RU

Последние новости

18:48"Ювентус" Кимга қизиқяпти  0 18:22"Лестер" етакчиси билан шартномани узайтиради  0 17:53Бир қанча жамоалар "Челси" ҳужумчисига қизиқиш билдирмоқда  1 17:27"Ал Қодисия" ван Дейкни жалб қилмоқчи  0 16:59Рангник "Бавария"да ишлашдан бош тортди  2 16:35"Флуминенсе" Тиаго Силвага шартнома таклиф қилди  0 16:10"Бенфика" "Манчестер Юнайтед" ҳимоячисини сотиб олишни режалаштирмоқда  2 15:43Ўзбекистонлик ҳакамлар жамоаси ОЧЛ ҳал қилувчи финал баҳсини бошқаради  10 15:24Япония терма жамоаси бош мураббийи: "Париж Олимпиадасига қитъа чемпионлари мақомида боришни мақсад қилганмиз"  11 15:20Жасур Жалолиддинов: "Олимпиадага чиқиш ҳақида ҳар куни ўйлардик"  3 15:03Тимур Кападзе Японияга қарши кечадиган финал учрашуви олдидан нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  18 14:44Япония ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги финални қабул қилувчи стадион ўйинга шай!  8 14:25Кападзе, Жалолиддинов ва Япония вакиллари Осиё Кубоги бош соврини билан суратга тушди  7 14:01Про лига. 6-тур учрашувларида ишлайдиган расмийлар  0 13:37"Олимпик" иштирокидаги ўйин қолдирилди, "Пахтакор"нинг ўйини бошқа санага ўзгарди  5

Нодирхўжа Юлдашев: "Байрам муборак, азиз устозлар!" Новости

Нодирхўжа Юлдашев: "Байрам муборак, азиз устозлар!"

Ҳар доим айтиб келганман, устозлар бўйича омадим чопган. Энг яхши устозлар қўл остида ҳаётга қадам қўйдим ва фаолият олиб бориб келяпман.

Устозларим кўп, агар бу рўйхатдан кимдир тушиб қолган бўлса минг бор узр сўрайман. Бугун уларни тактик услубда ёд оламан ва табриклайман!


Мураббий: Бобом, Забихулло ота.

Мен илк марта 1997 йил Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон - Қозоғистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашувга олиб борган инсон бу - бобом Забихулло ота! 7 нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тарадилар. Урушда акаларини йўқотдилар. Қийинчиликда катта бўлдилар. Забихулло ака, келинг сиз машинага қизиқмайсиз-ку, беринг шу машинани, менинг навбатимда оларсиз деб яп-янги "Москвич"ни бепул бериб юборган ҳалол инсон эдилар. 1997 йил 25 ноябрь куни, кечагидек эсимда. Уйимиз ЦУМ магазинининг олдида, тепалик. Маҳалла раиси 2та чипта берган. Бобом мен ва укамни олиб стадион томон йўлга тушдик. Шу паллада, тепаликдан йиқилиб тушдилар. 10 ёш бола эмасманми, бобом туриб кийимларини қоқсалар, хаёлимдан энди футболга бормасак керак деган фикр ўтди, йўқ футболга бордик. Ўзбекистон қўшниларимизни 4:0 ҳисобида мағлубияга учратди. Биринчи маротаба "Пахтакор" марказий стадионига киришим эди.

Дарвозабон: Бувим, Маҳфуза ая.

Бувим 4 ўғил, 3 қизни катта қилдилар. Қиз томондан катта набира бўлганим учун мени бошқача парвариш қилганлар. Катта тоғаларим аллақачон уй-жой қилиб чиқиб кетишган. Уйдаги ёлғиз набира кўп ҳолларда мен бўлардим. 110-мактабда анча йил хизмат қилдилар. 1999 йил мени ҳам шу мактабга кўчирдилар. Футбол деса томдан ташлашимни билардилар. Дарс қилганимдан кейин стадионга боришга рухсат берардилар. Бобом эса кичкина боғимиздаги томорқани парвариш қилиб берсам чиптага пул берардилар. 2014 йил бувим февраль ойида вафот этдилар, мен эса июль ойида қиз фарзандли бўлдим ва иккиланмай кенжамга Маҳфузахон исмини бердим.

Нозимхўжа ва Дилфузахон.

Ватан ва ота-она танланмайди! Агар яна қайта туғилиш имкони бўлганимда, иккиланмай шу оиламни танлайман, бундан бошқаси бўлиши мумкин эмас.
Отам - заводда оддий ишчи. Авиазаводимиз 1996-йилларга келиб орқага кета бошлади. Онам - ўқитувчи. 2000-йилларда ўқитувчиларнинг маоши жуда паст. Отам 8-9 ойлаб маош олмайдилар. 4 нафар фарзандмиз. Кенжамиз ҳали 4 ёш эмасми, вазият қандайлигини билмайди-ку, яна бугун маставами деб савол берарди. Яхши ҳам отамнинг акалари кўп ёрдам қилган. Хуллас қийин даврлар. Бир куни онам шкафларни очиб танга қидиряптилар. Нонга пул етмаётган эди. Йиғлагим келди. Қўлимдан ҳеч нима келмайди. Шундай вазиятда 4 нафар фарзанд ҳам университетга кириши учун шароит қилишди. Барчамиз ўз билимимиз билан ўқишга кирдик. Учинчимиз ўқишга кирганида мен ишлаб оёққа тура бошладик. Мана шундай қийин паллада фарзандларини кўчага пул топгани чиқариб юбормай, сабр қилиб ўқитган ота-онам, ҳаётдаги энг катта устозларим!

Муқаддам ва Гулнора опа!

1993 йил 287-мактабнинг, 1-"Г" синфига чиқдим. Устозимни ўша куни кўрдим, Муқаддам опа! Мактабда қитмирчилик одатим йўқ эмасди. Шунга роса гап эшитардим. Бошқа синфларда бошланғич таълимдан кейин синф раҳбари ўзгарса, Муқаддам опанинг бизга меҳри шунчалик баланд эдики, 6-синфгача ўзлари ўқитганлар. 1999 йил бувимнинг истаклари билан 110-мактабнинг 7-"Ж" синфига қабул қилиндим. Синф раҳбаримиз информатика фанидан дарс берардилар. 2000 йил Украинанинг ўша пайтдаги Президенти Леонид Кучма Ислом Абдуғаниевич билан мактабимизга ташриф буюриб, 10та замонавий компьютер совға қилади. Ўшанда мақтаниб юрардик, бизда сичқонли компьютер бор деб. Бошқа мактабларда "Провец 8"дан фойдаланар эдилар. 7-синфдан қўлим клавиатурага тушган, шунинг учун ҳам кейинчалик интернет журналистикасида катта бир лойиҳанинг муваффақият қозонишида хизмат қила олдим. Бунинг учун икки устозимга ҳам раҳмат!


Анвар Илёсов

Бу одамни ўзбек спорт фотогрофиясининг мэтри деб айта оламан. Бунга шубҳам йўқ. 2006 йил устоз билан танишдим, 2008 йил Nikon D3 аппаратларини менга бердилар. Бу аппарат билан фотожурналистикада озми-кўп меҳнат қилдим. Яхши инсон, сахий ва ўз маслаҳатини ҳеч қачон аямайдиган устоз билан Осиё ўйинлари ва Жаҳон чемпионатида бирга ишладим.


Бахтиёр Ширинов ва Улуғбек Мирзаев

2003 йил "Камолот" қошида "Бунёдкор" ёшлар клуби фаолият юритарди. Ўша ерда "Пахтакор" жамоасининг ОЧЛ матбуот анжуманлари ташкил қилинарди. Бу икки инсон клубнинг жуда кўп ишларини биргаликда бажарар эдилар. 2004 йил Университетга кирганимдан кейин биринчи қилган ишим "Пахтакор" матбуот хизматига амалиётга бориш бўлган. 2006 йил sport.myp.uz портали очилади. Ҳозиргидек техника ривожланмаган. Ўйинлардан кейин ЎФФга бориб кечгача ўйин қайдномаларини ёзиб кейин сайтга қўярдим. Ўшанда Бахтиёр ва Улуғбек акамгилар натижаларни ёзиб ўтирардилар. Кейин журналистиканинг сир-асрорларини ўргатишди. Мана орадан 15 йил ўтибдики, ҳамон ака-укадекмиз.


Мирзаҳаким Тўхтамирзаев

Устоз билан 2006 йил "Пахтакор"да, "Пахтакор Online" ҳафталик газетасини чиқариш жараёнида танишганмиз. Улар газетанинг бош муҳаррири, мен амалиётчи. Шу кунгача фақат ТВда кўрган машҳур инсон билан ёнма-ён ўтиришнинг ўзига яраша салобати бор. 2008 йил 3 йил бир хонада, бир бўлимда фаолият олиб бордик. Пайтида ёшлик қилиб ҳафа қилганман, узр ҳам сўраганман. Улар менга ҳаёт йўлини кўрсатдилар, буни қаранг, орадан йиллар ўтиб уларнинг фарзанди менга шогирд бўлиб келди.

Камолиддин Алимов

2007 йил Норбек ака Ниёзовнинг таклифига кўра "Ёшлар" радиоканалига келдим. Бу ерда Камолиддин Алимов ўзининг шонли даврини ўтказаётган эди. Унинг каналдаги "Спартак ШОУ" лойиҳасини бутун Республика тингларди десам адашмайман. "Миллион"даги Миркомил ака билан бирга уларнинг қўл остида фаолият олиб бордик. Кейинчалик йўлимиз сайтда кесишди. Бугун "Olamsport.com" сайтини бирга ривожлантиряпмиз.


Ойбек Касимов

Бугун Спорт вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритаётган Ойбек Омилович билан 2007 йил танишганмиз. 2010 йил Тошкент шаҳар футбол федерациясига раҳбар этиб тайинландилар ва мени оммавий футбол бўлимига қабул қилдилар. Болалар футболига кириб келишимга шу лавозим ҳам сабаб бўлди. Бу инсонни ҳаётдаги устоз деб биламан. Қанчадан-қанча қинғирликларни кўрсалар-да, сабр билан енгадилар, мени ҳам шунга ўргатдилар. У кишини Мираброр Усмоновнинг шогирди сифатида устозга бўлган муносабат қандай бўлиши кераклигини ўргандим.

Яна жуда кўплаб устозларим бор. Ҳаётда унинг ёши мендан кичкина ёки катта фарқи йўқ, биронта янгилик ўргатса, мен у кишини ўзим учун устоз деб биламан. Устозларимни яна бир бор табриклайман ва биз ҳам улардек, қадрли устоз бўлиб юриш учун устозларимизнинг дуоларини олиб юрайлик.

Автор : Nadirkhuja Yuldashev
Рейтинг: +10   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика