Осиё Кубоги-2011ни ёд олиб
28 ноя 2018 16:20
Новости
Осиё Кубоги-2011ни ёд олиб
Осиё Кубоги-2007да Улуғбек Мирзаев ва Ҳасан Пирмуҳамедов Ўзбекистондан қитъа чемпионатида ОАВ шарафини "ҳимоя" қилган эдилар. Қатарда саф анча кенгайди. Булар - Ҳасан Пирмуҳамедов (ЎФА), Беҳзод Назаров ("Футбол Экспресс"), Баҳодир Мирзаев ("Бунёдкор"), Аҳадхон Абдуҳамидов ва Камолиддин Алимов ("Интер Футбол"), Шуҳрат Шокиржонов (uff.uz), Алексей Глазунов (блогер) ва Ҳасанали ота (блогер). ОАВ ўртасида рақобат кучли бўлган пайт эди. Қисқаси мен, Беҳзод Назаров ва "Интер футбол" вакиллари битта меҳмонхонага жойлашдик. Кўпчилик қатори чипталаримиз гуруҳ ўйинларидан келиб чиқиб олинганди. Тўғриси, ўша мусобақада терма жамоага бўлган ишонч катта бўлмаган.Ёдимда, мусобақа бошланишига икки кун қолганида, 5 январь куни "Халифа" стадиони ёнидаги машғулот майдонига кириб келганимизда, 4 нафар ОАВ вакилини кўрган делегация вакиллари ҳайрон қолган эдилар. У пайтлар ОАВнинг чет эл мусобақаларида қатнашиши камдан-кам кузатиларди. Бир кун ўтиб эса матбуот анжуманида бошқа меҳмонхонада истиқомат қилаётган ҳамкасбларимиз ҳам қўшилганида Абрамовнинг ҳайрати ошганди. Ўйинолди матбуот анжуманида Аҳмедов ва Абрамов иштирок этганди. Энг қизиғи шундаки, ўйинолди матбуот анжуманларининг деярли барида Абрамовга Аҳмедов ҳамроҳлик қилган. Фақат Австралияга мағлубияга учралгач Жанубий Кореяга қарши ўйин олдидан ўтказилган тадбирда Азиз Ҳайдаров қатнашган.
Ўйиндан олдин Қатар нашрларида шундай карикатура чиққан эди.
Бу Осиё ўйинларидан кейин Қатар ташкил қилаётган кейинги йирик мусобақа эди. Қолаверса, ОФКнинг ўша даврдаги президенти жаноб бин Ҳаммам ҳам мезбон киши сифатида мусобақани ҳар томонлама юқори савияда ўтишини таъминлай олган эди. Қатарда жамоалар, мухлислар ва ОАВга яратилган шароит кейинчалик бирон бир йирик мусобақада кузатилмади. На Олимпиада, на ЖЧ, на Евроларда. Ҳаттоки, кейинги ОК мезбони бўлган Австралия вакиллари мусобақа пайтиёқ айтган эдилар, "биздан бундай сифатни кутманг", деб.
Бутун Қатар бор эътиборини очилиш ўйинига қаратган эди. Одатда қуръа ташлаш маросимида мезбонга енгиллик тақдим этилади. Ўзбекистон терма жамоасига кўпчилик бу қадар ишонмаган эдилар. Қатарликлар ҳам ўйин олдидан уч очкога деярли эга бўлиб улгурган эдилар. Маҳаллий нашрларда чиққан карикатуралар ҳам бунга мисол бўла олади.
Ўйин кечагидек ёдимда, мен қарама-қарши дарвоза ортида турибман. Бир пайт Азиз тўпни Одилга етказди, Одилнинг "пушка"сидан отилган тўп тўппа-тўғри дарвоза тўрига тушди. Айнан шу гол Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қитъа чемпионатидаги тарихини ўзгартириб юборди. Нафақат терма жамоанинг, балки мусобақага келган скаутларнинг режаларини ҳам.
Иккинчи голдан кейин Қатар ҳеч нима қила олмади. Бизнинг олдимизда турган вазифа ортга қайтиш учун олинган чипталарни бошқа кунга ўзгартириш бўлди. Бу сафар чипталарни мусобақанинг сўнгги кунига қадар олиб қўйишга қарор қилдик, яна бир маротаба ўзгартириб ўтиришни истамадик. Хитой терма жамоасига қарши учрашувдан кейин медиа марказ ҳувиллаб қолди. 200 нафарга яқин хитойликни уйга равона қилгандик.
Айнан мазкур ОК сайтимиз фаолиятига жиддий таъсир ўтказди. Яъни тезкор ишлашни ўргандик. Бу пайтга келиб Осиёнинг ривожланган давлатлари аллақачон тезкор ахборотни бериш тизимига ўтиб бўлган эдилар. Бизда эса бу пайтда сайтлар энди-энди тузилаётган пайтлар, ҳали ҳам асосий эътибор газеталарда эди. Аҳадхон ака "Интер футбол" газетасини ўша ерда ҳам чиқариб, футболчиларга тарқатар эди. Қисқаси, зўр ўтган мусобақа.
Иорданияга қарши кечган 1/4 финал ўйини осон ўтмаган. Ўз пайтини пойлаб ўтирган Улуғбек Бақоев мана шу ўйинда терма жамоа жонига оро киради. Бақоев 4 дақиқа ичида дубл қайд этгач, Иордания ҳисобни қисқартиришга эришади. Кейин Нестеров жароҳат олди. Иорданиянинг ҳужумлари тезлашди. Тимур Жўраев эса айнан шу куни жуда кўп сейвларни қила олганди, афсуски кейинги ўйинда...
Австралия - Ўзбекистон ўйини олдидан кутилмаганда биз фаворит сифатида қайд этила бошладик. ОАВ Ўзбекистон ҳақида бот-бот гапирарди. Бир кун олдин бўлиб ўтган машғулотларда Нестеров асосий посбон сифатида машғуот ўтказди. Лекин ўйин бошланишига бир неча соат қолганида майдонга тушма олмаслигини айтган. Бир кун аввал иккинчи бўлиб шуғулланган Жўраев асосий таркибдан жой олди. Ўша ўйин голларини қайта-қайта кўрсангиз, фақат бешинчи голдагина Тимурнинг айбини кўрасиз. Унгача бўлган голлар қарши ҳужумдан ўтказилган бўлиб, Абрамов бу тактикасини Австралияга қарши ҳимоявий ўйин қилиб бўлмаслиги билан изоҳлаганди. Бир ўйин аввал қаҳрамон бўлган Улуғбек Бақоев ҳисоб 3:0 бўлиб турган пайтда қизил карточка олиб майдонни тарк этганидан кейин, яна 3та гол дарвозамиз тўридан жой олди. Бу ўйинни бирон футболчимиз эслагиси келмаса ҳам керак.
Равшан Эрматов гуруҳи ЖЧдан кейинги қаҳрамонлар сифатида ОК финалида ишлаган эди
Терма жамоа ичи ва ташқарисида кайфият тушиб кетганди. Биз ОАВ вакиллари танқид қилишни ҳам билмаймиз. Чунки барчамиз Осиё Кубоги билан яшаётган эдик. Аламли кун эди. Медиа марказга боришга уяламиз. Лекин Жанубий Кореяга қарши ўйингача терма жамоа ўзига келиб олишнинг уддасидан чиқди. Тўғри, учинчи ўрин учун баҳсда имконият бой берилди. Лекин кечаги Жанубий Кореяга қарши кечган ўйиндан тубдан фарқ қилган учрашув эди. Аввалига 3:0. Яна Австралия билан бўлиб ўтган воқеа такрорланадигандек. Лекин Гейнрих гол уриб танаффусга 3:1 ҳисобида чиқиб кетишимизни таъминлади. Иккинчи бўлим бошида Саша яна гол урди, ўйин охирларида Саломовда жуда қулай имконият бўлганди. Иккинчи бўлим бизнинг устунлигимизда ўтган бўлса-да, корейслар ҳисобни ушлаб қола олган эдилар.
Терма жамоамизнинг муваффақиятидан келиб чиқиб шу мусобақада тўлиқ ишлай олгандик. Мусобақанинг очилиш маросимидан, то финалгача "Халифа" стадионида бўлдик. Мусобақа якунига етганидан кейин кўплаб футболчиларимиз хориж чемпионатларига йўл олдилар. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса Осиёда янгидан ҳурмат қозонди.
Мираброр Усмонов даврида ўзбек футболи кескин олдинга қадам ташлади. Ўзбекистон футболи Осиёда ўз ўрнига эга бўлди.
Аваз Бердиқулов доимо Ўзбекистон терма жамоасига амалий ёрдам бериб келаётган мутахассислардан бири. Очилиш маросимидан сўнг олинган сурат.
Фан зонада ташкил этилган Ўзбекистон кунида миллий эстрадамиз вакиллари ташриф буюрган эдилар. Табиийки ундаги файзни мухлисларимиз олганлар.
Финалдан кейин ўзининг ТЎРТИНЧИ Осиё Кубогига тайёргарлик кўраётган Ҳасан Пирмуҳамедов билан
Кейинги мақолада Осиё Кубоги-2015ни хотирлаймиз.
Комментарии