Веско Стешевич: "Ўйин қийин бошланди. Ўнинчи дақиқалардан сўнг ўзимизга келдик"
31 авг 2023 00:22
Новости
Веско Стешевич: "Ўйин қийин бошланди. Ўнинчи дақиқалардан сўнг ўзимизга келдик"
Ўйин ҳақида
- Ўйин қийин бошланди. Бироқ, ўнинчи дақиқалардан сўнг ўзимизга келдик. Вақт ўтган сари майдон марказини эгаллаб бордик ва бир қанча хавфли қарши ҳужумлар ташкил қилдик. Пенальтидан гол урдик. Биринчи бўлимда яна вазиятлар бўлди. Иккинчи бўлимни ҳам яхши бошладик. Иккита жуда чиройли гол киритдик. Бундан сўнг эса бизда қилиниши керак бўлган ўзгаришлар амалга оширилди. Албатта, биз ғалабани сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Бу биз учун жуда муҳим эди. Бироз вазиятни қўлдан чиқараётгандек кўриндик, аммо шу ҳолатда ҳам бизда ажойиб вазият бўлди. Убайдуллаев бугун гол ура олмаганидан афсусдаман. Унинг 90 дақиқа давомидаги меҳнати тақсинга сазовор. Ғалаба бизга жуда керак эди. Ўйлайманки, биз бунга лойиқ эдик. "Сўғдиёна"ни ҳам эътироф этмоқчиман. Уларда яхши жамоа шаклланган. Мураббий ҳам жуда яхши иш олиб бормоқда. Келажакда уларга омад тилайман. Биз ҳам умид қиламанки, олдимизга қўйган вазифани уддалаймиз.
- Ҳозирча Суперлигада энг кўп гол ўтказган жамоа "Металлург" бўлиб турибди. Марказий ҳимоядаги 3 нафар легионернинг ўйинидан қанчалик мамнунсиз?
- Бугунги ўйиндан кейин бу мавзуни муҳокама қилиш бироз ғалати бўлади. Бугун биз ғалаба қозондик. Марказий ҳимоячиларимиз ҳам бугун ажойиб ўйин кўрсатишди, назаримда. Дастлабки, 10 дақиқани ҳисобга олмаганда, улар берилган вазифани аъло даражада уддалашди. Шу сабаб ҳам мен уларнинг ўйинини ҳозир муҳокама қилишни унчалик ҳам тўғри деб билмайман.
- Абдуманнов ва Неъматжонов каби ёш ҳужумчилар сўнгги ўйинларда майдонда кўринишмаяпти. Уларни яна қачон таркибда кўришимиз мумкин бўлади?
- Уларда жароҳат бор. Тикланиш жараёни давом этмоқда. Неъматжоновда Жаҳон чемпионати пайтида орттириб олинган жароҳат бор. Ўша жароҳат ҳозирда уни безовта қилмоқда. Бизда бир неча кун бор. 6 сентябрдан бошлаб яна тайёргарликни бошлаймиз. Кўрамиз, уларнинг ҳолати қандай бўлади.
- Ушбу ўйин Бекободдаги охирги ўйин эди. Жамоа уй ўйинларини энди Олмалиқ шаҳрида ўтказади. Бу мураббий сифатида сизга қандай қийинчиликлар туғдириши мумкин?
- Мураббийга фарқи йўқ. Менимча, бу бутун жамоага, футболчиларга бироз қийинчилик туғдириши мумкин. Сабаби, биз мухлисларни хурсанд қилишимиз керак. Улар ҳар доим жамоани қўллаб-қувватлашади. Табиийки, бошқа майдонда мухлисларимизнинг ўрни билинади. Аммо биз ишонамизки, жамоа тўғри йўлдан кетяпти. Уй ўйинларимизни қаерда ўтказмайлик, бугунгидек ўйин кўрсатсак, ҳаммаси яхши бўлади. Мухлислардан биз қаерда ўйнамайлик, қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан.
Комментарии