Хоразмлик ёш футболчиларга эҳтиром кўрсатилди
16 ноя 2017 14:36
Новости
Хоразмлик ёш футболчиларга эҳтиром кўрсатилди
Зеро, воҳалик ёшлар 2015 йили Бухоро шаҳрида уюштирилган Ўзбекистон чемпионатида фахрли учинчи ўриндан жой олишган.
Орадан бир йил ўтиб, Урганч шаҳрида ташкил этилган мусобақада республика чемпионлигини қўлга киритишди. Албатта, жорий йил ҳам муваффақиятдан мустасно бўлмади.
Нукус шаҳрида ниҳоясига етган 2004 йилда туғилган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон биринчилигида асоси Урганч шаҳридаги спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиларидан ташкил топган Хоразм вилояти терма жамоаси бронза медали соҳибига айланди.
Умуман, мазкур спорт мактабидан 13 нафар, Урганч олимпия захиралари коллежи мактаб-интернатидан 4 нафар, 5-сон футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатдан 1 нафар тарбияланувчи терма жамоа таркибидан ўрин олди.
Ўз навбатида мусобақада учинчи ўринни эгаллаб қайтган вилоят терма жамоаси Урганчда муносиб кутиб олинди. Шу муносабат билан вилоят марказидаги “Ёшлик” спорт мажмуаси ўйингоҳида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Хоразм вилояти футбол федерацияси биринчи вице президенти Равшан Атажонов, СЎЕАИБЎСМ директори Жамоладдин Абдуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, ёш “чарм тўп” ўйини усталарини эришган ютуқлари билан қизғин қутлашди, уларнинг келгуси фаолияти янада ёрқин бўлишини тилашди.
Ишончимиз комилки, ёш футболчиларга кўрсатилаётган бундай эҳтиром, уларнинг маънавиятини бойитиб, ўз устида янада жиддий шуғулланишга, бунинг баробарида, тажрибали футболчи бўлиб вояга етишига хизмат қилиши турган гап.
Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ
Комментарии