"Спорт принциплари хавф остида". ЎФА президентига очиқ хат
26 дек 2022 11:30
Новости
"Спорт принциплари хавф остида". ЎФА президентига очиқ хат
Ўша куни Давлат Хавфсизлик Хизмати раҳбари Абдусалом Азизов Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси президенти сифатига ишга киришди. Шу кундан эътиборан бизни йиллар давомида қийнаб келган муаммолар очиқчасига тан олинди ва коррупцияга қарши ростмана "жанг" бошланди.
Абдусалом Абдумавлоновичнинг ЎФА президенти сифатида сўзлаган илк нутқида тотализатор ва келишилган ўйинларни йўқотиш биринчи даражали вазифа экани маълум қилинган эди. Ортда қолган 3,5 йил ичида 30дан ортиқ коррупцион ҳолат аниқланиб, тегишли тартибда чора кўрилди.
Шу сабаб 2022 йил якунида Ўзбекистон чемпионатидаги шубҳали ўйинлар сони атиги учтани ташкил қилди. "СпортРАДАР" маълумотига кўра, бундай баҳслар биргина 2018 йилнинг ўзида 40дан ошиқ бўлган. Орадаги тафовут охирги йилларда қилинган меҳнат кўламини англаш учун кифоя қилади.
Аммо охирги конгрессдан кейин эсаётган "шамоллар" кишини хавотирга қўйди. Раҳбариятнинг ижроқўм аъзолари ва профессионал клублар вакиллари иштирокида ўтказган йиғилишида кўтарилган масалалар ортиқ ҳеч кимга сир эмас. Улар орасида спорт принципларига зид, пухта ўйланмаган режалар борлиги учун ҳам мазкур хатни ёзишга қарор қилдик.
"Олимпик"нинг имтиёзлари
а) Ушбу лойиҳа ҳар қанча ёқимли бўлмасин, таъсис ҳужжатларига зид равишда яратилганини унутмаслик керак. "Олимпик" Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг негизи сифатида ташкил қилинган бўлса ҳам, амалдаги устав бўйича ЎФАнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Унга трансфер бозорида қўшимча имтиёзлар тақдим қилиш ЎФА устави 1-моддасининг 7-бандига зид бўлиб, аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилик принципини бузади.
б) Жасур Жалолиддиновни "Олимпик" жамоасига ўтказилиши қанчалик эзгу ният билан сўралмасин, ЎФА амалдаги устави 20-моддасининг 1-бандига зид ҳисобланади. Бу ерда ассоциация ўз аъзосининг мустақил равишда ишлашига асоссиз равишда таъсир кўрсатмоқда.
с) Бошқа клублардан "олимпиячилар" сафида тўп тепадиган ўйинчиларни трансфер қилмасликни сўраш эса "Футболчиларнинг мақоми ва трансфери" тўғрисидаги регламентга зиддир.
Бу жамоага регламентга сиз равишда бериладиган исталган имтиёз Ўзбекистон чемпионатида охирги йилларда шакллантирилган соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир қилади.
Олдинги даврларда ҳам спорт принципларини айланиб ўтадиган турли қарорлар қабул қилинган: "Нурафшон"нинг Олий лигадан дисквалификация қилиниши, мухлислар ёзган хат асосида клубларнинг Олий Лигада олиб қолиниши, "Машъал"нинг Суперлигадан қувилишию "Сурхон"нинг элитада пайдо бўлиб қолиши. Бугун уларнинг барчаси ёмон хотира билан эсланиши бизга жиддий хулоса бериши керак.
Таклиф: "Олимпик" раҳбарияти ҳамда жамоа мураббийлар штабининг бу масалага қараши ўзгариши керак.
Ёдингизда бўлса, клубнинг ташкил қилиниш сабаби сифатида Ўзбекистон U-23 терма жамоасига номзод футболчилар рўйхатини кенгайтириш кўрсатилган эди. Тимур Кападзега қойил! 2 йил ичида ажойиб жамоа шакллантирди. Шу ўринда битта нарсани тан олиш керак: Кападзенинг хизматлари туфайли аллақачон клуб даражасидан ўзиб кетганлар бор. Масалан, Муҳаммадқодир Ҳамралиевни олайлик. У анчадан бери Суперлига грандлари нишонида бўлиб турибди. Ҳатто Миржалол Қосимов ҳимоячи АГМК сафига ўтадиган бўлса, унга ўйин амалиётини кафолатлашга ҳам тайёр. Шу ўринда савол туғилади: Ҳамралиев халқаро мусобақада қатнашадиган клубга ўтиб, Осиё Чемпионлар Лигасида тажриба орттирса, олимпия терма жамоамиз учун яхши эмасми? Уни мажбурий равишда "Олимпик" таркибида олиб қолишдан нима наф? Янги Муҳаммадқодирларни кашф қилишга уриниш мантиқлироқ эмасми?
"Локомотив" масаласи
2 кундан бери бутун футбол жамоатчилиги шу мавзуни муҳокама қиляпти. Ташқи томондан қаралса, "темирйўлчилар"ни Урганчга кўчириш яхши ғояга ўхшаб кўринади. Лекин танганинг терс томонини ҳам унутмаслик керак.
Биринчидан, бу қарор Про лигага кучли зарба беради. Боиси шундаки, "Локо" Хоразмга кўчадиган бўлса, вилоятнинг аста-секин кучаяётган бош жамоаси йўқ бўлиб кетади. Бу пастки дивизион вакиллари яна биттага камайишини билдиради.
Иккинчидан, болалар футболига эътиборни кучайтирган "Локомотив" раҳбарияти пойтахтда ўзига хос тизим шакллантирган эди. Айни пайтда 1500 нафардан ортиқ бола айнан "темирйўлчилар" мактабида футбол сир-асрорларини ўрганмоқда. Клубнинг шаҳардан чиқариб юборилиши ана шу болакайларнинг келажагига ҳам таъсир қилади.
Учинчидан, ҳар икки клуб тизимида фаолият юритаётган юзлаб ходимлар ишсиз қолади.
Тўртинчидан, Тошкент клубини кўчириш орқали хоразмлик мухлислар бахтли бўлишига ишониш қийин. "Локо" маҳаллий аҳоли учун ҳар доим "келгинди" бўлиб қолаверади (бу халқаро тажрибада синалган). Вилоятда футболни ривожлантиришнинг табиий йўлини танлаб, хоразмликларнинг суюкли жамоасига яхши ҳомий топиб берган маъқул бўлса керак.
Бешинчидан, "Локомотив" тарихи, унинг ютуқларини ҳам унутмаслик керак. "Темирйўлчилар" Ўзбекистондаги энг совриндор клублардан бири ҳисобланади. Охирги 10 йилга қарайдиган бўлсак, фақатгина "Пахтакор" бу жамоадан кўпроқ ютуққа эришган.
Олтинчи ва энг муҳим омил эса мазкур қарор спорт принциплари, ҳуқуқий нормаларига мутлақо зид. Вазиятга ҳукумат аралашуви ҳақида ҳам айтиляпти. Бу ФИФА томонидан жиддий санкциялар қўлланишига олиб келиши аниқ.
Амалдаги уставга кўра, "Локомотив"ни ЎФА аъзолигига қабул қилиш учун клубнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ҳар қандай ташқи субъектдан мустақил равишда ҳал қилиши тўғрисида кафолат олинган. Энди ассоциация ўз қоидасини ўзи рад қилиши мумкин.
Таклиф: Агар жамоани бошқа шаҳарга кўчириш осон бўлса, бу борада "Сурхон"га амалий ёрдам беришингизни сўраймиз. Клуб Суперлигага чиққан кунидан бери пойтахтда истиқомат қилади. Анчадан бери уй учрашувларини Самарқанд, Тошкент ва Олмалиқ шаҳарларида ўтказиб келмоқда. Ушбу жамоанинг ўз уйига қайтарилиши мантиқлироқ бўлиб, сурхондарёлик минглаб мухлисларни хурсанд қилар эди.
Сўзимиз охирида яна бир бор 2019 йилнинг 15 июлини эслатмоқчимиз. Ўша куни Абдусалом Абдумавлонович Азизовнинг ЎФА президенти сифатида сўзланган илк нутқларида шундай жумла бор эди: "Янги Ижроқўм доим спорт принципларига асосан ишлайди".
Умид қиламизки, ҳар доим шундай бўлиб қолади...
Муаллифнинг телеграмдаги канали → ФР| футбол АНАЛИЗИ
Комментарии