Раньери "Рома"га нега қайтди?
16 мар 2019 14:40
Новости
Раньерининг Римда якунламаган ишлари қолиб кетган.
«Агар футбол соҳасидаги инсонларга ҳам «Оскар» мукофоти топширилганда, уни биринчи навбатда Раньерига бериш керак бўларди», — Раньери скудеттони қўлга киритишига оз қолганда, Фабио Капелло у хақида шундай фикр билдирган эди. Лекин 2010 йил Италиянинг бошқа бир жамоаси ва бошқа мураббий йили бўлганди: Моуриньо қўл остидаги «Интер» нафақат Италияда, балки бутун Европадаги барчани нарсани ютиб кетди. Шубҳа йўқ, кўпчиликнинг ўша ғалаба машинаси билан елкама-елка олишган айнан Раньери мураббийлигидаги «Рома» ёдидан кўтарилган.
Баҳор, нафақат дарахтлар, балки Моуриньо билан "жанг" ҳам айни гуллаган вақти, португалиялик худонинг берган куни рақибга босим ўтказиш йўлида интервью берар, Клаудионинг «Челси»даги омадсизликлари, у кучли футболчилар билан ишлай олмаслигини такрорларди. «Рома» устози эса шу ҳолатда ҳам Италия вакилининг Чемпионлар Лигасидаги ғалабасидан қувонишга ўзида куч топа олди. У «Интер»нинг Барселонадаги ўйинини ҳақиқий жасорат деб атади. Италия Кубоги финалида унинг жамоаси рақибига ҳақли равишда мағлуб бўлганини, рақиб кучлироқ кўринганини тан олди. Бироқ гап фақат чиройли нутқда эмасди.
Раньери ҳамкасби Моуриньо билан тенгма-тенг курашганини айтганда, бевосита шу тўқнашувни назарда тутдик. Италия чемпионати доирасидаги икки ўйинда 6 очкодан 4 очко ишлаб олди, мартда ўзаро тўқнашувдаги ғалабадан сўнг, айнан Раньери Жозени биринчи поғонадан пастроққа тушиб туришга мажбур қилганди. Ўша Кубок финалида ҳам барчаси буткул бошқача якунланиши мумкин эди. Ҳисоб бор йўғи 1:0 эди, аммо 87-дақиқада Тотти асабларини жиловлай олмади ва Балотеллини аяб ўтирмади. Натижада, "император" амалда жамоасининг ғалабага бўлган сўнгги умидларини йўққа чиқарди.
Ўша биз билган Раньери: «Рома» бевосита рақобатчисини мағлуб этди, лекин йўқ жойда ўртамиёна рақибга мағлуб бўлди ва рақибга биринчи ўринни қўш-қўллаб топшириб қўйди. Охирги тургача скудетто учун курашди ва "финиш"га иккинчи бўлиб етиб келди. Орадан уч ой ўтиб эса Раньери журналистларга Моуриньо етишмаётгани ҳақида айтади: «У чемпионатимизга ўзгача руҳ бериб турарди».
Мураббий фаолияти ҳақида гап кетганда, ҳаёлга биринчи бўлиб – «Лестер» билан қўлга киритилган чемпионлик келади, бироқ бу зафар қолган ғалабаларни, машаққатли меҳнатни ёпиб юбориши адолатдан бўлмайди. Қолгани эса – «Интер»даги омадсизлик ва мағлубиятлар серияси туфайли Клаудиога чиқиш эшиклари кўрсатилганди. Греция термасидаги муддатни мураббий яхшиси эсламасликни маъқул кўради, Францияда «Нант»да ўтган ўртача мавсум (мавсумни дахшат бошлаган жамоа баҳорга келиб "бензини тугаётган машинани" эслатарди, аксига олиб, газ-балон ҳам ўрнатилмаганди). Ва янги ўтмишдан «Фулхэм»даги уч ойдан бироз кўпроқ муддат: Раньери қўл остида жамоа томошабоп ўйин кўрсатган бўлсада, ботқоққа янада чуқурроқ ботиб қолди.
Албатта, мураббий фаолиятининг ҳар бир саҳифаси индивидуал воқеа ва бир-бирига бевосита алоқаси, таъсири йўқ. «Фулхэм»даги омадсизлик мураббий савиясига шубҳа билан қарашга сабаб бўла олмайди. Греция термасичи дерсиз, у ердан Раньери Фарер оролларига ютыазиб қўйганидан сўнг, шармандаларча хайдалганди. Лекин эътибор бериш зарур бўлган яна бир жиҳат, янги мураббий келди ва... У ҳам Фарер оролларига (жавоб ўйини) мағлубиятдан бошлади.
Раньери қаерда ишламасин унинг иш услуби ва муаммоси доимо унинг ҳароҳидир. Клаудио тезда натижа беради, аммо жамоани ўша юқори даражада ушлаб туришда муаммоларга дуч келади. Унинг жамоалари босим остида ўзини эркин хис қила олмайди. «Монако» бундан мустасно. Шунчаки, монегасклардан ҳеч ким бундай натижани талаб қилмаган ва ҳатто кутмаганди ҳам, шу сабаб ортиқча босим у ерда ҳам бўлмаган десак адашмаймиз.
Шу сабаб Раньери «Рома»га тайинлангани ҳақидаги хабарга «Твиттер»да муносабалар турлича бўлди ва қувончдан кўра, хайрон бўлганлар, "очиғи тушунмадим" деганлар кўпроқ бўлди.
Аммо бу аҳмоқона, омадсиз қарор деб бўлмайди. Уни қўллаб қувватламаган тақдирда ҳам, тушуниш тушунтириш мумкин. Йўқ деганда эмоционал томонлама.
Раньери ва «Рома» — бу ўзгача муҳаббат тарихи. Бошида тожи ва қўлида Кубок кўтарган Англиядаги Клаудиони ҳали эсласангиз керак-а? Лекин эътибор беринг, Раньерининг ўзи «Лестер» билан қўлга киритилган чемпионлик ҳақида фикр билдираркан: «Бу титул «Рома» билан қўлдан чиқарилган скудеттонинг ўрнини боса олмайди. Ҳеч нима, бошқа ҳеч қайси кубок унинг ўрнини боса олмайди. Лигани севимли жамоанг билан ютиш – бу қандай туйғу эканлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а?».
Раньери ва «Рома»нинг хайрлашиши ҳам жуда ғамгин бўлганди. Аммо ҳаёлан улар бирга қолдилар. Таклиф қилинган шартнома – июнь ойигача, қисқа муддатга, — кўриниб турибдики, Раньерига фақатгина қисқа муддатга ишонч билдирилган. Лекин кейинчалик унга клуб тизимида бирор лавозимда қолиш имкони кафолатланганлиги клуб унинг тажрибаси ва муносабатини қадрлашларини билдирард. Ҳа, яна бир гап: ҳозирги «Рома»ни бунданда ёмонроқ ҳолатга тушириш иложсиз вазифадек кўринмоқда.
Ҳозирги «Рома» – аянчли ахволда
Бу бўрттирма эмас. Ёзда Ди Франческо марказнинг муҳим ўйинчилари Стротман ва Найнгголандан айрилди. Уларнинг ўрнига эса иқтидорли, ёш вингерлар берилди. Ҳа, яна Нзонзи, Пасторе ва Кристанте келди, лекин улар билан иш қовушмади: қимматроққа сотиб, арзонроққа олиб, мураббий яна ҳеч нима бўламгандек барчасини жойига тушириб юборишини талаб қилиш нотўғри. Баъзи футболчиларнинг ўрнини умуман тўлдириб бўлмайди. «Севилья»да иш берган конспектлар Мончига Римда иш бермади. Дарвоқе, Мончининг кетиши ҳам баҳсли вазиятни вужудга келтирди. Ахир омадсиз бир мавсум туфайли мураббийнинг салоҳияти йўқ бўлиб қолмайдику. Аммо қарор қабул қилинди, муҳокамага ўрин йўқ ва испаниялик мураббий ўзига бошқа иш излаши зарур. Эмишки, уни яқинда Лондоннинг «Арсенал»ида кўришимиз мумкин экан.
Ҳозирги оғир вазиятда Раньери нима каромат кўрсатиши мумкин?
Шартномага қўл қўйганидан уч кун ўтиб у биринчи учрашувини ўтказди. Тайёрланишга вақт бўлмагани сабабли «Эмполи» билан ўйин бўйича Раньери ишига баҳо бериб бўлмайди. Қўшимчасига, ўша куни «Рома» Манолас, Де Росси, Пеллегрини, Жеко, Коларов ва Фасио хизматларидан турли сабабларга кўра фойдалана олмасди. Асосий таркибнинг олти вакили йўқ учрашув бўйича жамоага баҳо бериш қанчалик тўғри бўларкин?
Бироқ шу ўйиндаёқ Раньерининг баъзи қарорлари, чизгиларини кўриш мумкин эди. Биринчидан: бир йўла икки футболчи таянч зонасига жавоб беради. Нзонзи ва Кристанте ҳужумга ҳа деганда югуриб кетишмади ва тўп олдирилганда ортга, рақибни, тўпни қувлаб югуришларига тўғри келмади. Кристанте тўпни ҳужумдагиларга етказиб беришга жавоб берди, лекин ўзи кўп ҳам олдинги чизиққа чиқавермади. Марказдаги бу икки футболчининг ўйинини таърифлаш учун биргина статистик кўрсаткич етарли назаримизда: Нзонзи энг кўп тўп оширишини ҳимоячи Сантонга (12 марта) амалга оширган бўлса, Кристанте кўпроқ – вингер Клюйвертни (11та пас) тўп билан таъминлади. Қанот ҳимоячилар ҳам вазифаларни бўлишиб олишган: ўнг қанотдаги Флоренци ҳужумларга фаол қўшилди (ҳужумнинг учинчи зонасига 30та тўп ошириши), чапдаги Сантон эса биринчи навбатда ҳимояни ўйлаши белгилаб қўйилганди ва иложи борича соддароқ ўйнашга ҳаракат қилди (ҳужумнинг учинчи зонасига 9та тўп ошириши).
Шу сабаб, «Рома» баъзи эпизодларда иккига бўлиниб қолди: ҳужумдагилар (Эль-Шаарави, Дзаниоло, Клюйверт, Шик, баъзан қанот ҳимоячиси) ва қолганлар ҳимояда. Бундай «Рома» ҳужуми унчалик хавфли кўринмаган бўлсада, рақибга ҳеч қандай имкон қолдирмади. «Эмполи»нинг голини Жезус ўз дарвозасига, унчалик хавфли бўлмаган тўп оширишидан сўнг, киритиб юборди. Меҳмонлар эса чинакамига бор йўғи битта вазият яратишди: Кристиан дель Орко қаротдан тўп оширишидан сўнг, боши билан зарба берди.
Ёпиқ ўйин, стандарт вазиятлардан «Рома» футболчилари урган икки гол. Мана сизга Раньерининг одатий ўйин услуби.
«Рома» Ди Франческо давридагидан яхшироқ ҳужум қилмаслиги мумкин, аммо ундагидан анча яхши ҳимоялана бошлаши аниқ. Таянч зонасидагилар Ди Франческо тактикаси туфайли вужудга келаётган қарши ҳужумларни йўққа чиқаради. Қанот ҳимоячилари билан кўрган ҳолатимиз ҳам Раньерининг тактикаси. Ҳужумда мураббий Шик ва Жеко жуфтлигини кўрмоқчи. Раньери буни ҳеч кимдан яширмаяпти, шунчаки ҳар икки футболчи мураббий ихтиёрида бўлишини кутиш қолди холос.
Бунинг барчаси жамоага кучли тўртликдан жой кафоламаслиги аниқ. Бироқ сўнгги вақтларда «Рома» йўқотиб қўйгани, ўйиндаги балансни қайтаради. Охирги 10 учрашувда жамоа 23 та гол қўйиб юборганди.
Ва асосийси: Раньерининг Римдаги ишини фақатгина натижаларга, очко ва турнир жадвалидаги жойига қараб баҳолаш нотўғри. Кутилмаганда, номзодлар ичидан айнан уни танланиши, жамоага қайтиши ва Раньерининг севимли жамоасига қийин вазиятда ёрдамга келиши - бу шунчаки романтика. Буни ақл билан таърифлаб бўлмайди.
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии