"Пахтакор"нинг янги стадиони, танадаги ёғ миқдори ва Бабаян ҳамда Куперни солиштириш. Шота ва Арчил Арвеладзе билан интервью
25 сен 2019 16:31
Новости
"Пахтакор"нинг янги стадиони, танадаги ёғ миқдори ва Бабаян ҳамда Куперни солиштириш. Шота ва Арчил Арвеладзе билан интервью
Альтман: Қачон биринчи марта Ўзбекистонга келгансиз? Умуман бу ердаги футболчи муҳити, ўзингизнинг вазифаларингиз ҳақида қандай таассурот бўлган?
Арчил: Айтишим мумкинки, биринчи марта бу ерга "Динамо" (Тбилиси)нинг СССР чемпиони бўлганининг 50 йиллигига бағишлаган ўйинига 2014 йилда келганман. Шундай экан, менда Тошкент ҳақида ўша пайтда яхши таассуротлар бўлган. 2 йил олдин эса менга қўнғироқ қилишиб бу ердан таклиф борлиги ва бунга муносабатимни сўрашган, мен эса албатта бориш керак дедим. Биринчидан, мен қаерга бораётганимни билар эдим, иккинчидан, таклифни яхши билмай туриб қандай рад этиш мумкин эди. Бу ҳам бир "челленж" эди, чунки бошқа давлат, бошқа ҳаёт, биз 25 йил давомида Европада яшадик ва биз албатта грузинмиз, немис эмас. Яъни ярим осиёлик ярим европаликмиз. Собиқ иттифоқда яшаганмиз. Ўйлаб кўрдик ва бу ерда ўйлаган ҳамма нарсани амалга ошириб бўлишини тушундик. Бу мамлакатда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бу халқ аждолари 300 йил дунёга ҳукмронлик қилишган.
Альтман: Сизларни "ака" деб чақиришларига ўрганиб қолдингизми?
Арчил: Ҳа, бу ёқимли. Турли давлатларда исмларимизни бошқача айтишади. Масалан, мени Туркияда Арцил деб чақиришган, Германияда эса Архил. Бу ерда эса "ака". Бу ерда ҳаммаси соддароқ.
Шота: Шота ҳамма ерда Шота бўлган. Айтганча, мени бу ерда Шата деб чақиришмайди. Рус тилида "о" ҳарфи "а"га айланиб кетади, бироқ бу ерда Шота дейишади. Ахир исмим Шата эмаску.
Альтман: Тошкент ва Тель-Авивнинг фарқи нимада?
Шота: Тель-Авивда зерикиб қолмайсиз. У ернинг аёллари чиройли бўлмасада, улар жуда қизиқарли. Тезда севиб қолишингиз мумкин. Улар суҳбат давомида қалбингизга йўл топа олишади. "Маккаби"ни бир йил бошқардим ва қисқа вақт ичида клуб тарихига кирдим. Жамоани Европа лигаси гуруҳ босқичига олиб чиққан учинчи мураббий бўлдим. Чемпионатда иккинчи бўлдик.
Альтман: Ўзбекистонга бормасликка ундаган бирор киши бўлдими?
Шота: Йўқ. Лекин телевизорда кўринмаслигимни билардим. Чунки бу Осиё ва қитъада футбол Европадаги каби реклама қилинмайди. Европада Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқсангиз катта муваффақиятга эришган мураббий ҳисобланасиз. Осиёда эса бундай эмас.
Альтман: Европа ва Осиё футболи ўртасидаги фарқ нимада?
Шота: Осиёда ҳаво жуда иссиқ, кейин ташкилотчилик деган нарсалар бор. Бу ерда пиар ва рекламанинг ўрни ҳам бор. Европада "Арсенал" ёки "Ливерпуль"нинг қанот ҳимоячиси бизнинг энг яхши футболчидан қадрлироқ. Аслида у бизнинг ўйинчидан кучлироқ дея олмайман, бироқ маркетинг туфайли шундай. Ўзбекистонлик футболчи "Манчестер Сити"да ўйнаб кетиши мумкин.
Арчил: Бу ерда футболчилар осон йўлларни танлашади. Улар яшаш қийин бўлмаган, тил ўрганишнинг хожати йўқ чемпионатларни танлашади. Европада эса ўша мамлакатнинг тилини ўрганиш керак.
Альтман: Нега футбол агентлари ўзбек футболчиларини кузатишмайди?
Арчил: Биз ўйнаган вақтларда ҳаммамизни россиялик футболчи дейишган ва ўзбек ёки грузин эканлигимизни билишмаган. Ҳозир эса 99% футболчилар Осиёда тўп тепишади ва баъзилари Россияда яхши ўйнашган. Агар 3-4 нафар ўзбек Европада ўзини кўрсатса, тезда камида 20-25 нафар футболчи Европа чемпионатларига кўчиб ўтади. Шота: 1,5 йил аввал Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Хитойда Осиё чемпиони бўлди. Ўша йили Грузияда 19 ёшгача бўлганлар ўртасида Европа чемпионати ўтказилди. Бизникилар гуруҳдан чиқа олмади, аммо ўша жамоадаги 22 футболчи чет элга йўл олишди. Ўзбекистон ёшлари орасидан эса фақат уч футболчи - Ашурматов, Алибоев ва Шукуров хориж клубига ўтишди.
Ўзбекистонлик футболчилар орзу қилишни бошидан ўрганишлари керак. Кўп пул ишлаб топиш орзуси ва дунёнинг топ клубида ўйнаш орзуси ўртасида фарқ бор.
Альтман: "Пахтакор"га келишингизда катта ролни Алишер Усмонов ўйнаган экан. Шу тўғрими?
Шота: Бу миш-миш эмас. Ҳаммаси ҳақиқат. У ўз халқининг иқтидорига ишонади. Лекин у билан яқин эмасмиз. Тўғри, учрашганмиз, байрамларда смслар орқали бир-биримизни қутлаб турамиз. Алишер Усмонов билан "Эвертон" эгаси Фарҳод Мошири орқали танишганмиз.
Альтман: Грузин ва ўзбеклар бир-бирига ўхшайдими?
Арчил: Ҳа, феъли ва ҳаёт тарзи ўхшаб кетади.
Альтман: Эшитишимча, сиз "Пахтакор"га келишингиздан аввал жамоа футболчилари ўйиндан олдин ош тановул қилишган экан.
Шота: Спортчиларнинг танасида ўртача 9-10% ёғ бўлади, "Пахтакор"да эса 16-18%ни ташкил қилган. Бу худди ўйин давомида 12-13 кг.ли рюкзак билан югургандек, елкангиздаги рюкзакдан ҳеч қандай фойда йўқ. Бу нафақат спортчилар, балки оддий одамларга ҳам зарар келтиради. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлиши керак. Ош тановул қилиш мумкин, аммо чегараланган миқдорда.
Альтман: Фаолиятингиз давомида ҳокимлар ишингизга аралашганми?
Шота: Ҳокимлар йўқ, клуб президентлари "нега у ўйнади" ёки "нега у ўйнамади" деб қолиши мумкин. Испан ёки италияликлар сўраб қолади. Агар раҳбар футболни яхши тушунса, унда мураббий нега керак? Грузия терма жамоаси бош мураббийи бўлгандан, Грузия президенти бўлиш осонроқ. Чунки таксичи сизга молия ҳақида ақл ўргатмайди. Мураббий бўлсангиз нима қилишни ўргатадиганлар кўпайиб кетади. Ўзбек халқи футболни тушунади, аммо баъзида ҳиссиётларини жиловлай олмай қолади.
Альтман: Трибунада ўтириб, футболчи ва мураббийларни сўкадиганларга жавоб бергингиз келадими?
Шота: Ҳа, грузинлар ғурурли халқ. Бироқ улар кимни сўкишяпти? Ўз болалари, қўшниси, қариндоши ёки ватандошини. Хатто ҳайвонот боғида ҳайвонларга сўкиниш мумкин эмас. Маданият бўлиши керак. Стадионларда футболчиларга қарата сув идиши ёки тош отишади. Бу мухлислар қиладиган иш эмас. Тасаввур қилинг: Автобус ҳайдовчиси 5 дақиқага кечикди, унга тош улоқтирасизми? Йўқ. Футболчилар узатмага кечикишса, тош отиш керакми?
Альтман: Айтишларича, ўзбек футболи даражаси жуда пастлигидан бизда хатто футбол агентлари ҳам йўқ экан.
Шота: Агентлар бор. Аммо ҳамма гап футболчиларда, улар шартларга жуда тез рози бўлишади.
Арчил: Афсуски, ўзбекистонлик футболчилар Туркия чемпионатида йўқ. Туркиянинг маданияти, тили ва удумлари Ўзбекистонникига яқин. Бу чемпионат трамплин вазифасини ҳам ўтаб беради.
Альтман: Қайси ўзбек футболчиси чет элда ўйнаб кетиши мумкин?
Шота: Бундайлар кўп. Ҳамробеков, Машарипов, ҳимоячи ва ярим ҳимоячиларимиз. Терма жамоада ҳам бор. Ёшлар орасидан Яхшибоев, Ибрагимов, Ғаниев, Муҳитдинов, Сидиқов, Комилов бор. Алибоев осонликча Европада ўйнаши мумкин эди.
Альтман: Эшитишим бўйича, Тошкент Сити олдида "Пахтакор Сити" қад ростлаши керак экан. Нега ҳеч қандай ўзгариш йўқ?
Шота: Бу лойиҳа камида 120 млн. фунт туради. Шу сабабли тез амалга ошиши қийин. Лойиҳа тўхтаб қолгани йўқ. Стадион ўз харажатларини қоплаши керак. Янги арена борасида йил охиригача қарор қабул қилинади.
Альтман: "Пахтакор"га машҳур футболчи келиши мумкинми?
Шота: Адебайор билан шартнома имзолашга яқин эдик, аммо аукционда турклар ғолиб чиқди. Бироқ футболни юлдузлардан бошламаслик керак. "Анжи"ни эсланг, биринчи йил 300 млн. евро тўлашди, кейинги йил бюджет 120 млн. евро бўлганида ҳамма қочиб кетди. Қани ўша "Анжи"? Агар имконият бўлганида Левандовскини таклиф қилган бўлардим. Дарвозабон мухлисларга қизиқ эмас. Гризманн ёки Ибрагимович ҳам бўлаверади. Бироқ Златанни ҳайрон қолдириш қийин.
Альтман: Эктор Купер ва сиз Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришингиз ҳақида.
Шота: Эктор Купер фаолияти давомида юқори даражали жамоаларда ишлади. Унинг услуби ҳимоявий дейдиган бўлсангиз, таркибга эътибор беринг. Барча жамоалардаги каби 4 ҳимоячи, ҳужумларга қўшиладиган қанот футболчилари. У таваккал камроқ бўлган услубни танлади. Шартномани охиригача кутиб, натижа бўйича қарор чиқариш керак эди.
Йўқ. Терма жамоани бошқармайман. Грузияга ҳам йўқ деганман.
Альтман: Энди блиц (тезкор савол-жавоблар).
- Айни дамда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси
Шота: Машарипов.
Арчил: Тўғри.
- Криштиану ёки Месси?
Шота: Месси.
Арчил: Месси.
- Ҳаётингиздаги энг муҳим голлар.
Шота: Фарзандлар дунёга келиши.
Арчил: Менда 3та, унда 2та гол (фарзанд) бор.
- Гвардиола ёки Клопп?
Арчил: Гвардиола.
Шота: Пеп.
- Ош ёки лағмон?
Арчил: Ош.
Шота: Ош.
- Бабаян ёки Купер?
Арчил: Куперни кўпроқ таниймиз, бирга ишлаганман. Бабаянга ЖЧга чиқиш учун 1 очко етмаган экан. Купер эса энди бошлаганди. Бир нарса дейиш қийин.
- Ўғлини футболчи қилмоқчи бўлган ота-оналарга қисқа маслаҳат.
Шота: Улар болага лотерея чиптасидек қармасликлари лозим. Яъни бола муаммоларнинг ечими эмас. Улар мураббий эмас доимо ота-она бўлишсин.
- Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқадими?
Арчил: Худо хоҳласа (ўзбекчада).
Шота: Албатта, худо хоҳласа.
Интервьюнинг ВИДЕО кўриниши қуйидаги саҳифада: YouTube/Alter Ego
Комментарии