Рўзиқул Бердиев йирик ғалабадан кейин: "Бир нарса хафа қилди"
26 авг 00:40
Новости
Рўзиқул Бердиев йирик ғалабадан кейин: "Бир нарса хафа қилди"
Ўйин ҳақида
- Жамоа аъзолари ва мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Тезкор голимиз рақибнинг режаларига таъсир кўрсатди деб ўйлайман. Жуда муҳим гол эди.ўйлайман. Бугун йигитлар совуққон ҳаракат қилишди. Барча вазиятларга эътибор билан қарадик. Футболчилар ўйинни ҳам, ҳисобни ҳам назоратда ушлаб туришди. Хафа қиладиган томони ҳам бор, кетма-кет уйдаги иккинчи ўйинда қизил карточка олаяпмиз. Албатта, бу биз учун кутилмаган ҳолат. ФИФА кунлари сабаб Суперлигада танаффус юзага келади. Биз бу танаффусдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
- Тақвимга кўра, кейинги учрашувларда жамоа дастлаб "Навбаҳор"га қарши ўйнайди. Кейин Қувайтда ОЧЛ доирасида ўйнайди. Кучли ўйинлар олдидан жамоа танаффус вақтида ўз ритмини йўқотиб қўйишидан чўчимайсизми?
- Бу ҳолат бўлиши мумкин. Биз бунга жиддий ёндашамиз. Машғулотлар жараёнига ўзгартиришлар киритдик. Бундан олдинги танаффусдан яхши чиқдик. Ҳозир футболчиларнинг ҳолати яхши. Олдин бунга эътибор қаратмасдик, ҳозир бир жараёнга алоҳида ва жиддий ёндашаяпмиз. Бу биз учун жуда муҳим.
- Тезкор гол уриш услубини бошқа ўйинларда ҳам амалга оширса бўлмайдими?
- Ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Баъзида рақиблар ҳимояда жуда эътиборли ўйнайди. Жамоа гол ура олмаса, асабийлик юзага келади. Йигитларга кўп бора шу ҳақида таъкидлаймиз. Тезкор гол бугун рақиб режаларини бузди ва бизнинг ишимизни осонлаштирди.
- Бобир Абдихолиқов кўпроқ қанотда ўйнаяпти. Унинг марказий ҳужумдаги иши фойдалироқ эмасмиди?
- Бобир Абдихолиқов бугун жамоа учун жуда фойдали ишларни амалга оширди. Голда иштирок этди, жамоадошига жуда қулай вазият яратиб берди. У ҳужумчи, ўзи ҳам шу жойда ўзини яхшироқ ҳис қилишини айтади. Мавжуд таркибга қараб у қаердадир ўйнаб бериши керак бўлса, буни талаб қиламиз. Биринчи даврада Акмал Мозговой ҳам ҳимояда ўйнади, чунки бизда шунга эҳтиёж бор эди. Футболчининг универсал бўлиши бу - жуда муҳим жиҳат.
- "Насаф" ўтган мавсумда ҳужумкор ўйнаганди, бироқ чемпионликни қўлдан бой берганди. Бу йил эҳтиёткорроқ "Насаф"ни кўраяпмиз. Балки ОЧЛ баҳсларида ўтган мавсумдаги каби "Насаф"ни кўрамизми?
- Ҳар доим натижа биринчи ўринга чиқади. Яхши ўйнаб ютқазсангиз, натижа бўлмаса, танқидга учрайсиз. Бироқ яхши ўйин унутилади. Да Сильвага жароҳатини даволаш учун вақт зарур бўлди. Мана шу танаффусдан жамоамиз таркибига қўшилиб қолса керак.
- "Андижон" жамоаси билан чемпионат ва кубок доирасида тўқнаш келдингизлар. Бугунги "Андижон" ўша вақтдагисидан қанчалик фарқ қилади? Шунингдек, "Андижон"ни кубок ярим финалидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Биринчи даврадаги "Андижон" ва ҳозиргисининг ўртасида катта фарқ бор. Жисмоний томондан ҳам, руҳий тарафлама ҳам ўша "Андижон"дан фарқ қилаяпти. Жамоада муаммолар кўзга ташланиб турибди. Биринчи даврадаги агрессив ўйини кўринмади. "Андижон" ҳозир кубок ярим финалга йўл олган, тарихий натижа. Мураббийлар штаби, футболчилар бунинг учун катта меҳнат қилишди. Жамоага кейинги ўйинларда омад тилаб қоламиз.
- "Насаф" ёшларига қандай мотивацион фикрларни айта оласиз? Чунки ўтган гал улар ҳақида ижобий гапларни айтганингиздан сўнг натижалар яхши томонга ўзгарди...
- Бу албатта таъсир қилгани рост. Ўзим ҳам U-21 жамоамиз иштирокидаги ўйинларни кузатиб бораяпман. Биз ҳар доим айтамиз, академия ёки Биринчи лигадаги ёшлар ўзини кўрсатса, албатта таркибга жалб этамиз. Уларга нисбатан ҳар доим эътибордамиз, кузатиб борамиз. Ўринбосарлар таркиби билан ўзимиз маслаҳатлашамиз. Ёш футболчиларга ҳар доим эътибордамиз, албатта имконият берилади. Балки шу танаффусда ҳам ўринбосарлар таркибидан футболчиларни машғулотларга жалб этамиз.
- Бобир Абдихолиқовда сариқ карточка бор эди. Уни алмаштириш режаси бормиди?
- Йўқ, режада йўқ эди. Чунки Абдихолиқовдан бундай ўйин кутмагандик. Унинг ҳарактери шунақа, жуда босиқлик билан ҳаракат қилади.
Комментарии