "Анжи" клубида бирга фаолият юритганман. Ёшини эътиборга олмасак, у жуда кучли мутахассис ва ажойиб психолог. Футболчиларни руҳан руҳлантиришни ва уйғотишни жуда яхши билади. Агар тажрибасидан тўғри фойдалана олсак, нафақат "Ғазалкент"га, балки бутун футболимизга катта нафи тегади.

Гаджиевни айнан қайси йўналишга олиб келишганини билмадим-у, лекин "Ғазалкент" учун чин дилдан хурсандман. Менга бу клубнинг иш юритиш тизими манзур бўляпти: ёшлар билан ишлаш, витаминлаштириш, хориж йиғинлари ва майдонда кўрсатаётган ўйини. Агар жамоа шу суръатда давом этса, яқин йилларда бемалол Суперлигага чиқа олади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia