Уйғонаётган "Арсенал"
09 мар 2022 13:48
Новости
Ўтган 5 йилликда "Арсенал" клуби инқироз кўчасида эди. Арсен Венгер 20 йилдан ошиқ вақтдан кейин Лондон клуби мураббийлигини тарк этганидан сўнг, гарчи франциялик мутахассиснинг сўнгги даврларида ҳам ҳатто 4-ўрин учун жон бериб курашса-да, шу позиция учун ҳам энди ожизлик қила бошлади.
Венгердан кейин "тўпчилар" мураббийлик курсисига бир нечта мутахассис жалб этилди, лекин улар кутилган натижани беришмади. Аммо ҳозир эски пасайишлар эмас, янги одимлар ҳақида гаплашамиз.
"Арсенал"нинг дастлаб омадсиз дейилган мураббийи якунда "бало" чиқиб қолди. Таркибни ёшартириб, умидли футболчилар билан чиройли ўйин кўрсата бошлаган Микель Артета ҳамда шаҳдам қадам билан кетаётган янги "Арсенал" ҳақида сўз юритамиз.
Артета бошчилигидаги ҳозирги "Арсенал"нинг ўртача ёши 24,6 ни ташкил этмоқда. Энг ёши катта футболчилар — Муҳаммад Эль-Ненни (29), Сэдрик Соареш (30), Бернд Лено (30) ҳамда Александр Ляказетт (30). Таъкидлаш жоиз, испаниялик мураббий таркибни айни кўринишга келтириш учун яхшигина ҳаракат қилди.
Месут Озиль, Лукас Торрейра, Давид Луиз, Шкодран Мустафи, Виллиан, Маттео Гендузи, Эктор Бельерин каби футболчилар жамоани тарк этди. Бу футболчилар сифатли ўйинга эга бўлишларига қарамай, Артета эски давр футболчиларидан ҳеч иккиланмай воз кечди. Яқинда эса яхши ҳужумчи – Пьер-Эмерик Обамеянг ҳам Лондон клубидан кетди. Сўнгги пайтларда габонлик футболчи деярли асосий таркибга киритилмаганди. Бунга сабаб сифатида футболчининг интизомга риоя этмаслиги, мураббийларга нисбатан ҳурматсизлигини кўрсатиш мумкин. Натижада, Обемеянг Каталония клубига йўл олди.
Воз кечилган ўйинчилар ўрнини Артета муносиб тўлдира олди, десак бўлади. Аарон Рэмсдейл, Нуну Тавареш, Такехиро Томиясу, Бен Уайт, Альберт-Мбойо Самби Локонга, Мартин Эдегор каби футболчилар ёрқин ўйин кўрсатишмоқда. Шунингдек, Эмиль Смит-Роу, Букайо Сака ва Габриель Мартинелли "канонирлар"нинг том маънодаги етакчилари сифатида намоён бўлишяпти.
Статистикага назар соламиз:
Эдегор — 27 ўйин, 5 гол, 4 ассист
Сака — 30 ўйин, 9 гол, 5 ассист
Мартинелли — 24 ўйин, 5 гол, 3 ассист
Смит-Роу — 25 ўйин, 10 гол, 2 ассист
Нкетиа — 15 ўйин, 5 гол, 1 ассист
Айнан шу футболчиларнинг "уйғониши" АПЛ бошидаги муваффақиятсизликлар тасодиф эканлигини кўрсатиб қўйди. "Арсенал" АПЛ доирасидаги сўнгги 10 ўйинда 8 та ғалаба, 1 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этди ва айни вақтда 4-ўринда кетяпти.
Буларнинг ҳаммаси "Арсенал"да яхши, сифатли ва ёрқин жамоа шаклланиб бораётганидан далолат. Балки бу йил эмасдир, лекин кейинчалик бу жамоа АПЛда ўз ўрнини қайтариб олишга кучи етадиган даражада ўсишга эришди. "Арсенал" мухлисларини бўлажак катта натижалар билан, футбол мухлисларини бўлажак катта футболчилар билан табриклаймиз!
Шуҳрат Ҳомидов тайёрлади
Комментарии