Мозийга қайтиб... Миржалол Қосимов буюк мураббий бўла оладими?
06 янв 2023 14:21
Новости
Мозийга қайтиб... Миржалол Қосимов буюк мураббий бўла оладими?
Ушбу газета ижтимоий-оммабоп йўналишидаги мавзуларни қамраб олган ва унинг ҳар бир сонида спорт, айниқса, футболга ҳам алоҳида жой ажратилганди. Бунинг сабаби оддий – газета бош муҳаррири Хайрулла Ҳамидов футбол медиасида ўз ўрнига эга ижодкор ҳисобланарди. Эътиборингизга ана шу газетада чоп этилган мақолаларни ҳавола этамиз...
МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ БУЮК МУРАББИЙ БЎЛА ОЛАДИМИ?
Бўлиши мумкин, агар унга имконият берилса...
("Одамлар орасида" газетасининг 2007 йил 22 февраль, 1 ва 15 март сонларидан олинган).
Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг "Мозийга қараб иш тутиш хайрлидир" ибораларига биз, журналистлар кўп мурожаат қиламиз. Сабаби, бу сўзларнинг ҳақлиги доимо исботланган. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга. Мен касб фаолиятимни бошлаганимга 20 йилдан ошди. Бу орада ютуқлар ҳам кўп бўлди, хатоликлар ҳам. Лекин икки воқеа умрбод ёдимдан чиқмайди. Сабаби, уларнинг иккаласидан сўнг, мен касб соҳасидаги кундалик фаолиятимни тўхтатишимга тўғри келган. Шу боис ҳам, менга яқин инсонлар ташкил этган ушбу газетага мақола ёзишдан олдин мозийга қайтмоқчиман. Бу йиллар мени сал бўлса-да ўзгартиргани, аввалги қизиққонлик ва танқид қилинганларга нисбатан шафқатсизлик ўз ўрнини тажриба ва ўзига ишонч сингари зарур туйғуларга бўшатиб берганини таъкидлаб ўтишдир. Яъни, энди фақат ҳозирги кундаги воқеа-ҳодисаларни кўрсатишдан ташқари яқин келажак ҳақида фикрлашиш, таҳлил ва тахмин қилиш усулларига мурожаат этиш фойдадан холи эмаслигини айтмоқчиман. Бироқ, аввал мозий воқеалари ҳақида.
1993 йил март ойида ҳукуматнинг Ўзбекистонда футболни ривожлантириш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Бу тарихий ҳужжат бўлиб, юртимизда миллионлар ўйини янада ривожланиши учун катта туртки бўлди (орадан бир йил ўтиб Ўзбекистон терма жамоаси қитъада энг кучли бўлганини эслашнинг ўзи кифоя). Қарор бандларининг бирида "Спорт" газетаси таҳририяти қошида "Ўзбекистон футболи" газетаси ташкил этилиб, футбол ривожи учун у ҳам ўз ҳиссасини қўшиши кўрсатилган эди. Мен ўша пайтда "Спорт" газетаси футбол бўлимини бошқарганим сабабли ташкилий ишларнинг бир қисми менинг зиммамга юклатилди. Биз журналистлар енг шимариб ишга киришиб кетдик. Ҳозир ҳафтасига ўнлаб футбол газеталарига дуч келаётган ёш мухлислар билишмас, лекин бу қароргача бирорта ҳам футбол газетаси йўқ эди! Ниҳоят, ярим йил ичида барча ташкилий ишлар ниҳоясига етди ва Мустақиллик байрами кунларида газетанинг илк сони ишқибозлар эътиборига ҳавола этилди. Агар ўша қарорнинг барча бандлари ижро этилганда, балки кейинги қарорга ҳожат қолмасди. Бироқ, маълум ва номаълум сабабларга кўра, баъзи бандлар ижроси қоғозда қолиб кетди. Бизнинг асосий йўналишимиз қарорнинг ҳаётга тадбиқ этилиши бўлгани учун ҳам бу мавзуга доимо дуч келардик. Ниҳоят, жойларда баъзи мутасаддиларнинг эътиборсизлиги сабр-косамни тўлдирди ва қарор қабул қилинганидан бир йил ўтиб, "Ўзбекистон футболи" газетасида "ЎЙИНДАН ТАШҚАРИ ҲОЛАТ – Вазирлар Маҳкамасининг қарори ана шундай вазиятда" номли мақолам эълон қилинди. Унда қайси бандлар ижро этилмаётгани факт ва рақамлар орқали келтирилганди. Эртасига бу мақола катта шов-шувга айланиб кетди ва... менинг ишдан кетишим билан якун топди. Асосий муассисимиз – Давлат спорт қўмитаси раҳбарларидан бирининг таҳририятга қилган қўнғироғидан сўнг менинг у ерда қолишимнинг мантиқи йўқолди.
Орадан икки йил ўтиб, аниқроғи, 1996 йилнинг 17 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда футбол тараққиётининг принциплари ва асосларини тубдан амалга ошириш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Унинг дастлабки бандларидаёқ бундан 3 йил аввал қабул қилинган қарор ижросига масъул бўлганлар фаолияти танқид қилинган, унда масъул шахслар номма-ном келтирилган ва улар орасида биргина қўнғироғи билан мени "Ўзбекистон футболи" газетасидаги фаолиятимга нуқта қўйган раҳбарнинг исми шарифи ҳам бор эди…
Янги қарор қабул қилинган пайтда мен Ўзбекистон телевидениесида "Футбол олами" кўрсатувини тайёрлар эдим. Унинг матни билан танишиб чиққач, "ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди" ақидасига яна бир бор шукр қилиб, янгича иштиёқ билан ишга киришиб кетдим. Орадан бир йил ўтгач, кўрсатувимнинг икки сонини қарорнинг бир бандига, яъни "Пахтакор" жамоаси шуҳратини янада юксалтириш ҳақидаги ижрога бағишлашга қарор қилдим. Бу банд афсонавий жамоага эътиборни кучайтириш, "Пахтакор" ўзбек футболининг юзи бўлиши белгилананди. Унинг киритилиши эса бежиз эмасди. 1992 йил мамлакат чемпионлигини "Нефтчи" билан бўлишиб олган пахтакорчилар 1993 йил 2-поғонани эгаллашган, сўнгги 3 йил ичида эса ҳатто совриндорлар қаторига ҳам кира олмаётган эди. Клуб раҳбарларининг эътиборсизлиги туфайли маҳоратли ўйинчилар жамоани тарк этаётган, натижада жамоа борган сари сўниб бораётганди. Кўрсатувнинг биринчи қисми яна катта шов-шувларга сабаб бўлди ва... яна касб фаолиятимга нуқта қўйди. Мени мутасадди идораларга чақиришди. Жуда жиддий суҳбатлашишди. Агар кўрсатувдаги фактлар нотўғри бўлганида, бу мен учун жиддий муаммолар келтириб чиқарган бўларди. Мутасаддилар фактлар тўғри эканини инкор этмаган ҳолда, бу йўналишдаги кўрсатувлар ишқибозларда футболга нисбатан нафрат уйғотишини, биз, журналистлар эса, уларда футболга нисбатан меҳр уйғотадиган дастурлар тайёрлашимиз лозимлигини уқдиришди.
Ўз-ўзидан келаси ҳафта кўрсатувнинг иккинчи қисми эфирга узатилмади. Унинг ўрнига бошқа каналдан "Пахтакор" жамоасига бағишланган махсус кўрсатув мухлислар ҳукмига ҳавола этилди. Унда клуб раҳбарияти футболчиларга катта эътибор бераётгани ҳақида ҳикоя қилиниб, бу фикрларни баъзи футболчилар ҳам интервью шаклида тасдиқлашди. Бу сафар мен ишдан кетмадим. Аммо "Футбол олами" кўрсатуви ёпилди. Лекин у ўз вазифасини бажариб бўлганди. Сабаби, кўрсатув мутасаддилар томонидан жиддий муҳокама этилгач, зеро унда баъзи фикрлар нохолис бўлса-да, тўғри фикрлар ҳам борлиги инкор этилмаганди. Айнан шундан кейин жамоага эътибор жиддий ўзгарди. Футболчилар шароити яхшиланди. Аввалги юлдузлар Игорь Шквирин, Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов жамоага қайтарилди. Шу йилнинг ўзида пахтакорчилар мамлакат кубоги соҳиби бўлишди. 5 йиллик танаффусдан сўнг чемпионлик ҳам уларга қайтди.
* * *
Ана энди мозийдан ҳозирги замонга қайтамиз. Ҳозир ташкилий ишлар кўп вақтимни олиши туфайли деярли ижод қилмаяпман. Онда-сонда таниш ҳамкасблар илтимосига кўра у-бу мавзуда мақолалар ёзиб тураман. Яқинда эса бир мавзу мени бефарқ қолдирмади ва унга муносабат билдириш мақсадида қўлимга яна қалам олдим. Гап миллий терма жамоага кимни бош мураббий қилиш тўғрисида эди. Бу борада мен ҳам ўз фикримни айтдим ва футбол газеталарининг бирида навбатдаги мақолам чоп этилди.
* * *
Балки бу ёзганларим учун Миржалол Қосимов мендан хафа бўлар, бироқ бу вазиятда у билан яқин муносабатимдан кўра касбим устунлик қилди. Унинг характерини яхши билганим учун ҳам хафа бўлса керак, деб ўйлаяпман. Сабаби, Миржалол унинг номидан биров ҳукм чиқаришига доим қарши бўлган. Боз устига, масаланинг бу тарзда қўйилиши ҳам одатда камтар бўлган Қосимовга ёқмаслиги табиий. Ва жаҳлини чиқаришга энг катта сабаб бўладигани, қачонлардир у менга журналист эмас, яқин кишиси сифатида билдирган мулоҳазаларини мен касбим манфаати йўлида ишлатмоқдаман. Бундай йўл тутишимга сабаб эса битта: миллий терма жамоага бош мураббий тайинлашда ўз фикрларимни билдириш!
Мустақил футбол федерациямиз тузилгандан бери, яъни, 14 йил ичида миллий терма жамоа бош мураббийи 18 марта алмашибди. Бу йилига биттадан ҳам тўғри келмайди! Улар орасида битта ҳам ўйин ўтказмагани (Баҳром Ҳакимов), битта ўтказгани ҳам (Леонид Остроушко) бор. Ваҳоланки, бу – жамоа хўжалиги футбол командаси эмас, мамлакатнинг бош жамоаси. Бошқачароқ айтганда, миллий терма жамоаси синов майдони эмас. Буни ҳамма билади. Бироқ юқоридаги рақамлар бунинг аксини кўрсатмоқда.
Мана, терма жамоамиз яна устозсиз қолди. Ваҳоланки, Осиё Кубоги бошланишига бор-йўғи ярим йил қолди! Бу орада номзод футболчиларни тўғри танлаш, улар билан яқиндан танишиш, йиғин ва ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш ва ўнлаб шу сингари масалаларни ҳал этиш қерак. Ўзини ҳурмат қилган хорижий мутахассис ярим йил қолганда терма жамоани қабул қилмайди. Чунки ўйинчилар билан танишиб, улар имкониятини ўрганиш учун камида шунча вақтнинг ўзи кетади. Қолаверса, ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг ўзи ҳам хориждан мураббий таклиф этишда эҳтиёт бўлиш кераклигини, қилинган таҳлил термамизга келиб-кетган хорижий мураббийларларнинг бирортасидан из қолмагани тўғрисида куюниб гапирди.
Демак, футболчиларимиз имкониятини яхши биладиган ўз мураббийларимизга суянишимиз керак. Аммо уларнинг энг машҳурлари бу лавозимда ишлаб бўлган. Футбол профессори, шу пайтгача терма жамоа билан энг юкори натижани қўлга киритган (Осиё ўйинлари-94 ғолиби) Рустам Акрамовга яна бир имконият бериш керакдек туюлади. Бироқ, бундан ўн йил муқаддам журналистлар билан учрашувда юқори мартабали раҳбарлардан бири Акрамовни танқид остига олиб, у энди мамлакат футболида умуман ишламаслиги ҳақида айтганди ва шундай бўлди ҳам. Демак, бу номзод ўз-ўзидан четга чикади. Баҳодир Иброҳимов, Рустам Мирсодиқов, Юрий Саркисян, Равшан Ҳайдаров ўз вақтида термага раҳбарлик қилганлар. Лекин керакли натижаларга эриша олмаганликлари туфайли бу вазифадан озод этилганлар. Рауф Инилеев қисқа муддатда жанговар жамоа тайёрлай олди. Бироқ, етарлича хато қилишга ҳам улгурди. Бу ҳақда "INTERFUTBOL" саҳифаларида мамлакатимизнинг энг малакали футбол назариячиси Рустам Акрамов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Қолаверса, Инилеев асосан ёшлар билан ишлади. Ўзини юлдуз ҳисоблайдиган легионерлар билан қандай тил топишади, бизга қоронғу. Айнан шунинг учун ҳам мен миллий терма жамоани футболчи сифатида "профессор" бўлишга улгурган, бир йилдан бери мураббийлик соҳасида фаолият олиб бораётган Миржалол Қосимовга ишониб топшириш лозим, деган ғояни илгари сурмоқчиман ва фикрларимни аксиома, яъни, исбот талаб қилинмайдиган далиллар орқали изҳор қилмоқчиман. Уларни инобатга олиш-олмаслик мутасаддиларнинг иши.
БИР. Миржалолга мураббийлик қилган кўпгина мутахассислар унга "майдондаги мураббий" деган таъриф беришган ва бу бежиз эмас. Миржалол билан ва усиз терма жамоа умуман бошқа-бошқа бўлганини барча мухлислар яхши билишади. Йўқ, у Диего Марадона сингари юксак индивидуал маҳорат ёки Дидье Дрогба сингари муҳим ўйинларда тўпурарлик қобилиятини намоён этадиган футболчилар сирасига кирмаган. У майдонда футболчиларга зарурий кўрсатмаларини бериб, жамоа ўйин тизгинини ўз қўлида ушлаб турадиган ноёб футболчилар қаторидан жой олган. Яъни, футболчилик пайтиданоқ мураббийлик хислатларини намоён эта бошлаган.
ИККИ. Ҳозирги миллий терма жамоа аъзоларининг 90 фоизи билан Миржалол бирга майдонга тушган. Яъни, уларнинг имкониятларини ундан кўра ҳеч ким яхши билмайди.
УЧ. Бутунжаҳон футбол тажрибаси шуни кўрсатмокдаки, машҳур ўйинчилар футболчилик фаолиятини тугатгандан сўнг миллий терма жамоа айнан уларга ишониб топширилмоқда. Франц Беккенбауэр биринчи уринишидаёқ (1986) Германияни шохсупага олиб чиққан. Мексикада ўтказилган Жаҳон чемпионатида Германия фақат афсонавий Марадона жамоасига ютқазган бўлса, орадан тўрт йил ўтиб Беккенбауэр ўша Марадонани ҳам мағлуб этиб, чемпионликка эришган. Бу ҳар бир машҳур футболчи мураббий сифатида катта ютукларга эришади, дегани эмас. Лекин обрўси юқори бўлган футболчилар собиқ майдондошлари билан осонликча тил топишиши ўз самарасини бериши аниқ. Франция ўз вақтида термани Мишель Платинига берган бўлса, яқинда Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган италияликлар бош жамоага Роберто Донадонини муносиб кўрдилар. Нидерландияликлар авлодлар алмашинуви каби мураккаб босқични афсонавий Марко ван Бастенга, бразилияликлар эса Дунгага ишониб топширдилар.
Германия Беккенбауэрдан сўнг фақат собиқ футболчиларга суянмоқда: Берти Фогтс, Руди Фёллер, Юрген Клинсманн.
Украинада яхши футболчидар ҳар доим бўлган. Лекин фақатгина Олег Блохин терма жамоани Жаҳон чемпионати финал турнирига олиб чиқа олди. Биз ҳар сафар Максим Шацких терма ўйинларига келадими-йуқми, деб хавфсирасак, украиналиклар учун Андрей Шевченко худди шундай эди. Термани Блохин эгаллаши билан у ким аслида кимлигини кўрсатди ва украиналиклар "ўлим гуруҳи"дан 1-ўринни эгаллаб, халқ орзусини ушалтирдилар. Термамизнинг ҳозирги аъзолари Миржалолни қандай ҳурмат қилишларини таърифлашга ҳожат бўлмаса керак.
ТЎРТ. Қосимов футболчилик фаолиятида жуда машҳур мураббийлардан сир-асрор ўрганган. Ўзимизникилардан Биродар Абдураимов, Рустам Акрамов, Баҳодир Иброҳимов, Маҳмуд Раҳимов, Юрий Саркисян, Виктор Жалилов, россияликлардан Борис Игнатьев, Валерий Газзаев, Павел Садирин, Владимир Сальков, Александр Тарханов, хорижликлардан Убиража Вега да Сильва, Ролан Курбис, Юрген Гёде, Боб Хоугтон ана шулар жумласидандир. Бу мураббийлардан олинган сабоқ – тўлдирилган конспектларни ўз кўзим билан кўрганман. Энди уларни замонга мослаб қўллаш вақти келди.
БЕШ. Клуб билан терма жамоа мураббийлари бир-биридан фарқ қилади. Клуб мураббийи футболчига кундалик машгулотлар орқали сир-асрорларни ўргатса, терма жамоа мураббийи шаклланган футболчиларни бир жойга йиғиб, асосан тактика ва стратегияни белгилайди. Шунинг учун ҳам Қосимовда тажриба етишмайди, деган фикрга қўшилмайман. Юқорида мисол келтирилган Беккенбауэр, Платини, Клинсманн, ван Бастенлар ҳам бирор клубда ишлаганини эслай олмайман. Улар юлдуз футболчиларни бирлаштира олган мураббийлар хисобланишади.
ОЛТИ. Ўринбосарлар турнирида ҳар йили "Пахтакор" ва "Нефтчи" ғолиблик учун курашарди. Бу йил Миржалол Қосимов раҳбарлик қилган "Машъал" ўринбосарлари ёшлар термаси асосини ташкил этувчи "Пахтакор"дангина ортда қолди ва 2-поғонани эгаллади. Асосий таркибда эса "Пахтакор" майдонида мезбонлар билан тенг кураш олиб борадиган жамоани Кумиков-Қосимов жуфтлиги кашф этгани ҳам фикримга далил бўла олади.
ЕТТИ. ЎФФ президенти яқин келажакда термани айнан Миржалол Қосимов бошқаришини яширмаяпти. Яъни, асосий мақсад Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. Шундай бўлса, у термани қанча олдин қабул қилиб олса, шунча яхшимасми? Осиё Кубоги у учун катта синов бўлади. Кетма-кет Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари бошланади. ЎФФ президенти таъкидлаганидек, хорижий мураббийларга 300-400 минглаб доллар тўлагандан кўра Қосимов билан шартнома имзолаб, унга ўзимизнинг сўмда ойлик маош тўлаш фойдалимасми?
* * *
Биз Қосимов миллий термани бошқариши учун оз эмас-кўп эмас, 7 сабабни келтирдик. Ана энди сарлавҳадаги саволга жавоб беришга уриниб кўрамиз.
Хўш, Қосимовга қачон имконият берилади? Агар йил давомидаги тақвим билан танишиб чиқсак, бу яқин орада рўй берадиганга ўхшамайди. Дастлаб энг муҳими деб ҳисобланаётган олимпиячилар тақвимини кўриб чиқайлик. Кеча футболчиларимиз сафарда Яман олимпиячиларига қарши майдонга тушишди. Газета сешанба кунлари босмага топширилишини инобатга олсак, мен ушбу мақолани ёзаётганимда ўйин натижасидан бехабар бўлишим ойдинлашади. Лекин мураббийларимиз ўз шогирдларига бу ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушиш вазифасини қўйишгани ва шунга мос тактика танлашгани сир эмас. Ана энди мантиқий тахминимизни ўртага ташлаймиз.
Агар футболчиларимиз Яман ва Жанубий Корея сафаридан ҳеч бўлмаганда уч очко билан қайтишса, бу яхши натижа сифатида баҳоланиши керак. Сабаби, иккинчи даврада уч ўйиннинг иккитасини биз уйда ўтказамиз ва уларда ғалаба қозонсак, очколаримиз 12 тага етади. Бу кўрсаткич эса учинчи босқич учун етарли бўлади.
Учинчи ва ҳал қилувчи босқич 22 августда бошланиб, 21 ноябрь куни ниҳоясига етади. Бу ерда натижаларни тахмин қилиш бефойда. Лекин ўйинлар кунлари маълум. Демак, натижа қандай бўлишидан қатъи назар олимпиячиларимиз мавсумни 21 ноябрь куни якунлашади.
Агар футболчиларимиз федерациямиз раҳбарияти ва миллионлаб муҳлислар орзусини ушалтириб Пекин-2008 йўлланмасини қўлга киритишса, Олимпиада 2008 йилнинг август ойида бўлиб ўтади. Бу эса Миржалол Қосимов кейинги йилнинг куз мавсумидагина олимпия терма жамоасидан бўшайди дегани. Мабодо омадимиз келмай, биз йўлланмани қўлга кирита олмасак, Қосимов иккита вазифадан биттасини, яъни олимпиячилар катта мураббийлигини шу йилнинг 21 ноябрида расман топширади.
Шунда унинг яна бир иши – миллий терма жамоа катта мураббийлиги қолади. Энг қизиғи, ўша пайтда миллий терманинг бош мураббийи ким бўлиши номаълум. Федерация раҳбарияти нафақат олимпиячиларга, балки бош жамоа олдига ҳам катта вазифалар қўйган. Яъни, энг камида аввалги натижалардан кўра яхшироқ кўрсаткичга эришиш. Маълумки, Осиё Кубоги баҳсларида термамиз кўрсатган энг яхши натижа – чорак финал (Хитой-2004). Демак, Рауф Инилеев шогирдларини энг камида ярим финалга олиб чиқиши талаб этилади. Бу ерда ҳам яхши ният борасида тахмин қилиб кўрайлик. Инилеев шогирдлари бу ёки унданда яхши натижага эришиб барчамизни хурсанд қилишди. Ўз-ўзидан Инилеевга терма жамоани ЖЧ-2010га тайёрлаш вазифаси юклатилади. Мабодо Осиё Кубоги баҳслари кутилган натижа бермаса, бош мураббий ўз вазифасидан четлаштирилади. Хўш, унда ким бош бўлади? Қосимовми? Агар унга миллий терма ишониб топширилса, Олимпиада йўлланмаси учун ҳал қилувчи баҳс олиб бораётган олимпиячиларимиз штабида Абрамов-Қосимов жуфтлиги бузилади. Оддийгина мисол: 22 август миллий термамиз Киевда Украина термасига қарши майдонга тушса, худди шу куни олимпиячиларимиз насиб этса, 3-босқичнинг биринчи турини ўтказишади.
Борди-ю, бундай ноқулайликнинг олдини олиш учун 3-босқич ниҳоясига етиши, яьни ноябрь охиригача кутилса, унда миллий термага бош мураббий вақтинча қўйиладими? Ахир, ЖЧ-2010 бахсларига ўша пайтдан тайёргарликни бошлаш керак-ку!
Хуллас, бу масалада калаванинг учини топиш мушкул. Тўғри, савол туғилиши мумкин: нима миллий терма Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашса, олимпиячиларимиз Пекин-2010 йўлланмасига эга бўлишса, бу барчамиз учун олам-олам қувонч эмасми? Қувонч. Шодлик. Фахр. Ғурур. Бундан барчамиз, шу жумладан менинг ҳам, Миржалолнинг ҳам боши кўкка етади.
Мен фақат сарлавҳадаги саволга жавоб беришга ҳаракат қилдим холос...
Аброр ИМОМХЎЖАЕВ.
P.S: Афсуски, сарлавҳанинг иккинчи қисмидаги умид, яъни "унга имкон берилса" деган ишонч хавотирга айланди ва Қосимовга миллий терма жамоада тўлақонли имкон берилмади. Дастлаб, у термани ЖЧ-2010 саралашидаги кетма-кет 3 мағлубиятдан (Саудия Арабистони – 0:4, Қатар – 0:3 ва Австралия – 0:1) сўнг Рауф Инилеевдан кейин қабул қилиб олди. Бу пайтда ЖЧ-2010 сўнгги саралаш босқичига бир ойдан кам вақт қолганди ва ўз-ўзидан янги мураббий мўъжиза кўрсата олмади.
Иккинчи бор эса ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги босқичида, ўз майдонимизда Эронга 0:1 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Вадим Абрамовдан қабул қилиб олди. Навбатдаги ўйинга 5 кун қолганда... Шунга қарамасдан, Қосимов жамоаси қолган учрашувларни кўтаринки руҳда ўтказди, Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўл олган Жанубий Корея термаси билан бир ҳил очко тўплади ва фақатгина тўплар фарқига кўра 3-поғонадан жой олди. Бу билан у илк маротаба термамизни қитъалараро баҳс йўлланмасини қўлга киритиш учун Иордания термасига қарши плей-офф тўқнашувга олиб чиқди. Мухлислар яхши эслашади, ўшанда иккала ўйин ҳам 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланган, "Пахтакор" стадионида кечган жавоб учрашуви ниҳоясида стадион ёриткичлари ўчиб қолган ва жамоамиз пенальтилар сериясида аламли мағлубиятга учраган эди.
Асосий вазифа – ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилмагани учун Миржалол Қосимов ўша ўйиндан кейин истеъфо сўраб ариза ёзди. Бироқ ЎФФ раҳбарияти унга ишонч билдирди ва истеъфони қабул қилмади. Шу тариқа Қосимов миллий термани Австралияда бўлиб ўтган Осиё Кубоги-2015 финал турнирига олиб борди. Чорак финалдаги Жанубий Корея билан кечган ўйинни ҳам мухлислар яхши эслашса керак: асосий вақтда дуранг, сўнгги дақиқаларда Лутфулла Тўраев қулай имкониятдан фойдалани олмагани ва қўшимча вақтда аламли мағлубият.
Энг муҳими – миллий термамиз қитъа гарандлари билан тенгма-тенг ўйнашни бошлаганди ва бу мухлисларда жамоамиз ниҳоят, навбатдаги Жаҳон чемпионатига чиқишни уддалашига ишонч бағишлаганди. Бироқ ЖЧ-2018 саралашининг илк босқичида кутилмаганда КХДРдаги сунъий майдонда 2:4 ҳисобидаги мағлубият барчанинг устидан совуқ сув қуйгандек бўлди. Тўғри, бу ҳали илк босқич, олдинда ўйинлар кўп, муҳими, сўнгги, ҳал қилувчи босқичга оптимал формада етиб келиш учун имкон бор эди. Бироқ Миржалол Қўшоқович бу мағлубиятни оғриқли қабул қилди ва Тошкентга қайтилгач яна истеъфо сўради ҳамда бу сафар у қабул қилинди. Ўша куннинг ўзидаёқ Самвел Бабаян миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланди.
Вадим Абрамовга бир марта олимпия терма жамоасини, икки марта миллий терма жамоани ишониб топширишди. У 2011 йилги Осиё Кубогида футболимиз тарихидаги энг яхши натижани кўрсатган бўлса-да, 2012 йилги Лондон Олимпиадаси йўлланмасини икки қўллаб топширди, ЖЧ-2022 саралашида эса футболимиз тарихидаги энг шармандали натижани қайд этди. Самвел Бабаян Рио Олимпиадасини мосуво қилган бўлса-да, унги миллий терма жамоа ишониб топширилди. У ЖЧ-2018 саралашида шогирдлари билан яхши натижаларга эришди ва якунда мундиалга бориш учун Қосимовга 1 тўп етмаган бўлса, Бабаянга 1 ғалаба етишмади.
Шу тариқа, Қосимовга футболчилигида армон бўлиб қолган Жаҳон чемпионати мураббийликда ҳам армон бўлиб қолди. Ким билади, унга битта цикл тўлиқ берилганда балки у миллионлар орзусини ушалтириши мумкин эди. Лекин босқич ўртасида, мағлубиятлардан кейин термани бошқариш ўз самарасини бермади. Афсус...
Комментарии