Немис мураббийлик мактаби олтин қоидалари нималардан иборат?
24 янв 2022 19:34
Новости
Немис мураббийлик мактаби олтин қоидалари нималардан иборат?
Хусусан, "Динамо"да Сандро Шварц, "Спартак"да ёрқин хотирларни тақдим қилган Доменико Тедеско, "Локомотив"да Ральф Рангникдан қолган тизимда тобора ўз ўрнига эга бўлиб бораётган Маркус Гисдольни мисол қилиш мумкин.
Эндиликда улар қаторига "Краснодар" клубида иш бошлаган яна бир немис – Даниэль Фаркени қўшиш мумкин.
Бу тенденция Европа учун ҳам долзарбдир: уч йил кетма-кет фақат немис мураббийлари (Клопп, Флик, Тухель) Чемпионлар лигасида қатнашади. Чемпионлар лигасининг 2019/20 йилги мавсумида турнирнинг замонавий тарихида биринчи марта бир мамлакатдан учта мураббий ярим финалга чиқди – албатта, Германиядан.
Мураббийлар академияси Германиянинг фахри ҳисобланади
Хеннеф шаҳарчасида жойлашган Хеннес Вайсвайлер аккадемияси – германиялик топ-мураббийларни тарбиялаш маскани. Про лицензиясини оладиган ҳар бир мураббий шу академияда таҳсил олади. Академия 1947 йилдан бери фаолият юритади. Рехагель, Хайнкес, Магат, Клопп, Тухель, Нагельсманн шу жойда билим олган.
Марказнинг ажралиб турадиган 3 та нарсаси бор.
- Қийин имтиҳон. Йиллик курсга фақат 24 киши қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари уч қисмдан иборат:
1. Суҳбат. Бир нечта савол берилади ва у доскада ечилади.
2. Амалий машқ. абитуриент стратегик машғулотда жамоани берилган схема (масалан, 4-4-2) бўйича рақибга қарши ўйинга тайёрлайди.
3. Синфда олинадиган ёзма тест.
- Кураторлар академиядан профессионал футболда ўйин тажрибасига эга бўлмаган ҳаваскор мураббий ҳам, Бундеслиганинг ҳақиқий афсонаси ҳам ўтиши мумкинлигини таъкидлашади.
Мураббийлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Франк Вормут (2008 йилдан 2018 йилгача) бу борада қисқача тушунтириш берди: "Академияда улар нафақат ўзлари ўрганадилар, балки бир-бирларига ҳам ўргатишади".
Sportlec Solutions (DFL, биринчи ва иккинчи Бундеслига ташкилотчиси ва статистикаси провайдери) футбол маълумотлари таҳлилчиси ва Берлиннинг “Тасмания” клуби собиқ бош мураббийи Кирилл Серих Sports.ru сайтига тизим ўқувчиларга содиқ эканини маълум қилди.
"Мен С лицензияси учун ариза топширдим. Энг ёқимлиси хорижлик ва футбол тажрибасига эга бўлмаганларга ҳам муносабат бир хил. Менинг луғат ва футбол терминологияси ҳақидаги саволларимга (масалан, прессингдаги триггерлар) доимо хотиржамлик билан жавоб берилган.
Курснинг аниқ регламенти мавжуд. У 9 ой давом этади (илгари – 11 ой бўлган), якуний синов баҳолари 815 соатлик дарслардан сўнг қўйилади. УЕФА томонидан Про лицензияси учун минимал чегара фақат 240 соатни ташкил қилади. Англияда - 256.
Шу билан бирга, Германияда мураббийлар Про лицензияга эга бўлмаса, биринчи, иккинчи Бундеслига ва учинчи лигада ишлай олмайди. Худди шуни Англия мисолида айтадиган бўлсак, агар сиз ҳеч бўлмаганда Про учун ариза топширсангиз, Чемпионшипда ишлашингиз мумкин. Лига 1 (учинчи дивизион) учун А лицензияси етарли. УЕФА иккинчи дивизионда А лицензияси билан ишлашни тавсия қилади. Демак, қоидадан истисно сифатида Англия тизимини эмас, айнан Германияни кўрсатиш мумкин.
Бу ҳаммаси эмас – немис клублари қошидаги академиялари учун мажбурий талаб бор. У ерда Про лицензиясига эга бўлган камида иккита мутахассис бўлиши лозим. Германияда ҳар бир профессионал жамоа (улар 56 та) ёшларни тайёрлаш тизимига эга бўлиши керак (2000 йилдан бери).
Про бўйича ўқиш жараёни: кураторларнинг маърузалари, семинарлар, университетда жамоалар билан амалий машғулотлар, курс иши, имтиҳон сессиялари. Мажбурий турдош фанлар: психология, педагогик маҳорат, риторика, спорт тиббиёти.
Ёш ҳеч нарсани англатмайди, ҳозир Германияда ёш иқтидорли мураббийлар футболчилардан кўпроқ
Бундеслига - немис мураббийларини баҳолаш учун энг яхши кўргазма ҳисобланади. 2021/22 йилги мавсумда мутлақо бошқача таълим базасига эга бўлган бирорта мутахассис кўзга ташланмади. Камдан кам хорижликлар Австрия ёки Швейцарияда ўтказиладиган лицензияни қўлга киритишган.
Жумладан, 18 мураббийдан 11 нафари Германия ёшлар тизимида камида бир йил ишлаган. Ундан 7 нафар мураббий кейинчалик ўзлари бошқарган ёшлар жамоасидан юқорилаган. Бунга яққол мисоллар – Флориан Кофельдт ва Кристиан Штрайх.
Кофельдт "Вердер"га 24 ёшида оддий ёшлар мураббийи сифатида келган, 35 ёшида эса бош мураббийи даражасигача кўтарилган (айтганча, 2015 йилда у Вайсвайлер академияси курсининг энг яхши талабаси бўлган).
56 ёшли Штрайх 1995 йилдан 2011 йилгача "Фрайбург" U-19 жамоасини бошқарган. Шундан буён шу клуб тизимида мураббийлик қилиб келади. У жамоа иккинчи Бундеслигага равона бўлганида ҳам, Европанинг халқаро мусобақаларига йўлланма олган вақтида ҳам иш жойини алмаштирмади. Фақатгина Диего Симеоне Штрайхдан кўпроқ вақт давомида топ-лигада узлуксиз ишламоқда. Хусусан, аргентиналик мутахасис 2011 йилнинг 23 декабрида “Атлетико”ни қабул қилиб олган бўлса, Штрайх 29 декабрда бош мураббий лавозимига тайинланганди.
"Фрайбург" мураббийи – ёш ҳамкасбларидан ажралиб турадиган Бундеслигадаги энг кекса мураббий. Бу каби инқилобни 2001 йилда "Майнц"нинг спорт директори Кристиан Хайдель бошлаб беради. Яъни, у 35 ёшли Юрген Клоппга жамоани ишониб топширади. 2009 йилда эса Хайдель 36 ёшли Томас Тухелни таклиф қилиб, анъанани давом эттирган.
2016 йилда эса у "Хоффенхайм"га 28 ёшли Юлиан Нагельсманни таклиф қилиб, Бундеслига тарихидаги энг ёш мураббийга айлантирди ва тенденцияни давом эттирди.
Нега ёш мураббийлар немис топ-футболига бунчалик узвий интеграциялашган? Вайсвайлер академиясининг собиқ раҳбари Даниэль Ньидковски DW нашрига берган интервьюсида ҳолатга изоҳ берган:
"Бундай мураббийлар ўсмирлардан ташкил топган футболчилар авлодига қандай муносабатда бўлишни билишади. Ёш мураббийларнинг ёш футболчилар билан ишлаши осонроқ".
Томас Тухель ушбу ҳодисани Германияда ёшлар футболи ислоҳотидан кейин пайдо бўлган иқтидорли ёш футболчилар тўлқинига ўхшаш иккинчи тўлқин деб атади. Энди ҳар бир Бундеслига жамоасида (19, 17, 15, 13, 12, 11 ёшлилар учун) алоҳида мураббийлар бор. Тизимли ёндашув аввалига сифатли футболчиларни кашф қилиб келди, эндиликда эса мураббийлар ҳам етиштириб чиқармоқда.
Кирилл Серих "Тасмания" U-13 жамоасини бошқарган мураббий ҳақида қуйидаги ҳикояни айтиб берди:
"Бир дўстим 13 ёшлилар жамоасини бошқарган, унинг остида кўплаб йигитлар улғайган, бир ярим йил ичида у бутун ёшлар жамоалари ичида икки етакчи мутахассисдан бири бўлди.
Эҳтимол, бундан ҳам ҳайратланарлиси унинг ўсиши эмас, балки бешинчи дивизион жамоасида 13 ёшгача бўлган жамоа учун аниқ мураббий бўлганлигидир".
"Бавария", "Байер", "Шальке" ва "Штутгарт" клубларида ишлаган спорт фунционери Михаэль Решке бу борада ўз фикрини билдирди:
"Академия тарбияланувчилари ақллироқ бўлиб бормоқда. Ёшлар даражасида улар билан ёш мураббийлар ишлаган. Шу боис улар ҳеч нарсадан чўчишмайди".
Жўшқинлик – немис мураббийлари имзоси. У тактик кўникмалардан-да юқорироқ туради
Ньидковски Вайсвайлер академиясига номзодларни танлашда қизиқарли тафсилотларни ошкор қилди:
"Биз мураббийнинг характерини синчиклаб баҳолаймиз – номзодда жўшқинлик борми? Мен инсон ўзини қандай тутишини назарда тутяпман. Унинг монологларига ишонасизми? Унинг стратегиясининг муваффақиятига ишонасизми? Мураббий бу жиҳатларга ишонтира олиши керак.
Ҳа, бу бир қарашда субъектив қараш, аммо буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди".
Юлиан Нагельсманн синовдан муваффақиятли ўтди. Юлиан билан бир курсда ўқиган Патрик Вайзер эса буни бошқача талқинда тушунтириб берди:
"Бир марта Нагельсманн учта марказий ҳимоячи билан қандай қилиб тўғри ҳаракат қилишни исботлаш учун деярли бутун дарсни ўлдирди. Семинарда академия раҳбари Франк Вормут иштирок этди.
"Ҳа, бунинг маъноси йўқ!", – Нагелсманнинг барча баҳс-мунозараларидан кейин Вормут овозини кўтарди. Юлиан бир лаҳзада дарс давом этиши учун тинчланди. Аммо у ҳали ҳам ўз фикрида қолгани аниқ эди".
Бу соғлом муҳит: иқтидорли мураббий ўз позициясини ҳимоя қилди, у ҳатто таълим марказидаги асосий шахсга қарши чиқди.
Кейинчалик Nordwest Zeitung нашри ҳам Нагельсманн борасида қўшимчалар маълумотлар тақдим қилади.
У амалий машғулотларнинг бир қисмини "Боннер" жамоаси академиясида ўтказади. Юлиан том маънода ўйинчиларни қўлидан ушлаб, майдонга туширди. Яна бир қизиқарли жиҳати шуки, у ўйин вазиятларини яратиб, ўйинчи қайси жойга пас беришини бирма-бир сўраб чиқарди. Ўзига етарли аниқ жавоб олмагунча таслим бўлмасди. Бошини қимирлатиб, кейинги ўйинчига юзланарди.
Нагельсманн "Хоффенхайм"да ҳам шундай қилди – лекин у ҳаваскор ёшларни эмас, балки Бундеслигада ўнлаб ўйинлар ўтказган профессионаллар қаршисида турарди. Юлиан ҳеч нарсадан уялмасди. Ютуғи эса ўрганишга мойиллик (майдонда қўл билан юришгача) яхши ўйинчини ундан паст даражадагиси билан фарқлай олиши бўлган.
Юлиан имтиҳонларда жами 1,3 балл олди (Германияда 1,0 - "аъло", 5,0 - "қониқарсиз"). Ундан кейинги ўринни Доменико Тедеско 1.0 билан эгаллади. Аммо курсларда иштирок этганларнинг фикрича, Тедеско Юлиандан кўра тиришқоқроқ эди. У диққат билан тинглар, камроқ баҳслашарди.
Кейинчалик Тедесконинг ўзи камтарлик билан Нагельсманн курснинг, шубҳасиз, энг яхши талабаси эканлигини айтди:
"У "Хоффенхайм"даги иши туфайли имтиҳонларга тайёргарлик кўриш учун камроқ вақтга эга эди, ҳамма у тез орада муваффақиятга эришишини тушунди".
Рейтинглар аҳамиятсиз. Энг муҳими, немис тизимида ҳар бир мураббий (Нагельсманн ва Тедеско каби ўйнаш тажрибасига эга бўлмаган) ажойиб билимга эга бўлса, унутмангки, мураббий футболчига хабарни етказиш учун жўшқинликка эга бўлса, ўз имкониятига эга бўлиши мумкин.
Германия тизимида ҳам камчиликлар бор
Мамлакатда тизимга нисбатан глобал танқид йўқ, лекин индивидуал томонлама шикоятлар топилади. "Бавария" ва Германия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Мехмет Шолль машғулотларга қаттиқ ёндашди.
Унинг фикрича, академияга фақат энг итоаткор мураббийлар қабул қилинади. Бу ғоялар инқирозга олиб келади, футбол секинлашади, ҳар қандай чинакам ўзига хос консепция амалий қўлланилишини топа олмайди, чунки диссидентларнинг Бундеслига клубларига киришига шунчаки рухсат берилмайди.
Мехметнинг тарафдорлари ҳам топилади. айнан ўша мураббийлар туфайли академия ёрқин шахсга эга бўлмаган футболчиларни тарбиялайди. Қувноқ ўйин йўқолади, ягона мақсад рақибни тактик ва жисмоний жиҳатдан зарарсизлантириш бўлиб қолади.
Баҳолаш учун объектив қарашларни топиш қийин. Бундеслига ўйинларини кўриб, жамоани танлаш осонроқ.
Бу ҳақда Кирилл Серих шундай дейди:
"B" лицензияси учун ариза топшираётганда, сиз ўйин маҳорати учун тестдан ўтишингиз керак. Агар сиз мураббий бўлиш учун ўқиётган бўлсангиз, футбол ўйнашни билишингиз муҳимми? Футболчилик ва мураббийлик икки хил касб.
Ва тестлар ҳамма жойда ҳар хил. Баъзи ҳудудларда имтиҳон олувчилар 20 дақиқа вақт бериб, турли машқлар сифатига қараб баҳолайдилар: паслар, дриблинглар, кросслар. Қаердадир тўпни 100 марта тепиш керак".
Ҳатто C лицензиясига ўқиш учун ўзига хос талаблар бор. Курсларни топширгандан сўнг имтиҳон бошланишини 2-3 ой кутишга тўғри келади. Пандемияда ҳамма нарса олти ойгача чўзилди.
Про лицензияси учун 815 соат ўқиш ортиқча деган фикр бор. 2020 йилги курс битирувчиси Йенс Лангенеке таълим жараёни жуда узоқ давом этганини айтди. Шунда бир хаёл мияга келди. Дейлик, Томас Мюллер даражасидаги ўйинчи ўзининг юқори билимини тасдиқлаш учун бир неча ой сарфлаши мумкинми?
Шубҳасиз, ҳа. Бу тизимнинг асосий афзаллиги ҳам шунда.
Немис мураббийлик таълими – ҳақиқий мактаб
Мураббийлар ўртасидаги муносабатлар мана шундай чамбарчас боғлиқ бўлган бошқа футбол мамлакатини топиш даргумон. Италия, Испания ва Португалияда ҳам юлдуз мураббийларнинг авлодлари борлиги аниқ. Ҳар бир мураббийнинг ўз фалсафаси ва йўли бор.
Германияда ҳамма нарса бошқача.
Дейлик, Бундеслига Ральф Рангник футболида яшайди. Яъни, контрпрессинг, вертикал ҳужумлар, юқори жисмоний тайёргарликка қаратилган футбол. “Ливерпуль” бош мураббийи Юрген Клоппдан тортиб “Арминия”даги Франк Крамергача бўлган деярли ҳар бир немис мураббийи камида бир марта ўйиннинг асосий тамойилларини Рангник орқали шакллантирилганини тан олади.
Германия терма жамоасининг ҳозирги устози Флик Нагельсманни, Юлиан эса Тухельни ҳурмат қилади. "Челси" устози бўлса Клоппни, Юрген эса ҳаммани мақтайди. Бу худди кулгили хушомад каби кўринади.
Бундеслига ичида ҳам бу муносабатлар давом этади – ҳар бир ўйиндан олдин қучоқлаш билан 30 сониялик яхши мулоқотни кўриш мумкин. Штрайх, албатта, айёр табассум билан рақиб қўлини сиқиб қўяди, Марко Розе эса ҳамкасбига ёқимли гап айтишни унутмайди.
Хеннес Вайсвайлер академиясига ҳар йили меҳмон ўқитувчилар таклиф қилинади. Йоахим Лёв, Ральф Рангник, Ханс-Дитер Флик... Дарвоқе, Флик 2004 йилги курсларда энг яхшисига айланган эди. 2019 йилда меҳмон ўқитувчи сифатида ҳозирда "Майнц" клуби бош мураббийи Сандро Шварц таклиф этилди.
Вазиятга чуқурроқ ёндашсак, минтақавий лигаларда, Оберлига ва бутунлай ҳаваскор турнирларда ҳам вазият шундай.
Буни Кирилл Серих ҳам тасдиқлайди:
"Одамлар жуда очиқ. Амалиётга келиш, машғулотларда қатнашиш, шунчаки суҳбатлашиш муаммо эмас. Биз "Тасмания"да деярли ҳар дам олиш кунлари тажриба алмашардик, машғулотлар борасида фикрларимизни ўртоқлашардик.
Тизим бир-бирига чамбарчас боғланган. Бизда Берлин ва Бранденбургда кучли мураббийлар ҳамжамиятига эга бўлган, мен биламанки, Гессенда кўпчилик фикр алмашади. Масалан, франкфуртлик мураббийлар дармштадтлик мураббийлар билан мулоқот қилишади".
Самандарбек таржимаси
Комментарии