RU

Последние новости

11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  0 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  4 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  8 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  16 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0

Қорақалпоғистон сафари ҳақида Новости

Қорақалпоғистон сафари ҳақида

14-15 апрель куни Қорақалпоғистонда ўзбек футболининг 110 йиллик байрами нишонланди.

Хоразмдаги футбол тантаналари поёнига етгач, Ўзбекистоннинг ғарбий чеккасидаги ҳудуд томон йўлга отландик. Қорақалпоғистон деганда, қуриб-қақшаб чўлга айланган денгизимиз ёдга келади илк навбатда. "Кемалар қабристони"га қадам ранжида қилиш насиб қилмади, сабаби бу сафаримиз режасида йўқ эди. Қолаверса, Мўйноқ Нукусдан анча олисда эди. Нукус ҳам саҳро бағрида бунёд этилган мўъжаз шаҳарга ўхшаб кетаркан, йўл давомида музқаймоқдан ширин уйқудан кечиб, деразага бошни қўйганча чор-атрофга термулиб кетдим (кўрмаган ерлар қизиқ-да), бироқ ҳаммаёқ сочларидан воз кечган кишининг боши сингари офтобда ялтирайди. Темирйўл ва столбаларни айтмаганда, автобус бир жойда айланаверганга ўхшаркан. Икки соатдан кўпроқ йўл босгач, ниҳоят кўзланган манзилга етиб келдик. 

У ерда бизни тантаналар билан кутиб олишди. Лифт орқали ўз хонамизга жойлашиб олгач (дарвоқе, лифт ичида классик мусиқалар жаранглар экан, илк бор қадам босганимда Бетҳовеннинг "Ой сонатаси" янгради, кейингиларида Моцарт, Бах ижодидан баҳраманд бўлдим), Қорақалпоқ футболининг фахрийлари билан учрашиш учун Hyundai автомобилида йўлга отландик. 

Қорақалпоғистон сафарининг илк кунидан ГАЛЕРЕЯ

Ушбу диёр ҳақида айтадиган бўлсам, Нукус шаҳрида янги қад кўтарган 4-5 қаватли бинолар бисёр экан, шаҳар бўйлаб такси хизмати учун сариқ рангдаги машиналар, сон-саноқсиз дамаслар, Исузу автобуслар ғизиллаб турибди. 

Мавзудан четлашиб кетмайлик. Хуллас, дастлаб Михаил Солохин хонадонига ташриф буюрдик. Михаил Николаевич Солохин ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолиятида Қорақалпоқ футболига улкан ҳисса қўшган фидокор инсон ҳисобланади. Бир қанча ўзбек қорақалпоқ футболига меҳнати сингган футболчиларнинг устози саналади. Хусусан, Жангабай Боранов, Жамал Бекмуратов, Тимур Искендеров, Аман Абдуллаев, Куат Туреевлар каби ўйинчилар шулар жумласидан. Биз билан бирга келган ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов футбол фахрийсига эсдалик совғаларини топшириб, миллионлар ўйинига қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Солохин ҳамда Биродар Абдураимов ўтмишдаги ёрқин хотиралари, ўйнаган жамоалари тўғрисида сўзлашди. Эрматов шунда ҳазиллашиб, "Сизниям ўйнамаган жамоангиз йўқ" деб қўйди. 

Кейинги манзилимиз Серик Исмаилов хонадони бўлди. Исмаилов ҳам ҳашаматсиз, оддий уйда истиқомат қиладиган, умрини футболга бағишлаган кишилардан бири экан. 

Футболчилик фаолиятини 1988-1990 йилларда Нукуснинг "Бетоншик" жамоасида бошлаган. 

1990 йилда Нукуснинг "Арал" жамоаси билан Ўзбекистон чемпионатида фаолиятини давом эттирган. 

Қорақалпоғистон чемпионатида бир неча бора ғолиб бўлган.

Серик Исмаилов мураббийлик меҳнат фаолиятини 1993 йил Болалар ўсмирлар футбол мактабидан бошлаган. 1997-2010 йилга қадар Республика футбол мактаб интернатида давом эттирган. 

Серик Исмаилов мураббийлик фаолияти давомида бир қанча истеъдодли футболчиларни тарбиялаб вояга етказган. Хусусан, Азамат Бабажанов, Алишер Жолмурзаев, Сабит Турабаев, Исхах Ибрагимов, Дамир Искендеров, Айбек Нурбаев шулар жумласидандир. 

Исмалов қўяр-қўймасдан меҳмонларни уйга чорлади. "Қорақалпоқда меҳмонларни уйга киритиб, нон синдирмасдан жўнатмайди", деди мезбон. Суҳбат давомида Исмаилов жаҳон чемпионатида тўп тепиш насиб этмаган бўлса-да, бўлажак дунёга келадиган набираси Ўзбекистон терма жамоаси сардори бўлиб, мундиалга йўл олишини истаётганини таъкидлади. 

Фахрийлар ҳолидан хабар олингач, футболимизнинг ниҳоллари билан учрашиш учун Қорақалпоғистон болалар футбол академиясига ташриф буюрдик. Равшан Эрматов ҳар бир болакай билан қўл бериб сўрашгач, Биродар Абдураимовни ҳам у ерга таклиф қилди. "Булар сизни ҳали живой кўрмаган", дея кулиб қўйди Эрматов. Суҳбат давомида болаларнинг яшаш тарзи, овқатланиши, орзулари муҳокама қилинди. "Овқат беряптими, тўйяпсизларми?" деган саволга "Ҳа" деб жавоб беришди. Эрматов озғин болакайни кўрсатиб, "Бунда эт йўғ-у, булар овқат ейдиганга ўхшамаяпти" дея яна ҳазил қилди. Жажжи болакайлар футбол фахрийларини кўриб, ҳаяжонда қолишдими ё бошқа сабабми, Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабонларининг исмини айтишга қийналишди. Менимча, ҳаяжон таъсири бўлса керак. Бизга Қорақалпоғистонда янги Месси улғаяётгани ҳақида айтишди. У 2007 йилда туғилган ҳамда болалар ўртасидаги мусобақаларда ўзини намоён қила олган экан. Унинг келгусида ўз даражасини янада юксалтира олишини истаб қолардик. Шунингдек, Қорақалпоғистон футболининг афсонаси Неъматулла Қуттибоев билан учрашиб, интервью олишга ҳам муваффақ бўлдик. 

Болакайлар билан биргаликда кўчат экиш маросими ҳам ташкиллаштирилган экан. Бир пайт қарасак, чуқур қазилган, кўчатлар тайёр, бироқ сув йўқ. ЎФА биринчи вице-президенти сув келтириш кераклигини, расмиятчилик учун қуриб қоладиган ниҳол ўтқазмаслигини билдириб, ҳазил қилди: "Нима, дарахт экмаганмисизлар аввал?" 

Шундан сўнг академия майдони билан танишдик. Очиғини айтганда, сунъий майдоннинг аҳволи талаб даражасида эмас экан. Ушбу майдонда академия ўқувчиларидан ташқари "Арал" жамоаси ҳам учрашув ва машғулотлар ўтказар экан. Шу омил ҳам майдоннинг толиқишга сабаб бўлган. Бизда майдонлар етарли эмас, уни бунёд этишга озмунча маблағ ажратилмайди. Майдонни тўғри парвариш қилиш ҳам маълум кўникмаларни талаб этади ва бу катта аҳамиятга эга. Келгусида майдон ҳолати стандарт ҳолатга келтирилади дея умид қилиб қоламиз. Академия тарбияланувчилари билан учрашув давомида Биродар Абдураимов ҳам сўз олиб, ҳозир ёшларда имконият юқори эканлигини таъкидлади. "Телевизорда футбол кўряпсизми, шундан нимадир олиш керак. Ҳамма нарсанинг замирида меҳнат ётади. Ҳаммаларинг футболчи бўлолмассизлар, лекин шунга ҳаракат қилиш керак. Мураббийларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Футболда фақат югуриш эмас, ақл ҳам бўлиши керак. Мен Эскишаҳарда туғилганман. Биз куни билан футбол ўйнардик. Битта тарвузни олганча шундоқ ерга уриб, уни еб, яна футболга кетардик. Сизларга бир кунда уч маҳал овқат берилади. Маслаҳатим, меҳнат қилинглар, меҳнат ва яна меҳнат. Қутибоев нега Қутибоев, чунки у вақтида катта меҳнат қилган". 

Равшан Ҳайдаров ҳам ушбу фикрга қўшимча қилиб, ортиқча нарсаларни четга суриб, асосий машғулот билан кўпроқ шуғулланиш кераклигини таъкидлади. Ўқувчилардан савол борми деб сўрашганда, биров лом-мим демади. "Савол беринглар, нима қиз болага ўхшаб уяласизлар", дея ҳазиломуз гапиришди маъсуллар. Шундан сўнгина бирин-кетин болакайлар савол бера бошлашди. Дастлабки саволлар фақат Равшан Эрматов фаолияти ҳақида берилди, шунда Эрматов "Сизлар ҳакам бўлмоқчисизлар ё футболчими?" дея кулиб қўйди. ЎФА биринчи вице-президенти урашув давомида масъулларнинг камчиликларини айтиб ўтиб, ёрдам бериш учун тайёрлигини билдирди. 

Сафаримиз, албатта, расмий футбол ўйинисиз ўтмасди. Жорий ташриф Ўзбекистон кубоги ўйинига тўғри келди. Қорақалпоғистон футболи ҳақида гапирадиган бўлсак, "Арал Самали" клуби Про лигада, "Арал" клуби эса Биринчи лигада иштирок этади. "Арал Самали" 1976 йилда "Амударё" номи остида ташкил этилган. 1990 йилда "Аралводстроевец"га ўзгарган, 1991-1999 йилларда "Арал" номини олган, "2000-2005" йилларда Турон, 2006 йил НОЗК, 2007-2011 йилларда "Жайхун", 2012-2019 йилларда яна "Арал" ва 2019 йилдан бошлаб "Арал Самали" номини олган. Клуб Про лигада ҳозирда 8-поғонада бормоқда. Ўзбекистон кубогида ҳам "Андижон", "Сўғдиёна", "Янгиер"дан сўнг охирги ўринни эгаллаб турибди. Демак, жамоанинг ишлари ҳавас қиларли даражада эмас.

Мезбонлар мухлислар кўз ўнгида "Янгиер" жамоасига йирик - 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Уни-буни қўйинг, футболда энг маза қиладигани томошабинларнинг реакцияси (барча эътирози ҳақли бўлмаса ҳам) ҳисобланади. Академия майдонида махсус вип трибуна ҳам мавжуд экан. 

Ўйинга кам сонли мухлис келган бўлса-да, қорақалпоқ тилидаги қўллаб-қувватлашлари билан ушбу баҳсни қизиқарли ўтишини таъминлади: 

"Жақинлаш бир жайда айланабермасдан", "Тўхтаб қоган танка ўхшисин", "Ҳэй, Науруз, Науруз, тепбисанба", "Тўпни апкелилар, башқа тўп йўқ", "Ўйна, жигитлар, айтиб ўйна бир-бирингга, вараталарди тили жўқ бизда", "Басингни кўтар", "Булар тавуқ қувиб жургандай журади", "Сариқмас, қизил бер, қўнғир бер хоҳласанг..." Шунақа мутойибалар хуллас...

"Арал Самали" - "Янгиер" учрашувидан галерея

Ташрифимизнинг иккинчи куни Нукусдаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабига бордик. У ерда ҳам мактабда таҳсил оладиган, ҳали спорт "с" ҳарфини энди-энди англаб етаётган ўғил-қизлар билан учрашдик. Мазкур мактаб 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, унда 21 спорт тури бўйича 1822 нафар ўқувчи (шундан 420 таси қиз бола) шуғулланади. 2021 йил давомида Республика миқёсидаги турнирларда 49 олтин, 57 кумуш, 105 та бронза; жаҳон чемпионатларида 3 олтин, 4 кумуш, 7 бронза; бошқа халқаро турнирларда 4 олтин, 2 кумуш ва 12 та бронза медали соҳибига айланишган. 2022 йилда мазкур мактабнинг 43 нафар спортчиси турли йўналишлар бўйича Ўзбекистон терма жамоасига чақирилган. Мана шундай совринлар сандиғига бой спорт даргоҳи ўқувчиларига совғалар улашилди, ўз навбатида, мезбонлар ҳам бизга ўзига хос чиройга эга миллий бош кийимларини туҳфа қилишди. 

Қорақалпоғистон фахрийлари футзал бобида ҳам улкан маҳоратга эга эканликларини кўрсатишди, улар ЎФА фахрийларини тер тўкишга мажбур этди. Ҳисоб, адашмасам, 6:6 кўриниш олди, голларни санашгаям улгурмай қолди-да одам, бир гол бўлди дегунча ортидан "пақ" этиб, бошқа тўп дарвоза қучоғига кириб ўтиради. Олис сафаримиз шу тариқа поёнига етди. Орол денгизини бой берган Қорақалпоғистон футболидан айрилишни ҳам истамасдик...

Қорақалпоғистон Республикаси сафарининг иккинчи кунидан ГАЛЕРЕЯ

 

Тошкентдан Хоразмгача...

Жиззахнома (футбол ва футболдан ташқари)

Рейтинг: +7   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика