Витиньяга аталган оқшом, Мбаппедан покер, "Интер"нинг илк мағлубияти ва "Спортинг" ТОП-8да
27 ноя 14:40
Новости
Витиньяга аталган оқшом, Мбаппедан покер, "Интер"нинг илк мағлубияти ва "Спортинг" ТОП-8да
Грек ланъати ортда қолдими?
Ҳали бирор марта ғалаба билан ортга қайтмаган Грецияга йўл олишдан аввал "Реал" ошқозонидаги муаммолари туфайли Куртуасиз қолишди. Етмаганига бу мавсум ҳали расмий учрашувда майдонга тушмаган Лунин тезкор гол ўтказиб юборди. Ажойиб комбинацияни Шикиньё жарима майдончаси ташқарисидан яқин бурчакка ажойиб зарба билан якунлади ва мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ иккита ўйинда ғалаба қозона олмай, Ла Лигадаги устунлигини ҳавога совурган "қироллик клуби" инқирозини давом эттиришнинг имкони бўлмади. Бунга Мбаппе йўл қўймади. Маълум бўлдики, "Реал" ҳеч бўлмаса бешинчи уринишда "Олимпиакос"ни таслим этиши учун айнан француз етишмаётган экан.
Килиан етти дақиқадан камроқ вақт ичида хет-трик қайд этиб, ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйгандек эди, аммо... Аввалига Винисиус Жуниорнинг ажойиб узатмасидан кейин Килиан ҳимоячилар тақибидан қочишни уддалади, буни аввалдан пайқай олган Винни эса Модричдан ўрганганларини амалда намойиш этиб берди. Кейинги вазиятда Мбаппе узоқ давом этган ҳужумда Арда Гюлернинг ўнг қанотдан ҳаводан узатган тўпини боши билан дарвоза тўрига жойлаб қўйди. 29-дақиқада эса рақиб ҳимоячилари анча юқори кўтарилганини пайқаган Камавинга тўпни олдинга қулай тарзда ташлаб берди ва Килиан бу сафар ҳам мўлжалда адашмади. Бу орада ўйин стартидан 28 дақиқа ва 19 сония ўтганди. БУ ЕЧЛ тарихидаги учинчи энг тезкор натижа. Ундан чаққонроқлар орасида Левандовски "Бавария" сафида 2022 йил "Страсбур"га қарши ўйинда 22 дақиқа 18 сонияда бу ишни амалга ошириб улгурганди, шунингдек 1996 йил миланликлар вакили Марко Симоне "Русенборг"ни 24 дақиқа 22 сония ичида уч бор ранжитган.

Мбаппенинг фойдасига келтириш мумкин бўлган яна бир аргумент бу тўпурар айнан керакли паллаларда гол ургани дейиш мумкин. Иккинчи бўлимда у яна Винисиуснинг узатмасидан кейин тўртинчи голини расмийлаштирди. Бу тўпнинг муҳимлиги шундаки, эронлик Меҳди Тареми фаоллиги орқали греклар орадаги фарқни қисқартирган ва камбекка умид қилаётган бир палла эди. Рақиб ҳимоячилари эътиборидан четда қолган Тареми жарима майдончаси ичига ёриб кирди ва ҳаводан узатилган тўпга бемалол зарба бера олди. Якунда сал қолишига азгина қолди. Чунки Мбаппенинг тўртинчи голигина "Реал"га ғалаба келтирди. 81-дақиқада Аюб эл Каби орадаги фарқни минималгача қисқартирди, лекин қолган дақиқаларда мезбонлар бошқа Лунин дарвозасига йўл топа олишмади. Натижада, "Реал" иккинчи ўриндаги ПСЖ билан бир хил очко тўплаган бўлсада, қўшимча кўрсаткичлар бўйича 5-поғонага жойлашди.
Витиньяга аталган оқшом
УЕФА Суперкубоги ремейки танаффусгача мухлисларни ҳужумкор футбол билан қувонтирмади. 45 дақиқа ичида ҳар икки жамоа бир мартадан дарвозага аниқ зарба бера олди, аммо ПСЖ ва "Тоттенхэм"га шу ҳам етарли бўлди. Француз клубларини яхши кўрувчи Ришарлисон 35-дақиқада Коло-Муанининг узатмасидан кейин тўпни дарвозага йўллаб қўйди. Биринчи бўлим охирги дақиқасида Витинья шунчалик чиройли гол урдики, Викарио томошабин ролидан бошқасига ярамади.
Иккинчи бўлим стартида эса бурчак зарбаси "Тоттенхэм"га фойда келтирди. Узоқ бурчакка йўнатирилган узатма қовушмагандек ва тўп майдонни тарк этадигандек кўринганди, лекин Ришарлисон охиригача ҳаракат қилиб, ҳаводаги курашда ютиб чиқди, кейин эса "шпорлар"нинг бошқа бир ҳужумчиси, ижарадаги Коло-Муани собиқ жамоадошларини хафа қилди. Аммо бу голга ҳам парижликлар Витиньянинг жарима майдончасига кираверишдан йўллаган аниқ зарбаси билан жавоб беришди.

Суперкубокда бўлгани каби Луис Энрике жамоаси характер ва классини намойиш қила олди. 59-дақиқада жамоавий прессинг натижасида лондонликлар узатмада хатога йўл қўйишди ва Жоао Невеш шу заҳотиёқ, товони билан, ажойиб узатма орқали Фабиан Руисни қулай нуқтага чиқарди, испаниялик имкониятдан унумли фойдаланди. Қон исини олган ПСЖ яна бир марта Викарио дарвозасини ишғол этди. Бурчак зарбасидан кейин жарима майдончасида ҳаммадан чаққонроқ чиққан Пачо орадаги фарқни иккитага оширди. Лекин "Парк де Пренс"даги голлар шоуси бу билан якунланмади. 72-дақиқада голлар яратишга киришиб кетган Витинья энди ўз дарвозаси олдида "самарали ҳаракат" амалга ошириб, тўпни рақибга совға қилди ҳамда Коло-Муани бу сафар ҳам ПСЖни аяб ўтирмади. Шу заҳоти хатосини тан олиб, жамоадошларидан узр сўраган Витинья 75-дақиқада пенальти ишлади ва ўзи уни аниқ амалга ошириб, якуний ҳисобни ўрнатди — 5:3.
Бу парижликлар ярим ҳимоячисининг ЕЧЛ ўйинидаги 1997 йилдан буён биринчи хет-триги эди. Ўшанда Раи "Стяуа" дарвозасини 3 бор ишғол этганди. Бундан ташқари ПСЖ иккита зўр рекордни ўрнатди. Бир календарь йил давомида ҳеч бир жамоа Европа Чемпионлар Лигасининг 13 ўйинида зафар қучмаган ва рақиблари дарвозасига 50 та гол урмаган эди. Янги регламент ва ўйинлар сонининг ортиши бунга замин яратгандек, аммо рақамлар чиндан ҳам феноменал эканлигини инкор этиб бўлмайди. Француз клуби мухлислари хурсандчилигини бироз бузган ҳолат, қўшиб берилган дақиқаларда Эрнандес рақибга тирсаги билан зарба бергани учун четлатилгани бўлди.
"Интер" биринчи бор мағлуб бўлди
"Интер" Мадриддаги ўйинни анча агрессив бошлади ва Муссо илк дақиқаларданоқ ишга киришишига тўғри келди. Жаримадан Димарко ижросидаги зарбадан кейин аргентиналик тўпни дарвоза тўққизлигидан олиб чиқишни уддалади. Кейинги хавфли вазият италияликлар дарвозаси олдида юз берди. Карлос Аугусто Жулиано Симеонега узатилган тўп йўлига тўғаноқ бўла олмади, кейин яна ўзи тўпни қайтаришда сусткашликка йўл қўйди ва бундан Хулиан Альварес унумли фойдаланди. Ҳакам дастлаб голни инобатга олмади, лекин вазиятни такроран кўргач, тўп Баэнанинг қўлига тегмаганлигини тушуниб етди ҳамда ҳисоб расман очилди.

Иккинчи бўлим ҳам меҳмонлар ҳужумлари билан бошланди. Барелланинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегиб қайтган бўлса, Бонни билан девор услубида ўйнаб, зарба берган Зелиньски мувозанатни тиклади. Ўтказиб юборилган гол Диего Симеоне жамоасини руҳан синдира олмади ва мадридликлар ғалабани ўз томонларига оғдира олишди. Гризманн имкониятидан унумли фойдалана олмаган бўлсада, қўшиб берилган дақиқада унинг иштирокидаги бурчак зарбаси Хименеснинг голи билан якунланди. Натижада, "Атлетико" ЕЧЛда 6-бор қўшиб берилган дақиқадаги гол орқали ғалабани илиб кетмоқда.
ПСВнинг янги ўлжаси
"Ливерпуль" инқирози давом этади. Ўйин бошланганини билдирувчи ҳуштакдан 6-дақиқа ўтар-ўтмас, Перишич пенальтидан (тўп ван Дейкнинг қўлига текканди) унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. ПСВ рақиб номдор, лекин ҳозирда қийин вазиятда бўлган "Ливерпуль" бўлсада, ўз анъанасига содиқ қолди. ЕЧЛ доирасидаги 11-ўйинки нидерландияликлар ўзлари ҳам гол уришмоқда, рақиб гол уришига ҳам имкон беришмоқда. Бундай серия аввал фақат "Реал" ва "Лацио"да кузатилган. 16-дақиқада Собослаи мувозанатни тиклаганда, балки баъзи мухлислар инглиз грандининг жаҳли чиқди, буёғига рақибни аяб ўтирмайди, деб ўйлагандир ҳам.

Амалда эса Петер Бош жамоаси овчи ролида эди ва "Наполи"ни ҳам тасодифан (6:2) ютмаганини исботлади. "Ливерпуль" — эса навбатдаги ўлжа бўлди. Мерсисайдликлар қаторасига учинчи бор йирик ҳисобда мағлуб бўлишди ва Арне Слот 1992 йилда ҳам жамоа билан шундай ҳолат юз берганини баҳона қила олмаса керак. Раҳбариятга бугунги натижа муҳим, бугун эса жамоа 13-ўринда турибди.
"Спортинг" ТОП-8да
Саксон дақиқа давомида "Қайрат" Копенгагенда мағлуб бўлаётганди (80-дақиқада ҳам ҳисоб 3:0 эди) ва бир қарашда барчаси аниқдек эди. Вазият унданда ёмонроқ кўриниш олишига Анарбековнинг олтита сейви йўл қўймади дейиш мумкин.

Бироқ сўнгги дақиқаларда қозоқлар интригани қайтара олишди. Барчаси Қозоғистоннинг асосий иқтидорларидан дейилаётган Сатпаевнинг голидан бошланди. Голкипер ҳаёлида ўйинни тугатиб, нима қилишни ўйлай бошладими билмадик, тўпни Сатпаевга бўш қолдирилган дарвоза билан совға қилди, кейин эса ажойиб комбинацияни ёшлар терма жамоаси аъзоси Байбек голга айлантирди. Бу футболчининг асосий жамоадаги биринчи голи эди — ва бир йўла ЕЧЛда!
Ўтган йили 20 ёшли футболчи УЕФАнинг ўсмирлар Чемпионлар Лигасида гол уриб юрганди. "Қайрат" учун яна бир муҳим факт Сатпаев сариқ карточкалари туфайли энди кейинги турда "Олимпиакос"га қарши ўйинни ўтказиб юборишга мажбур.

"Спортинг" учрашув стартидаёқ бир киши кам бўлиб қолиши мумкин эди. Аммо VAR ёрдамга келди ва Юльманннинг қизили бекор қилинди. Швециялик чиндан оёғини баланд кўтарганди, лекин охирги паллада у оёғини туширишга ҳаракат қилган ҳамда рақибнинг юзига зарба бермаганди. Тенг таркибларда эса "шерлар" "Брюгге"дан кучлироқ эканлигини исботлай олишди. Учрашувда Лиссабонликларнинг асосий иқтидорлари — Кенда ва Катамо ўзини яхши кўрсатди. Биринчиси гол урган бўлса, иккинчиси Суаресга голли узатма етказиб берди. "Спортинг" ушбу ғалабадан сўнг ТОП-8га кириб олди.
Кун статистикаси
"Бавария" ярим ҳимоячиси Карл "Арсенал"га ЕЧЛда гол урган 17 ёшли 1-футболчига айланди.
Кейн фаолиятида илк бор "Арсенал"га қарши учрашувда бирор марта зарба бера олмади.
"Ливерпуль" мавсумнинг биринчи 20 ўйинидан 9 тасида мағлуб бўлди, бунақаси 2014 йилдан буён бўлмаганди. Ўшанда "қизиллар" бош мураббийи Брендан Рожерс эди.
Луис Энрике ПСЖ бош мураббийи сифатида 95-ғалабасини қўлга киритди. Испаниялик бу борада Томас Тухелга етиб олди, лекин германиялик бу натижага эришиш учун 10 та кам беллашув етарли бўлган (127 — 137)
ЕЧЛда гол урган футболчилар 108 турли давлатдан эди. "Қайрат" футболчиси Сатпаевнинг аниқ зарбасидан кейин бу рўйхатга Қозоғистон ҳам қўшилди.
Похожие новости
championat.asia
Элит ОЧЛ. "Насаф" ўз майдонида Ҳамробеков тўп тепаётган "Трактор"га ютқазди
ЕЧЛ. Учта голи ҳисобланмаган "Челси" 10 киши қолган "Барселона"ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди
ОЧЛ-2. "Андижон" кетма-кет бешинчи учрашувда дуранг ўйнади ва гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолди
МЛС. Мессининг супер ўйини "Интер Майами"ни ярим финалга олиб чиқди
Комментарии