Максим Шацких: "Рақиб савияси бир бош паст бўлса ҳам, бир киши кам бўлиб ўйнаш жуда қийин"
15 апр 2023 21:48
Новости
Максим Шацких: "Рақиб савияси бир бош паст бўлса ҳам, бир киши кам бўлиб ўйнаш жуда қийин"
- Илк навбатда йигитларни ғалаба билан табриклайман, улар деярли 95 дақиқа мобайнида рақибидан бир киши кам бўлиб ўйнади. Бундай ҳолат исталган жамоа учун катта юклама беради. Уларга раҳмат айтаман. Футболчилар ўзларини назорат қила олишди ва сифатли футбол кўрсатишди. Янада кўпроқ гол уришлари ҳам мумкин эди. Шундай ҳолатда уч очкони қўлга киритдик. Аста-секинлик билан ҳаракат қилиб, навбатдаги ўйинга тайёрланамиз.
- Футболчиларингизнинг индивидуал хатоларига қандай баҳо берасиз. Чунки жамоангиз кетма-кет иккинчи ўйиндирки сўнгги дақиқада гол ўтказиб юбормоқда. Бу эса АГМК ёки бошқа кучли жамоаларга қарши ўйинларда зарарга ишлаши мумкин.
- Бу борада ҳар кун ишлаймиз. Барчаси машғулот жараёнига киритилган. Балки йигитлар сўнгги дақиқаларда эътиборни йўқотаётгандир. Бунинг сабаби бор. Жамоа 95 дақиқа мобайнида рақибдан бир киши кам бўлиб ўйнади. Қаердадир чарчашди, анчагина куч йўқотишди. Улар ҳам робот эмас, биз каби одамлар. Қаердадир эса концентрация етишмади, футболчилар дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолиш учун охиригача курашмади. Шунда ҳам улар катта меҳнат қилишди. Бундай ҳолатда ҳам уч очко керак эди. Ишлаймиз, давом этамиз. Доимо нолга ўйнашни истаймиз. Таркибдаги шундай савияли ҳимоячилар билан доимо гол ўтказиб юбормаслик учун ҳаракат қилиш керак. Буни ҳар куни гапирамиз. Ҳозир чемпионат ўйинлари бўлмоқда. Сентябрда бошқа турнир ўйинлари бошланади. Ушбу ўйинлар орқали халқаро турнирга тайёрланяпмиз.
- Қизил карточка кўрсатилгандан кейин жамоанинг режаси ўзгардими?
- Албатта, бу таъсир ўтказди. Англашилмовчилик билан 3-4-дақиқанинг ўзидаёқ бир киши кам бўлиб қолдик. Бир киши кам бўлиб ўйнаш исталган жамоани қийнаб қўяди. Хатто рақиб Сиздан ҳам жисмонан, ҳам савия борасида бир бош пастда бўлса ҳам қийин бўлади. Чунки бир кишининг ўрнини ёпиш анчагина қийин. Йигитлар ўзини назорат қила олди ва ўйиндан олдин қилинган режага яна тушиб олишди. Рақибларга вазият яратиш учун деярли имкон беришмади. Сўнгги сониядаги голгача уларга деярли вазият бўлгани йўқ. Фақатгина стандартлардан кейин улар ҳужумларга эга бўлишди. Йигитлардан миннатдорман, улар талаб қилинган ишларни бажара олишди.
- Достон Турсунов жамоанинг асосий ҳимоячиси ҳисобланади. Қизил карточкадан кейин футболчи билан суҳбат олиб бориладими?
- У ўз хатосини тушуниб турибди, ёш бола эмас. Ўтган мавсумга эътибор қаратсангиз, биз кўп бора рақибдан бир киши кам бўлиб ўйнаганмиз ва шундай ҳолатда тенгма-тенгликдан кўра янада яхшироқ ҳаракат қилганмиз. Бизда коллектив, оила бор. Футболчилар ўз жамоадоши учун югурди, ҳаракат қилди ва керакли натижани қўлга киритди. Адолатли уч очко. Тўғриси, ўша вазият такрорини кўрганим йўқ. Кўрганлар ўша ерда қандайдир зарба бўлганини айтишди. Ўзим кўрмаганим учун нимадир дея олмайман. Суҳбатдан эса маъно йўқ, унинг ўзи барчасини тушуниб турибди ва афсусланди.
- Жамоангизда дарвозабонлар муаммоси бор деб ҳисоблайсизми?
- Йўқ, ундай ҳисобламайман. Бизда тажрибали дарвозабонлар бор. Ёш дарвозабонимизни ҳам ҳисобдан чиқармаганмиз. Яқин вақтлар ичида у яна учиб кетади. Уни биринчи давра мобайнида бошқа кўрмасак ҳам керак. Шундай бўлса ҳам, дарвозабонлар муаммоси бизда йўқ.
- Аслида мен дарвозабонларнинг тез-тез натижага таъсир кўрсатадиган хатолар қилиб туришини назарда тутгандим.
- Ҳали дарвозабонни койийдиган даражадаги хатони кўрмадим. Биласизми, барча ҳимояланади, барча ҳужум қилади. Бу ерда дарвозабонни нимададир айблаш жуда қийин. Масалан, ҳали барча ҳимоячиларимиз ва дарвозабон хато қилган ўйинни ўтказганимиз йўқ. Бунда ҳар бир эпизодни тахлил қилиб чиқиш керак бўлади. Хато қаердан кетди, вазиятни қутқариб қолишнинг иложиси бормиди ёки йўқ. Исталган ҳолатда бошқача ўйнаш мумкин. Бу борада ишлаяпмиз ва хатто дарвозабонлар билан ҳам. Ҳозирча дарвозабонларимиз билан муаммолар йўқ.
- Жамоангизнинг ҳужуми бироз кучсизлангандек. Чунки барчаси Аббос Файзуллаев ҳамда Драган Черанга боғланиб қолган. Чунки сўнгги ўйинлар давомида фақатгина улар гол урмоқда.
- Фикрингизга қўшилмайман. Чунки ким гол уришининг аҳамияти йўқ. Тўпни дарвоза ёнигача олиб бориш ва дарвозага киритиш учун бутун бир жамоа ишлайди. Тўп олиб келинди, аммо ким гол уриши қизиқ эмас. Шунингдек, жамоада барчаси кимгадир боғланиб қолган жой йўқ. Ёшлар термасидаги футболчилар орқали ротация қилиш мумкин бўлар. Лекин ундай бўлмайди. Буни тўғри тушуниб турибмиз. Бизда етарлича футболчилар бор ва захирада ўйинни кучайтирадиган футболчилар ўтирибди. Бу ҳам жамоанинг асосий фигураси бўлади. Черан жамоанинг узоқ йиллик сардори, унинг майдондаги ҳаракатларини бошқа футболчи такрорлаши жуда қийин. Биринчи навбатда у ўз ишини қилиши керак: гол ур, пас бер, алдаб ўт, рақибни ёп ва тўпни олиб қўй. Ушбу гаплар Аббос борасидаги саволга ҳам тегишли.
Комментарии