RU

Последние новости

19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  0 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  10 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  5 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  27 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5

Ўзбек футболида янги «юлдуз» Новости

Ўзбек футболида янги «юлдуз»

Ўзбекистон - Саудия Арабистони ўйинининг қаҳрамонига айланган Сардор Рашидов номига айтилаётган мақтовлар тинмаяпти. Хориж матбуоти ҳам футболчимизнинг келажаги ёрқин эканлигига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Саудияликлар дарвозасига иккита тўп киритди ва ҳақли равишда энг яхши ўйинчи номига сазовор бўлди. Ғалаба қозонишимизда унинг қўшган ҳиссаси муҳим аҳамият касб этди. Шундан кейин ушбу футболчи ҳақида янада яхшироқ билишни истаганлар кўпайиб кетди.

Кўпчилик уни тошкентлик деб ўйлайди. Аслида эса Сардор Жиззахда туғилган. 1991 йилнинг 14 июнь куни у ерда дунё юзини кўрди. Оилада уч ўғил ва тўнғичи айнан мақоламиз қаҳрамони ҳисобланади. Ундан кейингиси Санжар Рашидов 1993 йилда туғилган ва ҳозирда «Сўғдиёна» клубида тўп суряпти. Кенжаси Саҳоб Рашидов эса 1998 йилда таваллуд топган. У ҳам ушбу жамоанинг ёшларида иштирок этяпти. Дадаси Ихтиёр Рашидов тадбиркор, онаси Барно Рашидова мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.

САРДОР РАШИДОВНИНГ ФУТБОЛГА КИРИБ КЕЛИШИ
Сардор ҳам барча ёш болалар қатори кичиклигидан ушбу спорт турига меҳр қўйган. У болалигини асосан кўчада футбол ўйнаш билан ўтказган. Футболга кириб келишига эса дадаси туртки бўлган. Негаки, Ихтиёр ака ҳам унинг ашаддий ишқибози. Ўзи ҳам футбол ўйнагану, аммо кўнгилдагидек кечмаган. Шунинг учун фарзандларини футболчи қилиб етиштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Сардор 6 ёшидан футбол билан шуғулланишни бошлаган. «Менинг футболчи бўлишимга дадам сабабчи. Бу спорт турига қаттиқ қизиқиши менга ҳам ўтган. Футболни жуда яхши тушунади. Шу боис катта бўлганимда яхши футболчи бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйгандим. Машҳур ўйинчиларнинг ўйинларини кўриб иштиёқим янада ошган. Аввалига Рональдинонинг ҳатти-ҳаракатларига қойил қолардим. Кейин эса Криштиану Роналду мени ўзига ром этди, дейди - Сардор.  



Ҳаётда жуда камтар ва содда йигит бўлган мақоламиз қаҳрамони ўзини футболсиз тасаввур эта олмайди. Тенгқурлари орасида эса у яққол ажралиб турарди. Сардор шундай ўйнардики, албатта катта футболга қадам босиши кераклиги билиниб турарди. Натижада у 2008 йили илк бор «Сўғдиёна» жамоасига қабул қилинган. Бу Сардор учун муҳим қадам бўлганди. Қолаверса, жамоага қабул қилинганидан унинг боши осмонда эди. Катта иқтидорга эга бўлгани учун унинг ўйинлари тезда бошқа клубларнинг эътиборини тортди. Натижада «Бунёдкор» уни 2010 йили таркибига қўшиб олди. Шундан сўнг Рашидовнинг фаолиятида катта бурилиш юз берди. Унинг Тошкентга кўчиб ўтиши ҳаётини ўзгартириб юборди. У бу ерда янада яхшироқ ишлашни бошлади. Тез орада мураббийларнинг ишончини қозонди. Лекин «Бунёдкор»да унга осон бўлгани йўқ. Чунки у ерда рақобат юқори эди. Шунга қарамасдан Сардор ҳеч нимадан  қўрқмасдан ўз ўрни учун курашди. Ҳаракатда баракат деган гап бор. У тинмасдан ўз устида ишлади, меҳнат қилди. Шунинг учун вақт ўтган сари «Бунёдкор»да ҳам ўз ўрнига эга бўлиб борди. Бу эса унинг терма жамоага ҳам жалб этилишига сабаб бўлди. Унгача эса у албатта ёшлар термасида ҳам иштирок этиб муҳим ўйинчилардан бирига айланди. «Рақобат бор жойда ўсиш бўлади, деган гап тўғри - дейди, Сардор. - Меҳнатимга яраша мураббийлар ҳам менга ишонч билдиришди. Мен эса бу ишончни оқламасам бўлмасди. Шунинг учун янада қаттиқ ишладим. Ветънам терма  жамоасига қарши ўйинлардаги голларим эса фаолиятимда туб бурилиш ясади».

Осиё Кубоги учун саралаш ўйинлари доирасида Вентьнамга қарши уйда ва сафарда ўйнаган терма жамоамиз иккала баҳсда ҳам ғалаба қозонди. 2013 йилнинг 15 октябрь куни Тошкентдаги учрашувда 3:1 ҳисоби қайд этилди. Рашидов эса иккинчи бўлим бошида майдонга тушиб 69-дақиқада ҳисобни очди. Жавоб ўйини 15 ноябарда Ханой шаҳрида бўлиб ўтди. Унда ҳам Сардор иккинчи бўлим бошида майдонга тушди ва 89-дақиқада терма жамоамизнинг учинчи голига муаллифлик қилди. Шундан сўнг Сардорда чиндан ҳам янада ўсиш кузатилди.



«АТЛЕТИК» ВА «ЭСПАНЬОЛ»НИНГ ҚИЗИҚИШИ
Австралияда давом этаётган Осиё Кубогида Сардор Рашидов янада яхшироқ намоён бўлмоқда. Бунгача хорижлик скаутларнинг хаёлини «ўғирлаган» футболчимиз ушбу турнирда қандай иқтидорга эга эканлигини кўрсатиб қизиқувчилар сонини ортишига сабаб  бўляпти. Маълум бўлишича, унга Испаниянинг «Атлетик» ҳамда «Эспаньол» клублари қизиқиб қолишган. «Мен ҳам бу ҳақида эшитдим - дейди, Рашидов. - Агентлар менга хабар беришди. Албатта, мен учун ёқимли. Аммо ҳозир бор эътиборимни терма жамоамизга қаратганман. Бошқа нарсаларга чалғимасдан фақат ғалабалар ҳақида ўйлашимиз керак».

Умуман олганда, Сардорга кўплаб клублар ўз эътиборини қаратишди. У эса Испания чемпионатини ёқтиради. Шу боис кўпинча Ла Лига беллашувларини мириқиб томоша қилади. Шу боис ҳам унга испан клубларидан қизиқиш бўлаётгани бежиз эмас. Бундан ташқари бир қатор Араб жамоаларидан ҳам яхшигина таклифлар бўлмоқда. Лекин у фақат Европани кўзлаяпти. Нима учун Испания чемпионатини яхши кўришини қуйидагича тушунтирди. «Испания мен учун идеал чемпионат. У ерга Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун борганмиз. Ўшанда Валенсия шаҳрида шуғуллангандик. «Вильярреал»га қарши ўтказган ўртоқлик учрашувимизни яхши эслайман. Ажойиб ўйин бўлганди. Бу эса менинг ушбу чемпионатга қизиқишимни янада кучайтирган. Албатта, ўзимни 100 фоиз у ерда тўп суришга тайёрман дея олмайман. Чунки Испанияда футбол жуда нозик дид билан ўйналади. Лекин менда ҳам фаолиятимни Ли Лигада давом эттириш имконияти пайдо бўлса, яхши ўйнай олишимни вақти соати билан уддалашимга ишонаман. Шу боис Осиё Кубогидан кейин легионер сифатида бошқа чемпионатда тўп суриш ниятим бор. Саудия Арабистонига қарши ўйиндан кейин ўзимга бўлган ишонч янада ошди. Чунки биз ўз ўйинимиз билан мухлисларимизни хурсанд қила олдик. Қўлимиздан ҳали яна анча-мунча ишлар келади». 

Кўриниб турибдики, футболчимиз аллақачон хорижлик скаутлар эътиборида. Австралияда ҳам терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни стадиондан кўплаб агентлар ва скаутлар кузатиб бораётгани ҳақида маълумотлар бор. Осиё Кубоги эса Рашидовнинг фаолиятида яна бир бор туб бурилиш ясаши кутилмоқда. Айниқса, саудияликларга қарши кўрсатган ажойиб ўйини ва иккита голи туфайли у янада қизиқувчиларнинг ортишига сабаб бўлди. Футболга кириб келишига сабабчи бўлган дадаси Ихтиёр ака ҳам ўғлининг кўрсатаётган ўйинларидан қувонаётгани аниқ. Ахир меҳнатлари зое кетмаганини ўғли ўз ўйини билан намойиш этиб бермоқда. Шу боис дадаси билан ҳам суҳбатлашдик.



Ихтиёр РАШИДОВ: «ХОРИЖЛИК АГЕНТЛАР МЕНИ ТИНЧ ҚЎЙИШМАЯПТИ»
- Саудия Арабистонига қарши ўйиндан олган таассуротларим ўзгача бўлди, - дейди Сардор Рашидовнинг дадаси. - Учрашувнинг бошидан охиригача кучли ҳаяжон билан кузатдик. Ғалаба қозонганимиздан жуда хурсанд бўлдик. Ўғлим гол уриши муҳим эмасди, асосийси, ким тўп киритишидан қатъи назар Ўзбекистоннинг ғалаба қозониб чорак финалга чиқишини истагандим. Барча футболчиларимиз юзлари ёруғ бўлиши учун қаттиқ ҳаракат қилишди. Учрашувдан олдин йигитларни руҳий томондан ҳам пухта тайёрланишгани кўриниб турди. Масъулиятни чуқур ҳис қилишди. Ҳатто захира ўриндиғидаги футболчилар ҳам ўйинни тик турган ҳолда кузатишди. Бизнинг оиламиз катта ва доим ўйинларни кўпчилик бўлиб томоша қиламиз. Бу сафар ҳам яқинларимиз билан биргалашиб кўрдик.

- Ўғлингиз ўйиннинг бошида ҳисобни очди ва ўйин охирларига яқин иккинчи голини уриб, дублга эришди. Сардор гол урган вазиятларда сиз қандай ҳолатга тушдингиз?
- Очиғини айтганда, хурсандчилигимдан юрагим тўхтаб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ўша ҳолатларда қаттиқ таъсирландик ва бошқача ҳаяжонландик.

- Кутмаганмидингиз?
- Аслида ўғлим майдонга тушганида доим гол уришини кутаман. Саудия билан ўйинда ҳам дарвозани ишғол этишига ишонардим. Чунки унинг характерини яхши биламан. Бутун жамоамиз ҳаммамизнинг ишончимизни оқлашди.

- Сардор доимо танқидчим дадам деб таъкидлайди. Саудия Арабистони билан бўлган ўйинда эса у энг яхши футболчи бўлди. Бу сафар унга танқид кўзи билан қарамаётгандирсиз?!
- Натижага қарасак, кўнглим тўлди дейишим мумкин. Лекин Сардор ўз устида ҳали кўп ишлашим керак. У бундан-да яхшироқ тўп суришга қодир. Янада кучлироқ ўйнашини хоҳлайман. Мен ҳам ёшлигимдан футболга қатнашганман ва футбол ўйнаганман. Аммо улғайгач профессионал фаолиятимни бошлай олмаганман. Менинг биринчи мураббийимга Сардорни ҳам олиб борганман. Уни 6 ёшидан футболга бердим. Кейинчалик Усмон Муҳаммедшин қўли остида тарбия топди. Сардор учун у кўп меҳнат қилди. Футболчи сифатида шаклланишида ҳиссаси катта бўлди. Укалари ҳам унга ўхшаб футболни танлашган.

- Ҳозирги пайтда ўғлингизга хориж клубларидан кўплаб қизиқишлар бўлаётганини сиз ҳам биласизми?
- Албатта, биламан. Ҳозир сиз қўнғироқ қилишингиздан олдин Россиядан агентлар менга қўнғироқ қилишди. Умуман, менга кўпчилик алоқага чиқишяпти. Менга «сим» қоққан россиялик Роман Павлюченко, Павел Погребняк ва яна бир қатор таниқли ўйинчиларнинг агенти экан. Ўзининг айтишича, Виталий Денисов билан ҳам муносабати яхши экан. Унинг мақсади Сардорни Россия чемпионатига олиб кетиш. Бундай таклифдан хурсандман. Аммо унга Осиё Кубоги тугаганидан кейин бир қарорга келишимиз ҳақида жавоб бердим. Бунинг устига ўғлимнинг тақдирини биргина мен ҳал қила олмайман. Аввало унинг ўз клуби бор. Мураббийлари ҳам бор. Биз барча билан маслаҳатлашамиз. Вазиятнинг икир-чикиригача ўйлаб кўрганимиздан кейин бир қарорга келамиз. Барибир у «Бунёдкор»га тегишли бўлгани учун улар қарор чиқаришади. Биз эса раҳбариятга ва мураббийларга ишонамиз. Ўша агентнинг айтишича, у Европанинг бир қанча жамоалари учун ҳам ишлайди. Мен билан суҳбатда 5-6 та Россиянинг машҳур футболчиларини менинг мижозларим ва Сардор билан ҳам ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор деб айтди. Билишимча, Россияда ўғлимга қизиқиш катта. Яна унинг гапига қараганда, россиялик мураббийлар ҳам ўз эътиборини қаратишган.

- Қайси мураббийлар?  
- Тўғриси, у қўнғироқ қилган пайтда мен машинада йўлда кетаётгандим. Қарасам, ўзини россиялик Олег Алексеевич Артёнов агентман деб таништирганидан кейин машинамни бир четга тўхтатиб гаплашдим. У айтиб ўтган мураббийлардан фақатгина Қурбон Бердиевни эслаб қолдим. Яна кимларнидир номларини айтганди, аммо яхши эслай олмадим. Айнан ўша мураббийлар агент билан гаплашиб Сардорни таклиф қилиш масаласини ўртага ташлашган.

- Бундан ташқари сизга яна қаерлардан қўнғироқлар бўляпти?
- Аслида мен камтарликни яхши кўраман. Лекин сўраганингиз учун айтаман, куни-кеча Туркиядан ҳам телефон бўлди. Уларга эса бу борада «Бунёдкор» клубига мурожаат қилишларини маслаҳат бердим.



- Айнан қайси клуб эканлигини аниқлай олдингизми?
- Очиғи, менга клуб номини айтишмади. Аммо улар ҳам футбол агентлари эди.

- Сардор анчадан бери Испания чемпионатини ёқтиради. Буни қарангки, Ла Лигадан «Эспаньол» билан «Атлетик» жамоаларининг қизиқиб қолгани сизга қандай таъсир ўтказяпти?
- Тўғри айтдингиз, ўғлим ростдан ҳам Испания чемпионатини ёқтиради. Аслида «Эспаньол» билан «Атлетик»нинг қизиқиб қолганини мен ҳам билардим. Албатта, бундай жамоаларнинг ўғлимга бефарқ эмаслиги мени хурсанд қиляпти. Лекин бу қачон амалга ошишини вақт кўрсатади. Сардор билан гаплашганимда ҳам мана шундай қизиқишлар бўляпти деб айтиб туради. Аммо унга ҳозирги пайтда барча ўй-хаёлларинг фақат терма жамоада бўлсин деб қаттиқ уқтиряпман. Ҳеч қачон клубни қидирма, аксинча клуб сени қидирсин, деб маслаҳат бераман. Ҳамма нарсага фақат ўз ўйини билан эришиши мумкин. Лекин ўғлим меҳнаткаш. Уйига дам олиш учун келса ҳам бу ерда тинмайди. Тоққа чиқиб шуғулланишни яхши кўради. Шу боис бу ерга келди дегунча уни тоғда югураётган ҳолда топамиз. Ўз устида ишлаши яхши.

- Яна қандай клублар ўғлингизга катта қизиқиш билан қарамоқда?
- Менимча, бу масалада клубга ҳам мурожаат қилишяпти. Барибир Сардорнинг «Бунёдкор» билан шартномаси бор ва улар унинг эгасидир.  

- Ўзингизга қолса, Сардорнинг қайси чемпионатда тўп суришини хоҳлайсиз?
- Уни Испания футболига мос деб ўйлайман.

- Сабаб?
- Сабаби, ҳар чемпионатнинг ўз услуби бор. Испания чемпионатида тактик-техникага кўпроқ аҳамият қаратишади. Сардор ҳам техникага мос ҳолда ўйнайди.


ФИРДАВСХОН.  
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика