Суперлига-2026. Учрашувлар интенсивлигини ошириш масаласида навбатдаги қадамлар
19 ноя 14:50
Новости
Суперлига-2026. Учрашувлар интенсивлигини ошириш масаласида навбатдаги қадамлар
Жумладан, шу йилнинг:
• 4-августида Суперлига-2026 тақвими режаси эълон қилинди;
• 10-октябрида “Суперлига регламенти” лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда профессионал футбол клубларига ўрганиш учун тақдим этилди;
• 20-октябрида профессионал футбол клублари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди ва унда “Суперлига регламенти” лойиҳасига киритилаётган ўзгаришлар муҳокама қилинди;
• 24-октябрида “Суперлига регламенти” лойиҳаси бўйича клублар билан келишилган ўзгаришлар танишиб чиқиш учун Ассоциацияга тақдим этилди.
Учрашувлар интенсивлигини ошириш учун хизмат қиладиган механизмлар орасидан уч асосий масала ПФЛ диққат марказида бўлиб турибди:
• видеотаҳлиллар асосида футболчининг расмий учрашувдаги статистик кўрсаткичларини аниқлаш тизимини тўлиқ марказлаштириш ва улардан жонли трансляциялар вақтида фаол фойдаланиш;
• футболчининг функционал ҳолатини масофадан туриб назорат қилиш қурилмалари билан ишлаш ва улардаги рақамларни таҳлил қилиш механизмида ўсишга эришиш;
• футбол ўйини қоидаларига киритилаётган ва киритилиши режалаштирилаётган айрим ўзгаришларни Суперлигага татбиқ этиш.

Қуйида мазкур масалаларга тўхталиб ўтилади.
Видеотаҳлиллар асосида футболчининг учрашувдаги статистик кўрсаткичларини аниқлаш тизими
ПФЛ мазкур масалада 2026 йил якунига қадар Hudl билан келишувга эга бўлиб, ўзаро уч йиллик шартнома асосида босқичма-босқич қамров доирасини кенгайтириш кўзда тутилган. Шу асосда Суперлига клубларининг 2025 йилда тўлиқ Hudl билан ҳамкорлик қилиши йўлга қўйилди. Бироқ бунда клублар компаниядан сотиб олаётган таҳлиллар турли даражада, шунингдек, таҳлиллар қандай олиб борилиши ва бу орқали нималарга эришиш мумкинлиги масаласида Суперлига клублари таҳлилчиларини ўқитиш муҳим аҳамият касб этади. Айни вақтда Пахтакор, ОКМК, Машъал, Сўғдиёна, Насаф, Бунёдкор каби клублар масалага масъулият билан ёндашаётганлигини қайд этиш керак. Бу клублар мураббийлари таҳлиллардан фаол фойдаланади.
2026 йилдан бошлаб ПФЛ қолган клубларни ҳам мазкур босқичга олиб чиқишни режалаштирган. 20-октябрь куни профессионал футбол клублари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда бу масала кўриб чиқилди. Айни вақтда ПФЛ қуйидагиларни режалаштирган:
• Суперлига стадионларининг ҳар бирига жонли дата таҳлил имкониятини тақдим этувчи махсус камералар ўрнатиш;
• махсус камералар ёрдамида дата таҳлилларни ўйин вақтида қўллаш ва улардан трансляцияларда фаол фойдаланиш;
• дата таҳлиллар кўрсаткичлари бўйича турли рейтинглар шакллантириш ва уларни ПФЛ саҳифаларида ёритиш орқали футболчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш;
• Суперлига клублари таҳлилчиларини ўқитиш ва уларнинг дата таҳлиллардан фойдаланиш кўникмасини ошириш;
• Суперлиганинг қолган клублари сотиб олаётган дата таҳлиллар бўйича талабни энг яхши клублар қўлга киритаётган таҳлиллар билан тенглаштириш.
Суперлига-2026. Учрашувлар интенсивлигини ошириш масаласида навбатдаги қадамлар
ПФЛ Hudl ва унга рақобатчи қолган компаниялар билан музокаралар олиб бораётган бўлиб, бунда қолган Лигалар қайси компанияларни афзал билаётгани ҳамда ўзбекистонлик футболчиларга тегишли таҳлиллар биз учун аҳамиятли бўлган Лигалар ва клублар эътиборида бўлиши учун иложи борича энг мақбул платформани танлаш муҳим аҳамият касб этади.

Футболчининг функционал ҳолатини масофадан туриб назорат қилиш қурилмалари билан ишлаш
Мазкур масала ПФЛ учун бироз мураккаб. Боиси Суперлига клублари айни вақтда 4 та компания билан ҳамкорлик қилмоқда.
Келишувлар муддати турлича эканлигидан келиб чиқиб, уни 2026 йилнинг ўзидаёқ марказлаштириш айрим мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ мазкур масалада ПФЛ Ассоциация билан келишган ҳолда муҳим қарорларни қабул қилиш ва клублар билан шу асосда ишлаш бўйича келишувга эришиши мумкин. Аммо бунинг ҳаммаси 2026 йилданоқ йўлга қўйилиши айрим қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Футбол ўйини қоидаларига киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришларни Суперлигага татбиқ этиш
ПФЛ мазкур масалаларда босқичма-босқич иш олиб бораётганлигини таъкидлаш лозим. Мутахассисларимиз шу йилнинг июль ойида АҚШ сафарида бўлиб, МЛС тоза ўйин вақтини ошириш масаласида қандай усуллардан фойдаланаётганлигини ўрганди. Шундан келиб чиқиб, “Суперлига регламенти”нинг 14 ҳамда 15-бобларига айрим таклифлар киритилган бўлиб, тоза ўйин вақтини ошириш учун хизмат қиладиган бу бандлар Суперлига клублари томонидан ижобий қарши олинди ва улар ўзгаришларга бир овоздан розилик билдирди (Ассоциация билан келишувга эришилган тақдирда, бандлар регламентдан олинади ва футбол жамоатчилигига алоҳида йўриқнома тарзида таҳлил қилинади, ўз навбатида ҳакамлар ИФАБ қоидаларига киритилган бу ўзгаришларни Суперлига ўйинлари давомида фаол қўллашга ўтади).
Эндиликда Ассоциация, ПФЛ ва Марказ ушбу ўзгаришлар қандай механизмлар асосида жорий қилиниши масаласида ўзаро келишувга эришиши керак. Шу йилнинг 13-ноябрь куни ПФЛ IFAB техник директори Девид Эллерей билан учрашув ўтказди. Эллерей дунёнинг 45 мамлакати Лигалари раҳбарлари иштирок этган Жаҳон футбол лигалари ассоциациясининг йиллик йиғилишида ИФАБ жорий қилишни режалаштираётган бошқа ўзгаришлар масаласида тақдимот ўтказди.
Суперлига-2026. Учрашувлар интенсивлигини ошириш масаласида навбатдаги қадамлар
Учрашувда Ўзбекистон Суперлигаси ўзгаришларни қўллаб-қувватлаши маълум қилинди. Биз ташкилотнинг январ ойидаги йиғилишига қадар ўз таклифимизни расман билдиришимиз мумкинлиги масаласида суҳбат ўтказдик. Агар барчаси ПФЛ режаси бўйича давом этса, 2026 йилдан бошлаб бир қатор ўзгаришлар қўлланилиши мумкин. Улар орасидан айримларини келтириб ўтамиз:
• бош мия чайқалиши оқибатида футболчи учрашувни давом эттира олмаслиги масаласи тез тиббий ёрдам шифокори ҳамда клуб шифокори томонидан тасдиқланса, футболчи алмаштириш учун имконияти қолмаган бўлиши шартида ҳар икки клубга қўшимча бир нафардан футболчини алмаштириш имконияти тақдим этилиши;
• учрашув ҳаками билан фақатгина жамоа сардори суҳбат олиб бориши мумкинлиги масаласини қатъийлаштириш;
• ҳакамнинг стоп қўл ишорасидан кейин ҳам тинчланишни истамаган футболчига ҳар қандай қўшимча сўзлар учун огоҳлантириш кўрсатилиши;
• футболчининг майдонда вақт чўзиш учун ётиб олиши оқибатида учрашув тўхтатилса, мазкур футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонни камида 1 дақиқага тарк этиши ва бу каби ҳолатда замбил ташувчилар ҳам овора қилинган бўлса, футболчи майдон ташқарисида камида 3 дақиқа қолиши шартлиги;
• футболчиларни алмаштираётган вақтда захира таблоси кўтарилган сониядан бошлаб футболчи майдонни 15 сония ичида тарк этиши ва мазкур сониялар кўпайиб кетган тақдирда, майдонга янги қўшилаётган футболчи 1 дақиқа давомида майдонга туширилмаслиги;
• дарвозабон тўпни 8 сония давомида қўлида ушлаб турса ҳамда тўпни ўйинга эркин зарба билан киритиш жараёни 8 сониядан ошиб кетса, рақиб фойдасига бурчак зарбаси белгилаш қоидасини қатъийлаштириш;
• тўпни аутдан ўйинга киритаётган футболчи мазкур вазифа учун 8 сониядан кўпроқ вақт сарфласа, аут рақиб фойдасига олиб берилиши.
Мазкур масалаларнинг айримлари МЛС'да аллақачон жорий этилган бўлиб, ҳозирча у ўзини оқламоқда дейиш мумкин. ИФАБ билан келишув асосида бу қоидаларга қўшимча яна айрим жиҳатлар ҳам муҳокама қилиниши кўзда тутилган. ПФЛ режаси амалга ошса, Суперлига мазкур қоидаларни биринчилардан бўлиб жорий қилган чемпионатга айланиши мумкин.
Энг муҳими, профессионал клублар ПФЛнинг мазкур ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. Биз юқорида қайд этилган масалалар тўлиқ ишлашидан манфаатдормиз ва уларни феврал ойига қадар жорий қилишни режалаштирганмиз. Ўзгаришлар ва кутилмалар бўйича ПФЛ футбол жамоатчилигини ўз вақтида хабардор қилиб боради.
Похожие новости
championat.asia
U-17 ЖЧ. Ўзбекистон Италияга ютқазиб, иштирокини нимчорак финалда якунлади
Al Ain Cup. Ўзбекистон пенальтилар сериясида Эронни мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди
ЖЧ саралаши. Португалия Роналдусиз рақиб дарвозасига 9 та тўп киритиб, мундиалга чиқди
"Шармандалик, бу шармандалик!"
Комментарии
HAKAMLARGA HAM BIROR QAROR CHIQARINLAR VARGA 10 MINUTLAB VAQT SARFLAB QO'YISHYAPTI