"Маҳалланинг ўзида ўсган бола ҳам катта футбол саҳнасига чиқиши мумкин" — TBC Bank ва Элдор Шомуродов янги ҳамкорликни йўлга қўйди
08 дек 21:36
Новости
"Маҳалланинг ўзида ўсган бола ҳам катта футбол саҳнасига чиқиши мумкин" — TBC Bank ва Элдор Шомуродов янги ҳамкорликни йўлга қўйди
Мамлакатимизда бу спортни ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш йўлида турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда, мамлакатимиздаги энг йирик рақамли банклардан бири — TBC Bank Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Истанбул Башакшеҳир" клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан ҳамкорлик келишувини имзолади.
TBC Bank бугунги кунда Ўзбекистон бозорида рақамли молия соҳасининг етакчиларидан бири сифатида жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, замонавий хизматларни тақдим этиб келмоқда. Элдор Шомуродов эса мамлакатимиз футболида ёшлар учун ҳақиқий ибрат, профессионал майдондаги меҳнати билан минглаб болаларга руҳий куч ва ишонч бериб келаётган спортчи ҳисобланади.


Ушбу ҳамкорликнинг асосий йўналиши — болалар ва ўсмирлар футболини қўллаб-қувватлаш, улар учун профессионал муҳит яратиш ва иқтидорларни эрта аниқлашдан иборат. Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати — болаларга қўшимча спорт иншоотлари ёки жиҳозларни тақдим этиш билан чекланиб қолмай, балки “махалланинг ўзида ўсган бола ҳам катта футбол саҳнасига чиқиши мумкин” деган ишончни шакллантиришдир.
Бундан ташқари, ташаббус доирасида Элдор Шомуродов академиясини ривожлантириш, ёшларнинг ўз кучига бўлган ишончини ошириш, уларни тўғри йўналтириш каби вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Мутахассислар фикрича, бу каби лойиҳалар мамлакатда футбол инфратузилмасини яхшилаш баробарида, келажакда янги истеъдодларни тарбиялашга ҳам хизмат қилади.

Бугун Тошкентдаги "Hyatt Regency Tashkent" меҳмонхонасида ҳамкорлик келишувини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда TBC Bank раҳбарлари Ника Курдиани ва Спартак Тетрашвили, Элдор Шомуродов, ОАВ вакиллари, шунингдек, футболга меҳр қўйган ўнлаб болалар иштирок этишди.
Элдор Шомуродов:
– TBC Bank раҳбариятига шундай катта лойиҳа учун раҳмат айтмоқчиман. Бошида улар билан гаплашганимда мени қизиқтирган жиҳат фақат молиявий томони эмас, балки спортни ривожлантиришга эътибор қаратилгани бўлди. Бу мен учун катта сюрприз бўлди, чунки турли рекламалар бўлади, лекин TBC Bank таклиф этган лойиҳа бошқача – улар фақат банкни эмас, мамлакатимизда спортни ривожлантиришни ҳам кўзлаган. Шу жиҳат ҳамкорликни қабул қилишимга катта туртки бўлди. Агар бу лойиҳаларни амалга оширсак, келажакда ёшлар учун катта ёрдам бўлади.
– Спорт соҳасига кириб келаётган ёшлар учун қандай режалар бор?
– Биринчи навбатда Сурхондарёда очган академиямни TBC Bank билан ҳамкорликда юритиш, уни тўғри йўлга қўйиш бўйича келишувга эришдик. Мен босиб ўтган йўл ва ундаги қийинчиликлар ҳақида ҳужжатли фильм тайёрлаймиз. Бундай вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш қанчалик муҳим эканини кўрсатамиз. Ҳаётда нимагадир эришиш осон эмас — ҳар бир инсонни ўз қийинчилиги ва синовли йўли кутиб туради. Келажакда ўз ўрнини топиш бўйича узоқ муддатли лойиҳаларимиз ҳам бор.


Ника Курдиани (TBC Bank Uzbekistan бош директори):
– Биринчи навбатда биз ким билан ҳамкорлик қилиш борасида узоқ вақт давомида кўриб чиқдик, чунки қизиқиш ва фикрлар бир жойдан чиқадиган одамни топиш қийин эди. Биз инсонлармиз ва турлича қизиқишларимиз бор. Элдор Шомуродов билан ўзаро яхши тил топиша олдик. Элдор терма жамоа сардори, энг кучли футболчи. Нега футбол? Футбол бу байрам ҳисобланади. Айниқса 2026 йилда, сабаби Ўзбекистон Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бунинг масъулиятини яхши тушунамиз.
Тадбир расмий қисмидан сўнг журналистлар ва ёш футбол мухлислари Элдор Шомуродов ва банк раҳбарларига ўз саволларини бериш имкониятига эга бўлишди. Суҳбат жараёнида ёшларга қаратилган янги лойиҳалар, истиқболда режалаштирилган дастурлар, болалар футболига оид қатор ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ушбу ҳамкорлик нафақат спорт соҳасида, балки ижтимоий лойиҳаларда ҳам муҳим босқич бўлиши кутиляпти. Мутахассислар фикрича, TBC Bank ва Элдор Шомуродовнинг бирлашган саъй-ҳаракатлари мамлакатимизда ёшлар спортини ривожлантиришга катта туртки бўлади.
Похожие новости
championat.asia
ЖЧ-2026га қуръа ташланди. Барча гуруҳлар маълум!
Эшитдик-да! Кападзе Ўзбекистон терма жамоасидан кетди
Плей-офф: "Қўқон-1912" ва "Машъал" Суперлигада қолди
Месси ўз рекордини янгилашда давом этмоқда
Комментарии