RU

Последние новости

15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  0 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  13 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3

Тимур Кападзе: "Ҳаётимда бир босқич тугаб иккинчиси бошланяпти" (Биринчи қисм) Новости

Тимур Кападзе: "Ҳаётимда бир босқич тугаб иккинчиси бошланяпти" (Биринчи қисм)

Узоқ йиллар ўзбек футболи учун меҳнат қилган Тимур Кападзе бу йилги мавсум якунига етганидан сўнг футболчилик фаолиятини якунлади.

Буни албатта ўзига хос воқелик деса бўлади. Чунки Кападзе ҳеч қачон оддий ўйинчи бўлмаган. Ҳар йили кўплаб ўйинчилар футболни тугатишади, бироқ доим ҳам барчага бирдек эътиборда бўлавермаймиз. Бунга сабаб баъзан ўша футболчи футболга ҳеч нарса бермаган бўлиб чиқади.

Тимур Кападзе футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг ундан интервью олишни лозим топдик. Интервью ниҳоятда чўзилиб кетгани боис, албатта бу бир қатор мавзуларни ўз ичига олганидан, уни икки қисмга бўлган ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик. Бугун биринчи қисмини ўқишингиз мумкин.

- 4 декабрь куни бўлиб ўтган “Локомотив” ва “Бунёдкор” ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги финали футболчилик фаолиятингиздаги охирги ўйин бўлиб қолди. Бу учрашувга қандай муносабатда бўлдингиз: бошқа ўйинлар қатори оддийми ёки алоҳидами?
- Албатта, бу ўйин мен учун алоҳида эътиборга эга бўлди. Чунки Кубок финали фаолиятимдаги охирги учрашув эканини нафақат ўзим, балки ҳамма биларди. Шу боис учрашувга янада жиддий тайёргарлик кўрдим. Фаолиятимни чиройли якунлаш учун ғалаба қозонишимиз шарт эди, буни футболчиларга ҳам айтдим. Хуллас барчамиз фикрни бир жойга жамлаб финалга тайёргарлик кўра бошладик. 

Ўйиндан олдин раҳбарият жамоани йиғиб, финални ютишимиз кераклигини, ўтган йилга ўхшаб “Олтин дубль” қилишимиз кераклигини таъкидлади. Финалга эътибор юқори бўлди, ЎФФ ва ПФЛ вакиллари ўйин билан боғлиқ ташкилий ишларни жуда яхши бажаришди. Энг асосийси стадионга келган мухлислар хафа бўлишмади. Энг хурсанд қилгани эса ғалабага эришганимиз бўлди.



- Иккинчи таймда алмаштирилдингиз. Буни ўзингиз хоҳладингизми ё мураббий қарори эдими?
- Баҳсни асосий таркибда бошлашимни билардим. Ўйиндан олдин мураббийлар штабига айтдим: кучим етгунча ўйнайман. Энди барибир четдан мураббийларга яхшироқ кўринади, балки толиқиб қолгандирман, шу боис мени алмаштиришди. Қолаверса, бу менинг охирги учрашувим бўлгани боис иккинчи тайм ўрталарида майдонни тарк этишим лозим эди. Бу пайтда ҳисоб 1:0 эди, шунинг учун мураббийимиз таваккал қилмади деб ўйлайман.

- Майдонни тарк этаётганда қандай ҳиссиётлар чўлғаб олди?
- Мени алмаштиришаётганини кўрганимда дастлаб сардорлик боғичини Ислом Тўхтахўжаевга топширдим. Сўнг жамоадошларим олдимга келиб мен билан хайрлашишди. Бундан эса тўлқинланиб кетдим ва йиғлаб юборишимга сал қолди. Кўзим тўлиб турганди. Шунда пайт кўз олдимдан бутун фаолиятим кечди. Ёшлигимда футболга кириб келганим, футболни қандай тугатганим... Миржалол Қосимовга ҳам раҳмат, у киши мени ёнига чақириб табриклаб қўйди. Шу ўринда ўйинда иштирок этган ҳамма-ҳаммага миннатдорчилик билдираман.

- Футболчи хайрлашув учрашувини ўтказаётганида ўзини бошқача ҳис қиладими?
- Албатта. Чунки бу ҳаммаси тугади дегани. Шу боис ҳам бутун фаолиятим кўз олдимга келди. Энди мен расман футболчи эмасман ва ҳаётимда янги саҳифа очаман. Бошқача айтганда, ҳаётимда бир босқич тугаб иккинчиси бошланяпти.

- Фаолиятни тугатиш йил бошидаги мақсад эдими ёки мавсум давомида юзага келдими?
- Йил бошида бундай мақсадим бор эди дея олмайман. Албатта, қачондир тугатишим керак эди, лекин йил бошида режа қилмаганим аниқ. Бу нарса вақт ўтиши билан юзага келди. Энди ёш бола эмасман. Ёшим ҳам 36дан ўтиб 37га қараб кетяпти. Барибир бу йил бўлмаса кейинги йил тугатардим, шунинг учун узоқ ўйланиб ўтирмай шу йил тугатишга қарор қилдим. Аслида футболчилик фаолиятимни терма жамоада тугатишни мақсад қилгандим. 

Терма жамоадаги ўйинларим сони 119тани ташкил қиляпти ва 120-ўйин хайрлашув учрашувим бўлади деган ниятим бор эди. Аммо пешонага битилмаган экан бундай бўлмади. Агар терма жамоа сафида ҳеч бўлмаса бирорта ўртоқлик ўйинида бўлса ҳам 15-20 дақиқа тўп суриб шу орқали тугатганимда барибир йил охирига келиб “Локомотив”да ҳам тугатган бўлардим. Лекин терма жамоа жиддий ўйинлар ўтказгани боис бунга фурсат бўлмади. Кейин иккинчи давра баҳслари бошланди. Мен кўп ўйинларда захирада қолиб кетдим. Шундан сўнг тугатишим керак, майдонни ёшларга бўшатиб беришим зарур деган хулосага келдим.


- Якуний қарорга келиш қийин бўлмадими?
- Ўзига яраша қийин бўлди деб бемалол айта оламан. Чунки шуғулланиб турган ишингдан воз кечиш осон бўлмайди. Йигирма йил футбол ўйнаган киши учун севимли ишини бирданига тўхтатииш ниҳоятда қийин. Буни фақат бошидан ўтказган тушунар экан. Олий лиганинг охирги турларида “Динамо”га қарши ўйиндан олдин жамоамиз мураббийи Мирко Йеличичга мавсум тугагач футболни тугатишимни маълум қилдим. Шунда Йеличич бу сенинг қароринг, бутун жамоа қарорингни ҳурмат қилади, агар хўп десанг мураббийлар штабида иш бошлаб менга ёрдам беришинг мумкин, чунки сен бизга кераксан деди.

- Нима деб ўйлайсиз, айнан терма жамоа учун “Кападзе ва унинг дўстлари” деган шоу-учрашув ташкил қилса бўладими?
- Кубок финалида майдонга тушиб фаолиятимни тугатганим яхши бўлди деб ўйлайман. Энди шоу-учрашувга келсак, буни амалга ошириш осон эмас. Аввало бўш кунни топиш керак, кейин ташкилий ишлар дегандек, футболчиларни рўйхат қилиб чақириш лозим, улар ўша куни бўш бўладими-йўқми, хуллас бу томонлама ҳам иш кўп. Ким билади дейсиз, балки сиз айтаётган ўйин келажакда бўлиб қолар.

- Баъзан шунақаси бўлиб туради. Футболчилар фаолиятни тугатишни эълон қилишади, бироқ кўп ўтмай яна майдонга қайтишади. Сизда ҳам шундай бўлиши мумкинми?
- Менимча, бўлмайди. Чунки якуний хулосага келиб бўлдим ва энди бошқа ўйнамайман. Очиғи, бошқа жамоа сафига бориб қўшилишдан маъно кўрмадим. “Локомотив”да қолиб кейинги йилни ҳам бир ўйнаб, бир захирада қолиб ўтказишим мумкин эди, аммо бу ўзимга тўғри келмади. Ундан кўра ёшлар ўйнасин дедим. Тан олиш керак, менда бу йил қийинчиликлар кўп бўлди. Қайси томонлама? Ўйинлардан кейин тикланиш олдинги йиллардагидек осон кечмади. Қолаверса, кўп югурсам толиқиш ҳоллари сезилди. Инсон ўз организмини алдай олмайди. Менда ҳам шундай бўлди.


- Бундан кейин сизни “Локомотив” мураббийлар штабида кўрамизми?
- Ҳа, шундай бўлади. Раҳбарият шу фикрни илгари сурди, қолаверса бош мураббийимизнинг ўзи ҳам шуни хоҳлади. Бу ерда фақат менинг истагим билан иш битмайди. Аввало раҳбарият ва мураббийлар штабининг хоҳиши бўлиши керак. Мураббийлик соҳаси мен учун янги чақириқ бўлади. Шунча йил футбол ўйнадим, кўп мураббийлар билан ишладим, шундай экан янги ишимда муваффақият қозонишга умид қилиб қоламан.

- Мураббийликни қайси нуқтадан бошлашни афзал кўрасиз? Бирданига катталар жамоасида ишлашними ёки ҳаммасини болалар футболидан бошлашними?
- Бундоқ ўйлаб қарасак, болалар футболи катталар футболидан кескин фарқ қилади. Албатта, мен ҳозирданоқ бош мураббий бўлишга тайёр эмасман. Дастлаб Андрей Микляев, Мирко Йеличич, Андрей Фёдоров каби мураббийлар ёнида юриб малака оширишни хоҳлайман. Агар имкон бўлса, ўринбосарлар жамоасида ишлашим мумкин, аммо катталар билан ишлаш учун ҳали кўп ўқиб-ўрганишим керак. Болалар футболи эса бутунлай бошқа мавзу, ёш болалар билан ишлаб кета олишимга кўзим етмайди.

- Ортга назар ташлаб фаолиятингиздаги қайси йилларни кўпроқ ёдга оласиз?
- Биринчи навбатда “Цементчи”да қўйган илк қадамларим ёдга тушади. Ўтиш ўйинларида (пулька) майдонга тушганим ҳозир ҳам эсимда. Ўшанда “Цементчи” таркибида бешта ўйинда майдонга тушиб, бешта гол ургандим. Ундан кейин қандай қилиб “Нефтчи”га ўтганим ёдда қолган. Мен Фарғонада катта бўлганман ва Фарғона футболи тарбияланувчисиман. 1997-98 йиллар “Нефтчи” жуда кучли жамоа эди. 1997 йил ўтиш ўйинларида қатнашган бўлсам, 1998 йилнинг бошида Ҳоким Кубогида “Нефтчи”га қарши ўйнаганман. 

Ўша ўйинда мени кузатган Юрий Саркисяннинг кейинчалик ўз жамоасига таклиф этганини ҳамон эслайман. Шахсан Юрий Вазгенович менга қизиқаётганини эшитганимда жуда ҳаяжонлангандим. Бу ҳақда дадамга ҳам айтганман. Ўйиндан эртаси куни Саркиясн мени олдига чақирди ва “Нефтчи”да ўйнашни хоҳлайсанми деб сўради. Мен эса ҳа дедим. Шу-шу “Нефтчи” футболчиси бўлиб қолдим. Фаолиятим давомида алоҳида бир йилни кўпроқ эслайман деб айтолмайман. “Нефтчи”дан кейин “Пахтакор”га келганим, “Бунёдкор”га қандай ўтганим, хориж клубларидаги фаолиятим ва охирида “Локомотив”га келганим буларнинг ҳаммасини эслаб тураман.


- “Нефтчи” ўринбосарлар таркибидаги илк ўйинингиз ёдда қолганми?
- Ҳа, албатта. Ўринбосарлар сафида чемпионатнинг биринчи ўйинини Термизда ўтказгандик. Биз шу учрашувга автобусда йўл олганмиз. Мен баҳс тугашига 15-20 дақиқа қолганида майдонга тушиб, тўпга биринчи тегишдаёқ бош билан гол урганман. Бунгача ҳисоб 1:1 эди. Шундай бўлдики, “Нефтчи” ўринбосарлари кетма-кет уч йил (1998, 1999, 2000) чемпион бўлди. Қайсидир йил мен ўринбосарлар ўртасида тўпурар ҳам бўлганман. 2001 йилга келиб асосий таркибда ўйнай бошладим. Кўп ўйинлар ёдда қолган. Ўз майдонимизда “Пахтакор”ни 3:1 ҳисобида ютганимизни ҳам яхши эслайман, мен иккита гол ургандим. Ундан кейин нима бўлганини яхши биласиз. 2002 йил “Пахтакор”га ўтдим ва шу билан фаолиятим пойтахтга кўчди.

- “Пахтакор” сизга жуда катта таъсир кўрсатган, тўғрими?
- “Пахтакор”га келгач, биринчи навбатда ўйнайдиган жойим ўзгарди. Тачмурод Агамуродов мени ҳужумдан олиб таянч ярим ҳимоясига қўя бошлади. Ваҳоланки, бу клубга ҳужумчи сифатида келгандим. Бошида ҳайрон бўлганим рост, лекин мураббийнинг қарорини ҳурмат қилган ҳолда ярим ҳимояда ўйнай бошладим. “Пахтакор” ярим ҳимоясида Сервер Жепаров билан Андрей Власичев ўйнарди. Мен эса рақобатда Власичевга ютқазардим. Шунга қарамай ўз устимда ишлашда давом этиб, иккинчи даврада тўлақонли асосий таркиб аъзосига айландим.


- Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, Агамуродов нима учун сизни таянч ярим ҳимоясига қўйган бўлиши мумкин?
- Чемпионат олдидан йиғин ўтказиш учун Дубайга боргандик. Таркибда яхши ҳужумчилар кўп эди: Анвар Солиев, Неъматилло Қуттибоев. Балки мураббий ҳужумда рақобат кучлилиги боис мени захирада олиб ўтиргандан кўра бошқа чизиқда синаб кўришни мақсад қилган бўлиши мумкин. Жамоа иккига бўлиниб ўйнаганида Агамуродов мени таянч нуқтасида синаб кўрди. Мен учун муҳими майдонга тушиш бўлиб, қайси чизиқда тўп тепишимнинг фарқи йўқ эди. Мен ҳеч қачон ўзим учун ўйнамаганман, доим жамоа учун ҳаракат қилганман. Керак бўлса, тўпсиз югуришга ҳам тайёр эдим. 

Футболчи қачон зўр бўлади? Қачонки ўйнаб турган жамоасига фойда келтирса. Тўпни олиб қуруқдан қуруқ югурган билан иш битмайди. Ҳозир кўп ёшлар тўп келгач ўзим алдаб гол ураман дейди. Шунда уларга айтаман: жамоа учун ўйнашни ўрганинглар, ўзларинг учун эмас. Чунки фақат ўзини ўйлайдиган футболчи узоққа бора олмайди. Футбол - жамоавий ўйин бўлгани учун майдонда ҳамма бир-бирига боғлиқ бўлади: дарвозабондан тортиб ҳужумчигача. Афсуски, кўп ёшлар буни тушунмаяпти. Терма жамоада кўплаб мураббийлар билан  билан ишлашга муваффақ бўлдим. Бундан жудаям хурсандман. Ўз вақтида Валерий Непомняший, Рауф Инилеев, Равшан Ҳайдаров, Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов, Боб Хоугтон каби мураббийлар ишлаб улардан кўп нарса ўргандим ва ўрганганларимни эндиликда мураббийлик фаолиятимга тадбиқ қилишни хоҳлайман.

(Давоми бор...)

Автор : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +18   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика