Суперлига. "Пахтакор"га битта ўйинга қараб баҳо бермайлик. Абрамовнинг "Динамо"си кўринмади, "Бунёдкор"га эса ротациялар керак
07 мар 16:37
Новости
Суперлига. "Пахтакор"га битта ўйинга қараб баҳо бермайлик. Абрамовнинг "Динамо"си кўринмади, "Бунёдкор"га эса ротациялар керак
Одатда баҳорги уйғониш айрим жамоаларда тезроқ, яна баъзиларида жуда секин юз беради. Мавсумнинг дебочаси ҳам шундай таассурот қолдирди. Қуйида эса ўзим кўрган ўйинлар ҳақида фикрларимни баён қиламан.
"Навбаҳор" - "Динамо" 3:1
- Ўзбек футболидаги номлар яъни Бабаян ва Абрамов тўқнашуви Намангандаги очилиш ўйинига тўғри келди. Бир йиллик танаффусдан сўнг Суперлигага қайтган "Динамо"дан кўп нарса кутилаётгани рост. Абрамов қишда ўз услубига мос жамоани йиғди. Лекин биринчи ўйин шуни кўрсатдики, Абрамов ҳали ўз жамоасини шакллантириб бўлмаган. Гарчи шу куни таркибда бир нечта йўқотишлар бўлсада мураббий ўзи айтганидек баҳона бўла олмас эди. Самвел Бабаян жамоаси эса ОЧЛдаги учрашувлар орқали ўйин тонусига кириб олгани яққол сезилди. Шу куни "лочинлар" илк дақиқаларданоқ устунликни қўлга олди ва биринчи бўлимда рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Абрамов бошқарган жамоалар қандай рақиб бўлмасин ўйинни назорат қилишга, ўз ўйинини ўтказишга ва тўпни ушлашга интилади. Самарқанд жамоаси 27, "Навбаҳор" 73 фоиз тўпга эгалик қилди. "Динамо" дарвоза томон зарба ҳам йўллагани йўқ, бу кўрсаткичда ҳам мезбонлар доминантлик қилди 6/2. Ҳужумлар/ хавфли ҳужумлар 60/34 - 30/13. Юқоридаги гап ўз тасдиғини топди, бу Абрамов жамоасига мутлоқ ҳос бўлмаган рақамлар. "Навбаҳор"да ўнг қанот анча фаол бўлди. Биринчи ва иккинчи гол айнан ўнг қаноти орқали юзага келди. Биринчисида Болтабоев, иккинчисида Аброр Исмоилов катта ишни қилиб берди. "Динамо" иккинчи бўлимда бироз ўйинни ўзгартирди ва 1та аниқ зарба йўллади, ўша голга айланди. Умуман 99 дақиқа ичида рақиб дарвозасига 1та аниқ зарба йўллаш кам эмасми? Абрамов жамоаси қандайдир рақибдан қўрқиб ўйнагандек таассурот қолдирди. "Навбаҳор"да ҳужумларни бошлашда шунчаки маҳорат сезилди. Ҳозир Ўзбекистондаги энг кучли ярим ҳимоя Наманганда жамланган. Бу эса муҳим фактор ҳисобланади.
"Лочинлар" учун дастлабки 4та тур қулай рақибларни тақдим қилди. Жамоа 9 март куни уйда ОКМКни қабул қилса, 17 март куни "Бунёдкор" майдонига саёҳат қилади ва мартни "Сурхон"га қарши баҳс билан якунлайди. Бундан идеал тақвим бўлмаса керак. "Динамо"ни кейинги икки турда жиддий синовлар кутиб турибди. 10 март куни Жиззахда "Нефтчи"ни қабул қилади ва орадан 7 кун ўтиб Олмалиққа боради. "Металлург"нинг "Локомотив"га қарши кўрсатган ўйини бўлса, 4-турда "Динамо"ни ҳам ютиб қўйиши ҳеч гап эмас.
"Бунёдкор" - "Қизилқум" 1:3
- Бу учрашувда "Бунёдкор" тўлиқ мураббийнинг хатоси эвазига ютқазди. Бубало жамоани ўйинга тайёрлай олмагани кўриниб турди. Жамоанинг марказий ҳимоя ва дарвоза чизиғига саволлар етарлича. Сўнгги йилларда Ўлмасалиев ва Эргашев бу чизиқда яхши тандем ҳосил қилганди. 2та гол ҳам айнан иккинчи қаватдаги хатолар сабаб урилди. Бубало "Андижон" билан ўйинда дарвоза чизиғида ҳам ротация қилиши ва Сарвар Каримовга имконият бериши керак.
Жамшид Саидов эса ўтган йилдаги каби бу сафар ҳам меҳмонда "қалдирғочлар"ни қийнади. Ҳужумчисиз ҳаракат қилган жамоа вингерлар ва ярим ҳимоячилардан самарали фойдалана олди. Жўрабеков "Навбаҳор"да аниқ вазифа ва функцияда ҳаракат қилган бўлса, "Қизилқум"да у эркинроқ ҳаракат қилди, креатив ҳислатларини ишлата олди.
"Бунёдкор"нинг кейинги учрашувлари:
10 март. 2-тур. "Андижон" - "Бунёдкор"
17-март. 3-тур. "Бунёдкор" - "Навбаҳор"
29 март. 4-тур. ОКМК - "Бунёдкор"
"Қизилқум"нинг кейинги учрашувлари:
2-тур. 11.03.2024. "Қизилқум" - "Сурхон"
3-тур. 16.03.2024. "Насаф" - "Қизилқум"
4-тур. 29.03.2024. "Қизилқум" - "Локомотив"
"Локомотив" - "Металлург" 2:2
- Янгиланган "темирйўлчилар" таркиб ўзагини сақлаб қолган "Металлург" билан дуранг ўйнади. Шахсан менга шу куни бекободликлар кўрсатган ўйин манзур келди. Жамоа 1-голдан кейин йўқолиб қолмади ва ўз ўйинини рақибга ўтказа олди. "Локо" рақиб дарвозасига 2та аниқ зарба йўллади ва 2таси аниқ борди. "Металлург"нинг асосий хатоси 80-дақиқадан сўнг ўйинни ташлаб юборгани бўлди. Балки бу жисмоний ёки руҳий ҳолат билан боғлиқдир. Лекин умумий фонда Стешевич жамоаси кучлироқ кўринди.
"Локомотив"га эса вақт керак. Жамоа ўз ўйинини ҳали топиб олмаган. Шу куни жамоа индивидуал маҳорат эвазига 2та гол урди ва бир очкога эга бўлди. Санжар Турсунов ва Анзур Исмоиловнинг қайтиши ҳам кўп нарсани ўзгартириши мумкин. Эътиборли томони бир жамоа футболчилари бир-бири билан тортишиб юрибди. Бундай паллада етакчилар руҳий томонлама олдинга бошлай олиши зарур. Жамоа учун тақвим осон келмаган. Олдинда Кападзенинг "Олимпик"ки, сўнг амалдаги чемпион "Пахтакор" ва анча шаклланиб олган "Қизилқум" рақиблик қилади.
"Локомотив"нинг кейинги учрашувлари:
2-тур. 09.03.2024. "Олимпик" - "Локомотив"
3-тур. 14.03.2024. "Локомотив" - "Пахтакор"
4-тур. 29.03.2024. "Қизилқум" - "Локомотив"
"Металлург"нинг рақиблари:
2-тур. 08.03.2024. "Металлург" - "Сўғдиёна"
3-тур. 15.03.2024. "Нефтчи" - "Металлург"
4-тур. 28.03.2024. "Динамо" - "Металлург"
"Сурхон" - "Пахтакор" 0:3
- "Пахтакор"га битта ўйин ва кучсизланган "Сурхон" фонида қўлга киритилган ғалаба билан баҳо бермасликни сўраб қолардим. Яхши томони шуки, жамоа таркибдаги ўзгаришларга қарамай ўйин сифатини ўзида сақлаб қола олган. Ҳамробековдан сўнг айнан ўйин тизими қандай бўлар экан, деб ўйлагандим. Шацких майдонга ташлаган Ҳамдамов, Черан, Холдорхоновдан самара чиқара олди. Чераннинг голига Холдорхонов, Ҳамдамовнинг голига Черан, Чераннинг голига Ҳамдамов ассистентлик қилди. Бу машғулотларда ишланадиган жараён ҳисобланади. Жамоанинг ҳақиқий кучига эртага баҳо берамиз.
"Сурхон" ўтган йилгидек эмас. Футбол ўйнайдиган, 90 дақиқа рақибга прессинг қиладиган жамоани кўрмадик. Яна ўша Нимелига ишонилиб, битта пас билан вазиятга олиб чиқиш мақсад қилинган бўлса, яна қийналишади. Сиз бу йил яратган янгилигингизга иккинчи йил жамоалар ҳимоя қуролини ишлаб чиқиб бўлади. Янги услуб яратиш яхши, лекин уни ривожлантирмаслик хато.
"Пахтакор"ни олдинда кутаётган ўйинлар:
2-тур. 08.03.2024. "Пахтакор" - "Насаф"
3-тур. 14. 03.2024. "Локомотив" - "Пахтакор"
4-тур. 30.03.2024. "Пахтакор" - "Сўғдиёна"
"Сурхон"нинг бўлажак рақиблари:
2-тур. 11.03.2024. "Қизилқум" - "Сурхон"
3-тур. 16. 03.2024. "Сурхон" - "Андижон"
4-тур. 31.03.2024. "Навбаҳор" - "Сурхон"
"Сўғдиёна" - "Нефтчи" 1:2
- Иван Бошкович ўз жамоасини қуришга қийналаётгандек таассурот қолдирмоқда. Черногориялик мутахассисдан ҳамма "Бунёдкор"даги натижани кутмоқда. Лекин "Сўғдиёна" умуман бошқа фалсафага, руҳга эга жамоа. "Бунёдкор"да ёшлар академиядан таълим олиб бирга катта бўлган ва бир-бирини сўзсиз ҳам тушана олади. Бу эса мураббийларга енгиллик берарди. Қолаверса, "Сўғдиёна" қишда топ трансфер амалга оширмади ва ўртамиёна ўринлар учун йиғадиган яхши таркиб йиғди. Бошковичга учун ҳали яна вақт керак бўлади.
"Нефтчи" эса ўйин ва таркиб борасида кучлилиги кўринди. Ўтган йилларда жамоанинг ярим ҳимоясида плеймейкер Лутфулла Тўраев бўлган бўлса, бу йил Жалолиддинов мазкур вазифани бажармоқда. Назорат ўйинлари ва "Сўғдиёна"га қарши ўйинни кўрсак ҳам бунга гувоҳ бўламиз. Ҳужумда эса Нсунгусси ва Норчаев бор. Левченко ўзи истаган таркибни йиға олди.
"Сўғдиёна"нинг олдиндаги учрашувлари:
2-тур. 08.03.2024. "Металлург" - "Сўғдиёна"
3-тур. 15. 03.2024. "Сўғдиёна" - "Олимпик"
4-тур. 30.03.2024. "Пахтакор" - "Сўғдиёна"
"Нефтчи"нинг кейинги 3та учрашуви:
2-тур. 10.03.2024. "Динамо" - "Нефтчи"
3-тур. 15. 03.2024. "Нефтчи" - "Металлург"
4-тур. 31.03.2024. "Олимпик" - "Нефтчи"
Бу фикрлар фақат 1-турда жамоалар кўрсатган ўйин ва натижалардан келиб чиқиб билдирилди. Олдинда бизни қайноқ 2-тур кутмоқда. Кўрамиз ва кузатамиз.
Комментарии